Ситора Шамсиддин



Ситора Шамсиддин - 1987 йил Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида туғилган. Ўзбекистон миллий университети журналистика факультетини тамомлаган. “Кўнгилдан сўз” номли китоби нашр этилган. Айни пайтда “Бобур ва дунё” журнали бош муҳаррир ўринбосари.

УНДА НЕГА КЎЗЛАРИНГДА ЁШ?

“Сен ҳаммадан хунуксан”, дединг,
Қаршимда ғоз турар экансан.
Яна айтдинг: “Кетганинг яхши!”
Мени ёмон кўрар экансан…

Ёнимдаги сени танимай
Ҳайрон бўлдим, сўз тополмадим.
Эшигингни шартта очдиму,
Ёполмадим, терс ёполмадим.

Ўгирилдим охирги марта
Юрагимда туйғулар талош.
Мени севмас экансан, билдим,
Унда нега кўзларингда ёш?

*** *** ***
АФСОНА 

Кафтларимга қўнди булут,
Кўксимга бош қўйди тоғлар.
Рақсга тушар пойимда ой,
Юзларида куюк доғлар.

Юлдузлардан тумор тикдим,
Сирға қилдим қуёш нурин.
Ер айланиб осмон бўлди,
Миси чиқди осмон сирин.

Капалакнинг қанотида
Шеърлар ёздим олов-олов.
Соқов қизнинг ҳайқириғи
Дарди дилим тирнадиёв.

Туман бўлди қуюқ-қуюқ,
Ўнгу тушим уйқаш бўлар.
Мен йўлимни йўқотмадим,
Пари момом руҳи қўллар.

Гоҳи иссиқ, гоҳо муздай,
Йиллар ошдим енгил, оғир.
Қор учқуни қўнди бошга,
Юрагимнинг туби оғрир.

Боболарнинг эртагидай
Умрим ўтди ярми ёлғон.
Сен ҳам мендек яшадингми,
Милён йилки жони омон?

*** *** ***
БИР ҚАДАМ

“Яхшимисан?” деди йигит,
“Яхшиман” деб хўрсинди қиз ҳам.
Бу яхшилар ёмон бўлмоқликни қилишар хаёл.
Ўртада иймоннинг рухсати йўқдир,
Ва ўртадан оқиб кетди йигирма беш йил.

Бир куни вақт судраб келганда
“Яхшимисан?” деди эркак яна,
“Яхшиман” деб қўйди аёл бемажол.
Ҳали ҳам орзу қилар эркак ёмон бўлишни,
Ҳамон ёмон бўлмоқликдан қўрқарди аёл…

*** *** ***
ВАҚТГА ҚАРШИ

Ҳаёт – қучоғимга сиғмаган туман, 
Бир яшаш бир ўлим кўрмоқмикан ё?
Келдингми, кетдингми, кўрдингми, йўқми,
Одамми, чумоли, фарқламас дунё...

Тобутлар пойида гирён лолазор,
Лоларанг шафақни таниганим йўқ. 
Юрак кўзгусида ёмғирлар изи,
Изларнинг сўзини тинглаганим йўқ.

Тўхта, вақт! Мен ҳали яшаганим йўқ,
Яшасам шабнамдай яшайман бир кун.
Майда ташвишларни сидириб ташлаб,
Яшашни юракдан бошлайман бир кун!

Тўхта, вақт, яшашни бошлаганим йўқ…

*** *** ***
ЁМҒИР

Деразангни очсангу ёмғир
Жўшиб ёғса, шариллаб ёғса…
Ёқилғидай юрак қўрингни
Гуриллатиб ёндирса, ёқса!

Ва жон қуши потирлаб чунон
Ёрмоқ бўлса вужуд — қафасни.
Шунда чопсанг очиқ осмонга
Олмоқ учун сўнгги нафасни.

Ва бошингдан сочилса ҳаёт
Ҳар томчиси Аллоҳга сано.
Юз-кўзингни тутсангу топсанг
Излаганинг илоҳий маъно.

Қўлингдаги ғижим соябон
Унутилган муҳаббат фасли.
Кулса кулсин дилбегоналар
Чин ошиқлик — телбалик асли!

Кўзларингдан тўкилса армон,
Ғуборларинг сув билан кетса.
Ювавериб ғуссаларингни
Пок томчилар қалбингга етса.

Ҳеч тинмаса бу шаррос қўшиқ,
Юраверсанг ҳолдан тойгунча
Сенку дардни кўтариб юрган
Осмон нега ёш тўкар бунча?!

Ёлғизликнинг хиёбонида,
Қандоқ яхши тўйиб йиғласанг.
Йиғлайверсанг ва шўр ёшларни
Топчиларга ипдек боғласанг.

Бола каби беармон қайтиб
Ёстиққа бош қўйсангу охир.
Деразадан мўралаб секин
Алла айта бошласа ёмғир…

*** *** ***
КУЛИБ ТУРГАН АЁЛНИ КЎРДИМ!

Кулиб турган аёлни кўрдим!
Бор андуҳлар, бор ғамлар йиғланг,
Ортда қолган шум дамлар йиғланг,
Озори кўп одамлар йиғланг.
Кулиб турган аёлни кўрдим!

Кулиб турган аёлни кўрдим,
Шер ёнида шер каби масрур,
Гоҳ тупроқ, гоҳ тоғ каби мағрур,
Лойқа дарё остидаги дур,
Кулиб турган аёлни кўрдим.

Кулиб турган аёлни кўрдим,
Ота ҳамон эркалаб турар,
Ака орин елкалаб турар,
Қабрига ҳам кўтариб борар,
Кулиб турган аёлни кўрдим.

Кулиб турган аёлни кўрдим,
Билагидан тутгани ётмас,
Турмуш муштин писанда этмас,
Кет деса ҳам уйига кетмас
Кулиб турган аёлни кўрдим.

Кулиб турган аёлни кўрдим,
Боласи оч аёл кулмайди,
Минг тилла соч — аёл кулмайди,
Бу юртни мавҳ этиб бўлмайди
Кулиб турган аёлни кўрдим.
+4