Бахтинисо Маҳмудова



Рангин тушлар кўринг, азизим,
Рангин бўлсин дунёларингиз.
Меникидир оқ ва қоралар,
Меникидир энди ёдингиз.
 
Энди менман хатодан адо,
Энди мен- энг тоза жазоман.
Сиз ранжиманг, тушунинг, ахир
Мен бахт эмас, Бахтинисоман.

Гоҳ бездирса, оқ-у қоралар,
Дил йиғласа мендан нарида.
Рангин қўшиқ куйласангиз бас,
Юрагимнинг қиблаларида.

*** *** ***

Омонмисан, бахтиёрмисан?
Парвозларинг ҳануз ўктамдир?!
Мудом титрар эди қарасам-
Қанотларинг гуллаб кетгандир?!

Ҳануз озод бўлсанг бўлгани!
Умринг олиб учавер сархуш,
Юрагимга келиб қўнгану,
Кўзларимдан учиб кетган қуш!

*** *** ***

Эртароқ қайт,
Қайтаринг бўлса,
Шамоллар ҳам топди-ку қўним.
Сокин тортиб қолди япроқлар,
Дарахтларни қўрқитмас ўлим.

О, бу қушлар бунча хотиржам!
Бунчалар тинч оқади сойлар!
На тўлқин бор, на-да битта мавж,
Ё уйқуга кетдими улар?

Сен қайларда юрибсан тентиб,
Қаерларда олаяпсан тин?
Тушунсангчи, дунёга малол-
Менинг ғамгин безовталигим.

Эртароқ қайт...

*** *** ***

Гулнора опамга

Боқсам, кенгликлардай озод келса У,
Боғлар ҳар кунгидай мунаввар бўлса.
Мусича кўнглимга қўниб, кўзимнинг
Ёшларини дондай териб еб қўйса.

Тонгларнинг муниса тун қучоғида
Ибодати қабул қилинса буткул.
Нозиктаъб шамоллар истамаса ҳам,
Бўлмаса, бирорта айро йўл.

Уфқнинг лайливаш сўқмоқларида
Исм танлаб берса руҳимга нурлар.
Мажнуна адашсам, мажнуна йитсам,
Юрагимни қучиб йиғласа ҳурлар.

Сен мендан бир қадам нарига кетма,
Атиги бир фасл йироқлашмай тур.
Умримнинг суманбар саҳифасига
Сен мени жойлашинг керак, мусаввир.
  • Яндекс.Метрика