Насрулло Эргаш



ЁРУҒЛАНИШ

Тангрим, билиб гуноҳ қилдим,
Гуноҳимдан фориғ қилгин!
Ёлғон йиғлаб, ёлғон кулдим,
Рост сўзимни ёруғ қилгин!

Тангрим, бунча кечам қаро,
Кундузимни ёруғ қилгин!
Ўзим қаро, юзим қаро,
Сен юзимни ёруғ қилгин!

Тангрим, нафснинг қули бўлдим,
Оч кўзимни(!) ёруғ қилгин!
Мен отамнинг ўғли бўлдим,
Сен қизимни ёруғ қилгин!

Тангрим, ўтдим ўттизимдан,
Юлдузимни ёруғ қилгин!
Кўришганда қирқим билан
Ўттизимни ёруғ қилгин!

Фасли баҳорим, алвидо,
Ёз-кузимни ёруғ қилгин!
Сўнгги сўзим учун, Худо,
Сўнгсўзимни ёруғ қилгин!

Тангрим, кечир, туғилмасам,
Мен гуноҳдан фориғ эдим.
Тангрим, кечир, бу дунёдан
Онам қорни ёруғ эди...

Умр асли недир, Тангрим?
Умр ҳам бир фориғланиш.
Кундан кунга, ойдан ойга,
Йилдан йилга ёруғланиш.

Бу дунёдан нур қидириб,
Нур қолдириб тирикликка.
Биз ҳам аста айланамиз
Бир кун митти ёруғликка.

Дема, шоир: бизлар кетсак,
Ғамимизга ким ҳам йиғлар?
Қоронғуда милт-милт ёниб,
Ёр қўлида бир шам йиғлар.

Бизлар кетсак, ким қувонар,
Ким кўзда ташвиш кўраман.
Бир аёл тилида дуо,
Бирида қарғиш кўраман.

Тангрим, ўшал кимсаларнинг
Ташвишини ёруғ қилгин!
Қарғаб турган бўлса аёл,
Қарғишини ёруғ қилгин!

Бу дунёга келар шоир,
Кечмишини юруғ қилгин!
Бир кун ташлаб кетар шоир,
Ўтмишини ёруғ қилгин!

Тангрим, кечир, на келмоқни,
На кетмоқни хуш кўраман!
Тангрим, кечир, тушларимда
Бир аёлни туш кўраман!

Тангрим, унинг ёзу кузи,
Қишларини ёруғ қилгин!
Мендан кейин шу аёлнинг
Тушларини ёруғ қилгин!

Тангрим, атрофим зим-зиё,
Дил остини ёруғ қилгин!
Эрта бир кун кетар бўлсам,
Ер остини ёруғ қилгин!..

*** *** ***

Дунё менга эл бўлмади,
Дардлари бошимда қолди.
Ўн етти ёшга тўлмадим,
Ўн олти ёшимда қолдим.

На онам бағридан кетдим,
На отам бағрида қолдим.
На Тошкент шаҳридан кетдим,
На Тошкент шаҳрида қолдим.

Дунё менга эл бўлмади,
Дардлари ортимда қолди.
На дунё менга тўлмади,
На онам қорнида қолдим.

На гулзор чаманга кетдим,
На қумли тошлоқда қолдим.
На азиз қишлоқдан кетдим,
На азиз қишлоқда қолдим.

Дунё менга эл бўлмади,
На тўю мотамда қолдим.
Барибир шоир бўлмадим,
Барибир одамда қолдим.

На бир тўн, чопонни ёпдим,
На дўппи, кулоҳда қолдим.
Барибир шайтонни тепдим,
Барибир Оллоҳда қолдим.

*** *** ***

Тазарру фаслида тозарар умрим,
Барча гуноҳлардан рўза бўламан.
Кунма-кун, йилма-йил озаяр умрим,
Кунма-кун, йилма-йил тоза бўламан.

Тазарру фаслида тозарар умрим,
Ҳатто фариштага ўрнак бўламан.
Кунма-кун, йилма-йил ёшарар умрим,
Кунма-кун, йилма-йил гўдак бўламан.

Тазарру фаслида тозарар умрим,
Ҳатто чумолига ўртоқ бўламан.
Худойим ёнига йўл олар руҳим,
Тазарру фаслида тупроқ бўламан.

Тазарру фаслида тозарар умрим,
Шайтони лаиндан покланар юрак.
Энди қўрқинчлимас мен учун ўлим,
Тазарру фаслида туғилсам керак...

*** *** ***

На дунё мени билган,
На мен уни билгандим.
Тўққиз ой чилла сақлаб
Бу дунёга келгандим.

Кўрдим тўққиз кун яшаб,
Одам бор-у, дарди йўқ.
Тўққиз кунлик дунёда
Тўққиз пулча қадри йўқ.

Демам, Тангрим, бандангга
Тоғдан улкан қадр бер.
Дард излаб юрганларга
Дарддан улкан сабр бер!

