Каримова Умида (Дилафзо)

 
Каримова Умида (Дилафзо) - 1973 йил 13 декабрьда Марғилон шаҳрида туғилган. Шеъриятга болалигидан ихлоси баланд. Устозлари Ханифа Умматқулова, Баҳодир Исолар ижод сирларини ўрганиб келмоқда.
«Соғинч соҳилларида» китоби нашр этилган. Хозирда Қўштепа туман Хумдон қишлоғида истиқомат қилади. Оилали, икки нафар фарзанднинг онаси.

*** *** ***

Чал муғанний, алам куйин чал,
Ўйнаб берай топтаб ғамларни.
Телба дея кулсин мириқиб,
Қувонтирай шум одамларни.

Армон куйин, хижрон куйин чал,
Тўшаб ўйнай чил-чил кўнглимни.
Авж отига миниб хотира,
Қуршаб олсин ўнгу-сўлимни.

Дил торимни чертиб-чертиб чал,
Тўкилсинлар сирларим тутдай,
Жисму жоним тешсин нигоҳлар,
Ўлжасини тутган бургутдай.

Чалавергин, бир бор яйраса
Яйрабдида мендай эси паст.
Дарддан сўйла, хиёнатдан айт,
Муҳаббатдан сўйламасанг бас.

Чал муғанний, алам куйин чал...

*** *** ***

Умрим гўё ўхшамаган шеър,
Вазни учқур сониялари,
Ташбеҳлари чиройли, аммо
Келишмаган қофиялари.

Ҳар тонг такрор мисоли радиф,
Ҳар сатрида пайдо янги дард.
Гердайишим бир муболаға,
Баланд руҳда яшамоғим шарт.

Оҳангидан чиқмайди маъно,
Туроқлари келмас изма-из.
Бошлангандан бери муаммо,
Мавзусида на мантиқ, на хис.

Хой Дилафзо, бас қил нолишни,
Умр оддий шеър эмас - чистон.
Кўрганларинг бу кириш қисми,
Хотимаси номаълум чистон.

*** *** ***

Соғинч оғу - захарлайди онгимни,
Тунлар бедор қаршилайди тонгимни,
Мазахлайди хижрон юрак бонгимни,
Сенга мудом зорлигимни билсайдинг,
Тушларимга бир кирсайдинг, кирсайдинг.

Қулоч ёзсанг бағринг тўлар гулларга,
Қалбинг уммон - макон не-не дилларга,
Ўйларимни банди этдинг йилларга,
Ҳаёлларга хорлигимни билсайдинг,
Тушларимга бир кирсайдинг, кирсайдинг.

Дуо учун кафтим очсам тўлар ёш,
Сенсиз бошим ботган ёстиқ харсангтош,
Кўнглингга ўт қўйган ,эссиз, қаламқош,
Туйғулари хўрлигимни билсайдинг,
Тушларимга бир кирсайдинг, кирсайдинг.

Осмонўпар орзуларим ер чизди,
Андуҳларим кипригимга тер чизди,
Бахт қасримни мендан зўрроқ «шер» бузди,
Ишқ бобида ғўрлигимни билсайдинг,
Тушларимга бир кирсайдинг, кирсайдинг.

Маломатлар бошим узра тикди дор,
Йўл қарайман мен умиддан умидвор,
Соянг тушган тупроқларга бўлиб зор,
Шу дунёда борлигимни билсайдинг,
Тушларимга бир кирсайдинг, кирсайдинг.

*** *** ***

Бўйларингдан ўргилайин бўйчангинам,
Нигоҳлари "рўзғор" дея ўйчангинам.
Меҳнаткашим, сабрлигим, ишчангинам,
Жонинг тинчми? Жоним халак, қайтгин болам.

Мусафирлик нони тошдан қаттиқ дерлар,
Ёт ўрмонда ўкиролмас ғариб шерлар.
Қара, отанг пешонаси дув-дув терлар,
Жонинг тинчми? Жоним халак, қайтгин болам.

Биласанку тиллоларга йўқдир хушим,
Сизлар менинг зардан суюк Хумо қушим,
Бугун бироз ўзгарибди кўрган тушим,
Жонинг тинчми? Жоним халак, қайтгин болам.

