Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Июль 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Очилмаган сир


Баҳорнинг ёмғирли кунлари эди. Ўша куни кундузи ҳаво очиқ бўлди. Саидбек ҳар кунгидан вақтлироқ уйғонди. Юз-қўлини ювиб нонушта қилишга ўтирди. Шу пайт кўча эшик очилиб, қўлида иссиқ нон солинган елим ҳалтани кўтарганича Ҳамид ака кириб келди. Саидбек деразадан қараб ҳали тонг ёришмаганини кўрди. У ҳаммадан олдин уйғондим деб ўйлаганди аммо дадасини кўриб фикри ўзгарди. 
Қуш уйқу бўлиб қолган Ҳамид ака барвақт туришга одатланиб қолган. Қишлоқда яшагани учун ёшлигидан эрта туриб мол-ҳолга қараб томорқада ишларди. Шаҳарга кетиб олийгоҳга кирганида ҳам тонг ёришмасидан аввал университетга бориб қоровул билан бирга дарвозани очарди. Ишга кирганида, уйланганидан сўнг ҳам шу одатини қўймади.
-    Ҳамма ишни барвақт қилсанг кунинг хайрли ўтади  - дерди фарзандларига. 
Хотини эридан олдин туришга ҳарчанд уринмасин буни уддалай олмасди. Шу сабаб эллик йил Ҳамид аканинг - Сен, бир марта барвақт турсанг ўлиб қоласан - деган дашномини эшитиб келди. 
Ошхонага кириб келган отасини кўриб Саидбек ўрнидан турди. 
-    Ассалому алайкум, дада. Яхши ётиб турдингизми?
-    Ваалайкум ассалом. Раҳмат, болам, яхши. Эрта турибсанми?
-    Сиздан олдин туролмадим-да - кулди Саидбек.
-    Бу уйнинг хотинлари бир кун ҳам барвақт тура олишмайди. Эссиз онагинам-а! - деб бош ирғади Ҳамид ака. 
-    Онамнинг бирор марта сиздан олдин турганларини кўрмаганман. Келинингиз эса кечаси билан имтоҳонга тайёрланиб кеч ётганди. Шунга ҳали бери турмаса керак.
-    Имтиҳонга борадиган одам вақтли турмайдими? Онанг-чи? Ўзи шундоғам дангаса эди. Келин олгач роса Худо берди унга! Ҳа майли, манави нонни сенга олиб келдим. Ҳозиргина тандирдан узилган. Қани еб ол - Ҳамид ака титроқли қўллари билан иссиқ нонни елим ҳалтадан олиб дастурхонга қўйди. 
-    Овора бўлибсизда - деб Саидбек нонга қўл узатди. 
-    Шаҳарга кўчиб келганимга эллик йил бўлди. Ана шу ярим асрдан буён уйимга нон ташийман. 
Саидбек ўйланиб қолди. Эсини таниганидан бери бир нарсани яхши билади. Отаси уларни ҳеч қачон нонсиз қолдирмаган. Ҳатто ёшлигидаги нон танқис бўлган вақтларда ҳам уларнинг уйида доим иссиқ нон бўларди. Ўзи бу уйда отанинг аралашувисиз бирор иш битмайди. Шу кунгача оилада кимнинг муаммоси бўлса, барчасини ота ҳал қиларди. Саидбекнинг ўзи ҳам бирор марта отасидан мустақил бир иш қила олмади. Университетни битиргач, банкка ишга кирмоқчи бўлди аммо у ишламоқчи бўлган кредит бўлимида иш ўрни банд эди. Ҳамид ака банк раҳбари билан ўзи гаплашиб ўғлини бошқа бўлимга ишга олдирди.  Саидбек эса бу бўлимда ишлашни хоҳламасди. Икки ойдан сўнг кредит бўлимида иш ўрни очилди. Отасининг норозилигига қарамай ўғил дарров ўша бўлимга ўтиб олди. Аммо бу ерда иш кўнгилдагидек эмасди. Ўзидан олдин ишлаб кетган ходимнинг ҳатоларининг бадалини Саидбек тўлади. Фақат Ҳамид аканинг ҳатти-ҳаракатлари билан ўғли ишдан бўшаш билан кифояланди. Саидбек бир дўсти билан дўкон очмоқчи бўлди. Омад келмаса қийин экан. Бир фирибгар янги мол келтириб бераман деб Саидбек ва дўстини тушириб кетди. Бу сафар ҳам ота аралашиб ўғлининг қарзларини тўлади. Шундан сўнг Саидбекнинг яна бир неча марта омади юришмади. Ҳамид ака ўғлига тиргак бўлди. Ҳеч қачон боласига омадсизсан деб таъна қилмади. Ҳар гал яхши гапи билан ўғлига таскин берарди.
Саидбек эса отасининг меҳрибонлигидан бир қувонса, бир жаҳли чиқарди. 
-    Сизни менга бир умр боғлаб бериб қўймаган. Энди ҳар қандай муаммойим бўлса ўзим ҳал қиламан. Илтимос бошқа аралашманг - дерди. 
Ота эса уни маъқуллаган киши бўлиб бари бир билганидан қолмасди. 
Саидбек бир корхонага ҳисобчи кераклигини эшитиб қолди. Бугун суҳбатга бориш учун барвақт туриб тайёргарлик кўрди. 
-    Қаерга бормоқчисан, ўғлим? - деб сўради Ҳамид ака.