Демам, тўқсон йил яшаб,
Тилла берма, кўмир бер.
Дардимга улкан бардош,
Бардошимга умр бер!

*** *** ***

УРУШ БИЛАН ХАЙРЛАШУВ

II-жаҳон урушидан омон қайтган
бобом Бегали Мисир ўғли
ва унинг урушдан қайтмаган
ярим милён дўстига бағишлайман.

Аскар оқсаб жангга кирар
Ярим аср наридан.
Гўё Темур тутиб ханжар,
Чиқиб келар қабрдан.

Ёлғиз аскар – менинг бобом
Фашистларга урар дўқ.
Елкасин ўқ тешиб ўтган,
Тиззасида турар ўқ.

Ёлғиз аскар – ёлғиз бўри,
Тиззасидан сизар қон.
Ватанини кўрмай туриб,
Ёт элларда бермас жон.

Уйга қайтар менинг бобом,
Йиғлар кўзи қуп-қуруқ.
Елкасин ўқ тешиб ўтган,
Тиззасида турар ўқ.

Менинг бобом кечалари
Тонггача ухлолмайди.
Ўнг қўлининг тепки босган
Бармоғин буклолмайди.

У билади дўсти қанча
Ёки аниқ билмайди.
У билади ярим милён
Дўсти қайтиб келмайди.

Шунда чекар рост хижолат,
Ёзолмайди кўнглини.
Яшагандай ярим милён
Дўстларининг умрини.

Биз-чи – қайсар набиралар,
Уруш-уруш ўйнаймиз.
Бобомизнинг қанча умри
Қолганини билмаймиз.

Баъзан узун тун-кечалар
Толганида хаёлга.
Бобомизни бизлар аста
Кўмажакмиз саволга.

Бобо, деймиз, қани ўша
Тиззангдаги дайди ўқ?
Дейди: қўшиб кўминг бирга,
Шунда уруш мангу йўқ!

Менинг бобом на олтинга,
На кумушга боққанди.
Уруш унинг тиззасига
Қонли нишон таққанди.

Айтар эди: эр кишига
Ярашмайди эзмалик.
Тиззамдаги ўқ урушдан
Менга қолган эсдалик.

Менинг бобом юз йил яшаб
Асрни ҳам қаритар.
Кейин гўё Темур каби
Кириб кетар қабрга.

Менинг бобом, сени йиғлаб,
Тутиб аза кўмдик биз.
Менинг бобом, сени ватан
Тиззасига кўмдик биз!

Менинг бобом, энди ҳеч ким
Сен каби қон тўкмайди.
Энди мингта Гитлер келсин,
Ватаним тиз чўкмайди!

*** *** ***

Менинг тор пешонамга
Шеър бўлиб битилган сўз.
Менинг қон юрагимда
Тўққиз ой етилган сўз.

Менинг исмим ҳам сўздир
Қулоғимга айтилган.
Жисмим ҳам сўз, дунёга
Онам қорнида келган.

Сўзим мени кулдириб,
Йиғлатади гоҳида.
Билмайди, ўзи бир кун
Йиғлаб қолар ортимда.

Майли, сўз мендан кейин
Йиғласин, кулса-кулсин.
Йиғлаганда кўзёши
Дунёдан улкан бўлсин.

Унгача, Тангрим, мени
Кўрар кўзга айлантир.
Одам бўлсам, қайтадан
Яна сўзга айлантир.

Билмай қолсин одамлар
Ким келиб-кетганини.
Одам деган битта сўз
Дунёдан ўтганини.

*** *** ***

ДУЭЛЬ

Оҳ, қандайин қора хабар
Тарқалди бугун элга.
Менинг содиқ дўстим, мени
Чақирибсан дуэлга.

Ўртамизга қачон душмон
Оралади, жўрам-а?
Ўқ отмасдан мени ёмон
Яраладинг, жўрам-а.

Билмам, недир бунга сабаб,
Бирор нохуш хаёлдир?
Балки бўхтон, ё бўлмаса
Бирор гўзал аёлдир?

Не бўлса ҳам сўзинг менга
Келиб етди, жигарим.
Кўринмас ўқ каби бағрим
Тешиб кетди, жигарим.

Азиз дўстим, қўрқди дема,
Дема: пойлаб бораман.
Сен қайғурма, юрагимга
Ўқни жойлаб бораман.

Мени кечир, қўрқув эмас
Юрагимни этган банд.
Секундантинг чақир дема,
Менга виждон секундант.

Азиз дўстим, мен қўрқмайман,
Майли, ҳатто қон бергум.
Керак бўлса кўзларингга
Тикка боқиб жон бергум.

Азиз дўстим, бизга азал
Қўрқув тарки одатдир.
Бизлар учун дўст қўлида
Жон бермоқ саодатдир.

Азиз дўстим, мен қўрқмайман,
Қасос – ғирром қоида.
Мен қўрқаман: Дантес бўлиб
Қолсанг инсон ёдида.
  • Яндекс.Метрика