Зулм ва номус

“Нодон, юмшоқ гапирсанг ўзидан кетади!.. — Саккиз овулни ўз ичига олган Чимсаройнинг хожаси Саттор элбегининг хаёлидан эртаси куни ҳам йигит кетмасди. – Лекин нега у бундай умидсизликка чўмди экан? Дарди нима эди.., бояқиш?”
Ҳаммасини яна бир-бир эслади.
Аввалига хизматчи келиб ўртачимлик биттаси элбеги билан учраштиришларини талаб қилаётганини айтди. “Тусига қарасингиз, тиланчи дейсиз, димоғи эса баланд қурмағурнинг”, — деди хизматчи ғазабланаётганини яширмай. Йигитни киритишганида буғдойранг юзи ловуллаб, бир қўли билан елкасини сиқиб турганидан Саттор элбеги унинг “димоғ-фироғ” учун соқчилари тамонидан бенасиба қолмаганини тушунди.
— Нима истайсан, йигит? – дея сўради.
     — Одамларингиз чиқиб турсин, ўзингизга айтаман! – қўрслик билан жавоб берди йигит.
— Элбеги, асло! – хизматчи депсиниб гапга аралашди. – Ғирт ҳайвон экан бу! Ҳозиргина ташқарида иккита соқчини чилпирак қилиб ташлади! Ҳатто Мўмин полвонни кўтариб урди!
Саттор элбеги Ўртачимда кўплаб билаги ботир полвонлар борлигини яхши билар, аммо ҳузурида турган йигитда полвонлик сиёқи сезилмасди.
— Нима? – ажабсиниб қаради у. — Сен бизнинг хирсдай Мўминни йиқитдингми?
     — Чўнқаймадан олди*, уккоғар! – энди хизматчининг ғазабнок овозида самимий ҳавас оҳанги ҳам жилваланди.
Соқчилар чиқиб кетишгач, улар бир фурсат сукутда қолдилар. Бу пайтда йигитнинг кўзларидаги олов ўрнини эгаллаган умидсизликдан ташрифи учун афсуслана бошлаганини пайқаш мумкин эди.
— Элбеги, сизни қашшоқликда ўсиб улғайган дейишади, ростми? – ниҳоят тилга кирди йигит.
Гап Элбегининг ҳамиятига тегди. Меҳмонга иззатини билмаётганини эслатиш учун қамчи тутишга урганган пашжаларини букиб қисирлатиб қўйди.
— Сенга савол беришга изн берилмади! Мақсадингни айт?
— Демак ор қиласиз, — ясама, заҳаролуд кулди йигит. – Қашшоқлардан, ҳатто ўз ўтмишингиздан ор қиласиз! – сўнгра нега келганини гапирмасдан эшик сари йўналар экан, элбегининг қулоғига унинг қаҳр билан айтган: – Минг лаънат ҳаммманга! Бир гўрсанлар! – деган гапи чалиниб қолди.
“Кексаяпман шекилли, мендан шаҳд кетаяпти, — ўйлади Саттор элбеги. – Йўқса ўша заҳоти тутиб ҳақорати учун тавбасига таянтириб қўймасми эдим!”
— Элбеги! – унинг хаёлларини эшик олдида туриб қичқирган ҳизматчининг ташвишли овози бузиб қўйди. -Ўртачимда жанжал чиқаётган эмиш! Чироқчилик Дайёр махсумнинг одамларини қишлоқда тутиб олиб дўппослашибди!
“Тағин Ўртачим” – шошиб ташқарилади Саттор элбеги.
— Ким етказди?
— Ассалому алайкум, мен, тақсир! – шунда ҳовлига кираверишда қўл қовуштириб турган киши сўз қотди. – Жанжал ҳалиям давом этаяпти. Хожам тезда бориб сизни чақириб келишимни буюрдилар.

