Обид Қўлдош (ҳикоялар)


Обид ҚЎЛДОШ — 1985 йил Бухоро вилояти Жондор тумани Кўлиён қишлоғида туғилган. Унинг “Ҳаёлимни ўғирлаган қиз”, “Чўққиларни кўзлаган олим”, “Моҳиятга сайр” номли китоблари чоп қилинган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Истеъдод мактаби” VII Республика ёш ижодкорлар семинари иштирокчиси. “Ўзбекистон баҳори” ижод фестивали наср йўналиши ғолиби. “Бухоро оқшоми” газетаси мухбири.


МАХЛУҚ
(ҳикоя)
Бешикни ёдимга туширди тобут
Аъзам Ўктам

Ўша тунда Оймома осмонни тарк этган эди. Шаҳар ғафлат уйқусида. Баҳайбат Махлуқ ахлатхона ёнгинасидаги захкашдан чиқиб келди.
Ҳайратланарлиси, кейинчалик уни ғарбдан кириб келди, дейдиганлар ҳам кўпайди. Аслида ҳар бир шаҳарнинг Оймомаси, Махлуқлари бўлади. Ҳар ҳолда буни бувим Кенжа биби айтган. У яхшигина ровий, рамзлаштиришга уста эди. Мен эса фақат баён қиламан. Воқеанавислигим учун “Хиёбон газеталари”дан яхшигина қалам ҳақи ҳам олиб тураман.
Алам қиладигани, қўшним, шаҳар ҳавосига ўрганолмаётган шоир Ю Т менга “бозорчисан, яланғоч ёзасан,” − дегани-деган. Ўзининг ижодида замонавийликдан асар ҳам йўқ. У аллақандай минора-ю мадраса, гумбазлар ҳақида ёзадими-ей.
*  * *
Махлуқ шунчалар жирканч эдики, айниқса, ундан қўланса ҳид анқиётганига чидаб бўлмас эди. Кўзларида эса меҳрдан асар ҳам йўқ. Аллақандай очлик жазаваси ёниб турарди.
У биринчи бўлиб қишлоқдан шаҳарга қочиб келган Т фоҳишани еди. Лекин ҳамма ундан қочар, Махлуққа қарши ҳаракат йўқ эди. Кейин у наша кайфидан Оймомани унутган бир тўда бангиларни паққос туширди.
Одамлар Махлуқдан телбаларча қочишар, аммо, улар шаҳардан чиқиб кетишнинг имкони йўқлигини билишмасди. Чунки қўшни шаҳарларда уруш кетаётган эди-да. Бу хабар эса уларни шу пайтгача бирор маротаба ҳам қизиқтирмаган.
– Махлуққа қарши биргалашиб курашганда, уни енгган бўлармидик... – деди қўшним менга илтижоли термилиб. Ю Т нинг нигоҳида қўрқув, даҳшат эмас, мен англаб етолмаётган қанақадир хавотир бор эди. — Болаларини ташлаб бўлса-да, ўзга шаҳарларга қочаётганлар биланми?
Шоир ўзининг саволига ўзи жавоб берди. Тўғрироғи, у ўзига-ўзи гапираётган экан.
Бу пайтда шаҳарнинг ярми остин-устун бўлган эди. Қий-чув, йиғи-сиғи, шовқинлар қулоқни қоматга келтирадиган даражага етди. Бироқ ҳеч ким жаноб Махлуққа қурол у ёқда турсин, хода ҳам ўқталмас, у эса кимнингдир тилидан, бошқа бирини кўзларидан ейишни бошлар, паққос тушириб бўлганидан кейин оғзидан бадбўй ҳид тарқатганча кекириб олиб, яна “иш”ини давом эттираверарди.
Махлуқ шаҳар аҳлини деярли еб тугатди. Энди у биз томонга бостириб келаётган эди. Хавотирланиб, қўшнимга боқдим. У нимадандир асабий, лекин ҳали ҳам Махлуқдан заррача қўрқмаётган эди. Менга эса суякларим шиқирлаётгани эшитиларди. У устимизга янада тезлик билан бостириб кела бошлади. Бирдан сонларим ораси қизиганини, кейин ялтироқ шимим ҳўлланганини сездим.
Махлуқ менинг қонсиз юзимга қарата қаҳқаҳа отди. Шунда унинг оғзидаги қолғиндилар юзларимга учиб тушди. Бадбўй ҳиддан кўнглим беҳузур бўлди. Махлуқ Шоирга маҳзунона тикилиб қолди. Мени эса қўшним қўрқинчни умуман туймаётгани ажаблантирарди.
Вайронага айланган шаҳар тинчиб қолган эди. Махлуқ битта-ю битта омон қолган уй олдига борди. Биз ҳам унинг ортидан эргашдик.
Қўрқинчдан деярли қутулган бўлсам-да, оёғимга илашаётган ҳўл, ялтироқ шимим кўнглимни яна беҳузур қила бошлади.
Уйдан аллақандай сеҳрли овоз эшитилаётган эди. Аввалига англолмадим. Шоир менга маъноли термилди. Очиғи унинг “дард”ини тушунолмадим.
Махлуқ дераза қаршисига янада яқинроқ борди. У Онанинг пастқамгина уйидан таралаётган аллани тингларкан, баҳайбат, бесўнақай гавдаси кичрайиб борарди. Шоирга қарадим. Қўшнимнинг маюс кўзларидан шашқатор ёш оқарди.
Махлуқ секин-аста Инсонга айланди. У ёшариб, беғуборлаша бошлади. Она ўз қўшиғини тугатганида, у тахминан уч ёшлардаги болага айланиб қолган эди.
Болакайнинг юзини кўришга юрагим дов бермасди. У секингина биз томонга ўгирилди. Ё Раб! Бунчалар таниш чеҳра! Уни қаердадир кўргандайман.
Шоир қулоғимга пичирлади: − болалигинг.
Рўпарамда ўзим менга илтижоли термилиб турарди.

