Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Июнь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Сардор Салимов



Намозшом. Сочларин ёяр изғирин,
Дилда эсар армон елвизаклари.
Қунишиб, омонат қучар бир бирин,
Япроқлар – хаёнинг эгизаклари.

Ялдо туни каби ўйларим узун,
Сабр қалбга ўяр дастхатларини.
Сарсонликни кийдим асрамоқ учун,
Шамол эрмак қилган ҳасратларимни.

Ёрилиб кетсайди чўнг томирларим,
Руҳим озод бўлса мендек қолипдан.
Ярадор жангчидек бесас “иҳ”радим,
Ҳоли мағлублардан абгор ғолибман.

Бекат:
Тамакининг қолдиқларида
Аксланар чекилган дардлар вужуди.
Айюб руҳи бордек чинор бағрида,
Шунчалар гўзалми дарахт сужуди?!

Оққушлар –норизо кетган пирларим,
Сабоғин унутган ношуд толибман.
Қанийди ёрилса чўнг томирларим,
Руҳим озод бўлса мендек қолипдан.

*** *** ***

Қуёш тирнар осмон кўксини,
Қон сачрайди шафақ юзига.
Каниз гуллар тавозе билан
Шом этагин суртар кўзига.

Олислайди ёруғлик дилдан,
Гирдимда шам:сочар ёлғон нур.
Парвоналар ютоққан кўйи
Оловларни ўпар баҳузур.

Бунда эсдан оға бошлар вақт,
Лаҳза гўё йилларга татир.
Кузни кутган илҳақ турналар
Хаёлимга келар негадир.
Ҳайдалмаган осмон бетига
Уруғ сочар бободеҳқон тун.
Афсус ҳосил қуёш юборган
Нур селидан қолмагай бутун.

Чирилдоқлар айтар қадаҳсўз,
Қалб – идишга ой қуяр чоғир.
Синиқ жомни кафтингда тутиб,
Тонгни кутмоқ қанчалар оғир.

*** *** ***

Р.га

Қачонки қайғуранг кўзингга боқсам,
Нидо яқин каби туюлаверар.
Тилимдан ўрмалар сўзларим оқсаб,
Видо яқин каби туюлаверар.

“Мен сени ҳеч кимга бермасман, ишон”,
Вадалар кўксимга санчилар чунон.
Турна, баҳор келди деганинг ёлғон,
Ялдо яқин каби туюлаверар.

Бунча кўникувчан одамзод кўнгли,
Бироқ ҳижронлардан кетаркан ўнгиб.
Ёмғирзор чорлайди. Куздайин мунгли
Садо яқин каби туюлаверар.

Тобора бахт биздан чекинар нари,
Юракка йиқилар ғамларнинг бари.
Сендан йироқлашиб кетганим сари
Худо яқин каби туюлаверар.

*** *** ***

ЁЛҒИЗЛИК
(сонет ўрнида)

Қўзғалади юракда қуюн.
Туйғуларни қоплар мавҳумлик.
Дудоқларга чанг солар жимлик,
Руҳ чалади телбалик куйин.

Теваракда ел тушар ўйин,
Ўйлагандек ғалати шумлик...
Кўринади умр бир зумлик,
Хотиралар уйғонган сайин.

Сўнгги қувончлар ҳам сўйилар,
Бўшлиқ чорлар, поёнсиз бўшлиқ.
Манзил гўё яқин туюлар.

Илтижолар... барчаси абас !..
Томирларга ёйилар ғашлик.
Қўйвормагай номаълум қафас.

*** *** ***

МАНЗАРА

Азонга айланиб кезинар Раҳмон.
Қариб борар офтоб бошлаган сафар.
Ҳорғин вужудига қўниб намозшом,
Хокистар рангига бурканар шаҳар.

Ғилдираклар эзар бағрин беаёв -
Ҳарорати тушмай асфалт алаҳлар.
Енгилгина титраб қўярлар гоҳо,
Шамолни тушида кўрган дарахтлар.

Қачондир ишқ макон қурган ўриндиқ,
Устида мудраган дайдидек мискин.
Кўкни пайпаслаган нигоҳи сўниқ
Шоир тамакидан излайди таскин.

Раҳмон кезиб юрар азонга дўниб.
Лек ҳамон мустаҳкам шайтон қўриғи:
Қадамлар остида (балки қишга деб)
Чумоли судрайди жонсиз шеригин.

