Фарангиз

 
Фарангиз гўёки еттинчи осмонда учиб юрарди. Елкасига бахт қуши қўнганига ҳали ҳам ишонгиси келмасди. Келишган, бой хонадоннинг арзандаси бўлмиш  Жаҳонгир кеча ундан қўлини сўради.
-Ўзимни қўлга олишим керак, - деди Фарангиз ойна қаршисида ўтириб майин сочларини тартибга келтираркан. - Мени ҳам бахтли бўлишга ҳаққим борку! Ўзимга яраша ҳусним, олий маълумотим бор. Фақат... - қиз бирдан хомуш тортиб қолди.
Шу лаҳзада бахтиёрлик ҳисси ўрнини бир зумда маҳзунлик эгаллади. Қалбида порлаб турган  қуёш атрофини қора булутлар қоплади.
-Фақат оилам йўқ!
Фарангизнинг ота-онаси кимлиги номаълум. Шўрликни чақалоқлик пайти меҳрибонлик уйи эшиги остонасида ташлаб кетишган. Олидидан на ўзини, на ота-онасини шахсини тасдиқловчи ҳеч қандай хужжат топилмаган. Фақат йўргагининг бир четида пуштиранг кашта ип билан “Фарангиз” деб ёзилганлиги боис, қизчага шу исмни беришган.
 Болалар уйидаги барча болалар каби Фарангизнинг ҳам доим юрагининг бир томони қоронғу эди. Давлат томонидан яратилган шароитлар бекаму-кўст, тарбиячилар меҳрибон бўлсада ота-онанинг ўрнини босолмасди. Қизалоқ кўзлари гирён йўлларга қараб онаси келиб уни олиб кетишига умид қиларди. Аммо йиллар ўтгани сайин бу умид тобора сўна бошлади. Вояга етгач эса Фарангиз онаси уни олиб кетишга келмаслигини тўлиқ англаб етди. Энди буёғига ўзи учун курашишга аҳд қилди.
 Мактабда аъло баҳоларга ўқигани боис олийгоҳга киришга қийналмади. Университетнинг бошланғич таълим йўналишига ўқишга кирди. Ётоқхонада туриб, дарсдан бўш пайтлари ўзи яшаган меҳрибонлик уйига бориб тарбиячиларига ёрдам бериб турди. Учинчи курсга ўтганида бир дугонасининг тўйида куёвжўралардан бири  Жаҳонгир билан танишиб қолди. Йигит Молия Институтида юқори курс талабаси эди. Улар бошқа севишганларга ўхшаб қўл ушлашиб юришмади, бирга боғлар кезишмади, соатлаб телефонда гаплашишмади. Бир йил шунчаки салом-алик ва озгини гаплашишдан нарига ўтишмади.
 Фарангиз битирувчи курсга ўтганидан кейин, сентябрнинг ўрталарида Жаҳонгир унга севги изҳор қилди. Йигит қорачадан келган бўлса ҳам  анча келишган, басавлат эди. Айниқса унинг катта қоп-қора кўзлари Фарангизни мафтун этди. Аммо бу кўзлар баъзан жуда ғалати бўлиб кетарди.  Бир жойда турмай ўйнаб кетарди. Фарангиз буни хаяжондан бўлса керак деб ўйларди. Қиз аввалига розилик бермади. Бир куни Жаҳонгирни бошқа қиз билан гаплашиб турганини кўриб ичида ғалати туйғу пайдо бўлди. Бу рашк туйғусини билгач, йигитга бефарқ эмаслигини сезди.  
Фарангиз дарсдан чиқиб келаётганида университет дарвозаси олдида турган Жаҳонгирни кўриб бахтиёр жилмайиб қўйди.
-Таклифимни ўйлаб кўрдингизми, Фарангиз? - деди Жаҳонгир.
-Мен рози бўлсам ҳам, сизнинг ота-онангиз рози бўлишмаса керак - қиз бошини эгди. Чунки менинг оилавий аҳволим...
