Шоҳиста Шайдо



Онажоним

Баъзан кўзда ёшлар билан йиғлар онам, 
Тунлар бедор ўз бағрини тиғлар онам. 
Ҳаммадан ҳам мени кўпроқ ўйлар онам, 
Қани она, юрагингиз бўлолсайдим, 
Онажоним, дардингизни ололсайдим. 

Гар оғринсам бошгинамда бўлар ҳалак,  
Меҳрингиздан лол қоладир ер-у фалак. 
Ғам кўрмасин дунёдаги гўзал малак, 
Қани ҳар дам кўнглингизни тополсайдим, 
Онажоним, дардингизни ололсайдим. 

Бу ҳаётда онажоним кўрмасин ғам, 
Кулиб турган юзларида бўлмасин нам.  
Ҳар дам она ёнингизда турмасам ҳам, 
Бир умрга бағрингизда кулолсайдим, 
Онажоним, дардингизни  ололсайдим. 

Меҳр бериб айтолсайдим бир ширин сўз, 
Гар меҳрга интизордир бу кўрар кўз. 
Онангизни асранг кейин, қилманг афсус,    
Бағрингизга қани бахтлар сололсайдим, 
Онажоним, дардингизни ололсайдим. 

*** *** ***

Ёмғир 

Бир бағритош меҳрига зорман, 
Бугун энди айт кимга ёрман. 
Армонларга осилган дорман, 
Кел бошимдан қўявер ёмғир. 

Дард юракка отилган нишон, 
Севги дарди азоблар ҳар он. 
Зарра сабрим қолмади ишон,   
Кел меҳримга тўявер ёмғир. 

Дилдан севгим узилар бир-бир, 
Нетай юрак титрайди дир-дир. 
Билсанг ахир қанчалар оғир,    
Келгин бағрим ўявер ёмғир. 

Мен севганим энди бағритош, 
Ҳатто бағрин ёритмас қуёш. 
Кўзларимда ҳануз томчи ёш, 
Келгин мени севавер ёмғир. 

*** *** ***

Биз бирга енгамиз...

Кулфат яқин келмагайдур, ўзбек элга,  
Белбоғларни бойлаганмиз, маҳкам белга.  
Шаҳдам қадам, эзгу нийят туйдик дилга, 
Бизлар бирга енгайдурмиз, ҳар не келса.   

Тупроқ кўрган қадоқ қўллар, хор бўлмагай, 
Қуёш севган нурли юзлар, нам бўлмагай. 
Ўзбек элим ўзин тутгай, кам бўлмагай, 
Бизлар бирга енгайдурмиз, ҳар не келса. 

Ҳали уйлар тўлиб кетар, куй, торларга, 
Биргалашиб куйлашамиз, ёр-ёрларга. 
Вақтимиз ҳам бўлмайди ҳеч озорларга, 
Бизлар бирга енгайдурмиз, ҳар не келса. 

Темурларим босган тупроқ, тингла нолам,  
Ўзинг асра бандаларинг, асра болам. 
Тилимда минг дуо билан тутдим қалам,  
Бизлар бирга енгайдурмиз, ҳар не келса. 

Бандаларинг кўзларида ёшин кўрма, 
Тавба қилдик,  шавқат қилгин,  меҳринг бурма. 
Ё Аллоҳим ўзинг қўлла, қараб турма, 
Бизлар бирга енгайдурмиз, ҳар не келса. 

Ҳатто нокас саждаларга бош урдилар, 
Кечир энди, бошларига тош урдилар. 
Қара кўргин, меҳрдан ҳам ин қурдилар, 
Бизлар бирга енгайдурмиз, ҳар не келса. 

Соғинчларга тўлиб кетди, ғамгин диллар, 
Одамларсиз ҳувиллаган, узун йўллар. 
Қара бизсиз,  очилмапти ҳатто гуллар, 
Бизлар бирга енгайдурмиз, ҳар не келса. 

Биз бир кучмиз, айро эмас йўлларимиз, 
Битта эзгу ахтга тўлган дилларимиз. 
Биз биргамиз, узилмагай қўлларимиз, 
Бизлар  бирга енгайдурмиз, ҳар не келса!
  • Яндекс.Метрика