Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Июль 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Исломжон Қўчқоров


Нелардир ахтариб кетиб бораман,
Олдинда Тошкенту ортда Самарқанд.
Она, мен манзилга етиб бораман,
Ахир ёдимда-ку ўзинг берган панд.

Йўллар узун экан, сўнгги кўринмас,
Ана кўринмоқда ҳорғин бекатлар.
Фақат бу бекатлар меники эмас,
Менга битилган-ку самовий хатлар.

Юравер, қадрдон дўстим, автобус,
Бизни чорламоқда поёнсиз йўллар.
Бир рангда кўринган дунё милён тус,
Бунда бизни ёлғиз Яратган қўллар.

Куюнма, дард-алам жонга етса ҳам,
Кўнглингга сиёҳлар томмасин, дўстим.
Тананг бу дунёда куйиб битса ҳам
Дўзах оловида ёнмасин, дўстим.

*** *** ***

Оғир савол

Елкамда қушнинг изи, тилимда тишнинг изи,
Кўнглимда Ҳақнинг сўзи, тилимда шайтон сўзи.
Сувратда кимнинг юзи, сийратда кимнинг юзи?
КИММАН ЎЗИ?

Каломинг недир, дўстим, саломинг недир, дўстим,
Камолинг недир, дўстим, заволинг недир, дўстим.
Ич дунёнг ўзга дунё, жамолинг недир дўстим,
КИМСАН ЎЗИ?

Йўлимиз равон-равон, биз бунча оғир карвон,
Ортда бутун бошли халқ, олдда кетар бир сарбон.
Аждодлар беҳаловат ошмасак довон-довон,
                сурмасак даврон-даврон,
КИММИЗ ЎЗИ???

*** *** ***

Ишонч

Саҳро ҳам боғ бўлар, деса ишондим,
Қаддимиз тоғ бўлар, деса ишондим.
Кўнглимиз чоғ бўлар, деса ишондим,
Мен сўзга ишониб яшадим шундай.

«Жон ачитма қадри арзонлар учун,
Йўл кўрсат йўлдаги сарсонлар учун.
Куюнма бугунги хазонлар учун,»
Мен кузга ишониб яшадим шундай.

«Суйганим — сиз», деди юзин яшириб,
Кўзларин ахтарсам, кўзин яшириб.
Ёмонин яшириб, яхшин тошириб,
Мен қизга ишониб яшадим шундай.

Ишонч боғларида улғайиб ўсдим,
Гоҳо сомон билан тўлди-ку пўстим.
Сизни-ку билмадим, қадрдон дўстим,
Мен сизга ишониб яшадим шундай.

Кўнглимда Ҳақ бўлса, амалимда ҳақ,
Ҳар сабоқдан янги маъноларни чақ.
Шунда сенинг учун жаннат бўлар нақд,
Мен ўзга ишониб яшадим шундай.

*** *** ***

Туғилган кунимда ёзилган шеър
(Устозим Нилуфар опага)

Куни бўйи билдиришди ширин тилаклар,
Телефоним тўлиб кетди табрик хатларга.
Аммо нетай ҳеч бириси малҳам бўлмади
Юрагимни ўртаётган жароҳатларга.

«Ҳаёт шудир, маъносини уқиб ол, бўтам,
Унда фақат яшагин сен ўктам ва ғолиб.»
Пири комил сабоғингиз бекор кетдими,
Нечун мағлуб томондаман мен илми толиб.

Умримизни гул дедингиз, уқтирдингиз хўп,
Бунда чақир тиканаклар борлигин билдим.
Биз Ернимас осмонларни севиб яшадик,
Кўнгли гулга дунёлар ҳам торлигин билдим.

Саҳролардан сув қидириб, саробни топдик,
Мовий осмон бизга таниш кўринаверди.
Нурли йўлда мудом ҳурлик ортидан чопдик,
Кўнглимизни кўнглимизга қайтариб берди.

Ва биз ҳамон ўша олис йўлдан борамиз,
Қўл берамиз дилдошларга куч бўлмоқ учун.
Юрмагаймиз боғ оралаб, чўлдан борамиз,
Йўл сўнггида эзгуликка дуч бўлмоқ учун.

*** *** ***

Меҳмон бўлиб келдинг

Меҳмон бўлиб келдинг юрагимга сен,
Осмондек кўнглимни бўшатиб бердим.
Ўзимда бор бўлган туйғуларимни
Барини меҳрга ўхшатиб бердим.

Меҳмон бўлиб келдинг юрагимга сен,
Нилуфар гуллардан поёндоз солдим.
Сенинг кўнглингга ҳам кирмоқлик учун
Бир сенинг кўнглингдан андоза олдим.

Меҳмон бўлиб келдинг юрагимга сен,
Бошлаб келиб баҳор тароватини.
Энди мен ишқингда ўтдек ёняпман,
Ўлчаб кўр кўнглимнинг ҳароратини.