*** *** ***
УНУТИЛГАН АШУЛА
(ҳикоя)

Уни биринчи бўлиб ким куйлаганини ҳатто қабила бошлиғи ҳам билмайди. Қайси массагетдан сўрасанг, “Ота-боболармиздан қолган” дея олишади, холос. 
Ашула. Қизиқ, уни шундай аташарди. Ҳатто бу нима маънони англатишини ҳам билмайди улар.
Бизга ушбу халқни маданийлаштириш топширилганди. Ҳамиша фахрланадиган ҳарбий мундиримни кийиб, қаддимни ғоз тутганча бу овлоқ жойга биздан олдин етиб келган аскарга:  “Уларга Ашула айтишни маън қилгин!” деб буюрдим. У эса худди ғайритабиий нарсани кўргандай серрайиб тураверди.
—     Кармисан? Буйруқни бажар!
—    Мени авф этинг.
Аскар бизга ёт, массагетларга хос қилиқ қилди. Яъни у ўнг қўлини кўксига қўйди ва хиёл эгилиб, “Ахир бу уларнинг қадрияти-ку. Шу ишимиз инсофданмикин?” — деди.
Ёрдамчим қаҳ-қаҳ отди:
—    Сен уларга сотилиб кетибсан чоғи?
—    Келишув нима бўлади?
Урушда пилта милтиқ нима билмайдиган қиличбозларни отиб ташлаганимиздан кейин улар бизга бўйсунишганди. Бироқ, учта нарсанигина илтимос қилишган. Рози бўлганимиздан сўнг,  нонни қўлга олиб, онт ичишимизни сўрашганди. Булар Ашула айтишлари, Она тилларида гапириб, урф-одатларини ҳеч қандай чекловларсиз адо этишлари эди.
Ҳа, жуда ғайритабиий халқ-да булар. Ўта илтифотли, меҳмондўст ва меҳнатсевар.
—    Буйруқни бажармасак, нима бўлишини биласанми?
Аскарни ғам босди. У бошлиғи билан гаплашаётганини ҳам унутиб, асосий стол қаршисидаги курсига ўтирди. Қўлларини пешонасига тираб, тумшайиб олди.

