Олифта қиз

 
Боғчадаги болалар ичида энг ўжари у эди. Бўйи бизлардан бироз баланроқлиги учунми ва ё ўзини катта олишга ўрганганиданми  ундан қўрқардик. Барчамиз бу зўравоннинг ҳар айтганларига бўйсунишга, буйруқчаларини бажаришга мажбурдек кўринардик гўё.Ўзимга қолса бутун кунни “Тўй - тўй” ўйнаб, эртадан- кечгача келинчак бўлиб ўтказишга уринадиган эрка -тантиқ қизалоқнинг адабини бергим келарди. Асло жиним суймасди, ич-ичимда кек сақлаб юрардим.Боиси  Дилнура опам совға қилган чиройли ва бежирим қаламдонимни  синдирган,  сумкачамни ичига алламабало суратларни чизиб ташлаган.Бу ҳам етмагидек онам таёрлаб берган ширин кулчаларимни қўлимдан тортиб олиб еб қўйгани. Мен  энди олти ёшга тўлиб- тўлмаган болакай бўлсамда, унча- мунча яхши- ёмонни, ҳақ - ноҳақни бироз ажратишга   ақлим  етарди.  Унинг яна бир қилиғи ортиқча эди. Баьзи пайтларда худди катта қизларга ўхшаб  мен онамнинг сумкасида кўрган лаб бўёғидан  лабигагина эмас, яноқларигача обдон суртиб келарди. Буни  кўрган боғча опаларим бир - бирларига қараб: “Олифта қизай” дея устидан беғараз кулишиб қўйишарди. Лекин барибир  ўша олифта қизни еру - кўкка ишонмай, эркалатиб, суйишарди.Узун, қўнғироқдай сочига  попукли ленталар тақиб рақсларга туширишарди, қўшиқлар  куйлатишарди, Шеьрлар айтқизишарди. У чинданам олифта ойимча эди.

****    

Биринчи синфга қадам қўйганимда пешонамнинг шўрлигидан ўз- ўзимга ачина бошладим.Чунки олифта қизга яна дучландим.Боғчада жон- жонимга тегиб юргани камдай бир синфда,  бир партада ўтиришимга тўғри келди. Унинг боғчадаги ёмонликлари,  ич - ичимдаги адоватларимни  эсдан чиқазолмаганимдан иноқлашолмадим.  Дастлабки тўрт йил оралиғида тинмай  бошқа парталарга ўтиб кетишни орзулаб юрдим. Негаки, Малика( ха,  олифта қизнинг исми шундай эди)  ўзини бутун синфимизнинг маликасидек ўзини. Тўғри, исмига монанд тарафлари кўп эди. Ҳар гал қунт билан тер тўкиб таёрлаб келган уй вазифаларимни бирма - бир дафтарларига кўчирарди –да, устоздан уялмай “5” баҳони олиб ўтираверарди. Дарсларимиз мобайнида тезкор топшириқларни  қораламамдан  мендан аввал кўчириб, ўқитувчиларга олиб борар, тинмай менинг соям остида “Кундалик”ини аьло баҳоларга тўлдиришни канда қилмасди. Қисқа қилиб айтганда, юзсизликда, “чаққон” ликда, хатто  айёрликда унга тенг келадигани  топилмасди. Мендек ювош, одамови боланинг бир сўз дейишига унинг кўзи етмасди. Балки боғчадаги қўрқинчлар ҳали ҳануз мени тарк этолмаганини яхши биларди. Балки унинг ўзини баҳолар билан алдаб, қувонтириб юришини кўриб севинармидим. Яна ким билсин. Балки...

