Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Июнь 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Шерзод Комил Халил


Эй, гулим кўзларга ёшлар тўлганда,
Соямиз қўшилган дамларни эсланг.
Шавкат Рахмон.
Мени эсламоқчи бўлсангиз агар,
Илк бора учрашган тонгларни эсланг!
Юракни ситратган масжид азони,
Черков қўнғироғи бонгларни эсланг!
Қандай ажиб эди мусулмон йигит,
Насроний гўзалга қўйган муҳаббат.
Никоҳ ўқимоқдан бош тортди имом,
Олдига солганча ҳайдади аббат.
Муҳаммад динининг яримта ойи,
Исо хочларини тунлар ёритди.
Оҳ, қандай севардик бир-биримизни,
Лекин бу савдолар бизни ҳоритди.
Нечук қисматларга тутмайлик ғавғо?!
Нечук тақдирларга солмайлик сурон?!
Ахир ҳеч замонда муҳаббат учун,
Айир деб айтмаган Инжил ва Қуръон.
Йўқ-са, не Ватикан руҳонийлари,
Макканинг шайхлари бермаслар имкон?!
Наҳотки, нафратга кенг бўлган дунё?..
Наҳотки, севгига тор келган жаҳон?..

*** *** ***

Куз

Куз келди, қаддим эгилди.
Куз эгдими менинг қаддимни;
Олтин кузда барглар тўкилди,
Тўколмади куз ҳам дардимни.
Улуғбек Ҳожиқулов

I
Боғларда шамоллар шовури урди,
Бир ўйчан сарғарди бирдан дала-туз;
Сўқмоқлар қўйнида изғирин турди,
Сўқмоқлар қўйнига кириб келди куз.
Марҳабо азизим, мен суйган фасл,
Яна дийдорингга этибсан восил.

II
Қандай соз, бу гўзал мусаввир очун,
Қандай соз, бу кўркам зарғалдоқ маъво.
Бошимиздан қуяр ёмғирин нечун,
Қорамтир булутли намгин бу ҳаво.
Майли ёғаверсин бу салқин ҳузур,
Қушларни жанубга кузатайлик юр!

III
Сувлари чекинган қирғоқ бўйида,
Бир зум катаргина толайлик ёдга;
Турфа савдолардан куйинмоқ нега,
Бир марта келганмиз ахир ҳаётга.
Етар, қайғулардан ўксима юрак,
Мен-да, эртамга сўз айтишим керак.

IV
Лекин қиё боқмас толе юлдузи,
Шунданми ўзимга келолганим йўқ.
Дунёга нимага келдим мен ўзи?!
Нега яшаяпман билолганим йўқ.
Нега бош устимда тингла эй ҳаёт,
Синграган япроқлар айтмоқда баёт?!

V
Улар шивирида не ҳасрат, не ғам,
Улар қўшиғида не синоат бор?!
"Дарахтим, ҳеч қачон қайтмас ушбу дам,
Эрта бош устингдан ёғар оппоқ қор."
Баргларнинг шамолда шитраши шундан,
Видолашиш олди титраши шундан.

VI
Шундан боғлар аро дилгир хавотир,
Шундан мезонларнинг айро учиши;
Бизга аён эмас аввалдан охир,
Эрта кунимизнинг қандай кечишию
Нечун бу лаҳзада ғамли бўлмай мен,
Азизам, ҳеч мени эслайсанми сен?!

VII
Ёмғир боғчаларда соябон тутиб,
Ҳеч кимсиз бир ўзинг юрган маҳали;
Атроф-борлиғингни бир дам унутиб,
Мени эслайсанми дунё гўзали.
Мудом ҳижронингда куяман билсанг,
Оҳ, сени қанчалар суяман билсанг.

VIII
Билсанг мен куйингда кўпдан саргардон,
Кўпдан юрагимни эзиб юрибман.
Сени тополмайин ранги заъфарон,
Боғларда жимгина кезиб юрибман.
Қайда бўлсанг ҳозир дарагингни айт,
Мен сени севаман ҳузуримга қайт!

IX
Қайт, боғлар баҳорга дўнсин қайтадан,
Чечаклар очсинлар тағин ғунчалар.
Худодан сўрагин менга гулбадан,
Шафқатсиз бўлмасин тақдир бунчалар.
Ахир истагимиз бир шўъла, бир нур,
Ўтиб кетмасидан эртага умр

X
Кезайлик шу кўҳна жаҳонни гулим,
Кезайлик ёнмағён юриб мардона.
Ёмғирлар қуйса ҳам майлига сим-сим,
Майлига булутлар қурсин чордона.
Сен билан бўлсак бас менга қора кўз,
Ҳар қандай фаслдан чиройлидир куз.

