Халқ шоирини халқ ҳам таниши керак!


Доим бир нарсани ўйлайман, одам боласи фаришта бўлолмайди. Демак, у расмлар кўргазмасига кириб борганда ўзининг кечинмаларини ёки ўз дидага хос расмни қидиради, кафега кириб борганда бегона таомни буюрмайди. Ўзига таниш бўлган маҳсулотлардан тайёрланган егулик айтади. Бозордан ҳам ўз эҳтиёжига қараб, харид қилади. Хўш, халқ ижодкордан нимани кутади?
Очиғини айтганда, бугунги адабий жараён ҳаволаниб кетди. Ким одамларга тушунарсиз руҳда ёзса, ўшанинг ошиғи олчи бўладигандек кайфият пайдо бўлмоқда.
Бугунги адабий жараённи кузатиш зерикарли, янаям очиқ айтадиган бўлсак, жуда мужмал. Шу боис адабиёт ўз халқидан узоқлашмоқда. Бунга қарши фикирларни хоҳлаганингизча эшитиш мумкин. Айниқса, ижодкорлар ўзини ҳимоя қилишга доим шай. Чунки биз “Адабиёт халқ олдига тушмайди, халқ адабиёт олдига чиқиб борсин” ёки “Халқнинг савияси етмаса, адиб гуноҳкор эмас” ва ҳоказо қабилидаги ибораларни қалқон қиляпмиз. Аммо сизу биз онамизнинг қорнидан ҳарф таниб тушмаганмиз. Битталаб ҳарф ёзишни, товушларни тўғри талаффуз қилишни, бўғинларни қўшиб айтишни-ю, келажакда том-том китобларни эркин мутолаа қилишни ўргатган устозларимиз бизга қараб, “керак бўлса, менинг даражамга етиб ол” деб қўл қовуштириб турмади. Қайтанга улар сизу бизнинг даражамизга тушиб, ўзларига зерикарли бўлган вазифаларни биргаликда бажарди. Улар товушларни яхши билишига қарамай, бизга қўшилиб яна такрор-такрор айтди ва ҳомон шу билан шуғулланмоқда.
Яъни улар ҳам, биз ҳам халқнинг ўқитувчиларимиз. Нега энди биз жоҳил роҳибга ўхшаб ўзимизни черковга уриб, фақат гуноҳидан ўтишимизни сўраб келганларгагина фотиҳа беришимиз лозим? Ҳа, бизнинг авлод худди шундай жараёнда, у ўзини фаришта қилиб кўрсатиш, ер эмас “коинот” ҳақида ёзиш билан банд.
Яна бир ачинарли томони, агар қайсидир шеърда ҳаёт асорати кўринса, у ижтимойи шеър бўлиб қолди. Зебо Мирзо “Бизнинг давримизда ижтимоий шеър деган нарсанинг ўзи йўқ эди, фақат ШЕЪР бўларди...” деганди бир даврада. Назаримда, бизга ҳам ўша қараш етишмаётгандек.
Шоирни тушуниш керак, у ўзидан бошқани тан олмайди ва ўзини ҳақ санайди. Шундай бўлган тақдирда ҳам сизни фақат атрофингзидаги уч-тўртта “мурид” ёки шишадошлар мақтагани афзалми ёки беш-бегона одам шеърингизга кўзи тушиб қолиб, “мана менинг дардим, мана бу образ менинг қўшним” дегани маъқулми? Бугунги жараён шоирларига биринчиси мос ва хос. Уларнинг бир-иккитасини назардан қочирмаган бўлсам, қолган ҳаммасининг ижоди билан ҳам, ҳаёти билан ҳам қисман танишман. Кўпчилиги қишлоқнинг тупроқ кўчасидан чиқиб келган ва ҳозирда ўз сўзига эга. Уларнинг кечинмалари ёлғон эмас. Ҳар бир мисараси ўзига ярашади. Лекин уларга ҳам юқоридаги хислатлар юқиб қолмоқда.
Тўғрида, кимнинг эътибор қозонгиси келмайди? Шу сабабдан улар ҳам қанот чиқариб учишга шайланган. Мундоқ қараса, адабий давраларда “модерн” мақталмоқда. Шартта модернга ўтди-қўйди. Ўзига бегона ҳисларга йўғрилиб, Америка ёки Япон эҳтирослари билан яшай бошлади. Қараса, бу у қадар мушкул вазифа эмас, чунки бу йўлларда шеърий санъат шарт эмас, фақат ҳайратга сололсанг бўлгани. Қандингни ур, шоир!