Аскар массагетлар Ашулани унутишлари ҳақидаги фармонни одамлар гавжум жойларга ёпиштиришдан бош тортди. Бундан ёрдамчим шунчалар ғазабга тўлдики, ҳатто менинг рухсатимсиз аскарни савалади. Бироқ, у сўзидан қайтмас, афтидан бу иш жуда жиддийга ўхшарди. 
Аскарнинг пешонасига тўппонча тирасам ҳам у мижжа қоқмай, анавиларга ўхшаб тураверди. Аксига олиб бизлар камчилик эдик. Қолавеса, одам ўлдиришдан зада бўлгандим. Бирдан-бир истагим жаллодликдан қутулиб, инсондек яшасам. Лекин бошлиқларим ва қўл остимдаги армия буни тушунмасди.

Ёрдамчим хонага саҳарданоқ ҳаллослаб кирди. Унинг ранги мурдадай оқарган, аввалги жасурлигидан асар ҳам қолмаган эди.
—Нима гап? Хотинлардек қалтирама. Ҳарбийга ўхшагин бундоқ! Типирчилама дедим, лаънати!
Столга туширган зарбамдан у сал ўзига келди. Бир ютуниб, кўзларини мўлтиратганча: — аскар ўзини отиб қўйибди, — деди.— Устига-устак у массагетлардан уйланган экан. Туб аҳоли анча саросимада. Аскар уларнинг меҳрини қозонган кўринади.
—Шу етишмай турганди.
Аксига олиб уйга тез қайтишим керак. Ахир учинчи фарзандим туғилишида аёлимга унинг ёнида бўлишга ваъда берганман...
Бахтимга марказдан махфий чопар келиб, зудлик билан пойтахтга қайтишим кераклиги ҳақидаги хушхабарни қўлимга тутқазди.

Мана, орадан ўн йил ўтгач, ғирт ўзимга ўхшаш малласоч, мовийкўз қизларим билан хайр-хўшлашиб, яна массагетлар ватанига келдим. Э, узр, энди бу ерлар тўлиқ бизнинг тасарруфимизда эди. Тўғрироғи, баъзи нарсаларгина расмият учун уларга тегишлидай кўрсатиларди-ю...
Эсимда, Ашулани унутишлари учун миллионлаб бегуноҳ массагетларни ўлдирдик. Айниқса, аҳолининг зиёли қатламини шафқатсизларча қирар эдик. Менга фақат рақамларгина аён. Ахир охирги ўн йилни марказдаги амал курсиларининг бирида ўтказдим. Кейин билсам, бу ишдан ўзимнинг ҳарбийлигим минг тилло экан.
Ёлғон маълумотлар тўплаш, урушдагидек қаршилик кўрсатаётган юз, минг кишини ўлдиришмас, миллионлаб бегуноҳларни халқ душманига айлантириш, кундан-кунга янги найранглар ўйлаб топиш...
Уч ой ичида оғзига талқон солиб олган бу халқ орасида шунчалар зерикиб кетдимки, бундан кўра мени ўлдиришгани яхшийди. На исён, на ўзаро уруш...
Ҳамма ўз вазифасини бажаради. Улар ҳиссиётлари ўлган, ҳаётдан умидлари йўқ оломонга ўхшарди. 
Тўғри, уларни бошқариш осон, лекин, бу ерда қилинаётган ҳеч бир ишдан кўнглим тўлмасди. 
Марказга қайтиш учун ёзган бешинчи хатимга ҳам тайинли жавоб келмади. Ҳарбий мундиримга тикилган кўйи жим ўтирардим. Бироқ энди менга бу мундир аввалгидай виқор бағишламаяпти. Марш қўшиқларини ҳам зерикиб тинглайман. Ушбу халқнинг ҳозирги руҳияти мени сиқиб, ўз кўйига тортиб кетаётгандай. Ҳайронман, бу кетишда яна қанча чидарканман-а...

