Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Июнь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Гулнор


Ўйларим яна ўйлар ичида, 
Яна сенга қиламан риҳлат. 
Кел, 
истаган пайтинг келавер, 
Бутун умрим — сен учун муҳлат!

*** 

Мен сенга қўшилиб ёниб боряпман
Ва сенга тобора томиб боряпман.
Кўзёш билан сочилган танни
Сенинг кўзларингдан териб оляпман...

*** *** ***

ИККИ ҚАЛБ

Чалади ёғмурнинг томчилари куй,
Майсалар—санамлар тебранар аста.
Ёғмурнинг дўстлари қўзиқоринлар,
Жигарранг бўйрадан мўралар аста.

Томчилар кўзлари шаҳло-ю шаффоф,
Менга боқиб турар дарпардалардан.
Мен бу сен, сен бу мен.
Ҳа, асли шундай!
Ахир инсон бунёд сув зарралардан.

Сўзлайди томчилар: «Чиқ, кўчага чиқ!»
Ернинг кўзларини қувонч ёшлайди.
Висолга етишган ёғмур ва ернинг,
Севги қиссалари эса бошлайди...

*** *** ***

Мажнунсан! Чайқалиб турасан бетин,
Фарёдинг савалар бутун танамни.
Бўрон бўл, совуриб ташлагин токи
Қонимга қўшилиб кетган аламни.

Туфроқий жуссамни тинмай поралаб,
Ботинимга сингиб бораётган – Сен.
Изтиробдан тўйган, юрак-бағри хун,
Қовурғамга бошинг ураётган – Сен!

Яктагинг баридан тўкилган бу ишқ
Таним узра ёғсин ― ювилсин ғубор.
Беомон қуюнга айлангин-у сўнг
Бу қафас танимни совуриб юбор!!!

*** *** ***

Нафасим тафтидан қизийди ойна,
Сен куйга чўкасан. Ичингда ғулув.
Ойнажон, йиғлама, менинг ўрнимга
Ахир у хоҳишим ила кетган-ку?!

Туфроқий қабоғим намланган пайти —
Бўғзимга урилар  заминнинг иси.
Оҳангларим чарчоқ таъмини татир
Оқ қора клавиш айирди бизни.

Осмондан чакиллаб томган йўлакда,
Қадамларим–хотир, изладим сени
Энг янги оҳангни қалбингга шимиб
ҳаёт қамоғидан қутқаргин мени!

Биламан, кечирим сени қарғаган...

*** *** ***

Менинг шаддодлигим барчага аён,
Тилим ҳам қалампир шаклига кирган.
Дардимни беркитиб минг бора кулсам,
Демакки, бирида лабим ёрилган...

Кўзимга сиғмасдан кетяпти дунё,
Сиғмаган – аламлар,  сиғмаган – ситам.
Мендан узоқроқ юр, нозик кўнглингга
Озорлар бермайин, эй Мажнунгинам!

Томошабин дилни излаган кимлар?
Мухлисларга интиқ келмайди-ку шеър!
Аёндир ― меҳнатсиз ҳеч нарса унмас,
Манглайдан ҳикматсиз оқмайди-ку тер.

Тангрим, ибтидойим, якуним ― гуноҳ...
Ҳузурингга бебурд бора олмайман.
Соппа-соғ «сўқирлар» тўлган дунёда
Асло томошабин бўла олмайман!

Халқ дардин беркитиб бир бора кулсам,
Розиман, минг бора лабим ёрилсин...

*** *** ***

Анвар Обиджоннинг пок хотираларига бағишлаб

Само дардкашидан айрилди яна,
Муздек ёш қалбидан кўзига тошди.
Дунё–фонийлиги барчага маълум
жамики умрнинг ўлими–фошдир.

Киприги намланди кекса чинорнинг,
илдизини муштлаб йиғлайди сим-сим.
Само қулоғига Ҳақ даргоҳидан 
Бир сўз чалинади:
«Келдингми, иним!..»

*** *** ***

Ишқ дея кел, зулмат дунёга
нур таралсин юрган изингдан.
Хотирамнинг меҳварларига
сон саноқсиз ашким тизилган.

Минбаъд қадам ташлайвер, шахдам,
Ишқ миххати тушар кўксимга.
Шоҳ ва мотдан тўйдирди ҳаёт,
Ичсам, шароб қайнар бўғзимда.

Қадамингдан титрасин Кабир,
Нафасингда соллансин шамол.
(У келарми, тан борарми ё?..)
Хаёлимни қийнар шу савол.

Ишқ дея кел, товонингдаги,
Тиканларинг теради мужгон.
Қани энди ташна жонингга,
Бир қултум сув бўлсайдим шу он.

Ишқ дея кел, нажиб ишқ деб кел...

*** *** ***

Ўргимчак нафсига кутади ўлжа, 
Қонсираган нишлар, қонсираган тиш. 
Пул деса подшо ҳам қул бўлиб ишлар, 
Керакми шунчалик рақобат қилиш?! 

Ботмондек-ботмондек тилла зираклар
Оқбилак қулоғин йиртгудек бўлди. 
Ўйлайман, бувимдан қолган гуручдек
Зиракдек камтарлик қаерда қолди?

Эй инсон, агарда сен истамасанг, 
Сўқирликни ҳеч ким йўқотолмайди. 
Кўзларга ҳўб жило таратган билан
Жирканчлик гўзаллик бўла олмайди! 

*** *** ***

Аввал қуёшингга ўргандим Ватан,
Сарин саболаринг уйғотишига.
Башарни демайман чунолиларнинг,
Шодлик ато этгин азиз бошига.