*** *** ***

Шоир ўлими
Мен Иппокренани ҳам унутдим ҳозир,
Афсона томирида оқаверсин у.
Ойбек

Мен дилоромимни ҳам унутдим ҳозир,
Майли ўзгаларга хуш ёқаверсин у.
Ким нимага қодиру, ким не-га арзир,
Ўзи билар Яратган, айтар гапим шу.
Қайтаролмас ортимга ҳеч нарса мени,
На гина-ю, на кўз ёш, на лаззат, бўса;
Поэзия дилимга жойлайман сени,
Тугагайдир ҳаммаси бир шоир ўлса
Ва қабр бошидаги музлаган чечак,
Қор увадаларида йўқолган каби;
Сен ҳаётдан топасан бошқа бир эркак,
Уни бўсалар тўла бўлади лаби
Ва мен-да унутаман зоҳир ҳисларни,
Кўзларимни абадга ёпади ўлим!
Макон тутажакдирман кўп олисларни,
Йиғлагим келади оҳ, ҳозирдан гулим.
Лекин сен йиғламагин, бўлмагин пушмон
Ва бир ёмғирли тонгда деразангни оч;
Сайраётган бўладир бир қушча гирён,
Ўша мен бўладирман, сенга шу ишонч -
Бўлсин деб унутдим мен, ҳаммасин ҳозир,
Афсона эмасдир бу, эмасдир ғулу;
Ўртамизда қолсин бас, шу туйғу, шу сир,
Шоир ўлимидан ҳам, ахир гап кўп-ку?!

*** *** ***

Ёзувчи

-Ёзувчи бўламан,- дер Кумушбиби,
Ада, ахир сизни ҳамма танийди;
Мен сал жилмаяман: -Билмасам, иби,
Танишса о, қизим, мени қанийди.

Муккасига кетдим қоғоз, қаламни,
Одамдек шуни деб дунё йиғмадим.
Онангдан ҳам олдим гоҳо аламни,
Узун кечаларда изсиз йиғладим.

Ҳа, деганда менга боқмади толе,
Чориғимни судраб юрдим гоҳ аранг;
Сенга билдирмадим қизгинам вале,
Ғурурлангин дедим, ёзувчи аданг.

Ахир ёзувчини биларми замон,
Давроннинг у билан бормидир иши?!
Кўрамиз эртани бўлсак ал-омон,
Мени еб ташлади турмуш ташвиши.

Кўримсиз уйларнинг деразасидан,
Дунёга боқдим мен ҳолсиз, умидвор;
Бурда нон топсам гоҳ сўз орқасидан,
Гоҳида бир бурда нонга бўлдим зор.

Қисмат чиғириқдан ўтказди тинмай,
Аччиқ шароб каби ичдим ҳаётни;
Маддоҳлар йўлига кўргизмадим раъй,
Кўнглимда пок тутдим адабиётни.

Мени таъқиб қилди манфур, ҳасадгўй,
Кимга ҳам айтардим лекин додимни;
Ҳақдан ўзгасига эгармидим бўй,
Хорлатармидим мен истеъдодимни?!

Ҳа, дунё мен учун шундай бекарам,
Умиднинг дийдаси шундай талх, аччиқ.
Ёзувчи бўламан, дейсан сен болам,
Ёзувчининг нони тошдан ҳам қаттиқ.

Сабрдан тан керак, ишончдан қанот,
Ўткир нигоҳ билан боқгил ҳаётга;
Бир чақнаб аланга олар истеъдод,
Ёлғонлар керакмас адабиётга.

Санъат талаб қилар истеъдод катта,
Меҳнат, билим, яна маҳорат керак.
Тангри ёрлақаган бўлса албатта,
Ёзувчи бўлмоқ-чун жасорат керак!

*** *** ***

Ноябрнинг рутубат босган,
Элвакезик тонглари намгин.
Бунда сенсиз бир ўзим ёлғиз,
Деразадан боқаман ғамгин.

Ташқарида маккапояда,
Дон тергилар курка-товуқлар.
Сен келмайсан нечун азизам,
Юрагимдан ўтди совуқлар.

Патсиз бўйнин чўзганча кўкка,
Қичқиради ғалати бироз.
Туни билан ёмғир тўлдирган,
Тоғорадан сув ичган хўроз.

Анор қуйи кўлмак ҳовузда,
Ўрдакларнинг нафаси сокин.
Бултур ўлган беданаларнинг,
Шифтга осиқ қафаси сокин.

Уни ўчган боғдаги чинор,
Шалдироқли баргларин тўккан.
Ҳамма нарса шундай шикаста,
Мунғайган ва қайғуга чўккан.

Сен шуларни кўзга илмасдан,
О, азизам жим кетасанми?!
Мен кўрмаган олис шаҳарда,
Шу туйғуни ҳис этасанми?!

Бағритошлик шунча бўлса гар,
Айт, мен қандай бераман бардош.
Авваллари сен бор пайтидек,
Ёритмаса осмонни қуёш...

*** *** ***

Бўри

Бўриларни отдилар бир-бир,
Солмасин деб қўйларга қирон;
Ғарб шамоли эсганда ғир-ғир,
Энди бўри қолмади бирон.

Чўпонларнинг юзларида бот,
Хотиржамлик бўлди ифода.
Бу ўлкада бўри йўқ ҳайҳот,
Кўпайгандан кўпайди пода.

Ҳар баҳорнинг бошида турғун,
Эн олинар, бичилади зил.
Минг йилларки подалар учун,
Ўзгармайди шудир таомил.

Мен бўриман, бўриларга ёт,
Чўпон-чўлиқ, отару-қўра.
Ёлғизликда ҳаёт берар тот,
Пода бўлиб яшашдан кўра.

Ўлган афзал қиру-қиёда,
Тоғу-тошда бўридай яйраб.
Яшагандан кўра дунёга,
Чўпонларнинг раъйига қараб.