*** *** ***
САИДА ЛАММА
(ҳикоя) 

Саида ламманинг ёлғиз Ёдгори ўлди. Отасининг дийдорини кўролмай дунёга келди-ю, кетди.
Ламма мункиб қолди. Убай трактирчи уч-тўрт сўм ёрдам қилган бўлди-ю...
Ламма чечан эди. Камгап, хаёлпарастга айланди. У таптортмас, шартаки, довруқталаб эди. Тўй-маъракага чиқолмай қолди.
Ламма ҳатто ўзига кафанлик олмаган экан, ғассолнинг олдида довдираб, пассайди. Уч кун деганда Ламманинг сочига оқ тушди. Кўзлари киртайиб, ўзига-ўзи гапирадиган бўлди.
Бир куни лойпўтти ўйнаб турган болаларга узоқ тикилиб, симёғоч билан тўқнашиб кетди.
Ламмадан путур кетган эди.
У нураётган обидага ўхшарди.
Тўй-маъракаларда кайвони — Ламмадан фойда йўқлигини кўрган оломон ундан юз ўгирди.
Маҳалла оқсоқоли, икки сўзни бир-бирига улаб гапиролмай, тўй-ҳашамда даврани очишга ярамайдиган Азизбек, қишлоқ фуқаролар йиғини раиси мечкай Шариф шоввознинг ҳам энди Ламма билан ишлари бўлмади. 

Пашша пар урмай қўйди. Ламма келажакка эмас, ўтмишга ғаввосдек шўнғиди.
Уй — аждарҳо.
Тутда осилган алвончда учиб эди, ҳамсояси Сотти бийи уни “анақароқ”қа чиқарди.
Аввал ўғлининг, сўнг эрининг қабрига бориб, тупроқни қучиб, мозорни зиёрат қилди.
У тупроққа тан берди. 

Саида ламма қолган-қутганини сотиб, Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд зиёратига йўл олди.
Қадамжога кира солиб:  “ё, Баҳоуддин балогардон!”, — деди.
У ҳеч қачон бу ерга келмаган эди. Адашмади, Худога шукр.
Унинг ҳеч қачон Баҳоуддинга иши тушмаган эди.
Биринчи кўргани расмчиларнинг бир-бирига “ота” бўлаётгани эди. “Астахфуруллоҳ”, — деди, беҳузур бўлиб кезди, кўнгли хижил бўлиб кезди.
Борганча боши ғувлаб борганди, руҳи енгил бўлиб қайтди.

Ламма ўғлининг суратини қўлига олишга юраги дов бермасди. Шу тун узоқ термилди. Ёдгори “мошин олсам, сизни Нуратога олиб бораман”, дерди. 
— Оҳ-оҳ, бир берилиб гапирарди, бир берилиб…

Ёмғир томчилай бошлади.
Кўклам алдамчи. 
Ёдгорини баҳорда туғиб, баҳорда тупроққа қўйди.
Дераза кўзига қалдирғоч ўзини уриб эди, Ламманинг кўнгли тўлиб кетди: 
“Қалдирғоч нақадар бахтли!”

Саида ламма бошқа эр кўрмай ўтди. Уйини сотиб, шаҳарга, етимхонага ишга кирди. Энди унинг ўнлаб, юзлаб “Ёдгор”лари бор.
Ламманинг оғуши улар учун жойнамоз бўлди. 
Саида гоҳ-гоҳида жилмаядиган, ҳеч ким уни орқаваротдан “Ламма” демайдиган бўлди.

Саида Ёдгори ўлар куни ўғлига “илоҳим жувонмарг бўлгур!”, деб қарғанган эди...

*** *** ***
СОБИҚ ЧУМЧУҚ
(ҳикоя)

У чумчуқ эди. Тонгда қанотлари, ўз қўшиғи бор эди. Бироз кўзи илинганми, номозшом инсонга айланиб қолибди. Бундан собиқ чумчуқ шунчалар қўрқиб кетдики, бақувват бутоқдан жилғага қулаб тушишига сал қолди. 
Дарахтдаги ноқулайликдан қутулган янги инсон одамлар гавжум жойга борди. Бу ерни иш-хона дейишаркан. Инсонни бўшлиқ деганлари қабулхонасида ўзгача тавозе билан қаршилади. Бунақаси шаблон кинолардагина бўларкан. 
Унга шунчалар мулозаматли бўлдики, бундан инсон ўзини жуда ноқулай сезди. Устига-устак у эркак жинсидан бўлса-да, қизларга хос майдакашлик, эзмаликдан тийилмасди. Бўшлиқнинг сохта мулозаматлари, содда-муғомбирлигини англаш учун чумчуқ бўлиш ҳам етарли эди, аслида.
Гўё латтабўй келадиган суҳбатдан шу маълум бўлдики, одамзод яшаши учун албатта ана шу иш-хонада бўшлиққа хизмат қилиши керак, вассалом.

