Камолиддин Шукур



Кечир мени – кечиролсанг гар,
Юрагингни қаттиқ оғритдим.
Ахир менинг ғариб кўнглимни,
Сенинг каби тушунади ким?

Кечир мени – кечиролсанг гар,
Гуноҳкорман, этмайман инкор.
Тушун, менинг ёруғ дунёда,
Сендан бўлак яна кимим бор?

Кечир мени, – кечир фариштам,
Ноҳақ айтган сўзларим учун.
Нигоҳингга ўқ каби ботган,
Нигоҳларим, кўзларим учун.

Кечир мени – ахир сен менинг,
Юрагимда ўсган лоламсан.
Тиллога тенг, тенгсиз ҳисларим,
Оғушида учган ноламсан.

Юрагимга боқ ўзинг бир зум,
Соғинч, оғриқ ўрмалар минг-минг.
Ўтинаман, – кечирдим дея,
Шивирласин, – майин лабларинг...

Кечир мени – ахир сен мангу,
Осмонимнинг ойдин ойисан.
Сен ҳаётим шамчироғи ва
Юрагимнинг эркатойисан!

Кечир мени – кечиролсанг гар,
Юрагингни қаттиқ оғритдим.
Ахир менинг ғариб кўнглимни,
Сенинг каби тушунади ким?

*** *** ***

ДАДА СИЗНИ ЯХШИ КЎРАМАН

Меҳрингиздан яшнаб юраман,
Мағрур қадам ташлаб юраман.
Дунёда энг табаррук инсон,
Дада сизни яхши кўраман.

Аламларим кўзларин ёпай,
Ёнингизга югурай, чопай.
Келинг бир бор бағримга босай,
Дада сизни яхши кўраман.

Борлиғингиз бизларга тортиқ,
Кимим бордир, падардан ортиқ.
Ҳол сўрмадим, ўзимдан ортиб,
Дада сизни яхши кўраман!

Фахрланиб дадам бор учун,
Энг мўътабар одам бор учун.
Ҳайқираман шу сўзни бугун,
Дада сизни яхши кўраман.

Жон дадам-а меҳрибон дадам,
Сўзларида сеҳри бор дадам.
Камтаргина хокисор одам,
Дада сизни яхши кўраман.

Қадрингизни билмаганим бор,
Айтганингиз қилмаганим бор.
Кечиримлар сўрайман такрор,
Дада сизни яхши кўраман.

Ўз дардингга ўралган дунё,
Ташвишлардан яралган дунё.
Айтолмадим шу сўзни гоҳо,
Дада сизни яхши кўраман.

Дунёда йўқ бағри бутуни,
Суйган дилни чиқмаскан уни.
Оиламиз тиргак устуни,
Дада сизни яхши кўраман.

Пешонасин терин сидирган,
Болаларин ризқин қидирган.
Фарзандим деб елиб-югурган,
Дада сизни яхши кўраман!

Ҳар кун сизни ўйласам ҳамки,
Меҳрингизга тўймасам ҳамки.
Кунда қучиб қўймасам ҳамки,
Дада сизни яхши кўраман.

Қучоғингиз бунчаларам кенг,
Жон болам-а, жоним болам денг.
Сўзларингиз тиллоларга тенг,
Дада сизни яхши кўраман.

Қилдиммикан бурчимни адо,
Дада омон бўлинг аввало.
Юрагимни ўртар бир нидо,
Дада сизни яхши кўраман.

Дардин еган ҳар ўғил-қизни,
Зориқтирмай ўстирган бизни.
Ота бўлиб англадим сизни,
Дада сизни яхши кўраман.

Бўғзимга не тиқилди шу дам,
Тўхтатолмас – кўз ёшин одам.
Жон дадам-а, – меҳрибон дадам,
Дада сизни яхши кўраман!

*** *** ***

Қаландарнинг тутган созиман,
Дарвешларнинг қишу-ёзиман.
Менга ақл ўргатмагин дўст:
Мен ўзимга ўзим қозиман...!

Бу дунёси дунё эмасдир,
Чин севмаса, Лайло эмасдир.
Бизга молу-дунё керакмас,
Чимдимгина меҳр бер, – басдир...

Ҳаёт деган эски бир ғазал,
Бир куни дард, бир куни гўзал.
Англаганим – нокас заридан,
Мардларнинг бир тепкиси афзал!

Ўв – дунёдан кимлар ўтмаган,
Кимлар келиб, кимлар кетмаган.
Бу дунёнинг устуни бўлмоқ,
Сенинг пешонангга битмаган.

Кеккаясан, – тумшуғинг осмон,
Ўз-ўзингни мақтаб ҳар замон.
На булбулсан, на зоғ, на тўти,
Ҳеч киммассан, ҳеч кимсан, ишон.

