Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Июнь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Лайло Собир қизи


ОНАМГА

Сабрқушнинг қанотлари ҳали ўктам,
Умид отлиқ  жангчимиз бор дилимизда!
Кўзимизни безабдида гоҳо шабнам,
Ахир баъзан ҳеч не келмас қўлимиздан...

Не бўлибди тақдир зайли шундай бўлса,
Кимда қисқа, кимда эса узун умр.
Юракларда бугун тинмай зулмат кулса,
Эрталарни ёритгувчи шамс бор ахир!

Пешонамиз саҳни узра нелар чопмиш?
Оқ ва қора ранглар бунда айламиш жанг!
Ёмонликку, бир кун йўқлик сари чўкмиш,
Юксаласан эзгуликчун жангга кирсанг...

Тўғри, баъзан оғриқларинг қийнади хўп...
Юрагингда милён йиллик чандиқлар бор!
Кел кафтингни кафтга олай...қўяй ўпиб,
Унда умринг йўли-кўп-кўп чизиқлар бор!

Руҳсат айла, ғамларингга алла айтиб,
Сочинг силаб, ёнгинангда ўлтирайин!
Йиғи нима-қўйиб тургин тунни ҳайдаб,
Кулгучимда сенга тонглар келтирайин!

Бардошингга қойил дегум, унинг бўйи,
Жонгмалунгма чўққисидан минг бор узун!
Сенинг ўша чандиқ тўла юрагингда,
Некбин-некбин туйғулар бор...улар бутун...

Ёзсам, ёзсам, ёзаверсам, тўхтамасам,
Сенга йўллаб гўдак бўйли тилакларни...
Кел, азизам, бундан буён бахтли бўлиб,
Чандиғини даволаймиз юракларнинг!

Жонгмалунгма- Эверест тоғи ёки Қомолангма, Сагарматҳа ёки Чомолунгма (Jongmalunga) ер юзидаги энг баланд тоғ бўлиб, денгиз сатҳидан баландлиги билан ўлчанади. Осиёнинг Ҳимолай тоғ тизмасининг бир қисми бўлган тоғ Непал ва Хитой чегарасида жойлашган.

*** *** ***

СЕНГА

Кўзларимнинг ҳовучида келтирдим сув,
Кафтларингни очмайсанми? Тўкай дув-дув...
Сўнг сен уни сочадирсан пешонамга,
Ахир тақдир шўрин ичиб 
бўлмайди-ку!
Баҳорим ҳам қуриб-қақшаб битурми, айт?
Ёки манглай шўри бир кун кетурми, айт?
Юрагимни тузли тоғлар эгаллади,
Қачондир вақт бахтни туҳфа этурми, айт?!
Худо ҳаққи бўғзим куяр, даво қайда?
О, бу қалбим зулмат, ёруғ-зиё қайда,
Пешонамнинг шўрларига кўзин юммас,
Бағрикенгим! Ваъдангдаги дунё қайда?!

*** *** ***

Пойингга сочилиб кетяпти ишқим,
Ишончимнинг ранги қуюқ қайғуранг...
Дил дардини сезмас танаси бошқа,
Тошдилликка таслим бўлгансан бежанг...

Қотиб қолган лойга ўхшар ҳис билан,
Қалбда ишқинг наҳот ҳали ҳам  мавжуд?
Бу фақат ўзини алдашга ўхшар,
Айт-чи, муҳаббатсиз жонли қай вужуд?

Ёзнинг ёмғиридек узоқ кутилган,
Бир оғиз жумлангга интиқман, интиқ!
Сўйла кўзларингнинг денгизларида,
Битта сўз жо бўлсин 
«Тирикман, тирик!!!»

*** *** ***

ДУНЁДАГИ ЭНГ ЯХШИ АЁЛГА

Тонгнинг кипригига илинди кўз ёш,
Қуёшнинг бағрини куйдурди дардлар.
Сен эса энг тоза хаёллар билан,
Тангримга тинмасдан ёзасан хатлар...

