Сўнгги истак

 
Музробнинг даволаниб келганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Опаси оғирлашиб қолди. “Бўлмайдиган”га ўхшайди. Тинмай “дадам”лаб хансираябди... Музроб ўзи ҳоҳламаса ҳам опасининг истагини бажариши керак. Дарвозадан отилиб чиқди. Дадасининг иккинчи рўзғори билан яшаётган ҳовлиси унча узоқ эмас, қўшни қишлоқда...
Музробнинг оёқлари қақшаб оғрирди. Ҳуддики моҳир қассоб оёқларини кундага қўйиб қийма-қийма қиларди. Сабаби,болалигида  гузарга “таллонда оқёой, ун, гўшт келди” ҳабарини эшитиб,қалин қор оралаб елдек югурганди. Кечгача изғиринда навбат кутиб суяк-суягига совуқ ўтган...
Ҳозир  у шундай югурардики, оғриқлар парвосига-да келмасди...
Бу Суҳсурнинг сўнгги истаги бўлса-чи?! Дунёдаги жамийки укалар бирлашсин, Музробчалик ҳеч ким опасини яхши кўрмайди.
Опаси қанд касал бўлгандан бери уй юмушлари билан овунар,остонадан хатламасди. Сочлари тақим ўпар, қомати сарвдек. Кўзлари чарос, ҳуллас, Суҳсурмисан Суҳсур! Бирон йигитнинг кўнглига тушишдан, бирон йигитга кўнгли тушишидан қўрқиб, мактабни битирди-ю  уй қизи бўлди қолди.
Онаси  Муниса, маҳалланинг бошида писта-қурут сотарди. Тирикчиликлари шундан. Баъзан тузукроқ иш (тўй-ҳашамларда идиш-товоқ ювиш, мактаб-боғчаларда супир-сидир) чиқиб қолса, дўконга Музроб қараб ўтирарди.
Бултур Музробнинг виждони қийналиб, хассасига тияниб “дори-дармонга пул топиб келаман” деб, шаҳарга иш излаб борганди. Унга мос иш қаёқда дейсиз! Кун тиккаламай  қорни очиб, тинкаси қуриди. Йўл четида чўк тушиб, оёқларини бир-бир уқаларди. Ёнидан дадаси – Отаназар ойимчаси билан қизчасини еталаб ўтиб қолди. Музроб бир кўришда таниди. Ортидан оқсоқланиб борди-да елкасига кафтини қўйди. Отаси ўгирилиб қаради-ю бегонасиради. Қўлида хасса, яримжон, эгнида оҳори тўкилган кўйлак, кўзларига хазин чўккан йигитни кўрсангиз ким деб ўйлардингиз?! Ҳа, Ота ҳам чўнтак ковлай кетди. Бироқ, ўғлининг майин овозда “дада” дейиши билан юраги шув этиб, сесканди. Лом-лим демай бир муддат  тикилиб турди. Ўғлининг тим қора, туташган қошлари, бўйи-басти, оқ оралаган сочларини ҳисобга олмаганда,унга бўйдоқлик кезларини эслатарди.
Ота эсанкираб, қўлидаги 3-4 сўмни унинг қўлига ушлатди-да терс бурилиб, қизчасини кўтарганча шахдам қадам ташлай кетди. Музробнинг умидлари настарин гулидек  янчилди. Пул ғижимлаган қўли муаллақ қолаверганди...
Энди эса оч-наҳор қолганларида бир марта ҳам йўқламаган, суянгиси келганида юз ўгирган отасининг ёнига чопқиллаб кетаябди.
Музроб бу йили онасининг қистови билан даволаниб суянчиғи, дардкаши, қаерга бормасин доим ҳамроҳи бўлган хассасидан қутилди. Оёқ оғриғи анча ариганди. Лекин, бугун унинг оёғига зўр бериб югуришиоғриқни қўзғади. У тишини тишига қўйиб югурарди. Манзилга бир-икки қадам қолганида гурсиллаб,юзтубан еқилди...
...Суҳсурнинг жони кўлмакдек буғланиб борарди. Онаси нима қилишини билмасди. Қаршингда фарзандинг жон талашиб ётса-ю қўлингдан ҳеч нарса келмаса, ана азоб! Ҳар кимнинг ҳам боласи ортида қолсин экан.
Аср номози пайти. Музробни опичлаб уйга дадаси кириб келди... Ўғлини каравотга ўтқазди-да  Суҳсурнинг сочлари-ю қўлларига кўзёшларини артди. Суҳсур эса “дада, мендан рози бўлинг” деди-ю –узилди...
Музроб опасининг қабри бошида бир қўлида онасини қучиб, бир қўлида хассасига тияниб тураркан, қабристоннинг чиқиш эшиги томон бошини қуйи солиб кетаётган отасига кўзи тушди...Дарров нигоҳини осмонни қоплаган булутлар бағрига отди. Қуёшнинг нурлари оҳиста қора пардани йиртиб, унинг кўзларини қамаштирарди...

Муаллиф ҳақида:

Муҳаммад Сиддиқ - 2000 йил 10 январда Фарғона вилояти Тошлоқ туманида туғилган. Тошлоқ Агросаноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.
0