Инсон тақдири

 
Юқори Донда урушдан кейинги биринчи баҳор ниҳоятда яхши келди, бундақаси жуда камдан-кам бўлади. Мартнинг охирида Азов бўйларидан илиқ шамол эсди-ю, Доннинг чап қирғоғидаги қумлар икки кун ичида яп-яланғоч бўлиб қолди, даштлардаги қор тиқилиб ётган жар ва ўралар кўпчиди, дала анҳорлари музларни синдириб, шовқин солиб оқа бошлади. Йўлдарда қарийб от-улов ўтолмайдиган бўлиб қолди. Йўлларнинг расвоси чиққан ана шу ёмон кунларда йўлим Букановская станицасига тушиб қолди. Манзил-ку унча олис эмас эди, жуда борса олтмиш километрча келарди, лекин етиб олиш осон бўлмади. Жўрам билан мен кун туғмай йўлга чиқдик. Икки тўриқ от ён қайишларини таранг қилиб, оғир бричкани зўр-базўр тортиб борарди. Ғилдираклар қор ва музларга қоришиб, намиқиб ётган қумга нақ гупчагигача ботиб кетарди, бир соатдан кейин эса отларнинг биқинларида, қоринбоғларида ва юпқа тортқилари тагида оқ момиқ кўпиклар пайдо бўлди, эрталабки салқин ҳавода от тери анқиди, жабдуқларга кўп суртиб юборилган мойнинг қизиган арава ёғига ўхшаш ўткир ҳиди димоққа ура бошлади.
Батафсил
+1

Нотавон кўнгил

 
Макарио деганлари бу, йигирма йилдан буён юрагидаги ягона орзусининг ушалишидан умидвор, эгнида жулдур кийиму очликдан тинмай ҳиқиллайверадиган ўн битта боланинг отаси бўлган қишлоқлик бир дарахт кесувчи. Оиласи билан зўрға тиқилиб яшайдиган, тоб ташлаб, путури кетган хароба уйининг ўрнига у, жон-жаҳди билан мол-дунёю ҳавас қилгулик уй-жойни орзу қилмасди. Ўтинчининг истагини қондирувчи бирдан-бир нарса бу бор-йўғи қовурилган курка гўшти бўлиб, ўшани ҳам у оч гўдаклардан нарида, хилват бир жойни топиб, барини бир ўзи ёлғиз, бус-бутунлигича ейишни орзу қиларди, холос.Қорни қачон тузук-қуруқ тўйганини ҳам билмаган бу ўтинчи, ҳар куни эрталаб, хоҳ у бегим куни бўлсин, хоҳ таътил – қоронғи тушганда елкасида бир боғлам ўтинни ортмоқлаб келиш учун тонготарда ўз маконини тарк этиб, ўрмонга йўл оларди.
Батафсил
+3