Ўйлайсан...
«Ҳеч кимса кўрмайди кундалигимни,
Қоғозга сиёҳла тўкилар қадрим...
Юракда милёнта юлдуз оташи,
Буни сендан ўзга билмайди Тангрим...»

Хатингга ғилофдир дилдан сув ичган,
Самони ўзига сиғдирган- хаёл!
Сен эса болангдек-дардларни қучиб,
Раббимдан  шукрлар сўраган аёл...

Интизор кутасан туннинг келишин,
Саҳарни ва шомни жуда севасан!
Кўтариб келганда азоб қиличин,
Шукроналар ичра қалбдан қувасан!

Бир куни...
Туннинг бағри бўлиб кетди зулматранг.
Тонгнинг кўзларига савол қадалди...
Сен эса... кичрайиб борар эдинг ё,
Кундан кун улғайиб борарди дардинг...

Чидадинг! Барини «пешонам» дединг,
Сўйладинг «яшадим дунёда бекам»
Сенга ҳавасдаман , азизам, чунки,
Сабру матонатинг дардингдан улкан!

*** *** ***

Қалбингдан жой олган қадимий исён,
Ҳислар вулқон бўлар-оловлар ичиб!
Ойни ёстиқ қилгинг келганча баъзан,
Ухламоқ истайсан ўнгингдан чўчиб...

Шамснинг нурларига беланган-хаёл,
Руҳингга тонгларни айлайди туҳфа!
Ўзингга сукутла берарсан савол-
«Не учун ҳаётдан бўларсан хафа?!»

Дунёдан бош олиб кетгинг келади,
Гоҳида топ-тоза нафасдан кечиб!
Бу ғамгин дунёда, рангин дунёда,
Қайга ҳам борардинг ўзингдан қочиб?!

*** *** ***

Тушларимда камалаксоч орзуларим
Юрагимга бахтчўғларни қалаб кетди,
Чопавериб, лекин сира ета олмай,
Изтиробнинг тиззалари қонаб кетди.

Шундан бери ўз-ўзимга қадрим осмон,
Қуёш менга дўст тутинди шундан бери...
Кипригимда зир қалтираб турган армон,
Энди мени бошламай тур ўтмиш сари...

Хотирларинг хазонига кўмган эдим,
Баҳорларга интиқ ўтган бу юракни...
Энди эса тиним билмай тушларимда,
Келажакни кўраяпман,келажакни...

*** *** ***

Зулмат чирмасада қалбим чаманин,
Энди сенга ошкор қилмайман, сира!
Барин ичга ютмоқ минг чандон осон,
Айбсиз айбдор бўлиб қолгандан кўра!

Хаёлим-ҳаётга кўчмаган дунё,
Само-юрагимнинг олдида зарра!
Сен мени инсон деб кўрмайсанми ё?
Агар шундай бўлса, айтгин баралла!

Дардлар ёмғиридан киприклар зада,
Йиғламай қўймоқлик-бунданда баттар!
О, кўнглим этардим сенга бахшида,
Бир бора қувончдан йиғлатсанг агар...

Туни билан йиғлаб чиқади замин,
Алам тош отса дил дарчаларидан...
Само бутлаб олган мовий ойнасин,
Чил-чил бўлган қалбнинг парчаларидан...

Исёнимни ичга ютаман...аммо,
Қалбимдан ўзини ранглайверар уфқ!
Зотан қадринг ҳадсиз бўлсада «Дунё!»
Жимгина жим бўлдим...
Жимлигимдан қўрқ!

*** *** ***

Менинг жойим охирги қатор...
Биринчига интилмайман ҳам!
Алам қилар , ахир не учун,
Бунча қиммат емаган сомсам...

Бузмовдимку қон-қариндошнинг,
Олмосдан ҳам метин риштасин.
Мен “хато”га айланиб қолдим,
Юрагимга азоб қурди ин!

Истамовдим, истамаганман,
Бахтсизликнинг боши бўлмоқни.
О, билмайман, не асли ҳаёт,
Ҳар онда минг бора ўлмоқми?

Ундан кўра афзалмасмикан,
Бахтсизимни бахтли этмоқлик?
Мендан бахтни тополмаганнинг
Ҳаётидан чиқиб кетмоқлик...

