Ифтихор Хонхўжаев



Сенга боланг ёмон дейишса,
Бу гаплар рост, ишон, Онажон.
У беозор, мўмин ўғлингдан
Қолмади ном-нишон, Онажон.

Кўргин энди боланг ҳолини,
Нима қилиб қўйди бу ҳаёт.
Она, қара кўкрагим бўм-бўш,
Юрагимни ўйди бу ҳаёт.

Бас, йиғлама, кўзёшингни арт,
Токай бағринг ейсан, Онажон.
Бу дунёси ёмонзор бўлса,
Менга нима дейсан, Онажон.

Бир бошга бир ўлим азалдан,
Аммо, она мен минг бор ўлдим.
Сен бошингни эгма, Онажон,
Мен ёмонлар ёмони бўлдим.

Нега қўрқай ахир улардан,
Қибла дуннинг тўрт томони-ку.
Сен фахрлан ёмонзор аро,
Она, боланг энг ёмони-ку.

Кошки эди ғарибу беклар
Бир ёқа, бир енгга ўхшаса.
Йўқолсайди қани мендеклар,
Қани ҳамма сенга ўхшаса.

Сен борсанки, нурлидир жаҳон,
Сен дунёнинг нақшисан, Она.
Сенинг боланг ҳаммадан ёмон,
Сен ҳаммадан яхшисан, Она.

*** *** ***

(Навоийнинг мажнунтутлари... эсиз...)

Кўзда ёшим маржон қилиб тиздилар,
Болта уриб жон-жонимни эздилар.
Кўкламларим бир лаҳзада куз бўлди,
Тутқаторнинг тутларини кесдилар.

Бўйларига бўйлаб бўйим ўсарди,
Шоҳларида бобом руҳи кезарди.
Бугун юзим тут егандай қизарди,
Тутқаторнинг тутларини кесдилар.

Ўхшаб қолдим Лайлоси йўқ Қайсга,
Ахир, қирқ жон тўйган-ку бир майизга.
Ўтин етмай қолдими ё райисга,
Тутқаторнинг тутларини кесдилар.

Улар менга нажот тилаб боққандир,
Изларимга кўзёш ила боққандир.
Шу тутларда онам пилла боққанди,
Тутқаторнинг тутларини кесдилар.

Суюкларсиз қандай суяй жонимни,
Кўкрагимни ёрай, ўяй жонимни,
Ярасига боғлаб қўяй жонимни,
Тутқаторнинг тутларини кесдилар.

*** *** ***

Балки қолмасмиди дилимда армон,
Самога туташган бўйингни кўрсам.
Бугун сенга мағрур бошим эгарман,
Муҳаббат, майлими тўйингни кўрсам?

Ахир эзгуликка бошлар эртаклар,
Эзгусанки, бари сенга етаклар.
Борар бўлсам гулга тўлиб этаклар,
Муҳаббат, майлими тўйингни кўрсам?

Майлими яшнатиб севги сайлини,
Мажнун қўлларидан тутиб Лайлини,
Бир умрга бахтли қилса майлими,
Муҳаббат, майлими тўйингни кўрсам?

Муз босган йўлларга термулганча жим,
Бир умр келишинг кутиб яшадим.
Бир тилак тилашга бор бўлса ҳаддим,
Муҳаббат, майлими тўйингни кўрсам?

Ахир Қоработир жабрини кўрдим,
Тоҳир ва Зуҳронинг қабрини кўрдим.
Ошиқнинг минг йиллик сабрини кўрдим,
Муҳаббат, майлими тўйингни кўрсам?

Чал энди, карнаю-сурнайинг қани,
Токи ҳаётимга бахш этай маъни,
Қизғанма бир дона таклифномани,
Муҳаббат, майлими тўйингни кўрсам?

*** *** ***

...га


Ҳаммаси ёлғондир, фақат ўлим ҳақ,
Тўрт томоним қибла, ўнгу-сўлим ҳақ.
Мен учун баридан сени ахтариб,
Кўчангда тентираб кезган йўлим ҳақ.

Кўзим ҳақ, изингга боқса жовдираб,
Келмасанг кўзёшим оқса жовдираб,
Гоҳо келганингда чўчиб, довдираб,
Исминг айтолмаган дудуқ тилим ҳақ.

Эртакларда бахтли якун ёлғондир,
Сенсиз Жаннат номли макон ёлғондир,
Балки гул бандида тикон ёлғондир,
Гул узиб қонаган ошиқ қўлим ҳақ.

Гар забони бўлса баҳорлар айтсин,
Кунботарлар айтсин, наҳорлар айтсин,
Фалакка сочилган ифорлар айтсин,
Қўлимда сени деб сўлган гулим ҳақ.

