Ифтихор Хонхўжаев

 
Ифтихор Хонхўжаев - 1991 йил Самарқанд вилояти Оқдарё туманида туғилган. "Уйғоқ юрак" ҳамда "Ҳаёт куйи" китоблари муаллифи. Ҳозирда Ўзбекистон давлат Санъат ва маданият институтида таҳсил олмоқда.

*** *** ***
Балки қолмасмиди дилимда армон,
Самога туташган бўйингни кўрсам.
Бугун сенга мағрур бошим эгарман,
Муҳаббат, майлими тўйингни кўрсам?

Ахир эзгуликка бошлар эртаклар,
Эзгусанки, бари сенга етаклар.
Борар бўлсам гулга тўлиб этаклар,
Муҳаббат, майлими тўйингни кўрсам?

Майлими яшнатиб севги сайлини,
Мажнун қўлларидан тутиб Лайлини,
Бир умрга бахтли қилса майлими,
Муҳаббат, майлими тўйингни кўрсам?

Муз босган йўлларга термулганча жим,
Бир умр келишинг кутиб яшадим.
Бир тилак тилашга бор бўлса ҳаддим,
Муҳаббат, майлими тўйингни кўрсам?

Ахир Қоработир жабрини кўрдим,
Тоҳир ва Зуҳронинг қабрини кўрдим.
Ошиқнинг минг йиллик сабрини кўрдим,
Муҳаббат, майлими тўйингни кўрсам?

Чал энди, карнаю-сурнайинг қани,
Токи ҳаётимга бахш этай маъни,
Қизғанма бир дона таклифномани,
Муҳаббат, майлими тўйингни кўрсам?

*** *** ***
...га

Ҳаммаси ёлғондир, фақат ўлим ҳақ,
Тўрт томоним қибла, ўнгу-сўлим ҳақ.
Мен учун баридан сени ахтариб,
Кўчангда тентираб кезган йўлим ҳақ.

Кўзим ҳақ, изингга боқса жовдираб,
Келмасанг кўзёшим оқса жовдираб,
Гоҳо келганингда чўчиб, довдираб,
Исминг айтолмаган дудуқ тилим ҳақ.

Эртакларда бахтли якун ёлғондир,
Сенсиз Жаннат номли макон ёлғондир,
Балки гул бандида тикон ёлғондир,
Гул узиб қонаган ошиқ қўлим ҳақ.

Гар забони бўлса баҳорлар айтсин,
Кунботарлар айтсин, наҳорлар айтсин,
Фалакка сочилган ифорлар айтсин,
Қўлимда сени деб сўлган гулим ҳақ.

Зулмат юлдузларни ютиб кетганда,
Ой ҳам юзга парда тутиб кетганда,
Соғинчинг жонимдан ўтиб кетганда
Кўзёшимдан бунёд бўлган кўлим ҳақ.

Ҳаммаси ёлғондир, фақат ўлим ҳақ,
Кўчангда тентираб кезган йўлим ҳақ.
Бағрингда ўлмасам ўлим ҳам бекор,
Кўксимда сен дея ёнган дилим ҳақ.

*** *** ***

Кун келади...

Кун келади кўнгил боғингдан
Севги гулин узиб кетарман.
Агар мени бегона этсанг
Ишқ қалъасин бузиб кетарман.

Йўлларимда Мажнун бўл дема,
Мен турганда Мажнунлар нима,
Телбаликда, девоналикда
Мажнундан ҳам ўзиб кетарман.

Атиргулдан ёндириб гулхан,
Капалаклар айтганда ўлан,
Ҳар кун минг бир хаёллар билан
Сен томонга сузиб кетарман.

Боққа кирсам гилос қуралай,
Дилим қонар қора гилосдай,
Қон дилимдан сен учун атай,
Дур-маржонлар тизиб кетарман.

Кўклам келди кўк либос бичиб,
Кўзларингга кўз тикдим чўчиб,
Кет десанг бас, кўкламдан кечиб,
Хазон бўлиб тўзиб кетарман.

Банди этиб армон тоғига,
Отсанг мени ҳижрон доғига,
Хазон бўлган гилос шохига
Юрагимни осиб кетарман.

*** *** ***

Мангулик

Бир одам мангулик шарбатин излаб,
Поёнсиз дунёни умидвор кезди.
Яшади қоядек собитлик кўзлаб,
Ўзини ҳеч қачон ўлмасдек сезди.

