Шоҳсанам Нишонова



Намли нигоҳлардай олланди шафақ,
Намли либосларин ечиб отди кӯк.
Бир мӯмин оламдан ӯтаркан барҳақ,
Фарёд ургани йӯқ, дод солгани йӯқ.
 
Ӯшанда хайру -хӯш айтди-ю ёшлик, 
Қартайган дунёни қоплади титроқ. 
Ӯшанда тошлар ҳам қилмади тошлик,
Такрор азизланди пойимда тупроқ.

Ӯшанда жимгина мӯминларга хос,
Дунёни тарк этди Ҳазрати инсон.
Бир қалқди, бир куйди, йиғлади бироз:    
Одамга айланди бир тӯп оломон.
 
*** *** ***

Намхуш гулни яхши кӯраман.
Бӯйнидаги  оппоқ дурларини ҳам.
Кӯзларимга тонгда санчилган кескир
Худо берган  нурни яхши  кӯраман.

Деразани очиб қарагим келар,
Жудаям қӯрқаман уни очишга:
Уйимиз ёнида шифохона бор.
 
Яна кимнинг онаси бемор,
Яна кимнимг боласи ӯлган.
Дахшатга солади бу воқеалар.

Зириллар "Тез ёрдам" машиналари, 
Оғриётган жонлар боради...
Чӯчиб уйғонаман овозларидан,
Зириллаган юрагим билан.
Тангрим!
Шифо бергил барига,
Токи-
Мен қӯрқмай очайин деразаларни.

*** *** ***

Ӯқийман, кӯз олдимда
Тарихлар тирилади.
Қодирийни ӯйласам, 
Юрагим тилинади.

Руҳимни тортаверар 
Руҳи уйғоқ одамлар. 
Уйғотгим келар сизни
Йиғлоқ, ухлоқ одамлар.
 
Aйтолмайман ҳақ сӯзни,
Гарчи кутмаса ҳам дор.
Aччиқ ёшлар оқди жим...
Ёшларки, турнақатор. 

Муштдеккина бошимни 
Яшаб юрдим  авайлаб.
Ӯзим учун чоҳ қазиб,
Ӯзим тушгум атайлаб. 

Ғижимланган дунёдай
Ғижимланган юрагим.
Мағлуб полвонман ерга
Тегмаса-да курагим.

Қодирийни отган ӯқ
Овози кӯкка етди 
Ҳалқум деганлар омон,
Халқим деганлар кетди

Aхир бу замон бошқа
Бахтмас қорин тӯқлиги.
Менга алам қилади,
Юрагимиз йӯқлиги.

*** *** ***

Тўкилиб тушади сал шамол тегса,
Кўксимни ҳовучлаб юраман доим.
Ёмон алам қилар қўрқишим,
Бандаларингдан ҳам Худойим.

Сенга элтар йўллар қайда айт!
Нодон кўнглим аҳволи нолон.
Қай дўстимнинг кўзида раҳмон,
Қай бирида шайтон намоён.

Тан олиш бу- мардлик дегани,
Ахир бир кун паймона тўлар.
Икки юзли одамга боқиб,
Қандай қилиб чўчимай бўлар.

Кимдир ўзин,  ким ўзгани еб,
Ясадилар умрга якун.
Одамлардан кўра  xaйвонлар,
Дўст бўлармиш инсонга яқин.

Исён келар, ичимдан исён
Бир ўзингдан бўлак  йўқ шоҳид.
Ҳуркиткани суйкалар мушук,
Қўрқишимни билиб тишлар ит.

*** *** ***

Бувимга

Яшин ургандайин гуллаган боғни,
Битта қанотидан айрилгандай қуш.
Совуқ томонлардан совуқ одамлар,
Бир хат юборишди, хабарки нохуш.

Эрта вафот этган раҳматли бобом,
Бувим бева қолган ўттиз ёшида.
Тақдир терс айланди 6 гўдакнинг,
Ташвишлари ортган сари бошида.

Ёлғиз аёлмасми, асрай деб жонни,
Изғиган итлар кўп, дайди итлар кўп.
Болалар уйқуга кетган паллада,
Бувим олиб ётган ҳимоя деб чўп.

Сўнг йиллар ўтдию урушга кетиб,
Тобутда қайтганди кичкина тоғам.
Мудом тарк этмади нозик жуссасин,
Суяклари қадар зирқиратган ғам.

Биров эшитмаган нолиганини,
Турса-да юраги зардобга тўлиб.
Фаришта дейишса кўзим олдига,
Бувим келаверар биринчи бўлиб.

Замонни кузатиб ғўр бошим билан,
Ўтиб бораверар эзғин хаёллар.
Кўнглимга яқинки жон томир қадар,
Аёлни мўьтабар қилган аёллар.
  • Яндекс.Метрика