Дилмурод Дўст



...ДЕДИЛАР

Менга баҳор ҳақда шеър ёз дедилар,
Мен эса куйладим хазонли кузни.
Яна ёз ҳақида кўп ёз дедилар,
Мен эса алқадим қаҳратон, музни.

Ҳаётни баралла куйла дедилар,
Мен ўлим ҳақида кўп шеърлар битдим.
Ёрни сев, васлини ўйла дедилар,
Мен атай ҳижронда ўртаниб кутдим.

Хазонсиз баҳорни ҳис қилолмадим,
Ёзнинг қадрин сездим қиш-қаҳратонда.
Ҳаёт гўзаллигин англадим дилдан,
Ўлимни эслаган ҳар нафас, онда.

Бугун жим турибман Сўз бўлмоқ учун,
«Жим бўл!» дейишганда, мен сўз бўламан.
Бугун ўлмаслик-чун яшаяпман-у,
Бир кун... яшаш учун, албат, ўламан!

*** *** ***

Булбулюрак опам Наргиза ОДИНАЕВАга

Борса келмасгача томон йўналган
Йўлдан одимлайди вақтнинг карвони.
Тонгу шом оралаб кетиб борар жим,
Манзилин билмаган одамнинг жони.

Ўйловдимки, бу йўл Кўкка элтади,
Баландлаб борамиз қадам-бақадам.
Руҳу тан бирлашиб Сўзга айланса,
Зинапоя бўлса қоғозу қалам.

Лек, ер тортиш кучи таъқиб этади,
Тупроқтан жонимнинг ҳаловатини.
Тобора ўзимни таниб бораман,
Ҳис қилиб таъқибнинг ҳалокатини.

Йўлда шундайин ҳур қўшиқ куйладим,
Жўр этиб Ул Гўзал мажнунларини.
Ишим қолипларни парчалаш бўлди,
Мудом буздим метин қонунларини.

Ва шунда билдимки, чорламоқда Кўк,
Нарвонга дўнмоқда йўлдаги куйим.
Ва шунда билдимки, мен озод бир руҳ,
Тан — шунчаки, йўлда урф бўлган кийим.

*** *** ***

Сокин тун…
Жимжитлик қўшиғи авжда,
Хаёлни денгизга занжирбанд этдим.
Бечора тебранар, тўлқинда, мавжда,
Уни кўп кузатмай, ғафлатга кетдим.

Ўша тун…
Ғафлатнинг эшигин чертиб,
Уйқуни чақирдим, афсус, фойда йўқ.
Ишқинг оташида занжир эритиб,
Хаёлим қочибди, хаёл жойда йўқ.

Сокин тун…
Ниҳоят, ушладим уни
Ва яна занжирбанд этдим шу онда,
Эй, хаёл билиб қўй, энди ҳар куни
Мен сени сақлайман мангу зиндонда.

Ўша тун…
Уйқу ҳам эшигин  очиб,
Мени чорламоқчи бўлганди, шу он.
Банди хаёл яна сен томон қочиб,
Деди: Уни севиб қолгансан, ишон!

*** *** ***
Боғда бир жуфт гулнинг нимжонроғини
Бехос ёққан жала белин синдирди.
Бир-бирин суяб ўсган гулларни
Шу жала фиро-оққа кўндирди...
Бутун ҳовли узра ётиб олди ғам,
Энди
Ёлғиз қолган гулнинг умрида
Айрилиқ бошланди...
Ғусса бошланди.
Бундай кўргуликка чидолмай ҳатто,
Кўнгилчан ойнанинг кўзи ёшланди.

*** *** ***

Синфдошим Азамат Жалилов хотирасига
 
О! Азамат дўстим, қайдасан ун бер!
Дўстлар жам, кетяпмиз йўлни тўлдириб.
Бу охири йўқ йўл қайга бошлар из,
Сени биздан мангу айро қолдириб?!
 
Бугун дўстлар бирга ҳамон йўлдамиз,
Ҳар ким ҳар тарафга бурилиб юрди.
Кимдир ўнгдан юрди манзилга қараб,
Кимдир баъзан чапга бурилиб турди.
 
Йўлдамиз... ортда-чи қолса ўлик он,
Тупроққа қоришиб орзулар қолди.
Қолса янги армон, сўз билмас виждон,
Булоқ сувдек тоза туйғулар қолди.
 