2

Саттор элбеги жанжал чиққан жойга яқинлашганида  тўпланган  оломон бўлаётган  воқеани талмовсираш ила кузатиб турар,  кечаги йигит эса қўлидаги паншахаси билан  қўшни Чироқчи овулининг  обрўли кишилардан саналмиш Дайёр махсум  ва унинг икки одамини йўл бурчагига сиқиб турарди. Элбеги асабийлашди. У махсумнинг Қарши бегининг айрим хуфя, чиркин ишларида қўли бўлишини яхши билганидан, анчайин ташвишда эди.
— Сиздан гинахонлик жойимиз бор, элбеги, овулингизда адолатга путр етганга ўхшайди, — элбеги келиши билан хужумга ўтди Дайёр махсум. Шу яқиндаги дарвозасиз ҳовлининг нураган деворидан бўйлаб турган бобойга ишора қиларкан, деди: – Анави шўрингқурғурни кўраяпсизми? Даргоҳимда икки йил ишлаб умр бўйи узолмайдиган қарзга ботган. Ўз истаги билан қизини никоҳимга топширмоқчи, эвазига қарзларидан қутилмоқчи эди. Мен рози бўлдим. Аммо, келишилганидек қизни олиб кетай деб одам жўнатсам, яхшиликни билмаган қиз акаси қарши чиқаяпти эмиш!
— Ёлғон! – қичқирди кечаги йигит – Файзулла. – Одам ҳам бировникида ишлаб, ҳам қарзга ботса, бу қаердан адолат бўлсин, элбеги?! Агар шундай бўлса, йигит кучим халол, имкон берсин, ўзим ишлаб узаман қарзларимизни! Синглим… Синглим ҳали гўдак-ку!!!
Йигитнинг кечаги ташрифи боисини эндигина фахмлаган Саттор элбеги ўзини унинг гапларига беэътибор кўрсатиб, Дайёр махсумга юзланди:
— Тақсир, қизда маҳрингиз бўлса, юрт бор, раият бор… Ахир уйидагилари кўнмаса, қопга тиқиб олиб кетмасангиз керак?!
Бу гапдан кейин Дайёр махсум ўзи каби қартайган отини ниқтаб элбегига яқин келди:
— Элбеги… Асли қиз ўзимга ҳам эмас. Шукур, икки хотин амал бўлиб турибди, — шивирлади, кўп улуғ ишни тиндиргандай иршайиб. – Бир замон Саид Олимхонга Қашқадарёнинг оби-зилолига чайиниб ўсган Чимсаройнинг қизларини тарифлаб, ўзим битта кўзи очилмаганидан топиб келишни ваъда бериб эдим… Қизгинани бехосдан кўриб қолдим… Агар отасининг қарзлари ўртада бўлмаганда ҳам, ўзингиз айтгандай қопга тиқиб Қаршига елтиб берган бўлардим… Хавотир олманг, қиз бир неча кундан сўнг уйига қайтади.
“Иблиснинг муллоси…” – ғижиниб ич-ичида сўкинди Саттор элбеги. Аммо… Гап чиндан Қарши беклигига бориб тақалар экан, у ўзи тамонидан гапирилган ҳар бир сўз, ҳар ҳаракатнинг ҳисоби борлигини яхши билар, вазият қанчалар қалтис эканини эса фақатгина элбегининг ўрнида бўлган одам чуқур ҳис этмоғи мумкин эди. Ҳамма дарди ичида, бу вақтда ғимирлаб қолган Файзуллага кўзи тушиб, Мўминга оҳиста буйруқ берди: “Йигитни беталофат қўлга ол-да, оламонни тарқатиб юборинглар…”
— Тақсир, шундай экан… Бизга бир кун мухлат беринг, — айтди сўнг Дайёр махсумга. – Унда фақат қизнинг ўзини жўнатсак яхши бўлмас… Биз тайёргарлигимизни кўрайлик…

