Жанублик киши

Соат олтига яқинлашиб қолганди ва мен бассейн ёнида бирпас ўтириб пиво ичганча қуёшда тобланишга қарор қилдим. Мен барга кириб пиво сотиб олдим ва боғ орқали бассейнга жўнадим. Боғ ажойиб эди-бир текис қилиб қирқилган ўтли сайҳонлик, гуллар, атроф эса палмалар билан қуршалганди. Шамол палмалар учини силкитар, барглар шунга мос равишда шитирлаб овоз чиқарарди. Бассейн атрофидаги баланд соябонлар остида кўплаб эркак ва аёллар ўтиришарди. Бассейн ичида эса уч-тўрт нафар йигит-қиз бўлиб, улар шовқин солганча бир-бирларига катта резина тўпни отиб ўйнашарди.
Мен тўхтаб, уларга разм солдим. Қизлар меҳмонхонада турувчи инглизлар эди. Йигитларни эса танимадим, аммо уларнинг америкача лаҳжасини эшитгач, йигитлар бугун эрталаб келган Америка ҳарбий кемасининг курсантлари эканлигини тахмин қилдим.
Мен соябонлардан бирининг остига ўтирдим ва пивомни очдим. Кўм-кўк сувни сачратиб ўйнаётганларни кузатиш менга завқ бағишлаётганди.
  • Яндекс.Метрика