****

Юқори синфларга ўтганда отамни мактабга етаклаб келиб бўлсада, хуллас, бир йўлини топиб Малика билан  партамизни ўзгартиришга эришдим, орқароқдагига ўтиришга  муваффақ бўлдим. Бироқ у энди мутлақо бошқача йўл тута бошлади. Ўзини энг яқин дўстдек кўрсатиб, турли  йўллар орқали мендан фойдаланар, агар бетоб бўлиб, дарсга  бормай қолгудек бўлсам, эринмай қизлар билан уйимизга бостириб келарди. Сездимки, менсиз аьлочилигига тезда путур етарди, шуларни англаган холда  ўзимни  ундан минг олиб қочишга уринмай,  кўринмас заррадек манфаатлар  иккимизни бирлаштириб қўярди. Баьзи -баьзида болалар орасида мени еру кўкка кўтариб мақтарди, катта -кичик тадбирларимизга ҳеч бир қобилятим йўқлигига қарамай, доимо ўзи чорлар, сохта мехрибончиликлар қилиб юрарди. Фақат онда –сондагина  сўнгсиз шўхликларию, тинимсиз ҳазиллари менга ёқимсиздек туюларди. У чиндан-да жуда қўпол хазиллар қиларди менга. Гоҳо айтишиб қолган вақтларимиз ўзимни вазминликка олиб, асабийлашиш ўрнига хар тугул қоғоз бўлакларини майдалаб таскин топардим. Ўша олифта қизни сира- сира енгишнинг иложи топилмасди.

****

Саккизинчи синфдалик  чоғларимизда биз тенгдошлар орасида бир -биримизга лақаб тўқиб хазиллашиш  авжига чиқди.  Менимча, ҳамма ўғил- қиз бир қишлоқда яшаганимиз учунми, бутун уруғ- аймоқларимизни яхши танирдик. Аждодларимиздан қолган “ Буюк ном” ларни айтиб, енгил -елпи гапириб ўтардик . Ўртамиздаги ушбу жумбоқли сўзларни устозларимиз анча вақт англашолмай юришди. Айниқса шаддод Малика тинмай мени, ҳа айниқса мени ҳар хил илмоқли гаплар билан   маьнони лақабимга етказиб кулиб юриши азбаройи юрак- юрагимдан ўтиб кетарди. Ҳар гал  зоология дарсида синф доскаси олдига ўтилган мавзуни гапириб бериш учун чиқсам, албатта, у ўрнидан туриб туялар хақида битта савол бермай қўймасди. Маликанинг саволини тинглаган бутун ўғил- қизлар гуриллаб кулиб юборарди. Боиси, катта бобомга одамлар “Туя” деб лақаб қўйишганиданми, хуллас, синфдошларим  мана шу номни  менга байроқдай ёпиштириб, қўйишганди. Ҳар гал унинг қилмишларини алам билан ичга ютардим.  Ғазаб билан  олифта деб ҳеч кимга эшитирмасдан секин шивирлаб қўярдим.

****

Кунларнинг бирида барча гиналаримни бир жойга йиғиб, Маликадан ўч олишга аҳд қилдим. Аҳир ўзингиз яхшилаб ўйлаб кўринг, синфдаги энг билимдон икки ўқувчининг бири мен бўлсам, иккинчиси ҳам мен орқали ана шу мартабага эришган ва ҳар сафар гапдонлик билан ўзини билағон кўрсатадиган олифта қиз бўлса. Яна у менга келаётган устозларнинг ҳамду - саноларини кўролмай доим душманлик қилаверса. Ҳатто бир гал катта танафусда кўзойнагимни сумкасига яшириб қўйиб, роса рўль  ўйнади, айёрлик қилди, ғазабимни оширгандан оширди. Бас, бу дунёда ҳамма нарсанинг ўз хисоб -китоби бор  дея бир қувлик ўйлаб топдим. Айни зоология дарсида доскага чиқишимдан аввал “ олифта” нинг узун -узун сочларини билдирмай стулга маҳкам  боғладимки, ўша ишни қандайин ҳеч кимсага билдирмасдан уддалаганимга  ўзимам ҳайронман. Сўнгра синф ўртасидаги доска сахнасида мавзуни бир бошидан баён этишга тушдиму, икки кўзим “ Олифта” да. Бирдан ўқтувчимиз “Етарли” дея болаларга савол беришни буюрди. Одатдагидек “олифта”  яна бир қитмир саволини беришга  чоғланиб, ўрнидан тураётган эди  ҳамки, сочлари стулга тортишиб орқага бир қалқиб кетди.  Кўзлари ола -кула бўлиб ўтириб қолди. Анчайин ўнғайсизланди, оғриқдан ингради, “вой  сочим”лаб хонани бошига кўтарди. Бу ҳолатдан синфдагиларнинг барчаси   кулгудан  ўзларини тиёлмади “ “Олифта” нинг яқин дугоналари шошганича сочларини стулдан ечиб олишди. Қисқа фурсат ичида  “сирли жиноят”нинг ортида мен турганим равшан бўлгач,  Маликанинг “ адоват” и ортгандан ортди. У энди «Туя» дейишгада қаноат қилмасдан, унинг олдига яна битта “кўзойнакли” сўзини қўшиб ортимдан пичирлаб айтиб юрадиган одат чиқарди. У мени “ Кўзойналик туя” деб атай бошлаганди. Чунки  мен кўзойнак тақиб юрардимда.  Мен ҳам пичингларини бежавоб қолдирмадим. Энди унинг лақаби иккитага айланди. Мен шарофатим билан “Донохон” синфдошларимиз ўртасида ёйилди.

