Шахноза Шермуродова


Шахноза Шермуродова - 1990 йилда Қашқадарё вилоятининг Касби туманида таваллуд топган. Тошкент давлат санъат ва маданият институтини тамомлаган. Ёш ижодкорнинг шеърлари ва мақолалари Республика даврий нашрларида чоп этиб келинмоқда.
Ҳозирда Қибрай туманидаги 36-умумий ўрта таълим мактабида Она-тили ва адабиёт фанидан сабоқ бериб келмоқда.

Она

Онажон ҳаётим, борим ўзингиз,
Тандаги бу азиз жоним ўзингиз.
Олам гулларини сизга берсам кам,
Сиз билан гўзалдир бугуним, эртам.

Энг азиз бойлигим, танҳо мунисам,
Шодман юзингизда табассум кўрсам.
Дуога қўл очиб, бахтим сўрайсиз
Ўзингизни эмас бизни ўйлайсиз.

Содда ва самимий сўзингиз малҳам,
Бетоб бўлсам дерсиз дардингни олсам.
Сизга дард юқмасин асрасин Оллоҳ,
Сиз азиз фаришта, маъсум бегуноҳ.

*** *** ***
Ота

Жилвакор фаслнинг сокин онлари,
Туннинг қароғида турибман маъюс.
Ёлғизлик истади эзилган юрак,
Яна бир синовга келдим юзма-юз.

Вужудимда алам, қўрқув ва титроқ,
Қиблага бош уриб қўлим дуода.
Отажоним ётар азобда бетоб,
Уларни асрагин дейман Худога.

Бизни деб яшаган меҳрибон инсон,
Ахир улар менинг пушти паноҳим.
Этмагин умидвор қалбимни вайрон,
Дард бердинг, дармон ҳам бергин Оллоҳим!

Ғурурли, тўғрисўз, иймони бутун.
Отам яхшиликнинг битта сиймоси.
Доим ҳақиқатни қўярлар устун,
Ноҳақликни билмас кўнгил дунёси.

Отам, онам борки тугал бахтимиз,
Қувонч, шодлигимиз татир кўнгилга.
Дуо қилишаркан бизлар бахтлимиз,
Ғуборлар йўламас орзуманд дилга.

*** *** ***
Болалик

Ғам-ташвиш не билмасдан,
Қувнашиб чарчамасдан.
Йил ўтди тўхтамасдан,
Ортда қолди Болалик.

Гоҳ йиғлаган кўзларда,
Ё беғубор юзларда,
Ширин, содда сўзларда,
Завққа тўлди Болалик.

Югурган тор кўчамни,
Илк шеър айтган боғчамни
Ўйнаган қуёнчамни,
Ёдга солди Болалик.

Ўтиб кетди... қайтмас энди,
Ортда қолди болалик!

*** *** ***
Вақт қадри

Эрта тонг кўчага отланар инсон,
Қандайдир режаси, бирор иши бор.
Шу режа остида излайди имкон, 
Ҳар кимнинг юмуши, ўз ташвиши бор.

Шу бир кун умрнинг бир лаҳзасида
Не-не нигоҳларга тушади кўзлар,
Ким маҳзун, кимларнинг шод чеҳрасида
Ҳаётнинг олам-у, қувончин сўзлар.

Ким кимнинг кўнглига беради озор,
Яна ким ўзгага кулгу улашар.
Баъзида шу кунни ўтказса бекор, 
Кимдир орзу сари дадил курашар. 
 
Ўткинчи дунёда яшайлик хуррам,
Ҳар бир дадиқани билинг ғанимат.
Токи юракларда бўлмасин алам,
Ҳар бир кун Оллоҳдан берилган неъмат.                     


*** *** ***
Ёмғир

Ташқарида шивирлар ёмғир,
Дераза ортидан кузатаман жим.
Салқин шамол эсмоқда ғир-ғир, 
Бунга парво қилмайди ҳеч ким.
Тарнов томчилари чалар мусиқа,
Осмонда кезади қора булутлар.
Япроқлар юзини ювса ёмғирлар,
Томчилар зарбидан эгилар ўтлар.
Қандайдир маъюслик ҳисси ёмғирлар,
Аммо кузатганда гўзал манзара.
Томнинг шифирига тушган томчилар
Дўмбира чалгандай қилар тантана.