-Аҳволингизга нима қилибди? Ота-онамга менинг бахтим муҳим. Мен сизга уйланаман. Гап тамом-вассалом. Бу йўлимдан фақат Аллоҳгина қайтариши мумкин.
Йигитнинг қатъий гаплари Фарангизнинг кўнглига анча таскин берди. “Дадилгина экан” - ўйлади ичида.  “Ваъдасида туришига шубҳам йўқ”  
Қизнинг розилигини олгач, Жаҳонгир совчиларини юборди. Ўғлини бахтини ўйлаган ота-она ҳам тўйга розилик беришди. Ниҳоят тўй ҳам бўлиб ўтди. Меҳрибонлик уйи мутасаддилари, университет устозлари Фарангизнинг тўйига бош бўлишди.
Тўйдан кейин аста-секин сирлар очила бошлади. Жаҳонгир арзимаган нарсага ҳам хотинига бақирадиган бўлиб қолди. Доим асабий юрарди. Фарангиз иш топа олмаётганига аламзада бўляпти деб ўйлади. Лекин бир куни ўқишдан келса эри ётоқхонада экан. Жаҳонгир чўнтагидан оқ кукунни олиб, уни ҳидлади. Ўзгача кайфиятда кроватга ўтирди. Фарангиз эрининг кўзлари ўйнаб туришини, доим асабий юришини энди тушунди.
“Эрим гиёҳванд экан”  - ичидан бир нарса узилиб кетгандек бўлди. Ошхонага кириб тўйиб-тўйиб йиғлади. “Эй Худойим! Пешонам бунча шўр бўлмаса! Тақдир нега менга бундай қисматни раво кўрди? Шунча қийналганим камми?”
Фарангиз эрини қандай қилиб бу ботқоқдан олиб чиқиш ҳақида кўп ўйлади. Лекин уни яна бир нарса қаттиқ ташвишга солиб қўйганди. Гиёҳвандлардан қандай болалар туғилишини эшитгани боис қорнидаги уч ойлик фарзандининг аҳволи ҳақида ҳам қайғуриши керак. Бу ҳақида қайнона-қайнотасига айтмоқчи бўлди, бироқ уларнинг соғлиғи ҳақида ўйлаб фикридан қайтди.
Бир куни Жаҳонгир ранги оқарган, бир аҳволда уйига кириб келди.
-Фарангиз! Ҳой Фарангиз! - хотинини чақирди.
Ошхонада юрган Фарангиз эрининг олдига югуриб келди.
-Тинчликми? - деди эрининг аҳволини кўриб.
-Тинчликмас, хотин! Ҳозир уйимизга милиция келади!
-Вой нега?
-Жим! Ваҳима қилма! Мен айтганимни қилсанг ҳаммаси яхши бўлади.
-Нима қилишим керак?
-Милиция ходимлари уйимизга келишади ва бир нарса топишади.
-Гиёҳванд моддами?
-Билармидинг?
-Ҳаммасини биламан.
-Майли бунинг ҳозир аҳамияти йўқ. Сен милиция ходимларига эрим ишламайди, рўзғор ўзимнинг елкамда, шунинг учун шу ишга қўл урдим дейсан.
-Нима? Ўйлаб гапиряпсизми? Нега сиз учун мен жавоб беришим керак?
-Қизишма, хотин. Ҳозир ҳаммасини тушунтираман. Уч ойлик ҳомиланг бор. Аёл кишисан, яна илгари судланмагансан. Сени шартли озод қилишларига шубҳам йўқ.  
-Бекор айтибсиз!
-Агар шундай қилмасанг мен қамалиб кетаман. Менга камида ўн йил беришади. Боламиз отасиз ўсишини истайсанми?
-Й-йўқ!
-Унда айтганимни қил. Бўлмаса майли мен қамаламан. У ердан тирик келишим даргумон. Шунга чидайсанми?
Фарангиз юм-юм йиғлади. “Эй Парвардигор! Шўрпешона банданга яна қандай синовларинг бор?”
-Ростдан ҳам мени чиқариб юборишадими?
-Агар шундай бўлмаганида сендан илтимос қилармидим? Наҳотки ўз хотинимга қамоқни раво кўрсам?