Йўлдамиз! Биз учун муҳими ҳам шу,
Қўлимиздай калта ўйларимиз ҳам.
Елкадаги ғамни рўй-рост кўрсатиб,
Чўзилиб турибди, бўйларимиз ҳам.
 
Хуллас, яшаяпмиз қўлга қўл бериб,
Қувончу ғамларни тенг бўлаяпмиз.
Кимдир юпун қолса умр қишида
Биргалашиб ёқа, енг бўлаяпмиз.
 
Ҳар ким ҳар тарафга йўл буриб кетди,
...Мен ҳам кўпга Сўздан гул сочмоқчиман.
Баланд парвоз билан (Худо хоҳласа!)
Қишлоғимдан Кўкка йўл очмоқчиман!
 
Илкда тутиб ТАҚДИР номли харита,
Йўл излаб кетяпмиз Сен томонларга.
Кўринмас харита бизни ишқилиб,
Бошлаб борсин, илло, о-осмонларга.
 
О! Азамат дўстим, қайдасан ун бер!
Дўстлар жам, кетяпмиз йўлни тўлдириб.
Бу охири йўқ йўл қайга бошлар из,
Сени биздан мангу айро қолдириб?!
 
Ҳар ким ҳар тарафга йўл буриб кетди,
...Мен ҳам кўпга Сўздан гул сочмоқчиман.
Баланд парвоз билан (Худо хоҳласа!)
Қишлоғимдан Кўкка йўл очмоқчиман!!!

*** *** ***

ҚОРИН ҒАМИ

Менинг энг катта душманим ичимда,
Унга умримни кўп қисмини сарф этдим.
У сабаб — вақт баъзан бахт ва виждонни
бой бериб,
Кўзимгача гуноҳга ботиб кетдим…

У бўлмаганда мен қанча оламшумул,
Ишларни қилишга улгурармидим?

Бир кунда уч бора исён, қўзғолон…
Ёшлигимда Онамдан ўрганган усулим билан
исённи босаман аранг.

(Шу он онамни ҳар қанча алқаш мумкин.)
Шундайин душманни,
Шундайин ёвни,
Фақат,
нон чайнаб бериб,
алдаш мумкин.

*** *** ***

ТУН

Кўҳна саҳна.
Доимгидек, у саҳнага
қора парда туширилгач чиқиб келади.

Чиқиб келади-ю,
мисли кўрилмаган куч билан
бутун инсониятни ишғол этади.

У қандай сеҳрли кучга эга-ки,
жами одамзодни йиқитар тиғсиз?!

Ваҳмли нигоҳига қарашга ботинолмай,
Одамлар бирин-кетин кўзларин юмиб олишар.

Қизиғи шундаки — мағлуб инсонларнинг
бари чалажон.

Ўлиб — ўлик эмас,
Ва, ёки тирик!..

*** *** ***

Сен доим оч қолсанг
овқат ейсан.
Зериксанг китоб ўқийсан.

Лекин, бир бор бўлса ҳам
нега овқат емасанг —
оч қолишингни,
Китоб ўқимасанг — зерикишингни
ўйлаб кўрганмисан?!

Йўқ, албатта! Сен бу ҳақда
ҳеч қачон ўйлаб ҳам кўрмагансан.
Чунки…

Сен доим оч қолсанг
овқат ейсан.
Зериксанг китоб ўқийсан.

*** *** ***

Ишдан ҳориб, чарчаб келаман секин,
Суянганча икки оёғимга жим.
Кўзим хотирасин йўқотганми ё
қоронғиданми?..
Уларга таниш кўринмас ҳеч ким.
Ижара уй мени қаршилар мудраб,
Тили калимага келмай,
Эшик ҳам
Остонада қолди…
Оғзин очиб ланг.
Куни билан кимўзарга
пойга ўйнашиб,
Туфлиларим йиқилди,
ҳориб, ҳоли танг.
Чироқни ёқаман,
Шифтдаги лампа
Хонани тун қўйнидан суғириб олди.
Шимим гиламда…
Кўйлагим стулда
ухлади, қолди.
Менинг эски дўстим қари каравот,
Ташрифимдан шод,
ғичирлаб айлади хониш.
Кўрпам мени кутиб ухлаб қолганин,
Юзларимдан ўпиб, шивирлар болиш.
Мен секин кўрпамни қуча бошлайман,
Елкасига қўйиб
икки қўлимни.
Чироқни ўчирмай,
Кўзимни юмиб,
Сўнг қарши оламан иссиқ ўлимни.
  • Яндекс.Метрика