Ёмғир остида

 
Дарсдан шошиб чиқдим. “Ана холос”, – деб юбордим ёмғир аёвcиз қуяётганини кўриб. Аксига олиб, бугун бир кўргазма ташкилотчилари билан суҳбат уюштиришим керак эди.Шундай ёмғирда бориш шартмикан-а? Бугун бормай қўяверсам-чи?
Йўқ, эртанги дарсга бирор нима тайёр бўлиши керак! Мени фикримдан қайтармоқчи бўлгандай ёмғир ҳам савалаб қуярди. Соябонимни очдим-у, бекатга югурдим. Автобус кеп қолар… Ногоҳ бекат ортида турган, ёмғирда ивиб кетган бир йигитга кўзим тушди. Соябони ҳам йўқ экан, панага ўтса бўлмасмикин? Анчадан бери турибдиёв, қалин, қоп-қора сочлари сувга яхшигина бўккан. Нигоҳи эса бир нуқтадан узилмайди – баланд оппоқ девор…
Деворда бирор нима борми, деб роса тикилдим – бегард. Йигит охири зерикдими ёки чарчадими, бекат ўриндиғига – ёнимга чўкди. Шу пайт кўргазма томон борувчи автобус ҳам келди. Чиқишим керак… Ўрнимдан турдим. Йигит хўрсинди… Тўхтадим. Автобус кетди. Мен жойимга қайтиб ўтирдим. Шу дамда мени кўргазмадан ҳам нотаниш йўловчи кўпроқ қизиқтирар эди. Балки у ҳам бир дардкашга муҳтождир…
– Тинчликми, ака?
У “менга гапираяпсизми” дегандай қаради. Бироз ўтиб сўз қотди:
– Нима, сиз сира ташвишга дуч келмайсизми?
– Бўлиб туради. Лекин… уни енгиш керак. Сиз эса ўзингизни…
– Хароб қиляпманми?
– Ўзингиз ҳам биларкансиз-ку! Нега бундай бўлди, деб ўйланавермай муаммони ҳал этиш йўлларини излаш керакдир, балки…
– Йўқ, нега бундай бўлди, деб ўйлайман мен. Чунки шундай бўлиши керак эди. Уни ҳал этиш йўли ҳам йўқ. У энди ёнимга қайтмайди…
– Ҳа… демак, севги дарди денг?
– Севги! Эҳтимол, севги бу туйғу олдида ожиздир.
– Муҳаббатингиз шунчалик кучли экан, нега унда айрилдингиз?
– Ким билади? Бу фақат Яратганга маълум. Ўзи шундай – гўзал хилқат бевафо бўлади.
– Демак, севганингизга вафо етишмабди-да?
– Ҳа… у мени жилмайибгина ташлаб кетди. Усиз яшолмаслигимни биларди… Севгимиздан кечиб кетди-я! Жавоҳирингни ташладинг-кетдинг!
Йигитнинг кўзларидан томчилар шашқатор оқа бошлади, худди бугунги ёмғирдай… Нима деяримни, нима қиларимни билмай қолдим. “Бир қизга ҳам шунчаликми?” – деб ҳам ўйладим.
– Нега мана бу деворга тикилиб тургандингиз?
– Чунки… девор ортида унинг уйи бор.
– Чиқишини пойладингизми?
– Йўқ… У чиқмайди. Ёмғирни яхши кўрарди, шунинг учун ёнига келдим. Аммо девор ортига ўтишга юрагим бетламайди…
– Ҳа, одамлар кўрса яхши бўлмайди. Бировнинг уйига берухсат кириш…
– Менга рухсат шарт эмас. Энди керакмас… Шу пайтгача иккимиз кимларнингдир рухсатию буйруқларига бўйсуниб яшадик. Охири нима бўлди?! Ҳатто бирор марта қўлидан ҳам тутолмадим…
– У ҳозир… турмушга чиққанми?
– Турмушга чиқсаям розийдим. Ахир бир кун қолганди тўйига. Лекин у истамади! Менга хиёнат қилолмади…
– Ундай бўлса… Нега мунча қийналасиз?
Йигит ўрнидан турди.
– Мен ундан хабар олиб келай…
– Майли… Унга салом айтинг.
Йўловчи кетди. Девор ёқалаб кетди… Эшиги қаердайкин, билмадим. Мен ҳам кетдим. Кўргазмага эмас, уйимга. Бирор “нима” ҳам ёздим: “Девор ортида”.
Менга ҳануз жумбоқ эди, не бор эди девор ортида? Йигитни эса бу ерда бошқа учратмадим. Балки ёмғир яна ёққанида кўрарман уни? Жавобсиз саволларимга жавоб берар у?
Ёмғир шу бўйи бошқа ёғмади… Орадан бир ой ўтди. Ҳаво иссиқ. Ўша бекатдаман. Девор оқланяпти. Ҳашарчилардан сўрадим:
– Девор ортида ким яшайди?
– Ҳеч ким яшамайди. Бу ер безабонлар макони. Қабристон…
“Қабристон?!”
Девор ортидан аёл ноласи эшитилди: “Эҳ, болам-а… нималар қилиб қўйдинг? Тўйингни кўролмаган онанг ўлса бўлмасмиди? Оҳ, Жавоҳирим…”


 
Иброҳимова Нодирабегим - 1989 йил 18 июлда Фарғона вилояти Олтиариқ туманида туғилган. 2007-2011 йилларда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультетида таҳсил олган. Айни пайтда «Бекажон» газетасида фаолият юритмоқда. “Истеъдод мактаби VIII” Республика ёш ижодкорлар семинари иштирокчиси. “Ёнингдаги бахт” ва “Жодугар ёхуд минг йиллик ҳаёт” китоблари чоп этилган.
+3