Ниҳоят Фарангиз рози бўлди. Милиция ходимлари келиши билан аёл барча айбни ўз бўйнига олди. Милиция гарчи жувоннинг гапларига ишонмаган бўлса-да, ўз айбини тан олиб тургани ва уйидан чиққан гиёҳванд модда сабаб уни маҳкамага олиб кетди. Қамалганидан сўнг Жаҳонгир бир-икки марта хабар олган киши бўлиб, хотинига судгача сабр қилишини айтиб ўзича таскин берарди.
 Суд бўлди. Ҳаммаси Жаҳонгир айтганидек бўлмади. Фарангиз уч йилга озодликдан маҳрум этилди.  Қамоқда ўтирганида на уни шу аҳволга солган эридан, на ўз ўғлиннг айбини билса-да келинига раҳми келмаган қайнона-қайнотасидан дарак бўлмагани Фарангизни қаттиқ изтиробга солди.  Ёзилган мактублари жавобсиз қолганида Фарангиз алданганини англади.
“Энди боламга нима бўлади? Жигарбандимнинг пешонасига қамоқда туғилган деган тамға босиладими?”
Фарангиз олти ойни қамоқхонада шу ўй-ҳаёллар билан ўтказди. Туғруқхонада кўзини очганида қамоқхона врачи унга совуққина қилиб - Боланг ўлик туғилди - деди.
 Бошига қамоқхона азобини кўришдек оғир мусибат тушгани етмагандек, қанча орзу-умилар билан туғилишини интизорлик билан кутаётган жигарбандининг нобуд бўлиши Фарангизга жуда катта зарба бўлди. Аммо ёшликдан ҳаётнинг турли синовларида тобланган аёл бу қийинчиликларни ҳам енгиб ўтди. Ўз эркидан маҳрум бўлиб, бир пайтлар кўнгил қўйган, кейинчалик нафратланиб қолган инсони ва норасида фарзандидан айрилгач, ҳаётнинг қизиғи қолмаганди. Фақат биргина қасос ҳисси уни кучли бўлишга ундади. Фарангиз бошига шунча кўргуликни солиб, ўзи тинчгина озодликда юрган, собиқ эри Жаҳонгирдан қандай қилиб бўлмасин қасд олишни ўйлади. Қамоқхонада кун санаб, интизорлик озодликка чиқишини кутди. Ниҳоят ўша бахтли лаҳзалар келди, умумий авф этилганлар қаторида номи ўқилганида қувончдан йиғлаб юборди.
Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган Фарангиз қасос режасини амалга оширишга киришди. Бир неча кун собиқ эрининг уйини кузатди. Ҳа, бу ўша бир пайтлар ўзи уч ой бахтли лаҳзаларини ўтказган ҳовли. Ўша пайтларда Фарангиз бир кун келиб шу уйни ўғринча пойлаб юришини ҳаёлига ҳам келтирмаганди. Қамалганидан бир ой ўтар-ўтмас эри Жаҳонгир бошқасига уйланиб олгани ва ана шу уйда ҳеч нарса бўлмагандек бахтиёр яшаб юрганига Фарангиз тоқат қила олмаётганди.
-Сендан албатта қасдимни оламан! - деди Фарангиз уйга қараб. - Мени ўз эрким, бахтимдан айирдинг, ёш умримни ҳазон қилдинг. Мен сенинг энг катта хурсандчилигингни тортиб оламан, яъни фарзандингни!
Ярим тун. Катта ҳовлининг баланд деворидан бир аммаллаб ошиб тушган Фарангиз, ҳеч кимга сездирмасдан уйга кирди. Жаҳонгир тунги навбатчиликда эди. Бу уйни беш қўлидек яхши билгани учун бола ухлаб ётган хонани топишга қийналмади. Эҳ бу хона! Бир пайтлар нобуд бўлган норасидасини ана шу хонада катта қилмоқчи эди, боласининг шўх кулгулари шу хонадан эшитилиб туришини орзу қилганди. Фарангиз кўзидан оқаётган ёшларини тезлик билан артиб ташлади-да, хонага кирди. Қўлидаги хушидан кетказадиган дори сепилган рўмолчани ерда ухлаб ётган аёлнинг юзига босди. Нима бўлаётганини англай олмай қолган аёл типирчилаб ётди-да, сониялар ичида хушидан кетди. Фарангиз аёлнинг ёнида ухлаб ётган болани даст кўтариб уйдан чиқди.