Унга катта туҳфа бўлар бу,
Менсиз равон бўлмишдир йўли.
Ва зора мен кетганимдан сўнг,
Баҳорланса қалбдаги чўли...

Менинг жойим охирги қатор,
Ва у жой ҳам қолади бўм бўш...

*** *** ***

О, дардим ичимда, дарддошим қани?
Бахт менинг эгизим-қардошим қани?
Ойман, қалбим узра томирин ёйган,
Зулматни ўлдирган қуёшим қани?

Метинлашиб ўсар сабрим дарахти,
Совурилиб кетмай бебаҳо вақтим,
Менга англтгувчи энг гўзал бахтни
Сарҳади  минг осмон бардошим қани?

Ёндим, ёнавердим, муттасил куйдим,
Кулиб боққан дунга қовоғим уйдим,
Нега кулишнимас, йиғлашни суйдим?
Севинмоқлик ҳиссим-бебошим қани?

Менга қўл чўзганлар қучди ҳавони,
Ўз билган рангимга бўяб дунёни,
Барибир яшадим ёндириб...ёниб...
Қалбимга нур чизган наққошим қани?

Йўлла...
Нурга лим-лим кунларни ё Раб,
Изнингла бахтланар онларим, ёРаб!
У келар...Ёритар тунларни ё Раб!
Сенга элтадиган бахтдошим қани?

*** *** ***

Аввалига йиғлади юм-юм,
Кўзларига ботди шабнамлар.
Юрагини аламзор билиб
Қийғос-қийғос гуллади ғамлар.

Осмон қулаб тушди бошига,
Тин олмасдан, қайта ва қайта.
Метинлашиб бундан бардоши,
Умид ўсди-Самодан катта...

Ўзи янглиғ улғайди ҳислар,
Дил олдида замин бир сиқим...
Қуёши бор нурли ва улкан,
Сўндиролмас зиёсин ҳеч ким!

Аввал ундан қочар эди бахт,
Ҳозир ўзи келмиш ахтариб!
Улкан қалб у! Қилмайди писанд,
Майдалашиб кетган дардларни!

*** *** ***

Дазмолга интизор либосдек ғижим,
Ҳисларни пойингга отяпман, баҳор!
Уларга ўзингдан бергин бир сиқим,
Уларни ўзингга жўнатиб юбор!

Кезсинлар зийнатли оламинг аро,
Ранго-ранг нурларга беласин бу сайр!
Туйғулар гар сендан бўлсалар айро,
О, бунинг охири бўлмас бахайр!

Зеро туйғуларнинг улкан элида,
Қуёшга интизор ҳислар гули бор...
Уларни шабнамга чаймоқлик керак,
Токи юракка ин қурмасин ғубор!

Баҳорим, ҳали ҳам тентиб юрибман,
Совуқда қолдирма-дил қолар музлаб!..
Осмонни ва мени боғлаб туради,
Юрак хазинаси-камалак ҳислар!

*** *** ***

Умрим қай бекатда йўловчи ҳозир?
Қай бир манзил томон отланди экан.
Юлдузлар санчилиб қолар руҳимга
Оловга ўралган тушлари билан.

Тунов кун шамолга  дардимни айтдим-
Бошин олиб ,қанот қоқди узоққа.
Етим қолиб кетган дайди боладай,
Йўлим йўқ ўзимдан қочиб кетмоққа.

Қисмат тиним билмай ичади ашким,
Ўзига тож ясар кулгуларимдан.
Сукунат сасидан сипқораман жим
Руҳимда ғалаён
«Мен ахир кимман?»

Кўнглимни безаса тонгларни севган,
Бахтга айланмоқни истаган ҳислар...
Ўзимдан қочишни эплай олмаган
Мен эса...
Юрибман Қуёшни излаб!

*** *** ***

Минг битта осмонга тенг келар қаддинг,
Бахтгул ифорини  ҳис қилар қалбинг,
Унут бўлиб кетар , азизим ,дардинг,
Агарда мен қувонч , табассум  ичиб
Жилмайсам!..

