Виждон

 
У ортиқ чидолмади. Уйида ўша жирканч гадонинг яшашидан безиб кетди, тоқати тоқ бўлди. Мариана  ҳаммасига барҳам беришга қарор қилди. Бундай безбетликка дош бериб юргандан кўра, шартта ҳал қилиш керак.

  Бу воқеа туфайли Мариана ўн беш кундан бери нима қилишини билмай қолди. Айниқса, Антонионинг бу одамга бунчалик ғамхўрлигини ҳеч тушунолмайди.

Ҳа, ҳақиқатдан ғалати воқеа содир бўлганди.

Тиланчи бир кечага қўноқ бўлишни сўраб келди: чоршанбанинг кечки пайти эди, кўз очирмайдиган чанг-тўзонли шамол дераза ойналарига урилиб чарсиллаган товуш чиқараётганди. Кейин шамол тўхтади. Ер юзига ғалати сукунат чўкди ва қиз деразанинг ёғоч тавақаларини маҳкамлаб ёпар экан:

‒ Бу жимжитлик менга ёқмаяпти. – деди.

Шу пайтда, у зулфинни тушириб эшикни маҳкамлаётганида, ўша одам пайдо бўлганди…

Қўнғироқ чалиниб, ошхона томонда турган қизга «Бекам» деган овоз эшитилди.

Мариана чўчиб тушди. Қип-қизариб кетган, кийимлари увада бир гадо қўлида шляпа билан панжара олдида турарди.

‒ Худони ўзи сизга ёрдам берсин … ‒ дея гап бошлади Мариана. Аммо гадонинг ғалати синовчан боқиб туриши унинг сўзларини кесиб қўйди.

Бу гадо сингари, кўп одамлар совуқ қиш кечаларида дам олиш учун жой сўраб туришарди. Лекин ҳеч қандай сабабсиз уни чўчитган бу одамда қандайдир сирли нарса борга ўхшарди. Тиланчи ўзининг эски қўшиғини айта бошлади: «Бир кечагина ухлашга отхонадан бўлса ҳам жой беринг. Бир парча нон ва бир парча жой: бошқа нарса сўрамайман. Ахир бўрон бўлади, деб эълон қилишди…».

Дарвоқе, Мариана ёғоч эшикка урилаётган ёмғирнинг товушини эшитди.

Қаттиқ, шамолли ёмғир бўрондан дарак бераётганди.

‒ Мен уйда ёлғизман, ‒ деди Мариана қуруққина қилиб. – Яъни … эрим йўқлигида, уйга бегоналарни киритмайман. Боринг, Худонинг ўзи сизни ярлақасин.

Лекин гадо кетмади, Марианани диққат билан кузатди. Секин шляпасини кияр экан, деди:

‒ Мен бир бечора кекса одамман, бекам. Ҳеч кимга зарарим тегмаган. Мен жуда кам нарса сўраяпман: бир парча нон ва …

Шу пайт икки нафар оқсоч қиз: Марcелина ва Саломея югуриб келиб қолишди. Улар қичқиришиб, кулишиб, фартукларини бошларига тутволганча ёмғирдан қочиб боғдан келишаётганди. Мариана уларни кўриб бир оз таскин топди.

‒ Яхши, ‒ деди у. ‒ Майли … Аммо фақат бир кечага. Эрталаб уйғонганимда, сени бу ерда кўрмай …

Чол розиман, дегандай бошини эгаркан, сирли жилмайиб қўйди ва аллақандай шукроналик қўшиғини хиргойи қилди.

Мариана зинадан кўтарилиб, ухлагани ётоққа кириб кетди. Кечаси билан турган бўроннинг ётоқхона деразаларига урилиши унга уйқу бермади.

Тонгда Мариана ошхонага тушганида, жавон устидаги соат саккизга бонг ураётганди. Киргач, ҳайрон бўлди: гадо бемалол ўтирволганича, мазза қилиб нонушта еяётганди: қовурилган тухум, катта бўлак юмшоқ нон, шароб …

 Дастлаб ҳатто бироз қўрқди ҳам, аммо, ошхонада куймаланиб юрган Саломеяни кўзи тушди-ю  жаҳл отига минди.

‒ Саломея! ‒ деди у қаҳр билан. – ким буюрди сенга бу одамга таом беришга … Нега у саҳарда чиқиб кетмади?