****

Эрта бахор эди. “Донохон” кетма- кет уч кун дарсга келмади. Қизиқ,  бундай одати йўқ эдику, сира мени ёлғизлатмасди.  Негадир  хаётимда бир нарса камдай,  бир нарса етишмаётгандай туюлаверди. Бироқ ўша “Бир нарса” нималигини хеч англолмасдим. Тўсатдан яна бир синфдошим  Гулноранинг “ Қизлар мажлисида  Маликанинг баланд пошнали  туфли кийиб юришини  Хулкар Ахматовна роса танқид қилибди” деган гаплари қулоғимга чалинди. Чалиндию  ўйлаб қарасам ўшанда Малика деса ҳамманинг кўз ўнгига ўзига оро бериб, таннозланиб юрадиган, қадди-қоматига бошқаларни маҳлиё этишдан  завқ туядиган, шаҳарлик қизларниям доғда қолдириб кета олишга қодир  олифта қишлоқлик қиз пайдо бўларди. Эх, олифтая  дея  шивирлаганча  кулиб қўйдим. Шу кун йўл-йўлакай уйга қайтар эканман,  рўпарамдан бир  пешонасида оқ қашқаси бор жигрранг  тойчоқни миниб олган Малика чиқиб қолди. Ё тавба от ҳам эгасига ўҳшаб бир жойга ўрнамай бошини баландга кўтарганча сапчиб- сапчиб кишнашдан тўхтамасди.
- Нечук мактабда кўринмадингиз, хоним афанди? - дедим севиниб.
      - Боргим келмади, бормадим. Сенга нима? -деди бепарво охангда.
 -Менгаю барибур, лекин   ҳамма устозлар сени тинмай сўрашяпти. Синфдошларимиз эса у ёқда “ Малика, Малика” деб соғиниб ётишибди - дедим ёлғон аралаш.
-Ростан - а ?,-Жилмайди у шуни кутгандай.
-Бўлмасам- чи, ҳатто Хулкар Аҳматовна сендан кечирим сўрайман деб қайта- қайта хонамизгача  келиб- кетди, - деб юборибман қувонганимдан билиб -билмай.
Кутилмаганда  Маликанинг авзойи ўзгарди. Бир зум қалдирғочдек қошлари чимирилди. Кўзлари ғазабдан пирпираб кетди. Дарровда лаққа тушираётганимни сезди.
-Сен “Кўзойнакли туя” мени алдама ёш боладай алдама.
-Ишонмасанг ишонма - дедим кайфим учиб.
-Эртага мактабга бораманку, ёлғон бўлса ўзингдан кўр!
-Майли, бора қол. – деганча уйимга  югуриб кетдим. Йўл йўлакай юрагимда ғулғула кучайди. “Олифта” ҳеч қачон бўш келмайди. Айниқса, чув туширишга уринганларни аяб ўтирмайди. Адабини бермагунча тинчимайди. Ишқилиб ёлғончилигим учун эртага мактабда бошимга шўрва тўкилмаса гўргайди...