Томоғимга тиқилади ҳар тишлам нон,
Сенсиз еган ошим тахир, болам ишон,
Кўзим кўкда учоқларни тутиб нишон,
Жонинг тинчми? Жоним халак, қайтгин болам.

Ватанимиз кундан-кунга гуллаяпти,
Иш бошласанг давлатимиз қўллаяпти,
Йўл тополмай қийналганни йўллаяпти,
Жонинг тинчми? Жоним халак, қайтгин болам.
Қўнғроқ қил, соғиндим деб айтгин болам.

*** *** ***

Сиз мендан хафасиз, мен сиздан хафа,
Ўртада оқибат йиғлайди юм-юм.
«Ялинмайман унга!» ,- жирканч фалсафа,
Амал қилсанг қадр - қадрсиз буюм.

Ҳар кимнинг ҳаёли ўзига аён,
Ҳар ким кулдонига ўзи кул тортар,
Аммо дўстдан кечмоқ жуда ҳам ёмон,
Дўстсиз ташвишларинг ортгандан ортар.

«Ўзи келмагунча бормайман мен ҳам.»
Уч кун бўлмасмиди араз муддати?
Мана қаршингизга келдим, бошим ҳам,
Бўғзимга тиғ урди соғинч шиддати.

Омонат эдими биз тутган ришта?
Шунча нозикмиди кўнглимиз кўнгли?
Ахир кўкда бўлар беайб фаришта,
Мен эса одамман - тақдирнинг қули.

Бошимни эгаман, кечиринг дўстим,
Синсин ўша мағрур ғурурнинг бели.
Узоқдан кўрдиму тоғ қадар ўсдим,
Муаллақ қолмасин дўстингиз қўли.

*** *** ***

Шамол тинар, бўронлар тинар,
Айтингчи сиз қачон тинасиз?
Ғийбат қилиб толмадингизми,
Сиз кўнглимни қайдан биласиз?

Мағрур бўлсам, кимларга алам,
Гап сўз билан қалбим тиласиз
Эх одамлар кибр менга ёт,
Сиз кўнглимни қайдан биласиз?

Сабр қилсам дарду аламга,
Юрагимни тошга йўясиз.
Ёшим тамин билар бир онам,
Сиз кўнглимни қайдан биласиз?

Гап олай деб пойлайсиз йўлим,
Сирим билиб нима қиласиз?
Ғамларимни ололмайсизку,
Сиз кўнглимни қайдан биласиз?

*** *** ***

Бир куни очилар алвон лолалар,
Булутлар бетиним тўкар жолалар,
Булбуллар оҳ уриб, чекар нолалар,
Шу куни мен сизни йўқлаб бораман.

Бир куни қирғоқдан тошар дарёлар,
Қуёш ҳам оламга сочар зиёлар,
Ям-яшил поёндоз тўшар дунёлар,
Шу куни мен сизни излаб бораман.

Бир куни сочингиз силар шамоллар ,
Сизни қуршаб олар ширин ҳаёллар,
Дилингиз ўртайди турли саволлар,
Шу куни мен сизни излаб бораман.

Бир куни нозланиб боқар тўлин ой,
Юлдузлар осмонга бағишлар чирой,
Сиз ҳам соғинасиз мени ҳойнаҳой,
Шу туни мен сизни излаб бораман.

*** *** ***

Шикоят

Узун йўлак, охирига етмоқ азоб,
На соя бор, на ўриндиқ чеккасида.
Қишин ёзин бу кўчанинг холи хароб,
Қишлоқ аҳли умид боғлар эртасига.

Жон куйдириб оғзим куйди маломатдан,
«Ҳалқим» десам томоғимга тиқилар оҳ.
Фойда чиқмас тўраларга шикоятдан,
Бири лоқайд, бири қўрқоқ, бири маддоҳ...

Қишлоқдошим, «дангаса» деб курагингга,
Тамға босган кўрганми ҳеч сенчалик ғам.
Зах сувлардан тош йиғилиб буйрагингга,
Журъатинг йўқ беморлигинг айтмоққа ҳам.

Ёзда чангу қишда ботқоқ бу кўчалар,
Эговлайди ҳам умрингни, асабингни.
Раҳм қилмас улов минган «бойвиччалар»,
Ҳурмат қилмас «ОДАМ» деган насабингни.