Аммо қачонгача? Эртага бу эҳтирослар, бу олқишлар, бу шижоат ва бу тўрт-бешта давра тугайди, кейин халқнинг баҳосига кунинг қолади киши. Шунда халқ уни қандай қабул қилади. Кенгроқ айтганда, далада кетмон ураётган деҳқон “яшил ранг”нинг остидаги ишорани тушунгунча ўлиб кетмаслигига ким кафил бўлади? Майли, шоирда ишоралар бўлиши керак (яъни рамзлар), лекин асалнинг ҳам ози ширин.
Шу ўринда яна бир савол туғилади, нега энди бировнинг ноғорасига ўйнашимиз керак? Ўзимизда рамз ёки образлар қуриб қолганми? Ана ўзимизнинг халқ оғзаки ижоди, ана ўзимизнинг афсоналар, ана ўзимизнинг тарих тўла образ... Оддийгина “олабўжи” деган афсонавий образнинг остида тарихий шахс яшашининг ўзи ҳам бир далил. 
Шоирнинг шоирлик аломатлари пайдо бўлганда, унинг биринчи истаги туғилади. Масалан: ҳамма кўриб турган, лекин жўяли ибора билан айтолмаганини у айтиши керак. Хуллас ҳамманинг кўзгуси бўлиши лозим. Бизнинг авлод эса, бу вазифани буткул унутиб, режасиз жангга кирган аскарга ўхшайди.
Фақат даъво билан иш битганда эди, менинг Ислом деган бўлам Президент бўларди. Лекин бу йўлда меҳнат ва изтироб зарур. Яна нима деймиз: “Халқ хашаки бўлиб қолди, улар бесавод шоирларга ишонмоқда...”. Шунда бир савол юзага келади, умрингда бир марта бўлса ҳам ўша халқдан ҳеч нарса умид қилмай шеър айтиб бердингми? Қовоқхонада ўтирганингда сени кўриб халқинг хурсанд бўлиб кетиб, сўзлари чалкашиб, келиб, билагингдан шартта олиб, ўзининг даврасига тортиб, сендан шеър сўрадими? Сен шеър айтганингда бирорта одам йиғлаб юбордими? Ҳа! Биз БОМЖ эмасмиз, ҳар кимнинг дастурхонидан таом ейдиган. Аммо шу жавобнинг ўзи хато, чунки у ҳар ким эмас, у бизнинг халқимиз. Биз фақат уларнинг баҳоси билан ўлчанамиз. Кўкрагимиздаги нишонлар эса улар учун бир пул. Фақат уларнинг дардини айта олишимиз муҳим.
Йўқ, мен қотиб қолишнинг тарафдоир эмасман, инсон бу дунёга ўз сўзини айтиш учун ва ўз қарашларини билдириш учун келади. Шу билан бирга, замондошларининг нидоси унинг ижодида акс этади. Агар янгилик қилиш керак бўлса, нега ўз адабиётимиздан фойдаланиб янгилик қилмаймиз? Нега “туроқ”қа суянган шеърларимиздан “аруз” иси келмаслиги керак.
 Нима бўлган тақдирда ҳам бу мени қийнаётган саволлар. Ушбу мақолада исмларни айнан келтирмаслигимнинг бош сабаби бизнинг авлод ҳали бундай таҳлилга тайёр эмас, улар изланишда. Қачонки, халқ уни фалончи ака, ёки фалончи опа деб, чақирмай қўйсагина, у шоир бўлган бўлади. Шоирнинг фақат исм-шарифи айтилади. Унинг исмига ҳурмат юзасидан қўшиладиган қўшимчалар қон-қариндош ё ошна-оғайни тарафидан қўшилади.
Одамни оғринтирадиган жойи шуки, бугун эл дардини шеърга сололмаганлар, ҳиссиётлари қамровидан чиқолмаганлар, халқнинг орасига бориб, ночору бойини танламасдан шеър айтолмаганлар, ўзидан “Худо” ясаганлар, халқ шоирларининг шотирлари орадан ўн-йигирма йил ўтиши билан Халқ шоири деган унвонга талабгор бўлади. 
“Шу даражада ёзар экансан, халқинг сени нега танимайди”, десангиз, ҳар доимгидай халқни бесавод, ўзини эса бошқа оламнинг хўжайини, деб таништиради. Бу —  худди доктор, лекин фалсафа фанлари доктори деган гап.
Бу билан шоирларни каситмоқчи эмасман. Худди шу кемада ўзим ҳам борман ва унинг битта эшкаги қўлимда деб ўйлайман. Шундай экан, бу нуқсондан авлодимиз шоирлари холи эмас. Ёдда тутинг, сизни ўн асрдан кейин тушуниб етиши бу мингдан бир фоизга тенг бўлган фараз. Агар ўша асргача ижодингиз етиб борса, шунда ҳам сизнинг шеърингиз орқали сизнинг замонингиздан хабар топишни хоҳлашади холос, эй, бўлажак Халқ шоирлари.

2020 йил, март
Тошкент
  • Яндекс.Метрика