Ҳеч нарса қолмади кўзидан пинҳон,
Анқонинг уруғин топди қидириб.
Қуш жонига минг йил яшайди дебон,
Карғанинг кўз ёшин ичди сидириб.

Қиблагоҳ томонга бош эгиб ҳар тонг,
Оллоҳдан ўзига умр сўрарди.
Ўлимдан қўрқаркан дея ўйламанг,
Шунчаки яшашни яхши кўрарди.

Бир куни шумхабар эшитди ногоҳ,
Юртига бостириб кирган эмиш ёв.
Барча истакларин унутиб шу чоғ,
Уй томон отланди кўксида олов.

Қонхўр ёв зуғмига қўймоқ учун чек,
Ўзини беаёв жангга солди у.
Шер каби олишиб, жон берди шердек,
Авлодлар ёдида мангу қолди у.

*** *** ***

Тазарру

Артаман юзларинг ювган томчини,
Биламан бу юрак ёшларинг, Она.
Гарчи тан олишни суймайди жиним,
Мени деб оқарди сочларинг, Она.

Баъзида итоат қилмай йиғлатдим,
Кўзёшинг назарга илмай йиғлатдим,
Гоҳ билиб, гоҳида билмай йиғлатдим,
Мени деб оқарди сочларинг, Она.

Кўзимга кенг олам торайиб борди,
Кўрлигим кун сайин зўрайиб борди,
Борган сари юзим қорайиб борди,
Мени деб оқарди сочларинг, Она.

Юрагим ёнмоқда лолазор каби,
Худди кўксимда бир аждар бор каби.
Қора парқдан ёққан оппоқ қор каби  
Мени деб оқарди сочларинг, Она.

Боланг бўлиб бир бор дардинг олмадим,
Юрагингга озор бериб толмадим.
Кечир, оқ сутингни оқлаёлмадим,
Мени деб оқарди сочларинг, Она.

Дунёда тирноққа зор ўтган қанча,
Тирноққа етиб ҳам хор ўтган қанча.
Тош туғсанг бўлмасми мени туғганча,
Мени деб оқарди сочларинг, Она.

Табассуминг кўриб кўнглим чоғлайман,
Қанийди бир умр шодлигинг кўрсам.
Билмадим ўзимни қандай оқлайман
Эртага Худонинг олдига борсам?

Мени деб оқарди сочларинг, Она.

*** *** ***

Чиптасиз  йўловчи

Вагон-вагон одамни ортиб,
Елиб борар ҳаёт поезди.
Кимдир кулар қаҳқаҳа отиб,
Кимнинг оҳи дилимни эзди.

Ана, хуррак отмоқда кимдир,
Жой талашиб кимдир қилар дўқ.
Бу поездда фақат мен жимдир,
Манзил олис, чиптам эса йўқ.

Вагон-вагон одамни ортиб,
Елиб борар ҳаёт поезди.
Бир бурчакда ўзимни тортиб
Турганимни кимлардир сезди.

Сезишди-ю ўтишди кулиб,
Чиптаси йўқ, дегандай гўё.
Нигоҳлари ботди тиғ бўлиб,
Кўзларимга тор бўлди дунё.

Ана, келар формали одам,
Елкасида ялтироқ пагон.
– Қани ука, чиптангни ол-чи,
Кўрайлик-чи, нечинчи вагон.

Вагон-вагон одамни ортиб,
Елиб борар ҳаёт поезди.
Бир бурчакда ўзимни тортиб
Туришимдан юрагим безди.

Айтгин, қайси бекатда ахир
Сенга борар йўлим, Художон.
Бу поездда бормоқлик оғир,
Тушиб қолиш ўлим, Художон.

*** *** ***

Бор-йўғи

Ошиқлар шаъм ёқар юрак шаклида,
Балки тиз чўкар ҳам дилда ор йўғи.
Маликам, бу ўтли розлар шаҳрида
Мен сени юракдан севдим бор-йўғи.

Муҳаббат – бандидан узилган япроқ,
Унинг қадри оёқ остида доим.
Тилим севмайман деб лоф айтди бироқ,
Сен бўлдинг дилимнинг ростида доим.

Сени эсламасдан олмадим нафас,
Соғинсам тишимни тишимга босдим.
Қоятошларгамас, теракка эмас,
Исмингни бор-йўғи юракка ёздим.