Совуқ қишнинг рутубатли туни узун,
Ҳар хонангда шафқат билмас аёз кезар.
Қиш тугамай тугаб қолар кўмир, ўтин,
Деворларни суратлармас қурум безар.

Фарзандларинг дўст тутинган кетмон билан,
Улфатлари ўроқ, болта ва ғишт қолип.
Ўқитмоққа келишмайсан имкон билан,
Тирикликка чора излар ўқиш қолиб.

Суст келмоқда тараққиёт қадамлари,
Кўникамиз, кўнгил бежиз «кўнгил» эмас.
Кулиб турар бу қишлоқнинг одамлари,
Йиғлаб туриб кулиш эса енгил эмас.

Айтаверсам тугамайди арзу додим,
Майли ёпай энди «қора» дафтаримни.
«Ҳалқим» десам телба бўлиб қолди отим,
Ободлигин мақсад этсам Ватанимни.

Тангрижоним! Ҳаммасига ўзинг гувоҳ,
Боҳабарсан, бандаларинг кечмишидан.
Ривож бергин оқибатга, бергин паноҳ,
Нафси ўпқон юҳоларнинг қилмишидан!

*** *** ***

Сир

Сен азобсан, мен - азобшунос,
Асроримсан кўнглимга кўмган.
Сен баҳорсан гуллари қийғос,
Мен аёзман - оппоқ қор қўнган.

Сиртимга гард юқмайди, аммо
Ишқинг ўртар жонни аёвсиз.
«Кет» дейману қўрқаман, илло
Райҳон эдим ёлғиз, қаровсиз...

Хисларимни этмайман ошкор,
Бироқ қўмсаб яшайман меҳринг.
«Ўткинч дунё» дейману такрор,
Маҳкам боғлар ўзига сеҳринг.

Бу не холат? Англолмайман ҳеч,
Балки ишқи Илоҳий шудир?
Айтолмайман «Бўлди, мендан кеч,
Менсизликка кўнглингни кўндир.»

Мен аёзман сочида қиров,
Аллақачон битган эртагим.
Сен баҳорсан - соҳибинг биров,
Қорни ёриб унган чечагим.

*** *** ***

КЕЛДИМИКАН

Хуш ифор тутди чаманни, дилрабо келдимикан?
Бўйига пайванд этиб оҳанграбо келдимикан?

Шодлигидин чарх уриб булбул чунон оҳангнавоз,
Ҳар қадам товуши бир куй, мутрибо келдимикан?

Кўринур эрди кўзимга олами тундек сиёҳ,
Партави хуршиду тобон анваро келдимикан?

Чертди қалб дарвозасини ул нафис бармоғи-ла,
Йўлига солмоқни айлаб муддао келдимикан?

Бир қадам боссам залолат сорига, қайтгин дебон,
Кўшки кўнглим тоқида шамси зуҳо келдимикан?

Ич Дилафзо, сунди май қилмоққа қасд айлаб мудом,
Роҳи қурбига дилингни мубтало келдимикан?

*** *** ***

Бир савдогар карвон тузиб,
Кетганида сафарга.
Рафиқаси харид учун,
Тушди бир кун шаҳарга.

Ҳаё билан ер чизарди,
Кўринмасди юз-кўзи,
Сотувчидан ўзгаларга,
Эшитилмас гап сўзи.

Рўзғор учун неки даркор,
Сотиб олди барини.
Шоша-пиша уйга қайтди,
Сезиб ёт назарини.

Англадики ортда қолмай,
Эргашарди номаҳрам.
Билмасдики, гаров учун,
Тиккан юз минг ақча ҳам.

Уч-тўрт ошна гурунг тузиб,
Ўтирган бир маҳалда.
Бири деди: «Шу аёлнинг
Таърифи зўр шаҳарда.

Садоқатда элга ўрнак,
Бўлса арзир экан у.
Эри доим чет элларда,
Вафо билан кутар у.

Шу кунгача номақул гап,
Чиқмаган ҳеч ортидан.
Шунинг учун яхши сўзлар,
Тушмайди эл оғзидан».

Бу сўзлардан шум йигитлар,
Ўй-ҳаёлга чўмдилар.
Тўрт оғайни шу аёлни,
Синамоқчи бўлдилар.

Юз минг сўмга бахс бойлашиб,
Бири тушди изидан.
Бойиб қолар «вафодорни»
Илинтирса сўзидан.