Ғазаб эгаллаган Мариана сўзини йўқотиб, чалкашиб кетаётганди. Саломея қўлидаги чўмичдан томчилар оқизганича довдираб қолди.

‒ Аммо мен… Аммо у менга айтдики, …‒ дея олди.

Гадо ўрнидан турди, шошилмай лабларини енги билан артди.

‒ Хоним, ‒ деди у, ‒ хоним, сиз эслолмаяпсиз … кеча тунда айтдингизки: «бу бечора кекса одамга уйнинг бир бурчагидан жой беринг, ҳамда истаганини тўйгунча беринг». Бекам кеча шундай демаганмиди? Мен бу сўзларни аниқ эшитдим-ку … Ёки ҳозир афсусланаяптиларми?

Мариана нимадир демоқчи бўлди, аммо бўғзига муздек нарса тиқилди. Чол қизга қоп-қора ва ўткир кўзларини қадаганча жавоб кутарди.

Мариана орқасига ўгирилди-да, ошхонадан боғ томонга чиқиб кетди.

Ёмғир тўхтаб, кун кумушранг тусда ёришаётганди. Мариана совуқдан жунжикди. Ўт-ўланлар нам, узоқдан катта йўл юпқа туман билан қоплангани кўриниб турарди. У орқадан чолнинг овозини эшитди ва хоҳламайгина қўлларини қовуштирди.

‒ Мен сиз билан гаплашмоқчийдим, марҳаматли бекам… Айтмоқчи бўлганим ўзи арзимас нарса.

Мариана катта йўлга қараганича, қимир этмади.

‒ Мен бир кексайган гадоман … аммо баъзан, гадолар кўп нарсалар ҳақида билиб олишади. Шундай, мен ўшанда ана у ерда тургандим ва мен уни кўрдим, марҳаматли бекам. Мана шу кўзларим билан кўрдим …

Мариана оғиз жуфтлади. Аммо нима дейишни билмади.

‒ У ерда турволиб нималар деяпсан сен, ит? ‒ деди у ниҳоят. ‒ Мен сени огоҳлантириб қўяй, эрим соат ўнда келади ва у ҳеч қандай ҳазил-пазилни ёқтирмайди!

‒ Буни биламан, ҳеч кимнинг ҳазилини ёқтирмаслигини биламан! ‒ деди гадо. ‒ Аммо у мен кўрган ўша ҳақиқатдан бошқасини билишни истамайди … Шундайми, хоним?

Мариана тезда бурилиб чолга қаради. Аччиғи тарқаб, юраги тез-тез ва бетартиб ура бошлади.

«Бу нима демоқчи? Нимани билади..? Нима экан у кўрган нарса?». Аммо бу сўроқларни тилига чиқаролмади. Унга нафрат ва қўрқувга тўла кўзларини тикди. Чол иркит тишларию қизарган  милкларини кўрсатиб тиржайди.

‒ Бу ерда бир мунча вақт қоламан, марҳаматли бекам… ҳа, бир муддат, қуёшли кунлар келгунича қувватга кириб олишим учун. Қариб-қартайиб кучдан қолганман, оёқларим жуда чарчаган. Жуда-жуда чарчаган …

Мариана югуриб кетди. Ёқимли шабада юзига уриларди. У қудуқ лабига етганидагина тўхтади. Шу онда юраги қинидан чиқиб кетаётгандай туюлди.

Ўшанда воқеанинг биринчи куни бошланганди. Кейин каретасида эри Антонио келди.

Антонио ҳар ҳафта Паломар шаҳридан маҳсулот таширди. Бошқа меҳмонхона эгаларидан фарқли равишда, уларнинг шаҳарчада ягона савдо-сотиқ дўкони бор эди. Ҳовлилари кенг ва катта, боғ билан ўралган, шаҳарчанинг кириш қисмида жойлашганди. Улар бадавлат яшардилар, Антонио шаҳарчада бой киши бўлиб танилганди. «Донғи кетган бой», деб ўйлади Мариана алам билан. Бу жирканч гадо келганидан буён, унинг ранглари оқариб, тинчи бузилди. «Бу бўлмаганида, хоҳнахой, балки мен унга турмушга чиқармидим?» Йўқ, йўқ! Жувоннинг ўзидан ўн тўрт ёш катта бўлган бу қўпол кишига нега турмушга чиққанини фаҳмлаш қийин эмасди. Антонио ғамгин, хўмрайма ва хилватнишин киши эди. Қиз эса келишган, гўзал эди. Ҳа, шаҳарчада унинг гўзаллиги тилларда достон эди.