Иш-хонада бўшлиққа энг манзур кимса чаласавод котиба эди. У ҳеч нимани тушунмаса ҳам бўшлиқнинг сўзларини маъқуллаб туришни қойиллатарди. Иккалалари маиший мавзуда соатлаб суҳбатлашишарди. Собиқ чумчуқнинг таъбири билан айтганда, бу қиз бўшлиққа думини ликкиллатишга жуда уста экан.
—Бўшлиқ бўшмилар?
—Йўқ. Ёнларига шогирдлари, Тулкихон Таннозова келган, — деди котиба.
—Ахир у коллеж талабаси бўлса, 11 да келгани, соат 3 бўлаяпти. Манови қоғозларни ўқиб чиқиб, имзо қўйишлари керак. Маълумотларни вилоятга қачон топшириб келаман. Қолаверса, буёқда ўз ишларим ҳам қалашиб ётибди.
—Ишингиз бўлганидан кейин улгурасиз-да. Асосийси, бўшлиғимиз Таннозовани ишга олмоқчилар.
—Таннозовани-я?! Ё тавба! Ахир у исм-шарифини ёзишда бешта хато қилганди-ку. Тулкини кулги деб ёзганига ўлайми...
—Боринг ўша ёққа. Биз ҳозир бўшлиқ билан уйимга гилам олишга кетамиз. Мен у кишининг уйларидаги гиламдан олмоқчиман.
—Ундан кўра уйларидаги ўша гиламнинг ўзини олсангиз бўлмайдими?..

Уч ой деганда собиқ чумчуқнинг миясида кучли оғриқ пайдо бўлди. У иш-хонадан кетиб, туман ветеринарининг “Клиника”сида обдон даволанмоқчи бўлди. Лекин... афсуски, инсоннинг нияти амалга ошмади. Чунки бўшлиқ иш-хонада парвоз қилишни таъқиқлаб қўйганди. Собиқ чумчуқ ўзи жуда истаса ҳам, осмонга кўтарилолмай қолди.

*** *** ***
ҚАЙТИШ
(ҳикоя)
Сув   ҳаётнинг ижодкоридир 
Гёте 
Балиқ сувнинг тубида яшарди. Лекин аҳён-аҳёнда қирғоққа чиқиб, овчиларни кузатарди. Яна қалбини ғам, алам, армон, ёлғизлик азоби ўртай бошласа, секингина сув тубига шўнғиб кетарди. ... Аслида у бирор маротаба ёлғиз бўлмаган. 
Шу пайтгача ҳеч ким унинг китлардай сув пуркаганини, акулалар сингари йиртқичлик қилганини кўрган эмас. Бахтга қарши балиқнинг тангачалари ҳам олтин эмас эди. Ўзи ҳам дунёдаги саноқли-сув тубида яшайдиган, узлатнишин балиқлардай мулойим, ўтхўр. 
У одамларга ўхшаб маржонларни бойлик деб эмас, санъат асари, тўғрироғи, Яратган эгамнинг ҳар бири такрорланмас асарларидан бири деб ўйларди.
У ўтмишни эслашни унча хуш кўрмайди. Аммо биладиганларнинг айтишича,  балиқ бир пайтлар одамлар орасида яшаган. 
Авваллари унинг ҳозирги макони бўлмиш Зарафшон дарёси ҳам ҳақиқий дарё бўлган. Ҳайқириб оққан. Орол денгизи ҳам туз эмас, Зарафшонга ўхшаб зар сочган. Шубҳасиз, одамлар олтин деса, дарё-ю денгизларни сипқоришади. Бир-бирларини ҳам аксарият ҳолларда олтин учун ўлдиришади. 
Қизиқ томони у дастлаб дарёга келган пайтда балиқлар ҳақидаги тасаввури бутунлай ўзгача эди. Уларни энг покиза жониворлар деб биларди. Зеро одамларнинг кўпчилиги шундай фикрлайди-да. Улар орасида гўштхўрлари ҳам бўлиши балиқнинг етти ухлаб, тушига ҳам кирган эмас. Бизнинг мўмин-қобил, ботини исёнга тўла қаҳрамонимиз ана шундай балиқлар билан мавсумий мажлисларга ҳам қатнаб кўрди. Бироқ кўнгли тўлмади. Қарадики, гўштхўр балиқлар кўлмагида марвариди кўп балиқларга тавозе қиладилар, уларнинг думларидан ўпадилар; унчалик тош босмайдиган балиқларнинг машварати куни йўқ ердан ишлари чиқиб қолади. Бу ҳолат балиқларга ихлоси баланд қаҳрамонимизга одамлар орасида яшаганидан кўра қаттиқ таъсир қилди. Унинг қалбида мунг, алам янада ортди. Айтганча, балиқ кимдандир эшитган эдики, қанчалик кўп илминг бўлса, яшашинг шунчалик қийинлашаркан.
Хулллас дўстимиз қалбини чанг, ғуборлардан асраш учун дарёнинг туб-тубларига саёҳат қилди. У қанчалик сув тубига шўнғир экан, ҳайрати шунча ошди. Сув юзидаги кўпик билан сув тубидаги маржонларнинг фарқини теран англай бошлади. У ҳис қилдики, бу об-ҳаёт балиққа ўтган умри давомида ҳам ҳамроҳ бўлган. Лекин дўстимиз буни қалби нурга тўлгачгина ҳис қилди. Мени иш юзасидан дарёнинг нариги чеккасига юборишди. У ердаги одамлар ҳам дарёнинг бу чеккасидагидек, фақат бошқа тилда гаплашар эканлар холос. Қолаверса, бу пайтга келиб, “чегара” сўзи кашф қилинибди. Ортимга қайтай десам, катта симтўсиқ. Энди ортга қайтишим учун ҳам қайсидир одамга пулқоғоз беришим керак экан. 
Булар-ку ўз йўлига. Яқинда бир янгилик эшитиб, қулоқларимга ишонмадим. Балиқ яна одамлар орасига қайтибди. Айтишларича, бу қайтиш мендек одамнинг тасаввурига сиғмайдиган, сўз билан тасвирлаб бўлмайдиган қайтиш экан.

