Хуршида Ваҳобжон қизи

 
Хуршида Ваҳобжон қизи -  1967 йилда таваллуд топган. 1990 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетини тамомлаган.  
Унинг “Алдамчи тонглар”, “Сиғмагай жисмим жаҳонга”, “Изҳор”, “Тажалли”, “Самойинур” номли шеърий китоблари чоп этилган.
2005 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Андижон вилояти бўлимини бошқариб келмоқда.   2012  йилда "Шуҳрат" медали билан тақдирланган.

Сўзни тушунмадинг!
Сўзимдан олам
Қўкси қалқиб-қалқиб ларзага тушди!
Шеърга ишонмадинг,
зоҳиди Адам,
унутма, Калом шеър тарзида тушди!
 
Дилга ачинмадинг!
Аллоҳи Карим
мен – гадо кўксига жойлаб ишқ – ганжин,
сен – ғаний пойингга отганди атай,
Дилда Ўзи пинҳон бўлди тиланчи!
Зикри сир этолмай тепалаб ўтдинг!
 
– Меҳр! –
умидвор дил тутиб тиландик,
– Шафқат! –
сабр билан кутиб тиландик,
охир тавалло – шеър айтиб тиландик,
доҳил бир сўзни минг қайтиб тиландик –  
Бизни менсимайин тақвога кетдинг!
Шавқ шаробин тилаб уқбога кетдинг!..

*** *** ***
Изингдан ихтиёр – иқрор истадим,
Дилингдан изтироб – изҳор истадим,
Ғанимдан ижтиноб бисёр истадим,
Топдимми, топмадим, билмадим!?
 
Сўзингдан мажозий қарор истадим,
Юзингдан самовий шарор истадим,
Бағрингдан баҳорий ифор истадим,
Топдим-у, тутдинг-у, олмадим –
Самодан ижозат бўлмади!                

*** *** ***
Дил – фано дайрида бир дайди тайр –
На бордир ватани, на ном-нишони,
На уммон, на тоғдан олади хайр,
На гул сочар унга анбарафшонин.
 
Тинмай куйлайверар сирли бир қўшиқ,
Уни тушунади на ер, на само,
Найзаларга тўлиб кетгандир тўши,
Куйламоқда парво қилмайин ҳамон!
Дил – фано дайрида бир дайди тайр!  

*** *** ***
ТУШУНМАСМАН
 
Тушунгум булбул оҳини, Сени асло тушунмасман!?..
Тушундим дил гуноҳини, Сени асло тушунмасман!?..
 
Битилган сўзларинг жумбоқ, босилган изларинг жумбоқ –  
Гапирсанг гаҳ бу, гоҳ уни – Сени асло тушунмасман!?..
 
Узатган гулларинг сўлғин, вале ой юзларинг тўлғин –  
Кўзингнинг ўт нигоҳини, Сени асло тушунмасман!?..
 
Тилимда янгради отинг, умидим тонгидек отдинг...
Қучолмас тун сабоҳини! Сени асло тушунмасман!?..
 
Билолмам оламинг қайси, сенингсиз йўқ яшаш файзи –  
Юрак излайди роҳини – Сени асло тушунмасман.
 
Бу Хуршида кетар олис – йироқлар ҳис, сўроқлар ҳис:
Қазиб бўлдингми чоҳини?  Сени асло тушунмасман!?..
 
2017

*** *** ***
ДУНЁ  
 
Замонлар ўзгарар, давронлар ўтар,
Қалбларни ўртаган армонлар ўтар,
Сафилу сафодил инсонлар ўтар,
Фақат сўз абадий қолар дунё бу.
 
Кимдир боғ яратгай, дилларга малҳам,
Кимнингдир қадамин гарди тўкар ғам,
Серёғду фалакнинг булутлари нам,
Ер-кўкни йиғлатиб қонар дунё бу.
 
Оҳуларнинг маъсум кўзларида ёш,
Қумирсқалар йўлин ёритар қуёш,
Бегуноҳ оққушлар кўтаролмас бош,
Берган зийнатидан тонар дунё бу.
 
Гўзалдир, оламнинг ойлари гўзал,
Ишвакор гуллари, сойлари гўзал,
Маст этар хушнаво найлари, гўзал
Жилваси жонларни олар дунё бу.
 
Номардлар қилмиши дилни доғлайди,
Манфаат миннатнинг тилин ёғлайди,
Чумчуққа дон берсанг, зоғга ёқмайди,
Хасадлар ўт бўлиб ёнар дунё бу.
 
Ўтинчим: байтларим ботмасин дилга,
Талх уммон ҳаёт бахш этолмас гулга,
Мусича дарс берса не тонг, булбулга,
Дилозорни қувиб, толар дунё бу,
Фақат Сўзни асраб қолар дунё бу!..  
 
2001
 
*** *** ***
Ёлғонга кўнгул бердиму хор айлади бу ишқ,
Ташвишини қалбимда ҳазор айлади бу ишқ.
           
Бас, ҳажру алам жабрини бисёр қилурсан,  
Гул ҳусни жамол олдида зор айлади бу ишқ.
 
Тун-кеча фироқ ўтида дод этса бу жоним,
Ҳар тонгда умид ўйидан ор айлади бу ишқ.  
 
Дилхаста эдим, зар ила нур ахтариб, охир
Зулматга ҳаётимни нисор айлади бу ишқ.
 
Мақсадга эришмас, деса Лайли ичар оғу,
Мажнунга биёбонни мазор айлади бу ишқ.  
 
Найлайки фалак боқмади шафқат кўзи бирла,        
Хуршида замин бирла қарор айлади, бу ишқ...
 
2017
 
*** *** ***
УЛОҚТИРСАНГ

Суянчим – булбулу гуллар, чаманларга улоқтирсанг,
Топурман ризқ, тупроғим томонларга улоқтирсанг.
 
Бу дунё кенгайиб қолгай, бўлур байрам кеча-кундуз –  
Қувончингга шерик қоши камонларга, улоқтирсанг.  
 
Садоим чиқмагай асло юракка санчавер тийғинг,
Бўлурман ошно ранги сомонларга, улоқтирсанг.  
 
Замин яйратмаса ўз бағрида юрмам аросатда,
Берурман йўл чиқиб четга ёмонларга, улоқтирсанг.
 
Гар истарсан, чўкай майли сенинг наҳри фироқингга,  
Умидим кўзини тикмам омонларга, улоқтирсанг.
 
Дема, Хуршидани бадном қилгай бедаво ишқи,
Битилгай исми балким жовидонларга, улоқтирсанг.
 
2017

*** *** ***
Изингдан ихтиёр – иқрор истадим,
Дилингдан изтироб – изҳор истадим,
Ғанимдан ижтиноб бисёр истадим,
Топдимми, топмадим, билмадим!?
 
Сўзингдан мажозий қарор истадим,
Юзингдан самовий шарор истадим,
Бағрингдан баҳорий ифор истадим,
Топдим-у, тутдинг-у, олмадим –
Самодан ижозат бўлмади!
+1