Сен сиғмай кетасан дунёйи дунга,
Ланъатлар ўқийсан кеча....бугунга,
Қалбинг бўялади азобранг хунга,
Агарда мен ўтли дардларни қучиб
Мунғайсам!..

Сен шодлик уфқида порла, Қуёшим,
Нур сочсанг ҳеч  кўздан оқмайди ёшим,
Эй, менинг суянчим, менинг бахтдошим,
Шамсдилим, майлими , қалбингга кўчиб ,
Улғайсам...

Сўнг унут бўлади барча ғамимиз...

*** *** ***

Билмайман, нимага ҳаққим бор ўзи?
Чегара чизиб бер ҳадсиз ҳаддимга.
Неча минг денгизнинг ватани кўзим
Сендан кўра кўпроқ шерик дардимга.

«Нима ишинг бордир?!»-дейсан бемалол,
Ишон, энди сира ёрмайман кўнглим!
Руҳимга ёпишиб олган бир савол
«О, ахир, сўйлагин, мен нима қилдим?!»

Тонгларни бошимдан сочгин ҳовучлаб,
Қулингдан келмасми?!
Қулар фалагим...
Чап кўксим остида чиқади йиғлаб,
Етим ҳислар билан қолган юрагим...

*** *** ***

ЮРАГИМ

Менман ўзлигини  ахтараётган,
Ўйларим ўргимчак инидек чигал.
Қайта туғилмоғинг керак!
Туғилсанг,
Нур бўлиб, тонг бўлиб, шамс бўлиб ярал!

Менман нураётган девордек ночор,
Менман пок умид ва ишончга маҳтал!
Кел! Ғамни ўзинг-ла эритиб юбор,
Шодлик, омад бўлиб,  бахт бўлиб ярал!

Пешонам саҳнида чопқиллаб юрар,
Вақтнинг қўлин тутган тақдири азал.
Кўзим кенглигида  ярқираб  турар,
Дур бўлиб,сел бўлиб , ашк бўлиб ярал!

Қайтадан дунёга келгин!
Нурафшон
Ҳали ҳеч ерда йўқ нур бўлиб тарал!
Осмоний, иймоний ҳамда илоҳий,
Ишқ бўлиб!
Ишқ бўлиб!
Ишқ бўлиб ярал!

Ярал...

*** *** ***

Кулгучимга қуёшжонни тақиб олдим,
Юрагимда бахтчўғларни ёқиб олдим!
Кўзларингга боққан эдим-порларди ишқ,
Менсиз сира яшолмассан уқиб олдим!

Тонг сочини шамол ўйнар, қушлар куйлар,
Баҳор қизи-гуллар тинмай сочар бўйлар!
О, қандай бахт, хаёлингнинг сарҳадини,
Безаб турса камалакранг, ёрқин ўйлар!

Бахт бахтингга ҳавасланса қандай бахт-а?!
Менинг қалбим чексизликдан минг бор катта!
Шукроналик муҳрин босмиш ботинимга
Мажнундилим туҳфа этган муҳаббатла!

*** *** ***

Биёбонда унган мойчечак мисол,
Қалбим умид қилар ёруғ кунларга...
Ва гўзал гулларга бурканиб хаёл,
Шукур айтмиш кеча сўнг бугунларга...

Ҳаётнинг маъноси асли шумикан?
Сабри осмонларга куларми толъе?
Бахтларни қучоқлаб чопган онларнинг,
Қадрига етмасдан яшадим балки...

Илгари куйлардим, о, куйиб, ёниб,
Баҳорнинг дилимга келмаслигини...
Ҳозир-чи , англадим, бандасин Раббим
Ҳеч қачон ноумид қилмаслигини...

Саҳронинг қўйнида унган мойчечак,
Умри онам тотган умрга ўхшаш!
Бахтиёр онларга элтади бешак,
Синовда тобланиб, курашиб яшаш...