Зулмат юлдузларни ютиб кетганда,
Ой ҳам юзга парда тутиб кетганда,
Соғинчинг жонимдан ўтиб кетганда
Кўзёшимдан бунёд бўлган кўлим ҳақ.

Ҳаммаси ёлғондир, фақат ўлим ҳақ,
Кўчангда тентираб кезган йўлим ҳақ.
Бағрингда ўлмасам ўлим ҳам бекор,
Кўксимда сен дея ёнган дилим ҳақ.

*** *** ***

Тазарру

Артаман юзларинг ювган томчини,
Биламан бу юрак ёшларинг, Она.
Гарчи тан олишни суймайди жиним,
Мени деб оқарди сочларинг, Она.

Баъзида итоат қилмай йиғлатдим,
Кўзёшинг назарга илмай йиғлатдим,
Гоҳ билиб, гоҳида билмай йиғлатдим,
Мени деб оқарди сочларинг, Она.

Кўзимга кенг олам торайиб борди,
Кўрлигим кун сайин зўрайиб борди,
Борган сари юзим қорайиб борди,
Мени деб оқарди сочларинг, Она.

Юрагим ёнмоқда лолазор каби,
Худди кўксимда бир аждар бор каби.
Қора парқдан ёққан оппоқ қор каби  
Мени деб оқарди сочларинг, Она.

Боланг бўлиб бир бор дардинг олмадим,
Юрагингга озор бериб толмадим.
Кечир, оқ сутингни оқлаёлмадим,
Мени деб оқарди сочларинг, Она.

Дунёда тирноққа зор ўтган қанча,
Тирноққа етиб ҳам хор ўтган қанча.
Тош туғсанг бўлмасми мени туғганча,
Мени деб оқарди сочларинг, Она.

Табассуминг кўриб кўнглим чоғлайман,
Қанийди бир умр шодлигинг кўрсам.
Билмадим ўзимни қандай оқлайман
Эртага Худонинг олдига борсам?

Мени деб оқарди сочларинг, Она.

*** *** ***

Сенсиз...

Мана, яна сенга келдим юзма-юз,
Мунис кўзларингда ҳамон ўша зеб.
Кўзларимга боқиб сўрадинг бесўз,
“Менсиз қандай қилиб яшаяпсиз?” деб.

Бахтлиман, кўксимда ҳавас бир талай,
Баъзан ёзишимни айтмаганда шеър.
Нега ўксинайин, қара, ҳарқалай,
Бошида кўтариб турибди-ку Ер.

Бежизмас ҳилолнинг юздаги доғи,
Тунлар у дардларим елкалаяпти.
Кундузлар кўзларинг соғинган чоғим
Кўкда қуёш мени эркалаяпти.

Ўйлайсан, ҳаётдан бўлганман жудо,
Ўйлайсан, дунёнинг куюклигиман.
Ахир севганига дард берар Худо,
Сенсиз ҳам Худонинг суюклигиман.

Кетавер, сенсиз ҳам яшайвераман,
Сенсиз ҳам кун ботар, ёришар наҳор.
Олтин куз хазонин ёқар сенсиз ҳам,
Сенсиз ҳам гул очиб келади баҳор.

Кет энди, этмагин қонимга ташна,
Алвидо, йўлимга туташмаган йўл.
Яшасанг мендан-да бахтлироқ яша,
Агар ўлар бўлсанг мендан кейин ўл.

*** *** ***

Ўғри

Хотини оч эди, оч эди ўғли,
Балки шундан эгри йўлга тушди у.
Омадсиз ҳаётда – омадсиз ўғри,
Уч-тўрт сўм чақа деб қўлга  тушди  у.

Қозию миршаблар бўлишдилар жам,
Бирлашиб жазолаш йўлини топди.
Қонсираб турганми экан жаллод ҳам,
Ўғрининг иккала қўлини чопди.

Бу ҳам бир тақдири азал эканда,
Унга шундай қисмат аталган эди.
Гўё “шоирсан-ку, гапир” дегандай,
Нигоҳи кўксимга қадалган эди.

У на дод соларди, на бир сўз демас,
Унинг нигоҳларин тубига етдим.
Бу лаҳза бечора ўғрига эмас,
Бечора дунёга ачиниб кетдим.

Қайдан гувоҳ бўлдим бу ҳолга билмай,
Эсласам кўксимда ғашлик жўшади.
Энди мен қай томон юзимни бурмай,
Қўлсиз одамларга кўзим тушади.
  • Яндекс.Метрика