Замир Мурод


Замир Мурод - 1987 йил 19 февралда Тошкент вилояти Оҳангарон туманида туғилган. 2011 йилда ЎзМУнинг Ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Матбуотда бир қанча шеърлари чоп этилган.

Дунё

Шарқ.
Тонг отар, уйғонар она ер, борлиқ.
Ғарб.
Кун ботар, тўлғонар она ер, борлиқ.
Шимол.
Мудроқ кўзларини очган болакай,
Титраб, қалтирайди совуқ ўрмонда.
Жануб.
Саҳро, қумлоқларда карвонлар изи,
Очиқ қўл одамлар боқар осмонга.

*** *** ***
Фасллар

Баҳор.
Уйғунлик, қалбдаги туйғулар ранги.
Ёз.
Саратон. Дилхунлик. Ҳислар жаранги.
Куз.
Сўлғинлик. Баргларнинг ҳазонрезгиси,
Япроқлар шивири. Ёмғирлар саси.
Қиш.
Қаҳратон. Ҳорғинлик. Софлик белгиси,
Сочимдаги оқлик. Ёшлик нафаси.

*** *** ***
Кеча ва кундуз

Кун.
Нурли юзларимнинг кулгу, ҳандаси.
Шом.
Кулгудан қизарган ҳаё пардаси.
Тун.
Сунбул сочлари-ла бўйнимдан бўғиб,
Киприк-қошлари-ла бағрим тилган қиз.
Тонг.
Битди кўзларимда милтираган ёш,
Лаблар аро қолдим муаллақ, ёлғиз.

*** *** ***
Деразам ортидан боқурман сенга,
Хаёл олиб кетар олис уфқ сари.
Йироқдан жим кулиб боқурcан менга,
Орамиз йироқдир, дунёдан нари.
Ўртада айролик, ҳижрон, олис тун,
Мен сенга эртага етурман, албат.
Яқиндир ўша он, туғар янги кун,
Унгача қалбимдан кетмай тур фақат.
Деразам ортидан боқурман сенга,
Мен сенга эртага етурман, албат.

*** *** ***
Бандидан узилди, тўкилди япроқ,
Табиат ҳукмига эгиб бошини.
Ногоҳон кўз очди, уйғонди булоқ,
Тилкалаб заминнинг бағри, тошини.

Кимга ҳаёт берар, кимгадир ўлим,
Шошқалоқ, бевафо, фоний лаҳзалар.
Қайдадир сукунат, тинчлик ҳукмрон,
Қайда қўрқув ортар оний ларзадан.

Булут замин узра ташлабон соя,
Тўкади аламли аччиқ ёшини.
Тоғлар бардош ила тиклабон қоя,
Кўтарар адирнинг эгик бошини.

Гоҳида денгизлар қирғоқдан тошар,
Соғиниб олисда қолган қумлоқни.
Шамоллар бесамар югурар шошар,
Ахтариб хароба манзил, овлоқни.

*** *** ***
Мен сени эсламасам,
Сен мени эслармидинг.
Сен мени эсламасанг,
Мен сени эслармидим.

Тинчлик бермас хаёлинг,
На уйқу, на ҳушимда.
Уйғонаман жамолинг,
Ҳар тонг кўриб тушимда.

Ташлаб дилни фироққа,
Қайга кеттинг муҳаббат.
Охири йўқ қийноққа,
Дучор эттинг муҳаббат.

Изларингни излайман,
Ўтдингми деб кўчадан.
Кўзларингни излайман,
Ҳар юлдуз, ҳар кечадан.

Севардим сени чиндан,
Сўрасанг сўра кимдан.
Ёлғонми ёки чиндан,
Севармидинг сен зимдан.

Кулгичларинг ёқарди,
Мудом шундай кулиб юр.
Келмасангда ўнгимда,
Тушларимга кириб тур.

*** *** ***
Тонгда туриб ёр сочини тарайдими,
Шаббодалар деразадан қарайдими,
Ишқ ҳақида ёки ундан сўрайдими,
Деразадан кириб тургил, эй шаббода,
Мен учун ҳам ёрни кўргил, эй шаббода.

Айтолмаган сўзларимни ёрга айтгин,
Ёзибди де сенга атаб гўзал байтин,
Ёр атрини, бўйларини олиб қайтгин,
Деразадан кириб тургил, эй шаббода,
Мен учун ҳам ёрни кўргил, эй шаббода.

Кечалари кўзларимга келмас уйқу,
Кундузлари юрагимни эзар қайғу,
Севги ҳижрон, севги азоб, севги оғу,
Деразадан кириб тургил, эй шаббода,
Мен учун ҳам ёрни кўргил, эй шаббода.

Муҳаббат деб эгилдими баланд тоғлар,
Борми ўзи бу дунёда бағри соғлар,
Қайда қолди, қайда ўшал гўзал чоғлар,
Деразадан кириб тургил, эй шаббода,
Мен учун ҳам ёрни кўргил, эй шаббода.

Ёмғир бўлиб ёғар менинг кўз ёшларим,
Олов бўлар қалбимдаги оташларим,
Тугамасдан танда тоқат, бардошларим,
Деразадан кириб тургил, эй шаббода,
Мен учун ҳам ёрни кўргил, эй шаббода.

*** *** ***
Она тилим

Ўлан айтган момоларим,
Достон айтган боболарим,
Не ҳол бу кун тилимизни,
Сотмоқда тилгадоларим.

Чет тилини билган яхши,
Ошно қилар юракларни.
Ўз тилида сўзлай билмас,
Кўрдим неча чувакларни.

Онанг ўзбек, отанг ўзбек,
Сўзласангчи ўзбекчада.
Ажнабий сўз, луқмаларни
Гапирмагин сен кўчада.

Тил миллатнинг ойнасидир,
Ойна тутгил ўзингга сен.
Тил миллатнинг онасидир,
Оқ бўлмагин сўзингга сен.

Она тилим, ота тилим,
Мен боламга асрай сени.
Тилдан кечмоқ элга ўлим,
Тилни ўлдир? Ўлдир мени!
+7