****

Мактабни битирганимиздан сўнг барчамиз хар томонга тарқалдик.Мен туманимиздаги лицейнинг бағридан қўним топганлар қаторида бўлсам, Малика шахарга йўл олди.  Касб - хунар коллежлардан бирида тахсилни давом этираётгани  билардим, холос. Мана шу тарзда мактаб хаётига қўшилиб  иккимиз ўртамиздаги гохо ҳазил, гохо чин жанжалларимиз ниҳоя топгандек бўлди.Ва лекин ўша “Донохон”дан олган таассуротларим орқали  бошқа қизларниям шундай тасаввур этардим. Унинг ич- ичимдан ёмон кўрган феьл- атворларию, болаликда етказган озорлари сабаб “доно” лардан безиб қолгандим. Фақат ўқиб изландим, фақат қалин жилдли китобларга дўст тутиндим, фақат билимлар ортидан эргашдим. Охир оқибат университет талабалари сафига ўтдим . Аммо мактабни битирган чоғлардан то олийгох эшигигача бўлган вақтлар оралиғида на тузукроқ синфдошларга қўшилдим, на байрам- базмларда яйраб ўйнай олдим. Балки бунга чинданам одамовулигим, ёхуд фақат ўзини ўйлайдиган ҳудбинлигим сабабмикан. Аввал олим бўлай, кейин одам бўларман деганмидим, тағин билмадим. Ўша йиллар давомида  кўплаб синфдошларимга кўзим тушиб, сухбатлашиб ўтардиму, ўша “ Олифта қиз” ни хеч учратолмасдим. Айтишларича у хам шаҳарлик қизларга айланиб кетганмиш. Балки ўзи орзулагандай “ Буюк суҳандон” даражасига етиб,  бизни танимай қолгандир. Ахир у мактабимиз радиоси бошловчиси эди. Бу вазифани ҳеч кимга бермасди. Овози ёқимлилигини тан олмасдан илижим йўқ эдию, муросамиз келишмагани учун ундан камчилик излаб ғашига тегишни яхши кўрардим. Албатта, ойнаи жахондаги Насиба Мақсудовага ўхшаб машҳур бўлиб кетишига ҳеч шубҳа қилмасдим.