Мен бир умр ҳасрат ютганман,
Ҳасрат ютиб, иқбол кутганман.
Бу дунёнинг подшоҳин эмас,
Гадосининг қўлин тутганман.

Билганим шу, – фонийман, кўпроқ,
Тилломасман, бир оддий япроқ.
Асли инсон дегани нима?
Бир томчи сув, бир ҳовуч тупроқ.

Гулим – мен бир юрак созиман,
Изтиробнинг қишу-ёзиман.
Гар севгингга лойиқ бўлмасам:
Ўлдир мени, – ўлдир, розиман !!!

*** *** ***

АНГЛАМОҚ УЧУН

Мажнунга айланиб қолмоқлик учун,
Ҳақиқий Қайс каби ўртанмоқ керак.
Чин саҳро ўтида ёнмоқлик учун,
Муҳаббат дарсини ўрганмоқ керак!
Муҳаббат дарсини ўрганмоқ керак,
Шунчаки севмоқлик керакмас гулим.
Шунчаки севмоқлик хазондан дарак,
Шунчаки севмоқлик – шунчаки ўлим!
Ҳақиқий ишқ дея тортдим изтироб,
Руҳим ўтин бўлди, вужудим тутун.
Лайлининг қўлидан симирдим шароб:
Сизни англамоқ учун!...

Гоҳида қонимни ичдим беҳузур,
Бир дилбар йўлида, боримдан кечдим.
Ғазаллар тўқидим, манзур, беманзур,
Беором руҳ бўлиб, Самода учдим.
Ўзимни изладим, ҳар чўғ нигоҳдан,
Кўзлар қароғига чўкди хотирот.
Не мақсад тиландим, олис фироқдан,
Не мақсад тиландим ўзингдан ҳаёт?
Ичдан нелар ўтгай –Тангрим билади,
Кун келиб қисматим кўрсатар кучин.
Гоҳо бутун умр камлик қилади,
Ўзни англамоқ учун!...

Дилим пора бўлди, бир ишқ йўлида,
Ҳасратни шодликка ўраганим йўқ.
Бир куйган бандани қийнаманг жуда,
Мен сиздан дунёлар сўраганим йўқ!
Юрагим қонига чуланди қисмат,
Довдирадим, олис сўқмоқлар аро.
Барибир ҳасратга чўмди муҳаббат,
Барибир васлингиз бўлмади раво...
Сезаман, норасо тузилган олам,
Кемтик дил арзини ким тинглар бугун?
Минг йиллар ўтмоғи керакми эркам,
Бизни англамоқ учун?!...

*** *** ***

АРМОН...

Тунлар юрагимни кемирар ҳижрон,
Қонимда кезади,изтироб,туғён.
Қалбимга яшириб қўйган туморим,
Ўша қиз армоним,-ўша қиз армон!

Сўнгсиз ҳасратларим,битаман демас,
Ғамлар мени ташлаб кетаман демас.
Нигоҳи кўзимдан кетмас,бир нафас,
Ўша қиз армоним,-ўша қиз армон!

Назаримда бари,тугаган,битган,
Турфа хил ташвишлар ёқамдан тутган.
Оппоқ кабутарга айланиб кетган,
Ўша қиз армоним,-ўша қиз армон!

Кўксига бошимни қўёлмаганим,
Муҳаббатин тафтин,туёлмаганим.
Сочларин исига тўёлмаганим,
Ўша қиз армоним,-ўша қиз армон!

Косага лиммо-лим,қуйилган майман,
Юрак пардасидан,ясалган найман.
Йиллар ўтиб борар,унутолмайман,
Ўша қиз армоним,-ўша қиз армон!

Йўллар қарай-қарай,кўзларим толган,
Айрилиқ кўксимга чўғ,олов солган.
Қўлимда оқ қора,сурати қолган,
Ўша қиз армоним,-ўша қиз армон!!!!

*** *** ***

ИЗТИРОБ

Дунё харитаси олдидаги ўйлар...

Мени бир изтироб,қийнайди ҳамон,
Кўксимни бир туғён қиймалар ёмон.
Ўткинчи Дунёда нелар талашиб,
Нечун қақшатади,Инсонни Инсон?!

Инсон буюк сорбон,-Инсон бечора!
Инсон ўз ғамига,ўзи оввора.
Дайди фарзандларин,яраштиролмай,
Ғамгин,лолу-ҳайрон,Она Сайёра.

Бир ёнда талотўп,қайта қуришлар,
Бир ёнда ёқа,енг,ҳар ён суришлар.
Заминнинг бағрини тўлдирди,қонга,
Одамзод бошлаган,чексиз урушлар?!

