
Сен уйғонганингда қуёш аллақачон ҳовли адоғидаги тутнинг шохлари орасидан мўралаб турар, фарахбахш, осуда ёз тонгининг мусаффо ҳавоси дарахтлар соясини ҳали ҳам тарк этмаган; сен кеча қандай етган бўлсанг сўрида ўша ҳолатда юз тубан тушиб ухлаб қолган эдинг; сенинг бутун вужудинг кечаги ичкиликнинг асоратидан қақшаб оғрирди, кўнглинг айниб, томоғинг қуруқшиб қолганди - сен кеча уйга қай ҳолатда келганингни ҳам яхши эслолмадинг, улфатларинг сени машинага ўтирғизиб юборишганди. Эсингда, фақат машинанинг тез юрганидан гувиллаган товуши ҳамда сенга номаълум бўлган қандайдир лойсувоқ уйлар ва жинкўчаларгина сақланиб қолганди. Бошқасини эслолмасдинг. Тўшак боитб кетиб, елкаларинг уюшиб қолганди. Ўрнингдан туриб, хотининг уч кунча бурун ҳали отасиникига кетмасдан олиб келган бир шиша қатиқни музхона бурчагидан топиб олиб ичганингдан кейин кўнглинг айнигани бир оз босилди, ўзингни бардам сеза бошладинг.