*** *** ***
Нилуфар

Сув юзида очибсан чирой,
Замин сенга маҳлиё боқар.
Хасад қилар сенга кўкда ой,
Тебраниб кўл пойингда ётар.

Нилуфар сен ажиб мўъжиза,
Табиатнинг гўзал туҳфаси.
Япроқларининг нафис, покиза,
Ўхшамайди сенга бошқаси.

Ҳуснингга лол шивирлар шамол,
Юзларинги шабнамлар ўпар.
Кулиб ғунча, кўрсатдинг жамол,
Энг гўзал гул ўзинг Нилуфар!

*** *** ***
Табассум

Ҳаёт ўзи шундай мураккаб
Гоҳ ташвишли, гоҳида маъсум,
Оғир кунни енгайсиз фақат
Лабингизда бўлса табассум.

Ҳаёт ўзи синовли мактаб,
Дард аламли, гоҳида маҳзун
Кўзларингиз порлар қувончдан,
Лабингизда бўлса табассум.

Не бўлса ҳам чекинмай ортга
Интилайлик тўхтамай бир зум
Келамизку бир бор ҳаётга 
Лабингизда бўлсин табассум.

*** *** ***
Лола
(«Лола» фильмига атаб)

Аччиқ тасодиф бу, қисмат шу экан
Ёлғизлик қаърига ғарқ этдинг мени.
Айрилиқ бўларму Муҳаббат деган,
Энди қай манзилдан излайин сени.

Мана биз учрашган гўзал далалар,
Тоғларнинг қўйнини безабди баҳор.
Мана сен ёқтирган қизил лолалар,
Сени эсга солиб таратар ифор.

Самога термулиб қилгум нолалар,
Афсус боролмайман ёнингга учиб.
Аммо сен ёқтирган ўша лолалар,  
Энди ўсмоқдадир қабрингни қучиб.

*** *** ***
Талабалик бахти

Мен бу кунни интиқ кутгандим, 
Чорламоқда бахт манзиллари.
Пок орзунинг қўлин тутгандим,
Қарши олди омад қўллари.

Мақсадимга етолдим шукр,
Юрагимда тинмас ҳаяжон.
Кўзларимда порламоқда нур,
Оллоҳ берди шундайин имкон.

Ҳаёт дерлар синови бисёр,
Ота-онам дуосин олдим.
Акам бўлди менга мададкор,
Бир синовни мен енга олдим.

Бахтиёрман ёруғдир юзим,
Изланарман янада кўпроқ.
Устозимга қилурман таъзим,
Қалбимга у ёққан илк чироқ.

Чексиз қувонч оғушидаман,
Мана келди мен кутган онлар.
Мен ўзимни қушдай сезаман,
Бугун гўё яқин осмонлар.

Чунки янги орзулар ҳамроҳ,
Ғамларимни ичга ютгандим.
Қучоқ очди менга олийгоҳ,
Мен бу кунни интиқ кутгандим.

*** *** ***
Кундузни кузатиб келдими оқшом
Сокинлик қуршади бутун оламни.
Юлдузлар бағрида ўйнайди осмон,
Қўлимга оламан яна қаламни.

Кўкка боқсам сузар хира булутлар,
Ортидан мўралаб, термулади ой.
Чигиртка айтмоқда тун қўшиғини,
Оқшомнинг завқи ҳам шунда ҳойнаҳой.

Оқшомда умрнинг яна бир куни,
Яна кўзларимга уйқу келмайди.
Салқин шамол эсар эркалаб тунни,
Афсуски ўткан кун қайтиб келмайди.
                 
*** *** ***
Пасту баланд йўлдир бу ҳаёт,
Гоҳ ғам келса, гоҳ шодлик келар.
Ҳатто шамол баъзида майин,
Баъзан эса тўфондай елар.

Шўр эканда пешонам дейди,
Қоқилганда инсон йўлида.
Тақдир шу деб эгади бошин,
Ахир тақдир инсон қўлида.

Ҳар нарсанинг чораси бордир,
Излаганлар имкон топади.
Мақсад учун курашмоқ керак,
Шунда омад кулиб боқади.
+9