Шаҳзод Эргашалиев


Шаҳзод Эргашалиев - 1999 йил 2 апрелда Наманган вилояти Чуст тумани Олмос шаҳарчасида туғилган.
Ҳозирда Наманган Давлат Университети Математика йўналиши 3-босқич талабаси (2019 йил).

Ҳикоялари республика миқёсидаги «Наманган Садоси», «Китоб дунёси», «Бекажон», «Ёшлар овози» каби кўплаб газета ва журналларда эълон қилиб борилади.

Умидчироқ
(ҳикоя)

      Тун ярмидан оққан, атроф жимжит. Фақат ҳовлига экилган анвойи гуллар орасидан чигирткаларнинг тинимсиз чириллаши эшитилиб туради. Узоқ-узоқларда ит улийди. Айвон пештоқидаги чироқ пешайвонга бир текисда нур сочади. Унинг шуласи қўнғизу, чивинларни оҳанрабодек ўзига тортади.
       Садоқат уйғониб кетиб, ёнини пайпаслаб кўрди. Эри йўқлигини билгач, кўзларини аранг очиб, уйқу аралаш тўғридаги деворга илиб қўйилган осма соатга назар ташлади. Вақт алламаҳал бўлган бўлса ҳам, эри ҳали кўчадан бери келмабди. Дилмурод авваллари бундай эмасди. Яқин-яқиндан шунақа «қилиқ» чиқариб олди. Сўфи уйғонмасдан кўчага чиқиб кетадию, ярим тунда остона ҳатлаб яна уйга кириб келаверади.
       Мана беш йилдир-ки, улар тирноққа зор. Бормаган шифохонаси, кўринмаган доктори қолмади. Лекин фойдаси бўлмади. Садоқат ҳам шунча вақт умид билан яшаб келди. Энди кундан-кунга ўша умид ҳам илинжга айланиб, дард уммонида аста секин сўниб бормоқда...
       Турмуш қуришларидан аввал Дилмурод Садоқатни қаттиқ севарди. Ҳар гал учрашганларида Мактаб яқинидаги анҳор бўйида ўрнатилган ёғоч ўриндиқда ўтирганча бир-бирларига ваъдалар бериб, ширин ҳаёллар суришарди. Дилмурод келишган, муомалали йигит бўлганлиги учун ўша пайтлар кўп қизларнинг унда кўнгли бор эди. Аммо Дилмурод Садоқатни танлади, биргина уни деб ҳаммсидан воз кечди. Садоқат эса уни севиб, ардоқлаган инсонни ҳам бахтли қилишга кучи етмаяпти. Борган сари эрининг оёқларига тақилган кишан каби уни бахтсизликка маҳкум қилаётгандек туюлаверади.
       Садоқат эрини ўйлаб, ҳаёли минг бир кўчага кириб чиқарди. Кеч келишини турли баҳоналарга йўйиб, ўзини овутишга уринарди. Аммо, минг ўзини алдамасин, аччиқ ҳақиқатдан қочиб ҳеч қаёққа кетолмасди. «Қидирган бахтини мендан топмагач, ўзгалардан қидирадида», деган ҳаёл уни баттар ташвишга соларди.
       Садоқат уйқиси қочиб, анчагача шифтга термулиб ётди. Кўзларидан оққан ёшлари деразадан тушиб турган ой нурида ялтираб, ёстиғига томчилади. Қаердандир бошига оғриқ кириб, зирқирай бошлади. Юзини қўллари билан артиб, қаддини ростлади. Оғир-оғир қадам босгача эшик ёнига бориб, чироқни ёқдию, кўзлари қамашиб кетди. Ўша ердаги шкафни очиб, дорилар турадиган қутини титкилай кетди. Яримта дорини ажратиб олдида, эшикни очиб, ташқарига ҳатлади.
       Зинадан тушаверишга — пешайвонга ўрнатилган сўрида оёқларини осилтирганча Дилмурод сигарет тутатиб ўтирарди. У эшикнинг ғичирлаб очилганини эшитиб, ярқ этиб ўша томонга қаради.
       — Ҳалиям ухламадингми?
       Садоқат эрининг даб-дурустдан айтган гапидан чўчиб тушди.
       — Юрагимни ёрдингиз, – дедию, овози бўғилиб чиққанлиги учун томоғини қириб қўйди, — шу ерда эканингизни билмабман.
       Дилмурод сигаретини бир марта қаттиқ тортдида, ерга улоқтириб, оёғи билан эзди.
       — Қачон келдингиз? — деди Садоқат зинадан пастга тушар экан.
       — Ҳув ҳали, кўп бўлмади, — Дилмурод ёнига чирт этиб тупурди. — Ўзинг нега ухламаяпсан? Ё, конспект ёздингми яна?
       Ошхонада сувнинг шилдираб қуйилиши эшитилди.
       — Йўқ, бошим оғриб уйғониб кетдим. Конспектларимни мактабда ёзиб келгандим, — Садоқат қозон қопқоғини очиб кўрди. — Қорнингиз очми?
       — Йўқ, кўчада овқатландим. Ётиб дамингни олавер, мен ҳам ҳозир кираман.
       Дилмурод дарвозани қулфлаш учун ўша томонга қараб юрди.
       — Айтганча, беш юз минг сўм пул тайёрлаб, стол устига қўйиб қўй, — дедида, тағин қўшимча қилди. — Эрталаб вақтли чиқиб кетаман, сени ҳам уйғотиб юрмай.
        Садоқатнинг юрагига яна ўша гумон уруғлари қадалди. Эрининг иши эрталаб еттида бошланишини ўйлаб, яна ёмон ҳаёлга борди. “Янги хотинингизга олиб борасизми?, демоқчи бўлдию, ўзи айбдорлигини билиб, фикридан қайтди.