*** *** ***
ҲАЙКАЛ
(ҳикоя)

Гул, француз атирининг ифори ҳам бола ҳиди олдида сассиқ алаф. Аммо, Ҳошим ва Дилобар 25 йил шу ҳидга ташна яшашди. Четдан бало, тош ёғса-да чидашди. Ҳошим ҳали бирор марта Дилобарини сенламаган. Аёли ҳам ҳозир Азроил келиб, эринг учун жонингни бер, деса, ўйлаб ўтирмай кўнади.
Улар бир пайтнинг ўзида аҳил ва ёлғиз...
Уйлари эса жаннат ва дўзах гўё...

* * *
Шаҳардан келсам, қишлоқнинг эсхонаси чиқиб кетган. Юрагига ўт тушган. Бир кунда Ҳошим ва Дилобар ёруғ оламни тарк этишибди. 
Тош бўлиб қолибман. Онам ва аёлим дуртибди. Отам юзимга бир коса сув сепгач, ўзимга келибман. Зўрба-зўр воқеанинг барча тафсилотларини сўрадим.
Отамнинг нигоҳи онам ва аёлимни нариги уйга жўнатди. Кўзёшларимни артдим. Қалт-қалт титраётган бутун вужудим қулоққа айланди.
—    Улар боғча, мактаб, техникумга ҳам бирга қатнашган. Биласан, Ҳошим ўз юрагига ханжар урса уради, лекин Дилобар янгачангга “Э!”, дейдиган одам эмас...ди... раҳматли. Хотини ҳам тилло аёл ... эди. 
Ҳозир келаман.
Сездим, отам кўзёшларини яшириш учун қўл-юзини ювгани кетди.