****

Кунлардан бирида  унверситетдан  қайтаётганимда ёмғир шаррос қуйиб берди. Устига устак кузаклиги  учун қишлоғимиз йўлидаги барча машиналар пахтазорда одам ташиб юрган эканми,  уйга кетишга техника бекатда кўринмасди . Ҳунобим ошди. Кастюмимни  бошимга пана қилганча бекат  айвонида  ёмғир тинишини кутмоқни истадим. Ичкарига қадам қўйишим билан  қандайдир  таниш чехрага дучландим. Рўпарамдаги пуштаранг нилуфар гулли рўмолни бошига танғиган,  ивиган кўйлаги товонига тегай -тегай деб турган,  кўриниши соддадил қишлоқ қизларини эслатадиган сокин нигоҳ эгаси Малика эди. Кўзларимга ишонгим келмай- келмай яхшилаб назар ташладим. Қиз қўлидаги елим халтани маҳкам бағрига босганича тарновчадан  тушаётган ёмғир томчиларига қараб хаёл суриб ўтирарди. Йўқ, чиндан ҳам бу ўша мен “ олифта” деб мазах қилиб юрадиган, бутун мактабда шаддодлиги билан ном қозонган махмадона қизалоқ эди.  Балки турмушга чиққандир деб ўйладим ичимда. Бундан беш- олти ойларча бурун ўртоғим Вохид “Маликанинг отаси оламдан ўтди” дегандай бўлувди балки ўшангадир, тахмин қилдим унинг маҳзун ҳолатини. Аста бориб -бориб ёнига  ўтирдим. Умрида биринчи бор унга чинданига сизлаб сўз очдим.
-Қалайсиз, шаддод қиз?
Малика  мен томонга бошини бурди. Бурдию, хайратдан қотиб қолди.
-Ияя, Камол...
-Нечук бу ерда ғамгииин ўтирибсиз,- дедим жилмайиб.
-Сизи ўқишга кирибди деб эшитудим. Кеч бўлса- да табриклайман!
-Рахмат, ўзингиз- чи?
-Менми... мен коллежни битириб  тикувчилик сехига ишга кирдим.
-Нима..?Сиз- а?..
-Ҳа –да, мени тикувчилик қўлидан келади деб ўламовдингизми?
-Йўға, мен шунчаки... сиз суҳандон бўласиз деб ишонардим.
Малика беихтиёр кулиб юборди.Ана шу ҳолатидаёқ менга  қадри ўтаётган аллақандай болалигимнинг бир парчасини эсга солди.
-Биласизми, Камол бу хаётда ҳар доим ҳам истаганларимиз амалга ошавермасакан.  Баландапарвоз орзулар ортида баландпарвоз армонларнинг чиқиб қолишиям  хеч гапмаслиги хаёлимизга келибдими .Обдон ўз ҳукмига бўйсундиришга уринаркан хаёт деганлари. Балки шуниси билан қизиқдир, балки шуниси билан инсон инсондир. Яна билмадим, -дея чуқур хўрсинди қиз.
- Тўғри айтасизу тақдирни инсон ўз қўли билан яратади. Модимики яратолмаган тақдирда ҳам унга иҳтиёрини топширмаслиги керак, осонгина хукмига бўйсуниб кетавермаслик керак.
Малика ҳам умрида биринчи марта менга таслим бўлди ёки тортишишни эп кўрмади, гапни бошқа ёққа бурди.
- Ростданам хаёт  сизни ўзгартириб юборибди, Камол. Улуғсифат бўлиб қолибсиз кўзойнаксиз ҳам.
У  шундай деганча  ўрнидан туриб кетишга чоғланди. Чунки   Маликанинг осмончалик ғурури ҳануз кўзларини қоплаб турган, ҳануз бировнинг олдида ожизлигини кўрсатиб қўйишдан қўрқарди.
-Майли Қамол, яхши боринг, мен кетдим...
-Тўхтанг, Малика! дея ортидан ёш боладек эргашдим беихтиёр. Ёмғир тингани учун  иккимиз то қишлоққа етгунча бирга  яйов кетдик. Узоқ- узоқ болалик хотиралари ҳақида сўзлаб, Маликани юзларига табассум улашиб кўзларига оловли чақноқ ҳисларини қайтармоқчи истадим. Бироқ минг афсуслар бўлсинки, у энди мен ўйлаган олифта қиз эмасди. Тинмай, бир лахзада гапиртиришга қўймай менга жавраб юрадиган қиз камгап, уятчанг, жиддий  қиёфага кирганди. Сўзларимга  фақат “Ҳа” ёки “ Йўқ”  жавобини берарди, холос. Во ажаб, “Олифта”ю “Доно”қиз қаерларда қолди. Наҳот болаликнинг бетакрор онлари шу қадар бевафо...

****

Ўша куни мен дунёда инсоннинг тақдир олдида нақадар ожиз эканини англадим. Бир ўйноқи қиз тимсолида табиатнинг ҳар бир ҳилқати ўзгарувчан эканини англадим. Дунёда ҳеч бир ҳодисага нисбий эмас дея баҳо бериб бўлмас экан. Маликанинг отасидан айрилиши, оиласининг қарз ботқоғига ботиб, бор- бурдидан ажраши, ва охир оқибат ёшгина жони билан укаларини боқиш илинжида эртадан кечгача тер тўкиб ишлаши эндиликда оддий хаёт қонуниятларига айланганди. Қайсидир файласуф “ Одам  болалигида қандай бўлса, улғайганда ҳам ўшандай қолади, феьл атвори ўзгармайди, унинг келажагини кичиклигидаёқ башорат қилиш мумкин” деганида қанчалар адашганлигини  инкор қилолмай қолдим. Хаёт ва одамлар ўзгарувчан экан. Гоҳ одамлар ҳаётини ўзгартирса, гоҳ ҳаёт одамларни ўзгартириб қўяркан.

