Тоабад биргамиз

 
Апрелнинг илк тонги. Атроф сув қуйгандек жим-жит. Сукунатни ҳар замонда олисдаги йўлдан ўтиб-қайтаётган машиналарнинг товуши бузиб турарди. Зоҳид деразадан қараб тонги шафақни бир оз томоша қилди. Кўзлари уйқусизликдан қизариб кетганди.Туни билан мижжа қоқмай анча вақтдан буён касал ётдан хотинига қараб чиқди. Оғриқ камайтирувчи дори таьсирида ухлаб ётган Мафтунани кузатиб ўтириб Зоҳид хотинининг устига ёпилган кўрпанинг бир чеккаси чокидан сўкилганини кўрди. Токчадан игна-ип олиб сўкилган жойни секин тикишни бошлади. Эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишига қарамай қуш уйқу бўлиб қолган Мафтуна уйғониб кетди.
-Нима қиляпсиз, дадаси? – деди инграниб.
-Тикувчиликни ўрганяпман. Йигит кишига қирқ ҳунар ҳам оз. Ойликдан ташқари қўшимча даромадда бу – деб кулимсиради Зоҳид.
-Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин-да! Қўлингиздан келган ишни қилсангиз-чи! – деб синиқ табассум қилди Мафтуна.
Хотинининг жилмайганини кўриб Зоҳиднинг кўнгли кўтарилди.
 Уларнинг тўйига ҳамма қарши бўлганди. Зоҳиднинг ота-онаси “Сенга касал хотинни олиб бермаймиз” -дейишса, Мафтунанинг ота-онаси “Сенга фарзанд кўриш мумкин эмас, сени эрга бермаймиз” – деб қаршилик қилди.
 Мафтунанинг юраги хаста эди. Шифокорлар операция ва бошқа дори-дармон ҳам унга кор қилмаслигини, фақат юрагини зўриқтирмай асраб юрса, узоқ умр кўришини айтишди.Қиз юрагига “зўриқма!” – деб буйруқ бера олди аммо “севма!” – деб буюра олмади. Ҳаста юрак Зоҳид исмли кўркам курсдош йигитни кўрганида “дук-дук” этиб уриб кетар, севиб қолса гўёки ўз дардидан ҳалос бўладигандек маҳбуби томон талпинарди. Зоҳид ҳам ўзига яраша ҳуснга эга Мафтунага бефарқ эмасди.
 Бир куни Зоҳид қизни музқаймоқ ейиш учун қаҳвахонага таклиф қилди. Қизга унга уйланмоқчилигини айтди. Йигитнинг бу гапидан сўнг Мафтунанинг юраги тез-тез урди. Ҳаяжондан зўрға ўзини босиб турди.
-Менинг юрагим касал – деди ниҳоят ўзини қўлга олиб. – Шу сабаб сиз кутган бахтни беролмайман. Мени кечиринг таклифингизни рад этишга мажбурман.
-Менга фарқи йўқ. Ҳеч нарса сиз билан бирга бўлишимга тўсқинлик қила олмайди. Мен ҳаммасига тайёрман – деди Зоҳид қатьийлик билан.
-Нега? Нега атрофингизда шунча соғлом, чиройли, бекам-кўст қизлар парвона бўлиб турганида мендек бир касалмандга уйланмоқчисиз?
-Чунки сени севаман!
-Н-нима? – қизнинг ҳаяжондан лаблари титради.
Йигитнинг бу сўзларидан сўнг қизнинг кўзларидан ёш сизилди.
-Илтимос, мени ҳам ўзингизни ҳам қийнаманг! – деб ундан секингина узоқлашди.
Йигит осонликча таслим бўлмади. Бир куни қизнинг кўнглини олиш учун бир дона қип-қизил атиргулни олиб унинг йўлини пойлади. Ўнг томондан нозик қадам ташлаб Мафтуна кўринди.
-Мана бу гул сизга! – Зоҳид қўлидаги атиргулни қизга узатди. – Ўзимизнинг боғдан. Сиз учун атайлаб парвариш қилдим.
-Рахмат. Лекин мен бу гулни ололмайман – деди қиз.
-Ноз қилмасангиз-чи! Бу гул очилмай, ғунча бўлиб туривди, унга “сени севаман” дегандим, қаранг қандай чиройли бўлиб очилиб кетди. Мен севаман десам гулғунчалар очилиб  кетади. Сиз бўлсангиз...
-Унда шу гулга уйланиб қўя қолинг – деб кулди қиз.
Қизнинг лабларидаги гўзал табассуми Зоҳиднинг юрагига ўт ёқди.
-Жон деб уйланардим-у лекин гул сўлиб қолади-да!
Бу гапни эшитиб Мафтуна маьюс тортди. У Зоҳидга “мен ҳам шу гулга ўхшайман” дегандек термилди. Қизнинг кайфияти ўзгарганини кўриб Зоҳид бир оз жимиб қолди.
-Мафтуна! – деди ниҳоят. – Сизни бир умр асраб авайлашга ваьда бераман. Менга турмушга чиқинг!
-Бунинг иложи йўқ! Иккимиз ҳам қийналамиз.
-Ундай бўлмайди!
-Кечиринг, Зоҳид ака!
-Ҳеч бўлмаса гулни олинг
Қиз бир оз иккиланиб турди-да йигитнинг қўлида чирой очиб турган атиргулга қўл узатди. Зоҳиднинг бармоқларига севгилисининг бармоқлари илк бор тегиб ўтганида йигитнинг юраги ўйнаб кетди.
-Кейин мана бу хатни ҳам – деб Зоҳид чўнтагидан тўрт букланган қоғозни олиб Мафтунага узатди.