Гулдан гулга қўниб ўйнар капалак,
Шундайдир ошиқнинг дилда зор йўғи.
Агар ишонмасанг, гувоҳим фалак,
Мен сени юракдан севдим бор-йўғи.

Кимлардир номингга куй битар балки,
Балки исминг айтар эртаю-кеч ким.
Пойингга тиз чўкиб борсалар ҳамки
Мен каби севолмас ҳеч қачон ҳеч ким.

Жисминг – кўзларимга ботиб қолган нур,
Исминг – кўксим аро ураётган жон.
Васлингни туш кўрмоқ абадий сурур,
Сендан ва Худодан бошқаси ёлғон.

Гул десанг, кўкламни этгайман тортиқ,
Сув десанг, кўксимда Фарҳоднинг руҳи.
Мен сени ҳуш кўрдим жонимдан ортиқ,
Мен сени юракдан севдим бор-йўғи.

*** *** ***

Куз гули
                                   ...га

Уйғонади дунё ҳар баҳор,
Ҳар кўкламнинг бордир ўз гули.
Мени маъзур тутсин гар баҳор,
Кўзларимга ёқса куз гули.

Умрим дарддан тизилган шода,
Жим тингладим кўксим нолишин.
Эрта ўлар-кетар дунёда
Билмагандим севиб қолишим.

Гоҳ шамолдай учқур, беэга,
Гоҳ тун каби сокин ва жимсан.
Хаёлимдан кетмайсан нега,
Айтгин ахир, мен учун кимсан?

Менга атаб шеър ёз дегандинг,
Шеърда ёлғон боса олмайман.
Севдим дейиш ўлим билан тенг,
Севмайман деб ёза олмайман.

Умрим ўтди бу қув дунёда
Гоҳ мансаб, гоҳ номус талашиб.
Қара, бу он ёнингда ҳатто,
Туролмайман сенга ярашиб.

Майхонага чорлар мени май,
Билмам унинг не зори бўлсам.
Сенга атаб қандай шеър ёзай,
Шоирмас ғирт безори бўлсам.

Бир куни тонг бошқача отар
Ва қўлингдан тутади кимдир.
Менинг эса бор бўйим хатар,
Балки бу энг сўнгги шеъримдир.

Менга атаб шеър ёз дегандинг!

*** *** ***

Сенсиз...

Мана, яна сенга келдим юзма-юз,
Мунис кўзларингда ҳамон ўша зеб.
Кўзларимга боқиб сўрадинг бесўз,
“Менсиз қандай қилиб яшаяпсиз?” деб.

Бахтлиман, кўксимда ҳавас бир талай,
Баъзан ёзишимни айтмаганда шеър.
Нега ўксинайин, қара, ҳарқалай,
Бошида кўтариб турибди-ку Ер.

Бежизмас ҳилолнинг юздаги доғи,
Тунлар у дардларим елкалаяпти.
Кундузлар кўзларинг соғинган чоғим
Кўкда қуёш мени эркалаяпти.

Ўйлайсан, ҳаётдан бўлганман жудо,
Ўйлайсан, дунёнинг куюклигиман.
Ахир севганига дард берар Худо,
Сенсиз ҳам Худонинг суюклигиман.

Кетавер, сенсиз ҳам яшайвераман,
Сенсиз ҳам кун ботар, ёришар наҳор.
Олтин куз хазонин ёқар сенсиз ҳам,
Сенсиз ҳам гул очиб келади баҳор.

Кет энди, этмагин қонимга ташна,
Алвидо, йўлимга туташмаган йўл.
Яшасанг мендан-да бахтлироқ яша,
Агар ўлар бўлсанг мендан кейин ўл.

*** *** ***

Мангуберди монологи

Балки “борса келмас”дир мен борар йўл,
Дилда дардим сувинг каби тумонат.
Ўтинаман, қайтгунимча паноҳ бўл,
Амударё, онам сенга омонат.

Бир бошга бир ўлим, таслим бўлиш йўқ,
Қамал дея, барча йўллар берк дея.
То жон борки курашмасдан ўлиш йўқ,
Ахир менинг тилим чиққан эрк дея.

Қонсирайди ёв қиличи яланғоч,
Жон сўрайди ёғий Азроилмонанд.
Дилбандимга ота бўлиб бағринг оч,
Амударё, болам сенга омонат.