Поезд шиддат билан кетиб борарди. Ўртача нархдаги купеларнинг бирида ўтирган Фарангиз, ёнида беғубор фариштадек бўлиб ухлаётган икки ёшли Соҳибжонга меҳр билан қаради. Секин энгашиб болакайнинг пешонасидан ўпди. - Ўғлим  ҳаёт бўлганида сенинг ёшингда бўларди - деб аста шивирлади. Вагон деворига бошини суяб кўзларини юмди. Шу лаҳзада не не азоблар билан дунёга келтирган аммо бир марта бўлса ҳам бағрига боса олмаган, ҳаттоки юзини кўра олмаган фарзандини ўйлаб кўзларидан шашқатор ёшлар тома бошлади.
-Мен қасос олдим! - деди ўзига ўзи. - Бизни ҳеч қаердан топа олмайсан! Сен ҳам менга ўхшаб фарзанд доғида куйиб, бир умр қийналиб яшайсан. Сен билан ўтказган бахтли онларимни ҳам ўтмиш қарига улоқтириб ташладим. Янги ҳаёт бошлайман.
 Дастлаб иш ахтаришга киришди. Ҳар ҳолда қамалишидан бир ой аввал диплом олишга улгурганди. Уч йил ўтириб чиққан аёлни қаерга ҳам ишга олишарди? Қамалганида оз сонли ёру-дўстлари ҳам ундан юз ўгириб кетишган, ёнида шу бир парча қоғозидан бошқа ишонадиган нарсаси йўқ эди. Фарангиз бандликка кўмаклашиш бўлимидан бўш иш ўринларини олиб рўйхатга кўз югуртирди. Шаҳар мактабларининг бир нечтасида иш бор, аммо боргани билан уни олишмайди. Чекка туманлардан биридаги мактабда бошланғич таълим ўқитувчиси кераклигини кўргач, Фарангиз ўша ерга боришга қарор қилди.
Директор Камол Икромович яхши одам экан. Фарангизга ўтмиши ҳақида ҳеч қандай ортиқча савол бериб ўтирмади. Тоғликларга ҳос дангал оҳангда гапирди.
-Қизим - деди мулойимлик билан. - Бу ернинг шароити бироз оғир. Ҳар ҳолда қишлоқ жой. Эплай олсанг, бемалол ишлайвер.
Янги шароитга кўникиш бироз қийин бўлди. Аммо қишлоқ шароити қамоқ шароитидан кўра минг марта яхшироқ. Фарангиз бор кучи билан меҳнат қилди. Болалар билан ишлаш унга анча завқ бағишлади. Айниқса қишлоқ аҳли ичида устоз деган табаррук номга эришгани туфайли  ўзини жамиятга керакли инсондек ҳис қилди.  
Фарангиз сўнгги дарсини ўтиб бўлгач, уйига отланди. Бугун ўзгача кун. Соҳибжон бугун тўрт ёшга тўлади.  Болани ухлатиб, Фарангиз уйни тартибга келтирди, турли хил пишириқларни пишириб, стол безатди. Пешиндан ошган маҳал эшик қўнғироғи жиринглади.
“ Ким бўлди экан?” - ўйлади аёл. “Меҳмонларни кечқурунга чақирганман. Ахир ҳали эрта-ку. Кўпчилик бўлишса, Соҳибжонни уйғотиб юборишади.”
Фарангиз бориб дарвоза эшигини очди. Соч-соқоли ўсиб кетган, уст-боши абгор бир эркак турарди. Унинг кўзлари... Ҳа, бу бир пайтлар Фарангизни мафтун этган кўзлар. Аммо улар энди чақнаб турмасди, аксинча жудаям мунгли ва сўлғин эди.