Аёл жуда шошар эди,
Қарамасди ортига.
Йигит қуруқ қайтолмайди,
Оғайнилар олдига.

«Шошманг, - деди, дарвозасин,
Очаётган аёлга.
Сизни кўриб, жисму жоним,
Чўкди ширин ҳаёлга.

Ортингиздан келавердим,
Эшитай деб сўзингиз.
Жоним, менга ёқиб қолди,
Икки шаҳло кўзингиз»

«Кутиб туринг» деб уйига,
Кириб кетди маъсума.
Мийиғида кулди йигит:
«Шуми ҳали намуна?»

Фурсат ўтиб дарвозага,
Яқин келиб бир шарпа.
Усти ёпиқ патнис тутди,
Аёл, юзида парда.

«Кўнглингизга ўт солибман,
Шудир менинг жазойим.
Мана, олинг сизга туҳфа,
Сиз ёқтирган аъзойим.»

Йигит патнис ёпқичини,
Кўтардию, дод деди.
Икки ўйиқ кўз гавҳари
Юз минг пулга сотилди.

Вафо қадрин қайдан билсин,
Вафоси йўқ кимсалар.
Ҳар кўрганда шу аёлни,
Йигит кўксин нимталар.

Садоқатда собит бўлса,
Бериб хатто жонини.
Вафодорлар ўлса ҳамки,
Сақлаб қолар шаънини.

Бу ривоят кимга маъқул,
Малол келар бировга.
Аммо асло тикиб бўлмас,
Ор-номусни гаровга.

*** *** ***

САДОҚАТЛИ АЁЛ

Вақти етиб қайтди уйга,
Бизга маълум савдогар.
Тушига ҳам кирмаганди,
Уйидаги ғавғолар.

Икки кўзин «суйдим» деган,
Номаҳрамга топшириб.
Ожиз аёл қўйди эрин,
Ҳаёлини шошириб.

Аёлининг садоқатин,
Билар эди савдогар.
Аммо ҳеч кутмаган эди,
Фидоий деб бу қадар.

Кўз ёш тўкди ун чиқармай,
Ачиниб аёлига.
Келмади ҳеч юпатгувчи,
Бирор сўз ҳаёлига.

«Бу не холат, не савдолар,
Тушди сенинг бошингга?
Жазоми бу - ёлғиз ташлаб,
Кетган бағри тошингга?

Ким эди у? Айт, мен бориб,
Узиб келай бошини.
Ё унинг ҳам ўйиб кўзин,
Заҳар қилай ошини?»

Аёл бир оз ўйга толди:
«Шошманг, - деди ёрига,
Мен бешубҳа кўниб бўлдим,
Тақдиримда борига.

Ҳар банданинг кўргулиги,
Битилган «Ал-мийсоқ»дан.
Қўйинг, хожам, сиз куюнманг,
Жазо фақат Оллоҳдан!

Фақат хожам, кўр аёл-ла,
Яшашдан қилсангиз ор.
Мен розиман, ўзингизга,
Топинг соғлом ўзга ёр.»

Бу сўзларнинг залворидан,
Титраб тану юраги.
Зор-зор йиғлаб савдогар ҳам,
Ошкор этди тилагин:

«Фаришталар кўкда бўлар,
Деганлар кўп адашган.
Эр шаънини сақлаганнинг,
Фариштадан неси кам?

Садоқатни мўл-кўл этиб,
Қўшган Худо лойингга.
Ижозат бер, яшаб ўтай,
Бошим уриб пойингга.

Айт, дунёда борми яна,
Сенинг каби вафодор.
Гар ор қилсам борлигингдан,
Бўлсам керак очиқ кўр?»

Ажаб, дўстлар, Қодир Эгам,
Ўхшатмаса учратмас.
Икки содиқ қалб бирлашса,
Икки равшан кўз шартмас.

Бу ривоят ибрат учун,
Бўрттирилгандир бироз.
Дуо қилинг вафо аҳлин,
Сафи ҳеч бўлмасин оз.

Бир-бирига садоқатин,
Ошкор этса эр-хотин.
Бўлмас эди ажралишлар,
Кўпаймас эди етим.

Бу сўзларла кўзламадим,
Фариштали фазони.
Садоқатга таъзим этса,
Айбламанг Дилафзони.
0