       — Хўп, — деди итоаткорлик билан ва ичкарига кириб кетди.
       Тонг отгач, Сақдоқат кўчаларни супуриб, сув сепди. Ҳовлини йиғиштириб, чиннидек қилиб қўйди. Иштаҳаси йўқлиги учун нонуштани тузуккина қилмади ҳам. Нарсаларини сумкасига солдию, мактабга отланди. Дарвозани қулфлар экан, яна эри ҳаёлига келди. Дилмуроднинг ҳам иши мактаб томонда бўлганлиги учун Садоқатни ҳам бирга машинасида олиб кетарди. Мана, бир неча кундир-ки, мактабга ўзи ёлғиз кетяпти.
       Садоқат кайфияти йўқлиги учун ишда ҳам кун бўйи паришон юрди. Ўзи билан бўлиб, синфдаги болаларнинг бақир-чақирига ҳам эътибор бермади. Бирдан унинг кўз ўнгида бегона бир аёл билан қўлтиқлашиб юрган эри жонланди. Бошқалардек, эрига фарзанд туғиб бера олмаганида афсусланиб, ичидан хўрсиниқ келди.
       У қўнғироқ овозидан ўзига келди. Соатига қараб, кетадиган вақт бўлганини кўрдию, болалар орасидан ўтиб, ҳеч нима демай ташқарига чиқиб кетди.
       Йўл ёқасига етмасдан эридан қўнғироқ бўлди. Садоқат сумкасини титкилаб, телефонини топдида, қулоғига тутди.
       — Эшитаман?..
       — Дарсинг тугадими? — деди Дилмурод нариги томондан.
       — Ҳа, ҳозир чиқдим мактабдан.
       — Паспортинг ёнингдами?
       — Ёнимда, — Садоқат эрининг шошилинч оҳангда гапирганидан ҳавотирга тушди, — тинчликми?
       — Сен билан олдинлари учрашадиган анҳор бўйидаги жой бор эдику, ўша ерга бориб тур, рулдаман, бориб, ётиғи билан ҳаммасини тушунтириб бераман.
       Телефонни қўяр экан Садоқат жойида қотиб қолди. «Ажрашмоқчи», деди бир нуқтага тикилиб. Бир зум шу алпозда серрайиб турдида, айтилган жойга йўл олди.
       Май ойининг ўрталари бўлгани учун ҳаво анча иссиқ. Анҳор бўйидаги мажнунтол баргларининг қаёқдандир пайдо бўлган иссиқ ел таъсиридаги шитирлаган овози сувнинг шовуллашига қўшилиб, сукунатни янада чуқурлаштираётгандек бўларди.
       Садоқат мажнунтол тагидаги ёғоч ўриндиқни кўриб, эски хотиралари яна жонланди. Ўшанда жуда бахтли эди. Дарси тугаши билан Дилмурод билан учрашишга — шу ерга ошиқарди. Дилмурод унинг қўлини ҳам шу ерда сўраганди. Шу анҳор, мажнунтол, ёғоч ўриндиқ бирлаштирганди уларни. Мана, ҳозир ҳам шу ерга келди. Фақат, бу сафар ҳаммасига якун ясаш учун...
       Кўп ўтмай йўл ёқасига оппоқ «Лаcэтти» келиб тўхтади. Дилмурод машинадан тушиб, гурс этиб эшикни ёпдида, шаҳдам қадам ташлаб шу томонга кела бошлади.
       Қадрдон ёғоч ўриндиқларига ўтиргач, анчагача сукут сақлашди. Сувнинг шўх мавжланишини кузатиб, нималарнидир узоқ ўйлашди. Ниҳоят орадаги совуқ сукунатга барҳам берилди.
       — Садоқат, — Дилмурод гапни нимадан бошлашни билмай боши қотди. Бир оз иккиланиб турдида, гапида давом этди, — озми, кўпми шунча йил бирга яшадик. Тўғрими?
       Садоқат бир сўз демади.
       — Икки ўртада фарзандимиз ҳам бўлмади. Аҳир, бир умр шундай яшай олмаймизку!.. Нима дейишни ҳам билмайман...
       — Гапиринг, Дилмурод ака! — деди Садоқат маъюс кўзларини эрига тикиб.
       — Сен нима дер экансан... Рози бўласанми?..
       — Сизни бахтли кўрсам бўлди, ҳаммасига розиман!, — деди чўрт кесиб.
       — Ундай бўлса яхши, — Дилмуроднинг юзига табассум югурди, — менга бир қиз жуда ёқиб қолди. Ҳар куни унинг ҳолидан хабар олгани боряпман. Пулни ҳам шунинг учун олгандим.
       — Садоқатнинг томоғига аллақандай аччиқ нарса тиқилди. Юраги сел бўлиб оқа бошлади.
       — Сен ҳам рози бўлсанг, — деди Дилмурод гапини давом эттирар экан, — ҳозироқ меҳрибонлик уйига бориб, ўша қизни ўзимизга фарзанд қилиб олсак дегандим...
       Садоқат қоп-қора қайрилма киприкларини кўтариб, Дилмуродга юзланди.
       — Шу гапларингиз ростми? Ажрашмоқчи эмасмисиз?
       Дилмурод беғубор кулиб қўйди.
       — Сен билан нега ажрашаман тентаквой, сенсиз яшай олишимга ўзинг ишонасанми? Ҳаётим мазмунисанку!
       Кўкси тўлиб турган Садоқат ортиқ ўзини тутиб тура олмади. Қўллари билан юзини беркитганча елкаларини силкиб-силкиб йиғлаб юборди...
+6