-Сиз? - деди титради Фарангиз.
-Фарангиз!
-Бу ерга нега келдингиз?
-Сенга айтадиган муҳим гапим бор.
-Мени сизга айтадиган ҳеч қандай гапим йўқ. Кетинг!
-Илтимос, гапимни эшит. Ўғлимиз сендалигини биламан.
-Нима? Сизнинг болангиз билан ишим йўқ! Мен бошқасига турмушга чиқдим. Ҳозир эрим ишдан келади. Илтимос, Жаҳонгир, кетинг!
-Яхши кетаман, фақат озгина мени тинглашга ҳаракат қил. Биламан сенга кўп азоблар бердим.
-Ҳаммаси ўтмишда қолди. Унутинг.
-Лекин сенга бир ҳақиқатни айтишим керак.
-Яна қанақа ҳақиқат?
-Соҳибжон сени ўғлинг! Иккимизнинг ўғлимиз!
-Нима?
-Ҳа. Сен қамалганингдан кейин, Назирага уйландим. Отаси врач, мени даволашига умид қилгандим. Уч ой даволаниб, гиёҳвандликдан ҳалос бўлдим, аммо ана шу оғу сабаб бефарзанд бўлиб қолдим. Шунда сендан туғилажак фарзандим ҳақида ўйладим. Қайнотам қамоқхона врачи билан келишиб фарзандимизни менга олиб берди. Хотиним Соҳибжонга ўгайлик қилишини сезиб турсамда, ёнимда ўз зурриёдим борлиги менга таскин берарди. Кейин сен қамоқдан чиқдинг ва боламизни ўғирлаб кетдинг. Аввалига сендан жаҳлим чиқди, аммо кейин бу тақдирнинг адолатли ҳукми эканини англадим. Ўз ўғли бўлмагани учун, Назира ҳам куйинмади. Бир йил ўтиб, мени ташлаб кетди. Кўриб турганингдек ўтмишда қилган гуноҳларим бадалини тўлаяпман. Сендан бир ўтинчим бор, мени кечир азизам!
Жаҳонгирнинг гапларидан Фарангизнинг бошили ғувиллай бошлади. Эшитганлари ҳақиқат эканига ишонгиси келмасди. Наҳотки? Эндигина унутаётган азоблари яна такрорланди. Соҳибжон унга дарров ўрганиб қолганини,ўзи ҳам  душманининг боласи бўлса ҳам унга меҳри тушиб ўз ўғлидек меҳр қўйганини энди тушунди.
-Одам шунчалик ҳам пасткашликка борадими? - деди Фарангиз лаблари титраб.  - Сени кўришни истамайман! Йўқол!
-Франгиз, илтимос гапимни эшит.
Аёл тарақлатиб дарвоза эшигини ёпдида, уни маҳкамлаб қўйди. Бир муддат дарвозахонада йиғлаб ўтирди. Кейин кўзёшларини артди.
-Аллоҳим ўзинга шукр! - деди кулимсираб. - Соҳибжон менинг ўғлим! Эй Худойим, боламни қайтариб берганинг учун шукр!


Муаллиф ҳақида:
 
Ферузбек Зиёдуллаев -1991 йил 2 июлда Навоий вилоятининг Кармана шаҳрида зиёли оилада туғилган.Ижодий фаолиятини жаҳон адабиётидан ҳикоялар таржима қилишдан бошлаган.Илк таржимаси Артур Кларкнинг "Ойдаги синоат" ҳикояси.
Жахон адабиётидан Артур Кларк, Роберт Хайнлайн, Хорхе Луис Борхес, Исабель Альенде, Эдгар По,Робиндранат Тагор, Прамудья Ананта тур, Амброз Бирс, Кейт Шопин ва бошқа кўплаб ёзувчиларнинг асарларини аслиятдан ўзбек тилига таржима қилган.
Ҳафталик нашрларда шу кунгача  кўплаб  таржима ва  ҳикояларим нашр этилган.
0