Кўзига қон тўлиб келар Чингизхон,
Қонга тўлди бу он менинг кўзим ҳам.
Кўкрагимда санчиб-санчиб урар жон,
Бу дунёда омонатман ўзим ҳам.

Ота юртим кўз ўнгимда кетар дарз,
Юрагимга тиғдек ботар минг бир дард.
Аммо ҳозир аза тутмоқ вақтимас,
Амударё, нолам сенга омонат.

Жангмайдонда дарё-дарё қон сизар,
Азроилнинг қопи жонга тўлмайди.
Жалолиддин ўтар, ўтар Чингизлар,
Ватан мангу яшар, Ватан ўлмайди.

Лаҳза ўтган сайин куним битмоқда,
Қоним бирла битилмоқда сўнгги хат.
Бу дунёдан кўзим очиқ кетмоқда –
Амударё, олам сенга омонат!

*** *** ***

Осонми ?

                                      “Нимага доим дардли шеърлар ёзасиз?” деганларга.

Билмадим дунёда шунча йўл юриб,
Қандай завқ улашдим қадамларга мен.
Рости, тушунмадим кўкрагин кериб
“Яшаш осон” деган одамларга мен.

Осонми кимнидир севиб жон қадар,
Кейин ёр-ёр айтиб, кулиб кузатмоқ.
Ва ё меҳридарё, ғамхўр отага,
Кўзёш-ла гул каби қизин узатмоқ.

Докторга осонми операциядан
Боши хам, юраги доғ бўлиб қайтиш.
“Бардам бўлинг” дейиш, кейин кимгадир
“Қўлдан келганини қилдик” деб айтиш.

Қорахат келтириб ёруғ хонага,
Беролмай ич-этинг ейиш осонми?
Кўзлари жовдираб турган онага
“Фарзандинг қаҳрамон” дейиш осонми?

Осонми болалар уйи олдидан
Жажжи фарзандингни эркалаб ўтиш?
Ёки сени ташлаб кетган онангни
Энди келмаслигин билиб ҳам кутиш?

Жангоҳда қонли жанг борар маҳали,
Панада беркиниб ётиш осонми?
Ё ҳали ёшгина, ғўр душманингнинг
Кўзларига боқиб отиш осонми?

Осонми вужудинг камон бўлган дам
Минг миннатин тинглаш ичган чойингни?
Ва сўнги нафасинг олиш олдидан
Тақдирин ўйламоқ кенжатойингни?

Дунёнинг ҳолига бўлмайди йиғлаб,
Қўлимдан келмайди ундан кулиш ҳам.
Яшаш-ку осонмас кўксингни тиғлаб,
Осонмас дунёда ҳатто ўлиш ҳам.



Майли ўқимасин шеъримни ҳеч ким,
Майли газетларда шарт эмас босиш.
Менга ҳам осонмас шуларни ўйлаб
Яшаш осон дея, кулиб шеър ёзиш.

*** *** ***

Мучал

Билмам қандай бешикка сиғдим,
Гоҳо тордай кўзимга дунё.
Йиққан бўлсам фақат ор йиғдим,
Йиққаним йўқ ўзимга дунё.

Ахир, покдил бола эдим-ку,
Қўй оғзидан чўп ҳам олмаган.
Она, қара юввош ўғлингни
Алдамаган одам қолмаган.

Гоҳ севгидан куйдим, гоҳ дўстдан,
Бахт тиладим икковига ҳам.
Ҳатто зардан кийдирдим пўстин
Юрагимнинг эговига ҳам.

Она, менинг шоир бўлишим
Кўзларимдан уққанмидинг ё.
Мен яшашни билмайман балким,
Қурбонликка туққанмидинг ё ?

Ҳамма хурсанд, мен эса ғамгин,
Гарчи баҳор, тўй мучалида.
Она, бошқа мучал йўқмикан,
Нега туғдинг қўй мучалида?

Токай дилни емирар ғашлик,
Барин чоҳга ташлагим келди.
Жонга тегди қўйдай юввошлик,
Бўри бўлиб яшагим келди.

*** *** ***

Ўғри

Хотини оч эди, оч эди ўғли,
Балки шундан эгри йўлга тушди у.
Омадсиз ҳаётда – омадсиз ўғри,
Уч-тўрт сўм чақа деб қўлга  тушди  у.