Бу сафар қиз индамай хатни олди.
Йўлда атиргулни ҳидлаб кетаркан Мафтунанинг юрагида ажиб ҳис-туйғулар пайдо бўлди.
-Бунча хушбўй! – деди жилмайиб.
Кейин биров кўриб қолмадимикан деган ҳаёлда атрофга ҳижолат бўлиб қаради. Сўлим ҳиёбондаги ўриндиқлардан бирига ўтириб мактубни очиб ўқиди:
-Мафтуна! Севгилим! Сизга бўлган муҳаббатимнинг чеки йўқ. Афсус шоир эмасман-да, бўлмаса севгимни тўрт қатор шеьр билан изҳор этардим. Интернет-пинтернетдан ўғирлаб-тўғирлаб Телеграмдан юборсам ҳам бўларди лекин ўғри ҳам эмасман-да! Қолаверса бу шеьрлар ўғирлашга ҳам арзимайди. Ўғри деган номни олганга яраша отини ҳам тўғри ёзолмайдиган Алиш ёки Бобирлардан эмас Навоий, Бобур кабилардан ўғирлаб ёзишга нима етсин. Шу сабаб сизга дил изҳоримни ана шундай оддий ва самимий қилиб йўллашга қарор қилдим. Мафтуна, азизам мен сизни севаман!
Ишқингизда девона бўлган аммо Машраб каби шеьрлар ёза олмаган Зоҳид.
-Жинни! Севиш учун шоир бўлиш, ёки шоир бўлиш учун севиш шарт эканми? – деб жилмайди қиз ва мактубни қаттиқ бағрига босди.
Зоҳиднинг уринишлари ўз самарасини берди. Қиз таслим бўлди. Ниҳоят йигитнинг таклифини қабул қилиб унга розилик берди. Аввалига қарши бўлган ота-оналар кейинчалик фарзандларининг бахтини ўйлаб тўйни бошлади.
Тўй бўлди.Орадан бир йил ўтиб Зоҳид ва Мафтуна ўғилли бўлишди. Дилларга қувонч олиб келган чақалоққа Дилшоджон деб исм қўйишди. Фарзанд кўрганидан кейин Мафтунанинг дарди кучайиб ётиб қолди. Шифокорлар аёлнинг саноқли умри қолганини айтишди.
Мафтуна ҳаётининг сўнгги кунида бор кучини тўплаб ўрнидан турди. Ошхонага бориб эри ёқтирган таомни тайёрлади. Уйнинг ҳамма ёғини тозалаб чиқди. Оғриб ётган пайтларида уйда иш кўпайиб кетибди.
-Сенга ўзингни уринтирма дегандим-ку! – деди ўғилчаси Дилшоджонни онасиникидан олиб келган Зоҳид.
-Дадаси келинглар бирга овқатланамиз. Охирги марта бирга овқатланмаганимизга ҳам анча бўлди.
-Ўзинг тузукмисан. Ҳеч қаеринг оғримаяптими?
-Кўриб турибсизку соппа-соғман! – Мафтуна ичидаги оғриқни эрига кулимсираб билдирмасликка ҳаракат қилди.
-Яхши – Зоҳид хотинидаги бу ўзгаришдан бир қувонса, бир хавотирга тушди.
Учаласи ўтириб овқатланишди. Мафтуна ўғилчасини маҳкам бағрига босиб, унинг жажжи юз-қўлчаларидан ўпди.
-Полвоним ўзимнинг – деб эркалади. – Дадажонинга бир умр суянчиқ бўлгин.
Дилшоджон ухлаб қолди. Мафтуна уни ўрнига ётқизиб пешанасидан ўпди. Ўғилчасига тўйиб-тўйиб қараб олди. Кейин ерда ётган эрининг олдига чўзилди.
-Зоҳид ака?
-Нима?
-Мени севасизми?
-Э! Биз ҳали ёшмиз-ку! Севгини қариларга чиқарган. Фарзандларимизни уйли-жойли қилиб, ёшимиз бир жойга бориб қолганидан сўнг бекорчиликдан бир биримизга севги изҳор қилаверамиз, хотин.
-Ҳазилкашлигингиз қолмади-да! Лекин мен ҳозир айтаман: Мен сизни севаман!
-Мен ҳам сени севаман!
-Мен билан бахтлимисиз?
-Албатта.
-Сизга бахт бера олганимдан хурсандман.
Орада бир оз жимлик ҳукм сурди.
-Зоҳид ака. Уч кундан сўнг мана бу қутичани очасиз – Мафтуна кичкина қутичани эрига узатди.
-Оғиргина экан. Ҳозир очсам бўлмайдими?
-Йўқ бўлмайди.Уч кундан сўнг очасиз. Яхши ётиб туринг.
-Сен ҳам яхши ётиб ухла, азизам.
Ўша кеча Мафтуна эрининг оғушида жон берди.
Уч кундан сўнг Зоҳид қутичани очди. Қутичада фотоалбом бор эди. Зоҳид қўллари қалтираб албомни варақлади. Албомда Зоҳид ва Мафтунанинг энг яхши кунлари – учрашувга чиққан пайтлари, тўйларидаги бахтли лаҳзалар, туғилган кунлардаги унутилмас онлар, ўғилчаси Дилшоджон билан ўтказган қувончли дамларининг ҳаммаси суратларда муҳрланганди. Ҳар бир суратнинг остига эса катта қилиб “ТОАБАД БИРГАМИЗ” деб ёзиб қўйилганди.

Муаллиф: Ферузбек Зиёдуллаев
0