3

Дайёр махсум кетгач, Саттор элбеги соқчилари тамонидан ўраб олинган қизнинг уйи қаршисида бир фурсат туриб қолди. Отининг жиловини соқчиларидан бирига тутқазиб, ҳовлига кирди. Ичкари уйда аллақандай аёлнинг қарғаниб йиғлаётгани эшитилар, кираверишдаги супада қизнинг мункиллаб қолган отаси ердан бош кўтаролмай турарди. Элбеги отада айб йўқлигини, Дайёр махсум ҳозир ўзини қандай қўлга олган бўлса, буни ҳам шундай устамонлик билан тузоққа туширганини биларди. Элбеги отага яқинлашди.
— Ўғлимга нима бўлади, элбеги?.. – бошини кўтармай сўради ота. Саттор элбеги жавоб бермади.
— Юринг, — деди жавоб ўрнига вазминлик ила. — Қизингизнинг олдига кирайлик.
Ота ичкари кириб элбегининг келаётганидан огоҳлантириб чиққач, Дайёр махсумни қарғаётган хотин оғзини юмиб чиқиб кетди. Элбеги кириб келганида паранжи тутган муштдиккина қиз хона бурчагида  ғужанак ўтирганча, овчидан чўчиган охудай, қалт-қалт титрарди. Саттор элбеги қиз паранжисини тузатиб олмоқчи бўлганида кўриниб кетган оппоқ билагидаги кўзмунчоқларига кўзи тушиб, кичик қизчаси Моҳина ёдига тушди…
— Исминг нима, қизим? – сўради.
Қиздан “хиқ-хиқ” дан ўзга жавоб бўлмагач, ўрнига отаси жавоб берди:
— Фазилат.
— Дайёр махсум уни қачон кўрган эди?
— Яқинда… Тақсирим мени излаб бостириб келган экан, бул… бекинишга улгурмаган…
…Қиз ёнида бир дам сукутда ўтирган элбеги кутилмаганда шошиб ҳовлидан чиқди-ю, отига миниб, қўналғаси тамон кетди…

4

Шу кунларда бирдан катталашган ой  бамисли деразанинг синган ойнаси ўрнига чизиб қўйилган суратга ўхшарди. Фазилат кўзларини деразадан олиб, ёнида ётган онасига тикди. Анча палла толеини қарғаб йиғидан тинмаган дардман онаси энди лабларини хиёл очиб уйқуга кетган, тун кўланкаси туфайли юзлари қорайиб, аллақандай қўрқинчли тусда кўринарди...
Онаси анчадан бери у ётадиган хонада ётмагич эди: наҳотки инсонлар ухлаётганида шундай қўрқинчли кўринса, ўйлади Фазилат. Кейин акасининг Дайёр махсум одамларига тўсқинлик қилиб, ҳовлига киритмаганини эслар экан, зулумот кўнглида тун қаъридаги шуъла мисоли бир ёруғлик сезиб, маюс кулимсиб қўйди. Фазилатнинг ҳали жисми-жонидан ҳам анчайин мурғакроқ бўлган хаёлотида ҳаммаси  бир туш каби бўлиб ўтар, гуё акаси Файзулла уни ҳеч қачон “Така махсум”нинг қўлига топшириб қўймайдигандай эди.
“Тақ-тақ!” – шу дам улар ётмиш уйнинг эшигини урди отаси:
- Марипа!.. Фазилат!..
Фикрини зўрға жамлаган Фазилат отасининг овозини таниб шошиб ўрнидан турди, паранжисига қўл узатаркан, онасини уйғотишга ҳаракат қилди: “Эна, отамми? Эна…”
...Мойчироқ кўтарган отаси уйга икки кишини бошлаб кирди. Уларнинг бири Саттор элбеги, иккинчиси Чимсаройда кўпчилик жодугарга менгзаб чўчийдиган — дардманларни сирли гиёхлар ёрдамида даволовчи Ҳайитгул табиб эди.

5

Дайёр махсум эртасига келганда қизнинг уйи ёнида Саттор элбегининг уч-тўрт хос одами безовталаниб турарди.
-Элбеги қани?! – сўради махсум шу ердаги мулозимдан.
Мулозим оғиз очишга улгурмай Саттор элбегининг ўзи ҳовлидан ҳапқирганча чиқиб келди:
     — Тақсир, фалокат! “Келин сичқондори ичиб қўйибди!
Дайёр махсумнинг касалтоб ранги бирдан бўзариб, беўхшов сақоли қалтираб кетди. Қаҳрланиб, шотирларидан бири ёрдамида инқиллаб-синқиллаб отидан тушаркан, Саттор элбегининг ёқасидан олмоқчи бўлди:
- Сен!.. Сен думинг билан ўйнама элбеги! Мен… Пайқаб турибман ҳаммасини!
Қайғуси зўридан лом-мим деб оғиз очолмаган Саттор элбеги эса Дайёр махсумни уй тамон бошлашга уринди. Махсум қари жонига оғирлик қилаётган қаҳр-ғазабидан қақшаб-қалтираб уйга кириб борганида Фазилат чиндан ҳам тўшакда икки букилиб ихраниб ётар, бошида ота-онаси ва ялмоғиз сифат яна бир кампир турарди. Дайёр махсум Фазилатнинг қон қочган очиқ юзларига бақрайиб тикилиб қолган пайти қиз бир ўқчиб зардоб тусли бир нарса қайт қилиб юборди-ю, махсум хонадан қочиб чиқди. Саттор элбегининг ёнига бориб сўмрайганча қотди. Бироз ўтиб, ичкаридан қизнинг жувонмарг кетганини билдирадиган фарёдлар кела бошлади.
– Ҳаммасига сен ва акаси айбдор! – Саттор элбегига қарата панжаларини нуқиб удағайлади Дайёр махсум. – Сенлар бўлмаганингда қизни кечаёқ олиб кетган бўлардим! Топ қизнинг акасини менга, элбеги! Жавоб беради! Қаршининг зиндонида чиритаман мен уни!