Марҳумларнинг “уч оқшом”ига биз учун етти ёт бегона, ўн беш ёшлардаги бир йигитча келиб, қон йиғлади. Бошини деворларга уриб-уриб, айтмай йиғлади.
У болалар уйида улғайган, ҳеч кими йўқ экан. Ҳошим унга бундан ўн йиллар аввал ҳомийлик қилишни бошлаган эмиш.
Афсуски, Дилобарнинг ўлимига шу бола сабаб бўлган, дейишади. Ҳошим уйида унутиб қолдирган “сотка”сига у қўнғироқ қилиб: “дада,” деганини эшитган аёл шу заҳоти ўткинчи дунёдан мангуликка кетган.
—    Ҳошим ва Дилобарга ҳайкал қўйсак арзийди, — деди отам.
—    Йўқ. Бола отамга аллақандай илтижоли термилди. — Одамлар дадам ва онамнинг ҳайкалига сиғинишларини эмас, уларнинг вафо, садоқати, инсонийликларини унутмасликларини истайман.
      Бола яна нималардир деди. Аммо қон босимим кўтарилгани учун қулоқларим битиб қолди. Бир оздан сўнг отамнинг боладан кечирим сўраганинигина баъзўр эшитдим.
 
*** *** ***
ВАТАН
(ҳикоя)

Уларнинг сиртигина қолган. Худди ичи суғуриб олинган банан пўчоғидек шалвираб туришарди. Дарахтни қучоқлаганча ботаётган қуёшни томоша қилаётган бобонинг олдига биби астагина келди. Тутга суянди. У шу туришида нимаси биландир суйган ёри кўксига бошини қўйган сулув келинчакка ўхшарди. 
—     Розиман. Бобо Ерни тарк этаётганидан юзлари қизариб ботаётган Хуршид билан хайрлашди. Қўлларини дуога очиб, нималарнидир пичирлади.
—     Онаси, куним битган кўринади.
Биби нимадир демоқчи бўлди-ю, у ёлғон гапиролмасди... ерга қаради.
Бобо эса Берлинга ташлаб келган ўнг оёғининг ўрни сарин елда байроқдек ҳилпираб турганига боқиб, хаёлга чўмди. Милтиқ овозлари ёнгинасидан эшитилаётгандек туюлгани учунми, қўрқиб, кўзларини очди.
—    Худога шукур, етказганига шукур. Онаси, болаларимизни йиғ.

Ўн икки фарзанд меҳмонхонага қалдирғочлардек тизилишди. Тўнғичлари Тинчлик Интизор бибининг қўлини кафтлари орасига олди. Биби жилмайди. Адолатхон, Ҳуррият, Озод ва Ободларнинг нигоҳи эса отасида эди.
 Ҳақназар бобо давомчиларига бир қур назар ташлади. — Сенларнинг аҳил, меҳрибон эканларингга ишонаман. Бундан кўнглим тўқ. Лекин бир илтимосим бор. Ҳар йили Ватанимиз мустақиллиги кунида қабристонларни зиёрат қилинглар. Юрт қўшиғи юрагингиз, уйларингиздан кўчаларга мактабга илк бора бораётган болалардек беғубор тарқалсин. 
Шу куни кўзингиз Ватаннигина кўрсин, сўзингиз эса Ватан бўлсин! У бошини қуйи эгганча жимиб қолди. Бир пайт кўзи қўлтиқтаёғи ёнидаги норезага тушди. Уни олиб ўпди, кўзларига суртди.

*** *** ***
ПОЛВОН

Одамзодки бировга кўнгил қўймаса, яшашининг қизиғи бўлмас экан. Баҳодир полвон буни эллик бешга кириб англади. 
Унинг ёшлиги Бухоронинг Кўлиён қишлоғида кечди. Баҳодир зуволаси пишиқ, барваста йигит бўлиб етилди. У шунча яшаб, бировга эланмади. Эзмалик, қитмирлик нима, билмади. Ўз номи билан Баҳодир полвон бўлиб ўсди.
Ким нима деса десин, инсоннинг улғайишида муҳитнинг ўрни бўлакча. Баҳодирни болалигиданоқ бобоси Афзал боғбон тарбиялади. Паканагина Афзалнинг отнинг калласидай юраги бор эди. У ўлгудай ростгўй, меҳнатсевар бўлгани учунми, қишлоқдошлари орасида алоҳида иззат-ҳурматга эришган эди. кўлиёнликлар “хотинларнинг қирқта, Афзал чаққоннинг қирқ бешта жони бор” ёхуд кўпроқ ишлаётганларга “Афзал чаққон бўлиб кет-э!”, дейишарди.
Ана шундай марди майдоннинг фазилатлари Баҳодирнинг қон-қонига сингди. У кичиклигида ўртоқлари билан муштлашиб қолса, осонликча кўзларига ёш олмас, юзлари қонталаш бўлганида ҳам ошналаридан эмас, ўз ҳаракатидан қониқмаганидан ўксинарди.
Йиллар шамоли кураги ер кўрмаган, оқкўнгил Баҳодирнинг тим қора сочларига вақт денгизининг оппоқ кўпикларини сочди. Полвоннинг мардлик тимсоли бўлган гавдаси сал букчайди. 
У қирқ ёшида давраларга тушмай қўйганди. Бироқ, ўтган йилги Наврўз курашида у қўшни қишлоқлик Наим полвон билан курашмоқни ихтиёр қилди.
 