Константино ҳам унга ошиқ эди. Лекин Константино оддийгина, шерикчиликда иш кўрадиган йигит эди. Очлик, ғам ва меҳнат қизнинг жонига текканди. Ҳа, ҳа, жуда жонига текканди. Шу сабаб, у Антониони танлаб, унга турмушга чиққанди.
Мариана ўйлайвериб боши ғовлаб кетди. Чол уларнинг қўноқхонасида яшаётганига ўн беш кун бўлганди.

Чол ухларди, еб-ичарди, қуёш кўриниб қолган пайтларда орсизларча боғ эшиги олдида битини тозаларди.

Воқеанинг биринчи кунида Антонио: ‒ Ким у нусха? – деб сўради.

‒ Мен жуда ачиниб кетдим, ‒ гап бошлади қиз, шолрўмолини озғин бармоқлари билан ғижимлар экан. ‒ У жуда қари … об-ҳаво ҳам шундай ёмон бир пайтда … .

Антонио ҳеч нарса демади. Қиз ҳозир Антонио боради-ю, чолни ташқарига қувиб юборади, деб ўйлади ва чопиб юқорига чиқиб кетди. У қўрқаётганди. Ҳа, жуда қаттиқ қўрқаётганди … «Бу чол Константинони дераза остидаги каштан дарахтига чиққанини кўрганми? Ёки Антонио каретасида сафарга кетган чоғларида Константино хонамга сакраб кираётганига гувоҳмикан …?! У ўзи нимани айтмоқчи бўлганди, агар ҳеч нарсани билмаса-чи, йўқ, у ҳаммасини кўрган, ўша шум кўзлари билан кўрган?!» …

Аммо, ортиқ чидаши қийин: сабрнинг ҳам чеки бор, ахир. Чол чегарадан чиқаётганди. У аллақачон пул сўрашни ҳам бошлаган ва энг ажабланарлиси шунда эди-ки, Антонио негадир у ҳақида бошқа оғиз очмади. Чолни эътиборсиз қолдирди. Фақатгина вақти-вақти билан хотинига ғалати боқиш қилиб қараб-қараб қўярди.

Мариана унинг ўткир нигоҳларини сезар ва қўрқувдан  титрарди.

Бир куни оқшом Антонио Паломарга жўнаб кетди. У хачирларни аравага қўшаётганда ёрдамчи боланинг овозига аралашиб кетган Саломеянинг ҳам эрига нималардир гапираётганини қиз эшитиб қолди. Марианани совуқ тер босди. «Бўлди, бас, бошқа чидолмайман. Тоқатим тоқ бўлди. Бундай яшаб бўлмайди. Мен унга жўнашини, уйни бўшатиб қўйишини айтаман. Бундай таҳдид билан яшаб бўлмайди, бундай яшаш яшаш эмас».

Мариана касалманд бўлиб қолди. Константино воқеасини ўйлайвериб ич-этини еди, қўрқув туфайли касалмандлиги зўрайди. Чолни кўргани кўзи йўқ эди. Кеча-ю кундуз ўйлаганидан тишлари такиллаб кетарди. Антонио воқеани эшитса, уни ўлдириши мумкинлигини англар, нафақат англарди, балки ишончи комил эди. Қиз уни яхши биларди.

Карета йўлда кўздан йўқолгач, қиз ошхонага тушди. Чол олов ёнида ухлаб ётарди. Қиз уни кузатди ва ўз-ўзига: «Агар жасоратим етганда эди, уни ўлдирардим», деди. Қўл етадиган жойда темир косовлар турганди. Аммо қизнинг қўлидан қотиллик келмасди. У бундай қила олмаслигини биларди. «Мен қўрқоқман. Ҳа, мен жуда қўрқоқман ва ҳаётга иштиёқим кучли». Бу чол эса унинг «яшашга бўлган иштиёқини» сўндирди.

‒ Эй, чол. – деди у буйруқ оҳангида. У қатъий, бироқ секин гапирган бўлса-да, гадонинг синовчан боқувчи кўзларидан бири тезда очилди.

«Ухламаган экан» ‒ деди Мариана ўзига-ўзи. – «ухламаган экан, бу қари туллак.»

‒ Мен билан юр, ‒ деди унга. ‒ Сен билан гаплашиб олмоқчиман.