Тўлдиргин, Аллоҳим, қалбимга сиёҳ,
Жисмимга бардавом сўз бер, қалам бер!
Қуёш уфқ пинжида ухлаган пайти
Энди мени фақат уйғотади шеър,

Энди мени фақат уйғотади шеър...

*** *** ***

ДАРАХТ

Кўзимдан томчилаб яралган дунё, 
Кўзимда томчилар яратган дунё.
Кўксимга сафобаҳш буюк эътиқод, 
Изтиробла илҳом таратган дунё.

Ўзимни ўзимдан изладим толдим, 
Ўзимни охири ўзимга солдим.
Баъзида эсламоқ умиди билан, 
Ўзимни дўстлардан қидириб бордим.

Кўришдим.Тун–денгиз, танга сузарди, 
Юлдузлар кундузлар йўлин тўсарди.
Баъзида мен уни суғориб кўйдим,
Кўзим қароғида дарахт ўсарди.

Мен бир дарахтимни сувсатган мироб,
Шундайин сувсизман,денгизман ҳароб.
Шеърларим асири Гулнора эмас,
Улар муаллифи соғинч,изтироб.

*** *** ***

ҚАЛБ СИМФОНИЯСИ

Олам оханглардан иборат асли,
Тонгда бошлар ҳаёт мусиқасини.
Ўн олти баҳордан бери кўксимда, 
Чалябди юрагим симфонясини.

Қушлар жўр бўлишиб қувнайди баъзан, 
Томирда қон каби мажланар дарё.
Ҳар инсон забардаст куйлаши керак, 
Кўплаб шивирлаган овозлар аро! 

Оқ қора клавиш—оқ қора қўзлар,
Қорадан оқгача бўлган чексизлик.
Сенсизлик—кўзимдан томчилаган куй, 
Ва сенинг кўзингда қолган менсизлик.

Сенсизлик, менсизлик яна шу сўзлар, 
Бетҳовендан менга қўчган "For Elise".
Кўзларинг чалмоқда симфонияни, 
На мен-у, на сен-у, на-да у эмас.

Қалбимиз бир, қараш, яратилиш ҳам, 
Оҳори кетмасин вақт сониясин.
Қувнаб яша токи кулгуларингга,
Жўр бўлсин юрагинг симфонияси...

*** *** ***

Қайдадир золим тун тор саватига
Телба ишқ ёшларин тизиб борётир.
Оппоқ кўйлагимнинг қаватларига
У кутган саҳарлар сингиб борётир.

Қушларнинг чуғури уйғотиб сени,
Саболар сочимдан атир келтирсин.
Ғам-у андуҳларинг чўққиси эниб,
Менинг хаёлларим томон элтсин.

Сув бу не, у сенсан, туфроқ ҳам ўзинг,
Тун бўйи кўзёшдан олиб таҳорат.
Ишқнинг азобига берсанг-у тўзим,
Сочларим устида ўқисанг оят...

Тобора ёришиб боргандай само
Тобора ёришиб борса кўзларинг.
Дилингда чексиз бахт туйсанг-у аммо
Тилингда ҳижрондан бўлса сўзларинг.

Қаро сочларимдан тун томчиласа,
Ёлғиз сен имдодим, мен томон елсанг!
Бир даста қувончни келтириб омон:
«Бомдодам, мен – сенинг, сен учун!» десанг.

Юрагингдан тўлиииб «Бомдодам!» десанг...

*** *** ***

Ёмғир бўлиб тўкил киприкларимга
Балки, унутдимми тўкилганлигинг?
Сувдек сингиб олиб иликларингга
Сўнгги чокимгача сўкилганлигим...
«Ё, худойим,– десам, ё худо» десам,
Худо, деб соғинган бандам бор десам,
Кўзимдан тўкилган ёшга ёр десам,
Айтгин, тушларимга тўкиласанми?
Азизим, мен каби дунёга сиғмай
Сўнгги чокинггача сўкиласанми?!
Ёмғир бўлиб тўкил киприкларимга...

*** *** ***

ШОИРЛАР УЧУН

Қоғозлар отилди,
Қаламлар синди, 
Бошини чангаллаб ўтирар шоир.
Чарчадими билмам изтироблардан, 
Ёки ҳаёллари қилдими асир.

Овозлар келади ён атрофидан,
Майин сас шеърларин ўқий бошлайди.
"Бу қандай...товуш бу? "-дегани маҳал, 
Синган қаламила бошин қашлайди.

Шунда синган қалам ўзини ўнглаб, 
Шайланар ёзишга, созлайди ўзин.
Қоғозлар қидириб шоир қўлларин, 
Оппоқ юзи билан тикади кўзин.

Шоирнинг ҳислари бўлар намоён, 
Кўзига мўжиза кўринар ажал.
Унинг кўзларига дунё бир жаллод, 
Изтироб юракни силжитган маҳал.

Ҳаётий эҳтирос кўзга кўринмас, 
Доимий изтироб буюк бахтингиз.
Қоғозлар сиз учун отилиш истар, 
Синган қаламлардан бунёд тахтингиз.

*** *** ***

Мадинага

Бону, улар сени тушунмайдилар...
Ёнига бормагин дарднинг уйини!
Шўх еллар ҳар битта тола сочингга —
илади Макканинг мушкин бўйини!

Қошларинг уйилмиш.
Унутмаки сен
Эврилсанг, эзилиб кетади дунё.
Қара сенинг севган томчинг, ёмғир ва
юзларида шабнам кичкинтой – ҳулво.

Томчилар юзингдан олади бўса,
Мени вайрон этар тобора рашким.
Қарагин самони тўлдираётир
Қошлари уйилган садпора ашким.

Шалаббо этайми ишқимла сени?..