*** *** ***

Йўлга чиқсанг.
Сўнги ноаён йўлга.
Ортингдан югурса тийрамоҳ - сатанг.
Ҳар бир одимингни гуноҳга йўйган
Бенаво руҳингни чекиб тугатсанг.

Бўшлиққа боққандек термулсанг кўкка,
Боққан сари дилда ҳасратинг ортса.
Мезон сўқмоғидан судралиб ўтган, 
Қувғинди хазонлар илкингдан тортса

Дарахтлардан қарғиш ёғилар - ёниқ,
Рўпарангда совуқ зулумот ҳозир.
Оловли кибрига ўраб дунёни
Мағрур кезиб юрар ғолиб Азозил.

Йўлга чиқсанг.
Сўнги ноаён йўлга,
Шўрланган армонлар тўлдирса кўзни.
Чексиз муҳаббат-ла қучиб ўлдирсанг,
Кетмоғингга изн бермаган кузни.

*** *** ***

СОНЕТ

Қуёш ҳазар қилган сангруҳ самода
Жуфт нигоҳ кезинар - илинждан маҳрум.
Бугун ўтиб борар - эртадек мавҳум.
Абас бир ўтмишга бўлиб ҳамоҳанг.

Намозгар - тийрамоҳ тушидек маҳзун: 
Фалаж қўлин артар ҳарир саболар.
Зирқирайди хаёл оғир садодан,
Бошимга ёмғирлар сочадир мавсум.

Эрксизлик чайқалар тоза кўзларда,
Вақт эса ҳўплайди мискин рўзларни.
Кулгуларни сўриб улғаяр баҳор.

Қўшиқлар туюлар мунгли бўзлардай,
Таскин ҳам топилмас тафтли сўзлардан.
Умр бой берилар шу тақлид наҳот?

*** *** ***

Чақмоқ

Чоклар тушди осмон кўксига,
Пойафзал остида эзилар бахтлар.
Зайнабдек дабдирар қалби ўксиган,
Кўйлаги йиртилиб кетган дарахтлар.

Занглаган сувларни урдим юзимга,
Рутубатга тўлган шаҳарни кездим.
Изладим ўриндиқ ёриқларидан
Титраган бир жуфт қўл туташган кезни.

Мовийлашиб борар хотираларим,
Видо иси сузса намхуш ҳавода.
Томчидек ерпарчин ҳисларим билан
Бир оғиз қуёшли сўзга гадоман.

Симирдим хазонлар қуйилган жомни,
Ютоқиб чекканим – тутаган андуҳ.
Юракдан учириб сўнгги турнани,
Кузга сингиб борар баҳорпараст руҳ...

*** *** ***

Бир лаҳза хаёлдан кетмайдиган қиз,
Ёди юракни тарк этмайдиган қиз,
Оққуш каби учган кўнглим кўлидан
Бўйи елкамга ҳам етмайдиган қиз.

Дилга сўроқларни ортиб кетган гул,
Тикани қалбимни йиртиб кетган гул.
Кўзларимга мунгни суртиб кетган гул – 
Бўйи елкамга ҳам етмайдиган қиз.

Хазонман тақдири боғланган кузга,
Суянчим қолмади тупроқдан ўзга.
Армонкуй – томирим қатидан сизган – 
Бўйи елкамга ҳам етмайдиган қиз.

Мени адо қилган кўзларга қасам,
Тилим айланмайди бахтдан куйласам.
Бўйим етмас экан сенга ўйласам,
Бўйи елкамга ҳам етмайдиган қиз.

*** *** ***

Қанийди кўксингдан сидириб ташлаб,
Кул қилсам оловтан жабрларни мен.
Асрасам қароғинг остида яшаб,
Кўзларингдан оққан сабрларни мен.

Куз.
Ўзни дарахтдек сезаман гоҳи,
Ҳисларим сарғаяр қуёшсизликдан.
Билмадим неларнинг бесарҳад оҳи
Муштдек юрагимни айламиш Ватан?!

Осмон бунча олис?
Булутлар кўзи 
Урилиб чилпарчин бўлар тупроққа.
Хаёл элтар...
Ҳаққим бормикан ўзи
Чумоли ин қурган йўлдан юрмоққа?

Турналарга кетмоқ осон дейсанми
Севгисига доя бўлган маъводан.
Симирсам бир таскин яйратар танни,
Муҳаббатим нафас олган ҳаводан.

Хазон битиклардан уқдим бир маъни:
Қай дилда дард яшар, у кузга қардош.
Бизнинг вужудга ҳам кўчсайди қани,
Дарахт танасига чизилган бардош.