Ишқ дедим, гулларга бурканди боғим,
Ишқ дедим, чечаклар унди изимдан.
Ишқ дедим, жиддийроқ бўлди сўроғим,
Ўзимни ахтардим фақат ўзимдан.

Меҳмон бўлиб келдинг юрагимга сен,
Ташрифинг энг улуғ эҳтиром бўлди.
Ўзингни меҳмондек ҳис қилма бунда
Ахир сенга мезбон деган ном бўлди.

Мезбон бўлиб қолдинг юрагимда сен...

*** *** ***

Муножот

Япроқлардан жон олган кузда эди хаёлим,
Оламни «Ярал»тирган сўзда эди хаёлим.
Ҳали бўз бўла туриб, юзда эди хаёлим,
Кўнглимни жисмимдан тез қаритмагин, Худойим.

Мен билган бу дунёлар оппоқ эди, нур эди,
Кўнглимдан жой олган Ишқ пок эди-ю, ҳур эди.
Дилдаги ҳар бир калом бамисоли дур эди,
Бундан ортиқ дунёни танитмагин, Худойим.

Самимият ахтарган сохталарга дуч экан,
Билсанг, дўстим, бу дунё шундайларга ўч экан.
Кенгликларни истасанг, қанот чиқар, уч экан,
Осмонимни кўнглимдан тор этмагин, Худойим.

Бахт қидириб чиқибман тақдиримнинг сайлига,
Гоҳо енгилганим рост замонанинг зайлига.
Агарки шу азоблар бахт дейилса, майлига,
Дардларимни умрбод аритмагин, Худойим.

*** *** ***

Айрилиш

Биз кетиб борамиз икки уловда,
Автобус оҳ тортар фироғимиздан.
Юзда табассум лек юрак оловда,
Куйиб борар яқин-йироғимиздан.

Нигоҳинг муҳрлаб олиб дилимга
Олис Шош томонга суриб кетдим от.
Сездим: кўзларингни тикиб йўлимга
Ишқингни яна бир айладинг исбот.

Йўллар узун экан, манзилим олис,
Сен ҳақда ўйларим тонгни уйғотди.
Қалбингда асраган сирингни ёлғиз
Ёлғонни суймаган кўзларинг сотди.

Минг бор хайрлашдик хайрлашгунча,
Ёнингдан бир қадам жилгим келмади.
Энди ҳижрон гули очгайдир ғунча
Оддий ҳақиқатни билгим келмади.

*** *** ***

Қисмат деган билан шартлашавердик,
У шартин қўяди, кўнаверамиз.
Номардларни кўриб мардлашавердик,
Ўзлигимизга шундай дўнаверамиз.

Баъзан шаштимиздан қайтганимиз рост,
Баъзан қўл силтадик бари-барига.
Борини борича айтганимиз рост,
Кўнгилнинг измидан кетмай нарига.

Қирқига чидадик, жўрагинам-а,
Энди чидаймизда қирқ бирига ҳам.
Тақдирни тушундик, қилмадик таъма,
Чунки одил эди энг олий ҳакам.

Не келса шукр деб Ҳаққа йўйдик биз,
Дилга йўлатмадик айро ҳисларни.
Сенинг маконингга элтиб қўйдик биз,
Ўзинг инъом этган анбар исларни.

Гарчи асролмадик қанча дурларни,
Ўшанда ҳам Ўзинг мададкор эдинг.
Биз фақат кўнгилни асрадик Тангрим,
Чунки унда танҳо ўзинг бор эдинг.

*** *** ***

Болалик

Болалик — ортига қайтмас турналар,
Қўл силкиб кетади қатор ва қатор.
Ҳар сафар ёдимда минг хил турланар,
Ҳар сафар ўйласам, ўйларим бедор.

Меҳр нурларини сочиб саҳардан
Мурувват аталмиш гулбоғда ўсдим.
Бугун-чи, дийдаси қотган шаҳардан
Муҳаббат ахтариб юрибман, дўстим.

Сен нени излайсан, мен не излайман,
Тўқнашиб кетади орзу-истаклар.
Мен Ҳаққа элтувчи йўлни кўзлайман,
Сени шуҳрат деган дўстинг етаклар.

Чиптамиз бир хилдир, маконимиз бир,
Кетмоқдамиз тақдир поездларида.
Дўстим, кўришмоқлик насиб айласин,
Муборак жаннатнинг даҳлизларида.

Болалик — ортига қайтмас турналар,
Қўл силкиб кетади қатор ва қатор.
Ҳар сафар ёдимда минг хил турланар,
Ҳар сафар ўйласам, ўйларим бедор.

Ўзим йўлдаману кўзларим кўкда,
Келар кунингизни айтинг, турналар.
Ерда юрганлардан улфатим йўқ-да,
Менинг осмонимга қайтинг, турналар.