СОВҒА


Қуёш тафтсиз сарғиш этагини йиғиштириб, уфққа ботди. Декабрнинг охирги кунлари. Ҳаво со¬вуқ, этни жунжиктиради. Ҳафта олдин ёққан қор ҳамон эригани йўқ. Осмон  аёз. Ердаги қалин қор шуъласи кўкдаги ой нури билан уйғунлашиб, ажиб бир тароват касб этган. Нақд оқ тун. Атроф жим-жит. Одамлар шомдаёқ барча ишларини саранжомлаб, уй-уйларига кириб олишган.  
Печка ёқилган иссиққина уйда Зайнаб момо келини, неваралари билан овқатланиб ўтирибди. Бугун мактаб арчасини ўтказиб келишган болалар хурсанд. Келин одатдагидек уй ишлари, эртага келиши кутилаётган меҳмонлар ташвиши билан овора. Бироқ, кампир безовта…
- Ё, тавба, буларга нима бўлди-а? Кечадан бери гум-гурс... - Зайнаб момо шундай дея фотиҳадан сўнг дас¬турхон йиғиштираётган келинига бир қараб қўйди-да, иккала қўлини аввал ерга, сўнг иккала тиззасига тираб, инқиллаб ўрнидан турди.

Юракдаги исм


Элёрга сафарга жўнашини айтишди. Қаерга денг? Ойтўғонга! У Ойтўғонни эсладию кўз ўнгидан қадрдон қишлоқнинг ширин-шарбатли боғлари, қадди дол, уззукун елкасидан кетмон тушмайдиган Хонимқул ота, қалбига битмас армон ташлаб кетган Гулсун ўтди.
Ойтўғон дашт бағридан узилган парча ер. Саҳро кўксидаги бу мўъжаз маскан атрофга хуш ҳидлар сочади. Ҳамма Ойтўғонга интилади. Барча унга талпинади.

Ўшанда Элёр институтни тугаллаган йигирма уч ёшли йигит эди. Уни қурилишда илиқ кутиб олишди. Раҳбари тўғри сўз, дангалчи экан. Элёр билан кўришгач, жилмайиб деди:
— Бу ер шамолнинг уяси, қиши ўта аёзли. Чидолмассиз.
— Қани бироз ишлаб кўрайлик-чи, — деди Элёр одоб сақлаб. — Қолганини вақт кўрсатади.

Қатағон йили


Яхшигина изғирин, юрганда баҳарнав, бетни ялайди, фақат қулоқни жиз-жиз ўради, лекин бир жойда турганда этакдан кириб, баданни дилдиратади, ёқадан худди оқаётгандек қуйилади - бўйнимни қисиб олганман, анчадан бери турганимдан елкам қўнишибқотиб, худди бир умр шундай бўйнимни қисиб яшаб келаётгандекман, хаёлимга минг хил умидсиз ўйлар келади, минг тўққиз юз саксон иккинчи йилнинг ноябри, бўлмаса, университетни нуқул «аъло«га битирганман, ўн йилдан бери Тошкентдаман, лекин бор пулим чўнтагимда, боргунимча йўлкирага етади холос, мендан олти ёш кичкина Эшназар боя ўзининг «Жигули»сида Жонбойдан қайтди, мен йўлдан ўтган машинага сарғаяман, бу ёғи буюқ, қаҳратон қиш, кўклам сира келмайдиган, кунлар энди илимайди.

Ошкора қотиллик қиссаси


Ўша қотиллик юз берган куни Сантьяго Насар, тонгги кемада келаётган епископ ҳазратга пешвоз чиқиш ниятида, эрталабки соат беш яримда уйғонди. Уйғонишдан аввал туш кўрди: анжирзордан ўтиб бораётганмиш, севалаб оҳиста ёмғир ёғаётганмиш, мана шундай хушсаодат рўё муддатида у бирмунча ўзини бахтиёр ҳис қилди, аммо кўзини очиб, бошига бехосдан қуш ахлати сочилгандай, таъби тирриқ бўлди. Орадан йигирма етти йил ўтгач, унинг онаси Пласида Линеро ўша машъум ва мусибатли душанбани батафсил хотирларкан: «У тушида кўпинча дарахтларни кўрарди», деди менга. «Ўлимидан бир ҳафта олдин ҳам туш кўрганди, айтишича, якка ўзи кўрғошин қоғоздан ясалган самолётда учганмиш, учоқ бодомзорлар аро парвоз қилармишу қанотлари бирортаям дарахтга урилмасмиш», қўшиб қўйди у яна. Пласида Линеро ўзгалар тушига дарров таъбир айтгувчи, муаббирликда устаси фаранг аёл эди, лекин у ўз ўғлининг қандайдир дарахтларга боғлиқ тушларида ҳам, ўлдирилган куни ва ундан бир ҳафта аввал кўрган тушида хам ҳеч бир ёмон аломатни сезмаганди.
  • Яндекс.Метрика