Айт нечун,бағрингни қонатар тикан?
Инсонсан!!!
Одамсан,оқ тан,қора тан!
Нечун бошинг эгик,қўлинг мудом қон,
Нима талашасан,ғариб Дунёдан???

Миллат талашасан,миллатинг нима?
Оёғинг остида ғанимат кема.
Иймон талашасан,эгнингда ридо,
Гўёки иймонсиз қолгандек Дунё?!

Аросат,кин дединг,бир- биринг единг,
Қайда таскин дединг?бир-биринг единг.
Ўйлаб боқ,бу Замин гултожи бўлиб,
Бир-биринг емоққа яралганмидинг?

Ирқ талаш,оқибат,иймон талашмоқ,
Тиғ суқиб,қондошин,қонин ялашмоқ.
Қай махлуқ,қай жонзот,кимга хос,аммо,
Одамзод феълига ярашмас,асло!

Сабабким,Инсонмиз,оқ тан,қора тан.
Биз учун яралган,шу гўзал Чаман.
Биз Одам Атодан зурриёт,жигар,
Барчага Ер деган,Сайёра Ватан!

Жаҳон кенг,кенг бўлинг,кенг гўзал очун,
Инсоният асли кўркам,бир бутун.
Ўн саккиз минг Олам,Соҳиби,Эгам,
Барчани яратган,яшамоқ учун!!!

Мен ҳам бир зарраман,бир хаста,нодон,
Ўз ҳолига ҳайрон,юраги вайрон.
Миллат,элат,ирқим битта,айтаман,
Ирқим бани Одам,миллатим Инсон!!!

*** *** ***

АВВАЛО...

Чамандан тиканак юлмоқ бўлган кас,
Худбинликдан кўзин юммоқ бўлган кас.
Бу Дунёни нурга кўммоқ бўлган кас,
Қалб уйинг тўрини безат,-аввало...!

Гоҳ оёқ остида сочилгай олтин,
Мазлумнинг дуоси энг буюк таскин.
Самога қўлингни очмоқдан олдин,
Йиқилган зотга қўл,узат,-аввало...!

Кўзлари бойликдан ранг олган кимса,
Юраги ғубору,занг олган кимса,
Дунёга ҳайқириб,жар солган кимса,
Ўзингни айбингни тузат,-аввало...!

Кўкка кесак отма,-маломат тўшаб,
Кимгадир ўрнак бўл,бенуқсон яшаб.
Ақллилик қилмай,-Одамга ўхшаб,
Бу фоний Дунёни кузат,-аввало...

*** *** ***

БИРИНЧИ СЕВГИ

Кел,-қўлингдан ўпай,биринчи севги,
Даргоҳингга чопай,биринчи севги.
Бу йўлларда сени,йўқотиб қўйдим,
Энди қайдан топай?-биринчи севги?!

Оташин қалб билан,ўртандим,куйдим,
Ўзимни суймадим,-ўзгани суйдим.
Умримнинг энг сокин,гўзал лаҳзасин,
Шу оҳу кўзларга бой бериб қўйдим!

Илк севги,лаби ол,сочлари узун,
Кўксимда бир умр,ечилмас тугун.
Қайданам хаёлим сен томон учди,
Қайданам,мен сени эсладим бугун?

Ўшанда ғўр эдим,мағрур,кўнгли тўқ,
Севгисидан бўлак,хазинаси йўқ!
Илк севгим,бағримни ўйган хотирот,
Сен кўксим унсиз,тешиб ўтган ўқ.

Ўшанда соф эди,бизнинг муҳаббат,
Пок,самимий эди,дилдаги титроқ.
Ҳаммаси бир текис,ўтарди,фақат,
Бироз юпун эдим,бироз соддароқ;

Энди ўша кунлар,қайтмайди сира,
Ўтган кун,сирларин,айтмайди сира,
Мерос қолгани шу,тўрт-бешта сурат,
Бир чимдим эҳтирос,сўнмас хотира...!

Кўзларинг чаросми?-биринчи севги,
Лабларинг гилосми?-биринчи севги.
Висолинг бировга,қайғу ҳасратинг,
Фақат менга хосми?-биринчи севги?!

Мудом таъқиб этар,ўртайди фақат,
Гоҳ меҳр тиланар,гоҳида нафрат.
Тушларимга кириб,қийнайди ҳануз,
Қишлоқ кўчасида қолган муҳаббат.

Кўзларингдан ўпай,биринчи севги,
Юзларингдан ўпай,биринчи севги.
Энди фақат сенга иқбол тилайман,
Бор!!!
Ўзингдан кўпай,биринчи севги...
  • Яндекс.Метрика