Чол уни орқасидан қудуққача келди. Мариана у томонга ўгирилди.

‒ Энди хоҳлаганингни қил, қари кўппак. Агар хоҳласанг, эримга ҳамма билганингни айт. Аммо сен  ҳозироқ бу уйдан кетасан….

Чол бир неча сония жим қолди. Кейин жилмайди.

‒ Уй эгаси қачон қайтади?

Мариананинг ранги оқарди. Чол унинг чиройли юзига, кўзлари остида пайдо бўлган кўкимтир халтачаларга тикилди. Қиз озиб-тўзиб кетганди.

‒ Кет, ‒ деди Мариана. ‒ Кўзимдан йўқол.

Ҳаммаси тугади. Ҳа, гадо унинг кўзларидан бор гапни англади. Қизнинг кўзлари қатъий ва умидсиз эди. Чол эса кўпни кўрган ва тажрибали эди: бу кўзлардан ҳаммасини уқди.

«Энди ҳеч нарса қилиб бўлмайди, ‒ деб ўйлади чол. ‒ Яхши кунларинг тугади. Мазали таомлар, иссиққина кўрпа-тўшаклар … ҳаммаси тугади. Йўлингда давом эт, қари ит, кетар фурсатинг етиб келди …».

‒ Яхши, ‒ деди у. ‒ Мен кетаман. Аммо у ҳамма нарсани билиши керак.

Мариана жим қолди. Ранги янада оқариб кетгандек туюлди.

Тўсатдан, чолни ваҳима босди, қўрқиб кетди: «Бу қиз, керак бўлса, ўз жонига қасд қилишдан ҳам тоймайди. Ҳа, бундайлар ўзини дарахтга осиши ёки шунга ўхшаш нарсалар қилишга қодир бўладилар».

У қизга ачинди. У ёш ва гўзал эди.

‒ Яхши, ‒ деди чол. ‒ Бекам, сиз ютдингиз. Мен кетаман … нима ҳам қилардим? Рости, ҳеч бу қадар хомхаёлларга берилмагандим … Албатта бу ерда вақтим чоғ ўтди. Мен Саломеянинг ширин овқатларини ҳам, хўжайиннинг шаробини ҳам унутмайман … Ҳа, асло унутмайман… Мен кетаман.

‒ Ҳозирнинг ўзида, ‒ деди қиз шошиб. – Ҳозироқ жўна … Ана, хоҳласанг югур, ҳа, югур, балки унга етиб ҳам оларсан! Югур ўзингни ифлос уйдирмаларинг билан, қари ит, чоп тезроқ …

Тиланчи ширин табассум қилди. Ҳасса ва йўлхалтасини олди. У кетишга қарор қилди, аммо панжара олдида ўгирилиб деди:

‒ Тўғрисини айтай, хоним, мен ҳеч нарса кўрмагандим. Ростини айтай: Kўрганларим бўлган-бўлмаганлигини ҳам билмайман. Бироқ кўп йиллар давомида умрим йўлда ўтди, эҳ-ҳе, қанча замонлардан буён йўлдаман! Бу дунёда соф виждонли одам кўрмадим, ҳаттоки, болалар ҳам… Ҳа, марҳаматли бекам, болалар ҳам… Хоҳлаган боланинг кўзига боқингу  «Мен ҳамма нарсани биламан! Эҳтиёт бўлиб юр-а …» деб айтинг. Бола қўрқиб, cен каби титрай бошлайди, соҳибжамол бекам.

Мариана ич-ичидан  нимадир ҳис қилди. Бу ноаён ҳиссиёт аччиқ аламми ёки кучли қувончми, ажратолмади. Билолмади. У бирор нарса дейишни хоҳлагандай лабларини қимирлатди.

Кекса тиланчи кўчага чиқди. Панжара эшигини ёпар экан, қизга қараб айёрона илжайди:

‒ Фақат бир маслаҳатим бор, хоним, Антониони кузатиб юр. Ҳа, ҳа, хўжангнинг қари бегонани уйида қолишига рухсат беришининг асл сабаблари борлигини эсингдан чиқарма. Қасам ичаманки, у менга сабр қилганига арзийдиган сабаблар бор!

Ташқарида булут тобора қорайиб, пастлаб борарди. Мариана узоқларда бўшлиққа сингиб кетгунича тиланчининг орқасидан қараб қолди.

Муаллиф: Ана Мария Матуте
Дилрабо Бахронова таржимаси
+1