 ****  

Бугун ҳам ҳар кунгидек ишимни тугатиб, мактаб ҳовлисидан кетиб борар эканман, йўл саҳнидан узун палточаларини олдини очиб,  шимининг икки чўнтагига қўлчаларини солиб, худди каттакон мансабдор кишилардек бошини ғоз тутиб юриб кетаётган қизалоққа кўзим тушди. Тушдию, бирдан кулгим қистади. Ўша “Олифта қиз” ни хаёлимга келтирдим. Беихтиёр қизалоққа  ёлғондакам хушомад  қилмоқчи бўлиб турган чоғларимда хотиним қўнғироқ қилди;
-Алло, адажониси.
-Лаббай, аяжониси .
Бугун онангизни, йўғе, онажонимизни кўргани бормоқчилигимиз эсийиздами?
-Эсимдан чиққанакана яхшиям эсимга солдингиз,- дедим  хотинимга ҳазиломуз рўпарамда кетаётган олифта қизчадан кўз узолмай.
-Ундай бўлса, тезроқ келинг, дамлаб қўйган ошим совуб қолмасдан.
-Ҳозир,  озгина кутинг, етиб бораман,- дея қадамимни илдамлатдим. Уйга борганимда  хотиним мени кўриши биланоқ мамнун холда дастурхон ёзди,  мева -чева иссиқ нону, иссиқ чойлар билан безади. Зум ўтмай, лаганда паловни келтирди.  Мен эса ошга бир икки қошиқ югуртириб мазасини  баҳолашга тушдим.
-Қироличам, - дедим   мехрим тобланиб, - Агар малол келмаса «Кундалик»ингизни олиб чиқсангиз, бииитта баҳо қўйиб берсам.
-Э- э, боринге! Мактабда ўқувчиларингизга икки қўйишдан чарчамадингизми?- деди қувлик билан У.
-Йўға, сизга икки қўйиб бўлармиди, сизнинг баҳоингиз “аьло”, -дея жилмайдим.
-Ростанми, алдамаяпсизми?
-Асло!
Шу пайт  унинг кўзлари чақнаб югуриб уйга кириб кетдию, зум ўтмай қизил бантикчали иплар билан безатилаган «кундалик»ини кўтариб рўпарамда пайдо бўлди.
-Ад-а-а-си, жуфт бўлсииин,- деди эркалиги тутиб.
Мен эса ҳайрон ҳолда хоҳолаб кулиб юбордим.
-Э- э, баҳоларидан хаволаниб юрадиган “ Олифта келинчак” ҳалиям эски одатингиз қолмади, қолмадида!..
Анна шунақа дўстлар ўша мен болаликдан уришиб тинчимаган олифта қиз менинг хотиним  Малика эди.


Муаллиф ҳақида
 Манзура Абдуллаева - 1994 йил 30  октябрда Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги Бекобод қишлоғида ишчи оиласида туғилган.
2013 йилда  Наманган Юридик коллежини имтиёзли диплом билан тугатган. Айни пайтда Наманган Давлат университетининг филология факультети ўзбек тили адабиёти йўналиши  3-босқич талабаси.
Манзура Абдуллаеванинг “Ўхшашимни топмассиз асло” (2012), “Умид тугиб келдим дунёга” (2012), “Сизни учратмагунча” (2013), “Қуёш эртага қайтар” (2015), “Қумғон” (2017), “Болакўз” (2017)  номли китоблари нашрдан чиққан. Болалигидан адабий ижод билан шуғулланиб келади. Унинг шеърлари, қисса ва ҳикоялари “ Наманган ҳақиқати”,  “Наманган садоси”, “Акс садо”,  “ Аёл ва жамият”, “ Камолот”, “Даракчи”, “Бекажон”, “ Давр”, “Дунё ва давр”, “ Шифокор ва ҳаёт”, “ Бегойим”, “ Ҳайрат”, “ Репититор”, “ Субҳидам” газеталарида чоп этиб келинади.
+1