*** *** ***

Кўзинг ойнасида ненинг сурати?
Севгига лиммо-лим эрурми қалбинг? 
Шамс бўлиб, ҳилолнинг ишқида ботиб,
Ҳатто сўнишгада сиғурми ҳаддинг?!

Саволим бисёру, жавоб бормикан?
Менсиз яшамоққа топилурми куч?
Бахт-чи? Бизнинг ила бахтиёрмикан,
Ё буларнинг бари пуч хаёллар, пуч...

Сенсиз бўстон бўлмоқ пешонам эмас,
Юрак кўтаролмас бундай озорни...
Баҳорман, о, сенсиз кузакка тенгман!
Айт, ишқсиз гуллаган баҳор баҳорми?!

*** *** ***

Гўё бари аён бўлган аввалдан,
Кўзда ёши билан «бахтлиман!» дерди.
Қалбининг йиғиси-дардлари билан
Қандай куч ила у табассум қилди?!

Йилларни кўтарди елкаларида,
Оғир, минг осмондан оғир у йиллар...
Дардсиз юрагимдан анча нарида,
Бир аёл ҳали ҳам табассум қилар...

*** *** ***

Кўзимдаги нима? Бунга қизиқма ҳеч,
Зулматларга кўмма ўнгу сўлларимни.
Ҳаловатда яшамоқни истаяпман,
Бахт бермасанг тутма эди қўлларимни.

Ёмғир билан сирдош бўлдим, бесўз, бесас,
Унинг ёши обод қилмиш чўлларимни.
Энди асло кўрсатмайман, мумкин эмас,
Кўзларимда кўзи ёрир селларимни!..

Ҳали ҳамон зулматларга енгилмадим,
Эрталардан излаяпман куларимни...
О, азизим, ўшангача асраб тур жим,
Қачонлардир қурийдиган гулларимни!

*** *** ***
Мен билансан!
Мен билансан!
Мен билансан!
Бахтинисо Маҳмудова


Сен биланман!
Кўзларимдан кўзларини узмагай бахт,
Ўнгларимда, сўлларимда кезмагай дард,
Тақвимимга сенсизликни ёзмагай вақт,
Сен биланман!

Бир қадамдир, бўйи мендан кичик осмон,
Сирли осмон, ҳадсиз осмон, суюк осмон,
Вужудимни ёндиролмас чўғдек армон,
Сен биланман!

Заминида, юрагимда кулар қуёш,
Кулгучимда кулгучингда гуллар қуёш,
Сени чексиз севишимни билар қуёш,
Сен биланман!

Борлигинг бахт, хаёлимда ,ҳаётимда,
Узун-узун саволимда, баётимда,
Келажакка ишончимсан, нажотимсан,
Сен биланман!

Бу заминнинг менсиз отган тонги қадар,
Жон қушининг кетдим деган бонги қадар,
Нафасимнинг то охири, сўнги қадар,
Сен биланман!
Сен биланман!
Сен биланман!

*** *** ***

ЯНА СЕНГА

Аёз ёноғидан ўпган гул мисол,
Эртаси ноаниқ бўлиб яшадим.
Энди сен келтиргин менга баҳорни,
Қировмас, қуёшга буркансин қалбим!

Шамол совурди вақт тегирмонида,
Қўриб тўкилмоққа кўнмас умидни...
Илинж бекатида кутяпман ҳамон,
Мени бахт томонга элтар пеэздни.

Кунлар маржон каби турар тизилиб,
Дилда чалкаш ҳислар тортадилар саф...
Баҳорни олиб кел йўлбошчи бўлиб,
Келмасанг...
Йўловчи бўлмоқдан не наф?!

*** *** ***

Шамол тентиб юрар заминни беҳол,
Тонгқизи томонга кетганча ўйи.
Туни билан йиғлаб чарчайди ҳилол,
Куёш иситмалаб ёнар кун буйи.

Сен эса юрибсан, бахтиёр, шодон,
Дунё тўнтариши қалбимда менинг,
Кўз ёшин артишим керак, ғам чекиб
Елкалари титраб чиққан очуннинг... 

