Гулҳаё Анорова



Сен мактуб ёзасан, пайти ноаён;
На куннинг, на туннинг бордир тасвири.
Баҳрингни очолмас баҳорлар ёлғон,
Сен фақат, сен фақат кузнинг асири.

Ва лек ҳис этарман, бармоқларингдан
Тўкилган ҳар бир сўз жило таратмиш.
Қуёш лабин босиб минг бир тафт билан
Офтобрўй қалбингни ҳар дам ёритмиш.

Сен мактуб ёзасан, олис- олисда
Акс садо берган чорловинг майин.
Гўё Яратганнинг оёқ остида
Дунё ухлаётган паридек сокин.

Мактубинг устида лопиллаб борар
Чироқнинг энг сўнгги мудхиш матлаби.
Хотирам қатига аёвсиз боқар
Менинг ўлим олди талвасам каби.

Сен мактуб ёзасан, кимлигинг билмам,
Балки бу дунёда эмассан ҳаёт.
Ўзимга ачингим келар ушбу дам,
Менга бахт тилаган  жирканч одамзот.

*** *** ***

Асло севмаганман жўшган эҳтирос
Мавжида адашган бир хас сингари.
Фақат йўлларингга кўз тутдим холос,
Олисга қадалган умид лангарим.

Сочларинг тўзғитган ўйноқи шамол
Халқоблар юзига солмоқда ажин.
Балки соғинчларим элтди сен томон
Қиш чоғи хотирин йўқотган замин.

Мени қуршаётир рутубатли тун,
Дарахтлар эгнидан ёғилар соя.
Боғларда мусаффо ёлғизлик бугун
На ишқни, кўнгилни қилмас ҳимоя.

Енгилдим қадаҳда чайқалган руҳга
Ва шамнинг ёғдуси титрайди енгил.
Шу кеча қалбимиз тўлсин шукуҳга,
Азизим, сўнг бора кулбамга келгил.

Асло севмагандим жўшган эҳтирос
Мавжида адашган бир хас сингари...

*** *** ***

Бу кеч деразангда чироқ кўринди,
Мовий дарпардалар нур қучоғида.
Айт, нени қўмсадинг гўдак кўзингга
Йилларнинг таҳрири тушган чоғида?

Менмасми бўғзингда қотган йиғидан
Сокин ва шиддат-ла емрилган оҳанг?
Шафқатсиз ўрмалар кўкрагим аро
Бир жуфт кафтларимга айланган шарпанг.

Суратинг олдида йиғлайман ўксиб,
Кечирмоқ истайман. Имкон йўқ, имкон.
Тинглагин, сарғайган қурбонларига
Не гўзал видолар айтмиш саратон.

Бу кеч деразангда чироқ кўринди...

*** *** ***

Кулранг қанотини ёйганда оқшом
Санқиган шамоллар топмиш ҳаловат.
Уфқ-ла қовушиб қизарган шамснинг
Мовий тўшагида кезар ҳарорат.

Шаробга чайилган кафтимни очиб
Кўкдан тиланаман марварид ёмғир.
Минг йил-ки карвонин кутган манзилдай
Қақраган руҳимда кўпчимас ҳовур.

Кўнглим инонмоққа мойил азалдан,
Инонмоқ не ахир, алданмоқ роҳат.
Бир ишқ бор умримнинг сўнгига қадар
Ва гўдак соғинчим муқим то абад.

Қачондир тушлардан чўчиб уйғонган
Одам кўзёшига қорилган лойман.
Ҳеч кимга кўрсатмай жонсиз танини
Туннинг қучоғида туғилган ойман.

*** *** ***

ҲАМОН

Бир дам ҳис этарсан замин тафтини,
Ҳеч не ўзгармаган руҳингдан айро.
Ҳилол - ярим туннинг бокира қизин
Ҳамон қучоғига чорлайди дарё.

Титроқ шохчаларда ҳаёт илинжи,
Мевалар англолмас ҳамон илдизин.
Бир муддат тўкилмоқ учун ёмғир ҳам
Ҳамонки, тупроқдан сўрамас изн.

Тўлғоқнинг бошида турган дунёдан
Ҳамон қизғанади руҳингни Ҳолиқ.
Мен эса, чақалоқ сўрмаган кўксинг
Қучоқлаб юпатгим келар, эй борлиқ.

Шу дам ҳис этарман замин тафтини,
Ҳеч не ўзгармади Руҳимдан айро.

*** *** ***

Туман аро мудраб кўринур
Оқтеракнинг кибор шохлари.
Сен шамолнинг дўрдоқ лабидан
Симирдингми тийрамоҳларни?

Уннаб кетган кўнглимни чайдим
Тарновларнинг кўзин ёшига.
Сен тарафда баҳор бошланди -
Сен тарафда Худолар бошқа.

