Нимани ёритиш ёки ўқиш керак?

Интернет оламида муҳим ижтимоий-сиёсий мавзуларни ёритадиган кўплаб журналист ва блогерларни ўқиб бораман. Жасоратлари ва фидойиликлари таҳсинга лойиқ. Улар бугун катта кучга ва аудиторияга эга бўлиб боряпти. Ўз сўзи бор оммавий ахборот воситалари ва алоҳида муаллифларнинг каналлари ижтимоий ҳаётимизда жуда катта ўринни забт этган ва шундай бўлиши ҳам керак. Бироқ бошқаларга билим ва маърифат тарқатишни мақсад қилган сайтлар ва каналларнинг аҳамиятини улардан кам санамайман. Билимдан бошқа нажот йўқ, деб ҳисоблайман ва илм-маърифат йўлида хизмат қиладиган барчага чуқур эҳтиромим ва ташаккуримни изҳор этаман.

“Ҳайпга аралашишни ёмон кўраман, ҳамма ёзаётган нарсани қайта ёзишдан ўзимни тийишга уринаман. Аслида, фикр билдирмади, танқид қилмади дегани – жамиятда бўлаётган янгиликлардан хабари йўқ дегани эмас. Кимдир ҳар бир бўлаётган ишга муносабат билдириб туриши керак бўлса, яна кимдир инсоният нима қилса яхши бўлишини тушунтиришга ҳаракат қилиши керак. Мен иккинчи тоифада бўлишга ҳаракат қиламан. Одамларга қайсидир томондан фойдам тегса, билим ва кўникма олишига сабабчи бўлсам, ҳаётига мазмун улаша олсам, мендан бахтли инсон йўқ. Ушбу каналимда ҳам “нимага айнан мени ўқишлари, тинглашлари, вақт ажратишлари керак?” деган саволларга муносиб жавоб бера оладиган контент яратишни истайман. Ўзимга ёқмаган, кўнглим тўлмаган нарсани бошқаларга илинмайман.

Шуни билишингизни истайман: блогерга “жаноза” ўқишларини истаган ҳоким, менга ўхшаб Россияга автобусда кетганларни қоралаган “Миллий тикланиш” раиси, пропискани гапирган “экологиячи” ва энг актуал бўлган яна минглаб “қовунлар”дан хабардорман. Менимча, позициямни биласиз, мен буларнинг барчасига негатив қарайман. Катта эҳтимол билан барчангиз бошқа каналларни, блогерларни ўқийсиз, улар муносабат билдиряпти, танқидлари ва фикрлари ўринли бўлса, мен ҳам албатта қўшиламан. Агар ҳеч ким ёзмаса ва мен айтишим керак бўлса ёинки жуда ҳам жунбушга келиб кетсам, албатта “қовунлар” ҳақида ҳам ёзаман. Унгача фақат позитив, фойдали контент қилишга ҳаракат қиламан. Аудиокитоблар; илмий ва бадиий асарлар; кино ва сериаллар; ўйин, медиа ва замонавий технологияларга танқид, тавсиф ва тақриз, чет тиллардаги китоблар таржимаси; мотивациялар каналнинг асосий контенти бўлади.

Хуллас, сизга ҳеч қандай фойдаси йўқ каналлар ва гуруҳларга аъзо бўлсангиз, улардан чиқиб кетинг. Агар фойдали контент қилмоқчи бўлсангиз канал яратинг. Вақтингизни тўғри тақсимланг, илм олинг, ўрганинг” деб ёзяпти @kometauz муаллифи. Қўшиламан, юқоридаги гапларнинг кўпи менинг ҳам кўнглимдан ўтганди.

Албатта, ҳаётдан хабардор бўлиб туриш керак. Лекин вақт ва асабни ҳам асраш керак. Менимча.
  • Яндекс.Метрика