Баҳодирнинг бемаврид майдонга тушиши кўлиёнликларни етти ухлаб, тушига ҳам кирмаганди. Лекин кураш қизиган, катта табоқлар эълон қилинаётган дамда кутилмаган воқеа содир бўлди. Қўшни қишлоқлик Наим отли паҳлавон даврага тушиб, кўлиёнлик полвонларни бирма-бир шонасини ерга теккиза бошлади. Бу дақиқаларда Баҳодирнинг жони ҳалқумига келиб, тинмай ер муштлаб, зўр-базўр аламини ичга ютарди. 
Навбат биринчи табоққа келди. Кутилганидек ерга тушган тақсимчани Наим полвон олиб, боши узра баланд кўтарди. Оббо! Одамлар бир пас жимиб қолишди. Қариб қолган полвонлар, курашнинг асл ишқибозлари кўлиёнликлар орасидан Наимга мос полвон излашарди. Ва ниҳоят уларнинг юзларига қон югурди. Ҳали жуда ёш, вазни ҳам рақибидан камроқ бўлса ҳам Неъмат полвон деганлари “Қирувчи самолёт”нинг қаршисига мардона юриб борди. “Қаранг-а, мен эришолмаган Маликанинг кенжатойи шундай келишган полвон бўлибди”, кўнглидан ўтказди, Баҳодир. 
Малика тўйларига отаси рози бўлмагач, Баҳодирга “Аллоҳ ўғил насиб қилса, уни, албатта, полвон қилиб ўстираман”, деб ваъда берганди, ўшанда.

Бугун кекса курашчи Неъматни даврада кўриб, беихтиёр кўзларига ёш олди. Дунёларга алишмаган Маликасининг кўрсатган жасоратига полвон бўлса-да, қойил қолди. Уни хаёлан қучиб, “сени севиб адашмаган эканман”, — деди ичида.
Кураш қизғин тус олди. Тарафкашларнинг қийқириғи ҳам унга ўзгача файз бағишларди. 
Полвонларнинг иккаласи ҳам тик, мардона олишишарди. Аммо, вақт ўтгани сари Наимнинг тажрибаси устун кела бошлади. Баъзида эса Неъматнинг тўлиқ пишмагани сезиларди.
Баҳодир қанчалик бақириб, ёш полвонга кўмаклашмасин, барибир Наим рақибидан кўра кўп усул билар, уни доғда қолдириш учун жон-жаҳди билан курашарди.
Ахийри... Баҳодирнинг жони оғзидан чиқиб кетаёзди. У худди ўзи йиқилгандек шалпайиб қолди. Қизиғи баковул кўлиёнлик эди. У қандай бўлмасин Наимни қишлоқдошлари йиқитишини жон-дилидан истарди. Шу боис у беихтиёр ўз ёнидан катта пул тикиб, “Наим полвонга кўлиёнлик талабгор полвон бўлса, даврага чиқсин!” деб юборди. 
Ҳаммаёқ сув қуйгандек. Баковул бечора эълонни уч марта такрорлади. Бироқ, ҳеч кимдан сас-садо чиқмасди. 
Бу қишлоқ ҳаётидаги биринчи ва улкан мағлубият эди. Бирдан “Мана мен курашаман! Мен курашаман!” деган аламзада овоз янгради. Барча ялт этди. Майдон ўртасида кураш либосини кийиб олган Баҳодир кўзларидан олов сачраб, бошини юқори кўтарганча турарди.
+8