«Боиси не?» дема «Суянч бўл!»десам,
Бунда дил сўйлайди, забоним жимдир.
Баъзан сабабини сўрамай туриб,
Овунч бўлишингни истайди кимдир!

*** *** ***

Ғам чекмоққа арзимас дунё, 
Оддий экан ҳаёт тилсими. 
Мен табассум қизиман, гўё, 
Енгилмайман дардга, муҳими... 
 
Ортимдан тош отган ғанимга, 
Қаратмайман эътиборимни. 
 Кўрсин мени, 
Ушбу очуннинг 
Бахтлилардан бахтиёрини! 
 
Кўзимдан ёш шаршарасини, 
Оқизгунча пешона,тақдир, 
Кулиб-кулиб яшаб оламан, 
Мен бир бора туғилгум ахир. 
 
Зулматларга ботар хасадгўй, 
Мен осмонман! 
У зарра холос! 
Дерман, Лайло шуни билиб қўй, 
Бахтли яшаш, энг гўзал қасос!

*** *** ***

ХОТИРАМ СИНИҒИ

Ёмғирга чўмилар ям-яшил қишлоқ,
Чақмоқ-ла бағрини тилкалайди Ер.
Дир-дир титраётган минг-минглаб япроқ,
Табиат тилида неларнидир дер...

Чуғур-чуғур қилар чумчуқлар митти...
Неларни эслатиб қўймоқчи улар?!
Қизиға? 
Тинмасдан табассум бўлсаю юзда
Кўзда гуллаб турса кўп ёмғиргуллар...

Бу замин оралаб излайман нени,
Не учун шунча йил юргандим тентиб?!
О, очун, бағрингга сиғмаган мени,
«Биир ёқларда» қолдир унутиб...

Руҳимга санчилган ненинг синиғи?
Кулгучимга ботган нимадир, кулсам?!
Қаерларга қочай само, Ергинам?!
Қалбим минг осмондан каттароқ бўлса?!

Ёмғир ёғавергин, тин олма сабо,
Юрагим, булутга жўр бўл-йиғла жим!!!
«Етим» деб гуллашга қўймаган дунё,
Жуда билиняпти отасизлигим!

*** *** ***

ҚИЗҒАЛДОҚҚА

Айтгин, қай бир қалбдан ўғирладинг ранг?
Қаерлардан бўяб олдинг қошингни!
Шамолга сир айтиб, унга суянсанг,
Эгиб қўймайдими, мағрур бошингни?

Қамоғинг ичига айлаб асира,
Хаёлим ўзингга этурсан банди?
Менку, осмону ер боласидурман,
Сен-чи? Сен қайси қон дилнинг фарзанди?!

Айт, нима илгансан киприкларингга,
Ё онанг тун бўйи йиғлаб чиқдими?!
Нега дастрўмоли бўлмадинг унинг?!
Ё ўзингнинг дилинг юмшаб кетдими?!

Очилиб, тўкилмоқ бу тақдир экан,
Ахир шу ҳақиқат кезар оламни...
Юракдаги қизил гулларим билан,
Айт, сенинг синглингга ўхшаяпманми?

*** *** ***

Кўнглимга бир тилсим қуриб олган ин,
Ошкор этмас ўзин минг йиллик сирдай.
Менга ноқулайлик келтиргани чин,
Кўйлак ёқасига ёпишган кирдай!

Булут-дастрўмолдир, осмон кўз ёшин,
Ўзининг бағрига сингдириб олган.
Бундан юрак бағри куйиб қуёшнинг,
Оташи сўнмасга айланиб қолган...

Шамол бастакору, тераклар нота,
Улар басталайди ҳаёт куйини...
Юрагимда   эса  давом этмоқда,
Бир-бирига душман ҳислар ўйини!

Капалак тушади замин рақсига,
Табиат тилида қушлар сўйламиш!
Аллоҳим, сабаб не туйғу баҳсига,
Не сабабдан юрак топмас оройиш!

Инқилоб бошланган қалбимда балки,
Кўзимдан қуйилар ҳисларим -дарё!
Туғилар, қадимий дардлардан бунёд
Ибтидоси тоза, яп-янги дунё!