Қозию миршаблар бўлишдилар жам,
Бирлашиб жазолаш йўлини топди.
Қонсираб турганми экан жаллод ҳам,
Ўғрининг иккала қўлини чопди.

Бу ҳам бир тақдири азал эканда,
Унга шундай қисмат аталган эди.
Гўё “шоирсан-ку, гапир” дегандай,
Нигоҳи кўксимга қадалган эди.

У на дод соларди, на бир сўз демас,
Унинг нигоҳларин тубига етдим.
Бу лаҳза бечора ўғрига эмас,
Бечора дунёга ачиниб кетдим.

Қайдан гувоҳ бўлдим бу ҳолга билмай,
Эсласам кўксимда ғашлик жўшади.
Энди мен қай томон юзимни бурмай,
Қўлсиз одамларга кўзим тушади.

*** *** ***

Сенга...  

Сенга атиргуллар олиб бораман,
Қалбингга ғул-ғула солиб бораман.
Барча тўсиқлардан ғолиб бораман,
Ўшангача мени унутмай тургин.

Ҳар кун соғинчингни ичга ютасан,
Тунлар йўлларимга чироқ тутасан,
Биламан, ҳар лаҳза йиғлаб кутасан,
Кўзларинг ёшини қуритмай тургин.

Сенга бахтларингни қайтиб бераман,
Жонингда завқ бўлиб дайдиб бераман,
Минг бир кеча эртак айтиб бераман,
Қалбингни эртакдан совутмай тургин.

Булбуллар севгини айтса куй қилиб,
Капалак ёнингдан ўтса тўй қилиб,
Мен эса соҳилда қумдан уй қилиб
Қўйганман, шамолда совурмай тургин.

Сенга дея терган гулларим ҳаққи,
Сенсизликда ўтган йилларим ҳаққи
Ва сени соғиниб келганим ҳаққи,
Бироз йиғлаб олай, овутмай тургин.

*** *** ***

Бизнинг севги...  

Кечаги бахт кечада қолди,
Ҳушбўй ҳиди кулчада қолди.
Нега ёпдинг эшикни қаттиқ,
Бизнинг севги кўчада қолди.

Сенинг каби сербино ой йўқ,
Энди унга менда ҳам жой йўқ,
Бу дам удек аҳволи вой йўқ,
Бизнинг севги кўчада қолди.

Жовдираган кўзи қалтираб,
Айтолмаган сўзи қалтираб,
Қахратонда тизи қалтираб,
Бизнинг севги кўчада қолди.

Деразадан боқаман бот-бот,
Бир четда жим чекар у фарёд,
Ачинмайсан сен унга наҳот,
Бизнинг севги кўчада қолди.

Олисларда тақдирдан нолиб,
Юрган эмиш ҳаммадан ҳоли.
Ҳали бир кун тутар уволи,
Бизнинг севги кўчада қолди.

*** *** ***

Бир муҳаббат қиссаси

Тонг бошида, ҳаёт сари йўлим олди,
Бир сочлари қўнғироқ қиз дилим олди.
Қалбим илк бор татиб кўрди ишқ майидан,
Юрак илк бор муҳаббатдан билим олди.

Хаёлимда у Лайли мен Мажнун бўлиб,
Яшар эдим хаётимдан мамнун бўлиб.
Умрим ўтди кўзларига мафтун бўлиб,
Унинг ишқи неча ойу-йилим олди.

Жодунигоҳ боқишлари ўярди дил,
Кўзим тушса, бир хўрсиниб қўярди дил,
Севишимни айтмай десам куярди дил,
Айтай десам тишланганди тилим олди.

Хат келтирмас қушлар айтди кўнгли йўқ деб,
Башоратсиз тушлар айтди кўнгли йўқ деб,
Кўзимдаги ёшлар айтди кўнгли йўқ деб,
Севмас экан нега тутган гулим олди.

Ул пари қиз тонгда гулзор оралабди,
Гул бахона ўзига ёр саралабди,
Ётга юзин очиб юзим қоралабди,
Зулмат бўлди у дам ўнгу-сўлим олди.

Бир бор кўрмоқ учун сўнгги йўлим олди,
Ҳузурига бордим яна ўлимолди.
Эшигига бошим уриб узилди жон,
У олмаган юрагимни ўлим олди.
+1