Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Июль 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Бекзод Салом



Эҳтимол яшадим мулжалдан нари,
Гуноҳим кўп бўлди умр йўлимда.
Қулоғи динг бўлган оҳу сиргари,
Қурқиб яшадим-ку ўнг-у, сўлимдан.

Дунё ташвишларинг жонимдан ўтди,
Ҳар кунинг азоб-у, ҳар киминг газзоб.
Ёлғонлар чиндан оҳ бўғзимдан тутди;
-Хақни изла фақат... хақиқатни топ.

Менинг-чи, ўзимга раҳмим келади,
Раво кўрганингга айтчи тенгмидим?
Ким дардим билади - бағрим тилади,
Кимлар ёқа бўлса мен-чи енгмидим?  

Ўттиз йил не кўрдим, дунё-ю дундан,
Тақдирим изидан югурдим холос.
Ёлғондан яшадим, лекин бугундан
Барига қўл силтаб, тупурганим рост.

*** *** ***

КЕЧИКИШ

Ўзимдан кетдим-у, жуда кеч қайтдим,
Шунчалар кечикдим - орзулар сароб.
Дард-у, ҳасратимни кимларга айтдим,
Менинг елкамга ҳеч чиқмади офтоб.

Жуда кеч англадим - ҳаёт шу экан – 
Ғамларни елкамда ортқилаб кетдим.
Бугундан бошқача яшайман десам,
Оёғим чалишди, мен қулаб кетдим...

Изим қолмас бўлди, ортимдан ажаб,
Қадамни тузукроқ босмадим ҳатто.
Бемалол яшадим, умримни тежаб,
Улгуриб қолай деб ўлгунимча то...

Умримнинг гул даври ўтди ҳар нафас,
Умид йўқ, илинж йўқ, аҳтим йўқ менинг.
Яшашга кеч қолдим, етар, бўлди бас,
Энди кеч ўлишга ҳаққим йўқ менинг...

*** *** ***

МЕН СИЗНИ ТАНИДИМ

Мен сизни танидим, аммо эҳтимол,
Кўзингиздан чиқиб кетгандирман ҳам.
Сизсиз яшаш бўлди, мана шу аҳвол,
Улғайтириб қўйди, мени дард, алам. 

Мен сизни танидим, билдим гуноҳим,
Кўриб кўзим куйди, ғамгин юрибсиз.
Мени-ку буғзимга тиқилган оҳим,
Сиз нечун бекатда ёлғиз турибсиз?

Мен сизни танидим, аммо начора,
Кўриб кўрмасликка олиб кетиш шарт.
Дунёни кездим-у дайдиб, оввора,
Тополмадим битта сиздайин ҳамдард.

Мен сизни танидим, ўша тилла соч,
Ҳилпираб турибди, рўмолингиз ҳур.
Елкам чўкиб кетди, тўланмади бож.
Яхшиям тириксиз, билдим ҳартугул.

Сиз мени танийсиз, эсласангиз жим,
Тавоним эзилди, минг хил ташвишдан,
Менку кетмоғим бор эрта ё индин,
Хавотир оламан сиздан фариштам...

*** *** ***

ҚАЙТМАЙМАН

Биламан сенсизлик оғирдан оғир, 
Биламан сенсизлик ўқдек қадалар. 
Юрак куйиб кетсин, куйса ҳам бағир,
Қайтмайман - ўзимга бердим ваъдалар.

Қонимни ер шимди ёмғир сингари,
Ҳали менинг шеърим япроқ ёд олар. 
Яхши қол, кетяпман йўқликдан нари, 
Қайтмайман - ўзимга бердим ваъдалар.

*** *** ***

НАФРАТЛАНИБ ЮРИНГ БЕМАЛОЛ

Муҳаббат бу ўткинчи туйғу,
Севги эса шунчаки хаёл.
Дилда сақлаб алам ва қайғу,
Нафратланиб юринг бемалол.

Дилим сизга арз қилмайди-ку,
Оғритинг хўп нозик еримни,
Ахир бунга арзимайди-ку,
Ёд олмайсиз ҳеч бир шеъримни.

Неки бўлса ҳақдан бўлсинда,
Керак эмас сохта меҳрингиз.
Ёлғончини Худо урсинда,
Жуда зарур менга қаҳрингиз.

Фикримни-ку тушуниш осон,
Мени севиб қолманг деяпман,
Севги боғи – тиконли бўстон,
Шуни сезиб борманг деяпман.

Ўйланг сиз ҳам ақлингиз бор-ку,
“Нечун” дея бермасдан савол.
Ахир бунга ҳаққингиз бор-ку,
Нафратланиб юринг бемалол…