Наҳот севилишга етмас журъатинг

Алам

Ёзсам тугамаса сўзларим буткул,
Сарғайса япроқлар, тўкмаса кузлар.
Узсам такрор униб чиқаверса гул,
Суғурсам - даф бўлса кўксимдан ҳислар!

Севмаса олмаса тутишганда гул,
Кўнгил хушлаш учун сузмаса кўзлар.
Севмаса умидлар бермаса, буткул,
Севмаса севдим деб айтмаса қизлар.

Адашган бўлсайдим мен ҳам сен каби - 
Тушунсам: ишқ эмас, бўлсайди ҳавас.
Ўтсанг, титрамаса дирдираб лабим, 
Ўтсам, эзилмасам аламдан бесас.

Кулсам, суҳбат қурсам - дўстим, қардошим,
Яшасам беркинмай кўздан кунлари.
Оғриқлардан қизиб кетмаса бошим,
Ухласам, тинчгина ётсам тунлари.

Ётсам, ётаверсам, ётсам ўликдай,
Турсам атроф бўлса бир гала бежон.
Тирик тан изласам қайс бўлгуликдай,
Топсам - қолган бўлсанг фақат сен омон.

Борсам, тилим ютсам, беун тикилсам,
Изиллаб йиғласанг сен ҳам бесадо.
Секин елкамга бош қўйсанг, йиқилсам,
Ўлсам, ёлғиз қолсанг - сен ва бўш дунё.

Ўлсам..севгим ўлса у ҳам бўлиб тан,
Учсам сўнг руҳ бўлиб, тепангда турсам.
Бақириб йиғласанг, йиғласанг чиндан,
Руҳимгача сингиб кетган бу алам
Балки сўнармиди ўшанда бирдан - 
Ўзимнинг ҳолимда сени бир кўрсам..

*** *** ***

Сюжет

Ҳаётингга бесўроқ кирсам,
Билдирмасанг эътирозларинг.
Ва лек кейин шубҳалаб қолсанг:
Севги эмас - эҳтиросларинг.

Таҳлил қилсанг ҳисларни бир-бир,
Ҳеч биридан топмасанг сабаб –
«Қандай унга боғландим ахир?!»
Тинчинг қочса ўзингни тергаб.

Сўнг совуса қалбинг муз каби,
Бефарқ сезсанг менга ўзингни.
Соғинч қўёлмаса талабин –
Қўмсамасанг ортиқ сўзимни.

Ва айрилсак охири дилтанг,
Такрор бўлса минг йиллик сюжет:
Сен индамай бошқага тегсанг,
Бошқа хотин олсам мен безбет.

…Сўнг фарзандлар кўрсак, яшасак
Ботиб турмуш ғавғоларига.
Ҳатто тан ҳам ола бошласак
Бахтлиман деб. Ороларига

Ўрмалашиб дунёнинг тамом,
Ёшлигимиз хотираларин,
Гўзал дамлар, дард, хато – барин
Унута бошласак беомон.

Аммо қай бир кунда тўсатдан
Тўртта тилда сўзлаша олган
Қизалоғинг шеъримни ёддан
Ўқиб берса сенга аталган.

Аммо қай бир кунда тўсатдан
Тўртта тилда сўзлаша олган
Қизалоғим шеъримни ёддан
Ўқиб берса сенга аталган.

Бундан оғир азоб топмасам,
Танҳо сезсанг ўзингни менсиз.
Рафиқамдан айро ухласам
Шу тун. Сен ҳам эрингсиз – ёлғиз
Ўзга бир хонада йиғласанг.

О, ушбу минг асрлик саҳна
Такрор бўлса яна қайтадан.
Ўзлигимга солганча рахна
Бахтлиман деб қандай айтаман?
Ўзлигингга солганча рахна
Бахтлиман деб қандай айтасан?

Кел, бир сафар, ҳеч йўқса бизга
Бундай сюжет бўлмасин доя.
Бошқаларга ўхшамас, ўзга,
Яратайлик янги ҳикоя!

*** *** ***

Сен қайси оламнинг мавжудодисан,
Нечун муҳаббатдан ҳуркар юрагинг?
Дуоибад қилган қайси ёсуман,
Наҳот севиш учун етмас журъатинг?
Наҳот севилишга етмас журъатинг?

Ёки эҳтимолий дардлар дилингга
Ғулулар қаларми мисли кўрилмас?
Назар сол кўзгуга, тикил ўзингга,
Қара - бахт мос сенга, қўрқувлар эмас.

Қай бир номард сенинг кўнглинг синдирган,
Шунчалар чуқурми у қолдирган из?
Нимадан ҳуркасан айтгин, билдиргин,
Недан ҳайиқишинг эта олай ҳис.

Ҳайиқма! Изн бер менга севишга,
Ўзингга севилиш учун имкон бер.
Имкон бер ўзингга бахтли бўлишга,
Ва менга умид бер, куч бер, илҳом бер!

Қудрат бер, шижоат ҳадя эт! Бутун
Ғашлик, шубҳаларинг тўзғитиб ташлай.
Йўл кўрсат қалбингга кирмоғим учун,
Чин ўзлигинг мавжуд дунёга бошла.

Бошла юрагингнинг энг тубларига,
Муҳаббатга ташна ерларга қадар
Элт мени. Энг нафис туйғуларингга
Синггишиб кетгайман. Ва барча кадар -

Эриб кетар менинг меҳрим тафтидан.
Шунда сени қийнар ўйлар, хотирлар,
Такрор айрилиқ ҳақда зўр хавотирлар
Асло оша олмас ортиқ ҳаддидан...

Ҳайиқма, изн бер менга севишга,
Ўзингга севилиш учун имкон бер.
  • Яндекс.Метрика