6

Файзуллани Дайёр махсумнинг талабига кўра Чимсаройликлар кўзи олдида калтаклаш учун олиб чиқишди. Безовта одамлар нималар бўлаётганини тузук-қуруқ англаб етмас, воқеадан хабардор айрим кишилар ҳам йигитга қилинаётган хўрликнинг асл сабабини қарздорликнинг бадали, деб ўйлашарди.
Файзуллани эса шу тобда қаҳр ва нафратдан бўлак ҳамма туйғулар тарк этган, синглиси Фазилатнинг ўлими хабари унга  шу даражада қаттиқ зарба бўлиб теккан эдики, энди бошқа ҳар қандай куч  таъсир қила билмасдай эди.
Мўмин полвон қўлида ичига танга тиқиб ясалган дарра билан яқинлашаркан, унинг оғзига латта тишлатиб қўйди.
-Кечиргил, эрйигит! Асли бу тахлит қасос олишни орзуламаган эдим...
Файзулла оғзидаги латтани туфлаб ташлади.

7

Номозшомга яқин кичик карвон Қарши тарафга қараб йўл олди. Саттор элбеги, баттолнинг кўнгли юмшарми деган пинхоний ўйда, базм уюштириб, Дайёр махсумни ўрис виносига тўйдирган, сархушликка берилган махсум эса ахдидан қайтиш ўрнига калтаклар зарбидан қонга беланган оёқ-қўллари боғлиқ Файзуллани олиб, Қаршига куннинг шу палласида отланиб қолган эди. Ниҳоят бунга Саттор элбеги ҳам монелик қилмади. Аммо Дайёр махсум сафар тайёргарлигини кўраётган бир пайтда хос соқчиси Мўминни Қарши йўлига отлантириб юборди.
Кутилганидай, “олий ҳакам”га топширилажак маҳкум билан бирга Қарши беги учун Саттор элбегидан ундирилган совғаларни ҳам ортмоқлаган кичик карвон Қарши чулида тўхтаб тонг оттиришга мажбур бўлди. Бирламчи, тунда шаҳар дарвозасидан кириш мушкуллик туғдиради, иккиламчи… ҳар нечук, тақводор одам сархўш аҳволда бекнинг одамларига йўлиқмагани маъқул.
Айни шуни кутиб карвонни олисларда кўздан қочирмай келаётган Мўмин полвон Файзулла боғлоғлиқ ётган аравага пусиб келди.
– Торт қўлингни! – Мўмин келиб қўлини ечаётганда уни кураги билан силтаб ташлади Файзулла. – Эндими?! Синглимнинг қотилларидан нажот топишга хоҳишим йўқ!
– Синглинг тирик! – Мўмин паст гапиришга ишора қилди. – Хавфсиз ёқларга олиб кетишинг учун сени кутаяпти!
– Алаҳлама, баччағар!..
– Полвон сўзим! Ўшанда у ўлмаган эди, бари ясама. Элбегининг режаси эди. Аммо сенинг ўлжага айланишингни биз кутмагандик.
...Файзулланинг ғойиб бўлганини энг биринчи пешоб қилиш учун уйғонган Дайёр махсум билди. Бу вақтда осмондаги барча юлдузлар чиқиш қилган, ёришиб бораётган даштда бир отга мингашган икки суворийнинг чанги ҳам қолмаган эди.


* Ҳикояга Т. Боймировнинг “Чим – фидоий инсонлар юрти” китобидаги лавҳа асос қилиб олинди.
* Чўнқайма – маҳаллий курашда қўлланиладиган  усуллардан бири.
  • Яндекс.Метрика