БАҲОР АРМОНИ

БАҲОР  АРМОНИ

Табиатга бериб кўрк-оҳор
Гулзорга ҳам баҳорлар келди,
Мозорга ҳам баҳорлар келди,
Бизга эса ғуборлар келди,
Кўнглимизга  сиғмади баҳор.

Сен баҳорда кўз очган эдинг,
Мен баҳорда учратдим сени.
Иккимиз ҳам хазонрез бўлдик
Хазон қилдик дилнинг ярмини.
Кўнглимизга сиғмади баҳор…

Шундай фасл, шундай мўжиза
Ҳатто эски айвонга сиғди.
Ташрифидан қувондилар ҳам
Кўрган кўз-у мижгонга сиғди.
Кўнглимизга сиғмади баҳор…

Изғиринда музлаган ишқ деб
Қарғадими бизни қарғалар.
Шундай гўзал, фараҳли дамга
Биздан энди ҳасрат тарқалар.
Кўнглимизга сиғмади баҳор…

Кўнглимизга сиғмади баҳор,
Кўнглимизга сиғмайди энди.
Субҳидамда биз учун фақат
Атиргуллар йиғлайди энди…

Сен ҳам йиғла, баҳор ҳурмати…

*** *** ***

АРОБАДА БИР ҚИЗ  БОРАДИ…    

Чайқалади йўлда ароба
Чайқалади кўксимда недир.
Олдиндадир олтин хароба,
Ғилдираклар титрайди зир-зир.

Шул ароба ичида бир қиз,
Йиғлай-йиғлай кетиб боради…

Қўл силкийди изидан қишлоқ,
Қўл силкийди дарахтлар – маҳзун.
Ароба ҳам пушаймон шу чоғ
Йўлни бошлаб кетгани учун.

Шул ароба ичида бир қиз,
Юрагини ситиб боради…

Дийдасидан сирғалар маржон,
Оразини дурларга кўмиб.
Ҳатто маъюс боқади осмон,
Қуёш ҳам жим бормоқда сўниб.

Шул ароба ичида бир қиз,
Маржонларин ютиб боради…

Кутмоқдадир ёрнинг макони,
Гулханларин ўрлатиб кўкка.
Қаёндадир зирқираб жони,
Бир бўз йигит Ҳаққа тиз чўккан…

Шул ароба ичида  қиз ҳам,
Ҳаққа бўйин тутиб боради…

*** *** ***

СЕВГИМ  ҲАҚИДА  ИҚРОР

Йўқ, биз севишмадик,
Дардлашдик, холос…
Дардлашиш – севишиш дегани эмас.
Ахир ўйлаб кўргин, азим Тошканга
Ўқигани келдик, севгани эмас.

Мен сенга “севаман” десам, бу – ёлғон,
Сенинг ишонганинг – энг оғир хато.
Чунки соф севгига боғланган инсон,
Севаман деёлмас ёрига асло.

Сен менга ишонма,
Кўнглим – хиёбон…
Ҳар кун юриб ўтар ундан қанчаси.
Ҳар кеча тинмаган дайди шамолдай
Кезар унда ишқнинг синган парчаси.

Ҳа, биз севишмадик,
Ишқ кўчасидан
Дардкаш телбалардек юриб ўтдик жим.
Тақдиримиз қандай хотима топар?
Айтиб беролмайди ҳеч бир мунажжим.

Дардимни юкладим дардингга қўшиб,
Қалбингдан бош олиб, дарбадар кетдим.
Ёзган хатларимни бурдалаб ташла!
Сенга арзимайман – тушуниб етдим…

*** *** ***

МУҲАББАТ ЯРАЛГАН НУҚТА

Аввал бошқачайди бу телба очун,
Дарахтлар яшил-ла пардозланмаган.
Ёмғирлар яшарди кўзлар қатида
Осмон томонларга парвозланмаган…

Сўнг недир уйғонди…
Илкис қўзғалиб,
Бўронга эврилиб қоқди қанотин.
Зоҳирда қалқди-ю бир сиқим ёғду,
Куртаклар чиқарди музлаган ботин.

Нолалар ўсдилар бир сонияда,
Ҳали чекилмаган оҳлар туғилди.
Не исён ибтидо топишин билмай
Юракнинг борлиги хотирга келди.

Барчаси лаҳзада оёқлади бот,
Бир он барисига бўлди кифоя.
Қувончлар ортидан вақт йўрғаламай,
Азоблар кўксимга ташламиш соя.


Не борки Ҳақ бино айлаган уни,
Тақдирнинг иншоси ёзилмиш пухта.
Кўзларимга кирдинг бесўроқ, ошкор
Шу, муҳаббат яралган нуқта…
  • Яндекс.Метрика