Хатолардан бунёд йўл сабаб
Манзилдан юз ўгирдинг қай кун?
Минглаб гўзал яратиғимда
Номус якто эди... кечиргин.

*** *** ***

Акамга хат

Ака, соғинасанми сен ҳам
қишлоқнинг қиши,
совуқдан қочган тафтларнинг
сандал атрофига йиғилиши,
дадамнинг сомон ҳиди анқиган болиши?
Фақат, фақат дадам ётар эди ўз жойида-
ўз кравотида.
Балки совқатмаган,
балки ўт ўйнаган ҳароратида.

Ака, соғинасанми яна
айвондаги мусичанинг товшин,
Аямнинг ёмғир сувига кир ювишин?
Қанча чумолини кўмар эдик
остона тупроқларини ўйиб.
Устига гуллар қадаб қўярдик.
Опам чарчамасди бизларни койиб.

Бугун тарқаб кетдик, тўзғиб кетдик.
Қарашлар, қаричлар ўзгарди анча.
Юзларни ёруғ, юзларни оқ қилиш учун йўлга чиққанмиз.
Фақат, фақат ўйлайман ўша
ёмғир ювган лойқа деворни,
шам қорайтган уйнинг бурчини
қачон охлаб қўямиз, ака,
Қачон оқлаб қўямиз, ака?!

Сен билмайсан кузатганимни
 йиғлаганинг пана- панада.
Мушт урса муштчалик чиқмаган, 
мовий ҳисларини йиқмаган
юрагимиз қайси танада.

*** *** ***

Оқшом - сутга тўлган сийнадек таранг,
Сукунат ичинда дил синиқлари.
Ва териб чарчайман ҳирслардан бунёд
Ёқамга илашган хўрсиниқларни.

Менинг манзилимни билмаган очун
Фақат кўзларимда тақиқдан холи.
На гўзал - руҳимни пайвандлаган ой,
На гўзал - олисдир ёрнинг жамоли.

Туннинг  ўркачига  қадалган эгар,
Чавандоз япроқлар кетгай тебраниб.
О, қўним ахтариб учган қалдирғоч,
Лойсувоқ кўксимни олсайдинг таниб.

Умидга айланар тупроқ бағрида
Булут видосидай тўкилган ёмғир.
Висол изларини беркитган туннинг
Қўшиғин тингламоқ нақадар оғир?!

Яхшиям руҳимни пайвандлаган ой...

*** *** ***

Авто ойнасига бошимни қўйиб
Тинглайман йўлларнинг юрак урушин.
Қувғинди ва ёки чорлов куйини
Чалганга ўхшайди шамол товуши.

Ниначи қаноти кесган ҳисларим,
Чигиртка оёғи тирнаган кўнгил.
Эслайман кафтимга қўнган хонқизи
Ў болалик аро йўқолган сингил.

Мана, талпинарман бугун ҳам сенга,
Уйингга ўт кетмас энди, хонқизи.
Юрагимдан илон чиққанми, билмам,
Ул содда туйғулар тарк этган бизни.

Энтикиб боқарман шом еган ойга,
Вужудда кезинар салқин бир қўшиқ.
Ўзим билан ёлғиз шундай кечада
Бош -адоғим инкор, бош -адоғим ишқ.

Авто ойнасига пешонам қўйиб
Тинглайман йўлларнинг юрак урушин...

*** *** ***

Пайдо бўлар тунги соялар
Яллиғланган шом шафағида.
Недир айтгинг келар шивирлаб
Мудраётган борлиқ ҳақида.

Ва тинглайсан, вақтнинг нафаси
Қотиб қолган мангуликда жим.
Овоз бергинг келар, шу лаҳза
Ўзга туғён бўлолмас ҳоким.

Нигоҳингга ботар тобора
Дарахтларнинг бўртиқ бадани.
Қай гўшада дунёга келдинг,
Туннинг хафиф ёсуман тани?

Симёғочнинг томирларида
Йўрғалайди шамолнинг сози.
Одам каби беш бор инграниб,
Бу туннинг ҳам тинар овози.

Недир айтгинг келар шу лаҳза...

*** *** ***

Титраган дудоқлар - беҳаловат қуш,
Бўғзимда қайнаган ҳовурлар - самум.
Сен сурат чизасан, тўкилар ҳониш,
Янчилган япроқлар йиғлайди юм- юм.

Туннинг оҳорлари кетиб борадир,
Мавжланган руҳимда қолмишдир қуроқ.
Ичимда бир исён занглаган охир,
Сенинг суратингда яшилман, бироқ.

Сен сурат чизасан, тинглайсан: сим- сим,
Юракни чайқатар самовий лаззат.
Кўзимни куйдирар ранглари тилсим
Қаламдан тўкилиб турган сафоҳат.

Сен сурат чизасан лабларинг билан...
  • Яндекс.Метрика