-    Мен... бир дўстим билан учрашмоқчи эдим. Анчадан буён кўришмагандик - Саидбек ёлғон гапираётганини яшириш учун кўзларини олиб қочди.  
-    Яхши - деб қўйди ота.
Нонушта қилиб бўлгач, Саидбек кийиниб учрашувига жўнади. Ҳамид ака деразадан ўйчан ҳолда ўғлига термилиб қолди. 
“Отамни алдаб яхши иш қилмадим” - деб ўйлади Саидбек. “Аммо бошқа чорам йўқ. Агар отамга ишга кириш учун суҳбатга бораётганимни айтсам, дарров аралашади.”
Корхона раҳбари Саидбекни қабул қилди. Раҳбар йигитнинг ҳужжатларини кўздан кечириб бўлгач, унга бир-иккита савол берди. Қисқа савол-жавобдан сўнг корхона раҳбари бироз ўйланиб қолди.
-    Бизда ҳисобчилар етарли - деди секингина. - Аммо ҳужжатларингизни ташлаб кетинг. Иш ўрни очилса қўнғироқ қиламиз.
Саидбек корхона идорасидан ҳафсаласиз ҳолда чиқди. 
-    Ўзим қўнғироқ қиламан эмиш - жаҳл бош чайқади Саидбек. - Ҳисобчи керак, аммо мен керак эмасман. Нуфузли банкдан ҳайдалган ходимга ким ҳам ишонади? Одам топилмаса мени чақириши учун ҳужжатларимни олиб қолди.
Ўша куни Саидбек кечга яқин уйига тушкун кайфиятда кириб келди. Ҳеч кимга бир оғиз ҳам гапирмай хонасига кириб кетди. Ўғлининг аҳволини кўрган, ота жигарбандининг яна иши ўнгидан келмаганини ҳис қилиб ич-ичидан қаттиқ изтироб чекди. “Нега боламнинг иши доим тескари? Эй Парвардигор!” 
-    Ўғлинга нима бўлди? - деди ёнида мулзам бўлиб ўтирган хотини Шарифа холага.
-    Билмадим. Эрталаб яхши эди. Яна иши юришмагандир-да. Болам шўрлик эзилиб адойи тамом бўлди. Қачон шу иш ўлгур топилади-а? - Шарифа холанинг кўзлари намланди. 
Ҳамид ака бошқа бир сўз демади. Ўзи ҳам қаттиқ қайғуга ботган, хотинига қандай таскин беришни билмасди. Ошхонада юрган талаба келини Хуршидани чақирди.
-    Қизим, менга бир қаранг - деди қайнота. 
Келин секинлик билан қайнотасининг олдига келди. 
Эрта тонгда Саидбекка кечаги корхона раҳбари қўнғироқ қилиб ҳисобчи бўлиб ишлашини таклиф қилди. Қисқа суҳбатдан сўнг Саидбек ўзида йўқ хурсанд эди. 
-    Дадам қаерда? - деди отасининг тўрдаги бўш ўрнини кўриб.
-    Бир эски қадрдони билан учрашмоқчи экан - деди Шарифа хола.
-    Ҳа яхши. Ойи, мени ишга қабул қилишди. Кеча бир корхонага ҳужжат топширгандим, мени ҳисобчи қилиб оладиган бўлишди.
-    Ишларинг юришгани рост бўлсин. Аллоҳга шукр! Шу ишни деб анча чўкиб қолдинг - деб она ўғлини бағрига босди.
-    Дадам келсалар айтиб қўярсизлар - деб Саидбек янги ишига отланди.
Йўлда кетаркан гўё энг катта ишни қойиллатгандек қувончи ичига сиғмасди. “Ҳа” - ўйлади ичида. “Ишга кираётганимни отамга айтмай тўғри қилдим. Ниҳоят отамнинг ёрдамисиз ҳам ўзим мустақил иш қила олишимни исботладим. Аммо... шошма-чи, кеча мени ишга олишмаганди, бугун негадир уларга ҳисобчи керак бўлиб қолди. Жуда қизиқ. Балки бу ишда дадамнинг қўли бордир.Отам кеча кайфиятим йўқлигини сезганди, шунга Хуршидадан ҳаммасини сўраб билиб олган бўлса-чи? Ўртоғимникига кетдим деб тағин... Агар шундай бўлса мен бу ишдан воз кечаман” 
Саидбек минг ҳаёллар билан корхонага етиб келди. Эшик олдида турадиган қоровулдан эрталаб узун бўйли, сочлари оқарган, юзи чўзинчоқ, эллик беш ёшлар атрофидаги бир кишини сўради қоровул ундай одам келмаганини айтди. Бунга ҳам кифояланмай котибадан ҳам сўради. Котиба қиз ҳам қоровулнинг гапини тасдиқлади.
“Демак отам келмаган” - ўйлади Саидбек. “Бу отамнинг иши эмас” 
Бошлиқнинг гап-сўзидан отасининг бу ерга келмагани маълум бўлди. Саидбек хуш кайфиятда иш бошлади. Тушлик маҳал уйига қайтаётиб такси деразасидан кўп қаватли уйларнинг олдида отасининг бир киши билан гаплашиб ўтирганини кўрди. “Отамнинг дўсти шу бўлса керак” - ўйлади ичида. Энди кўнгли янада хотиржам бўлди.
-    Раҳмат сенга, Асрор - деди Ҳамид ака. - Ўғлим Аброржоннинг корхонасида яхши ходим бўлишига ишонаман. 
-    Бунга шубҳам йўқ, дўстим - деди Асрор ака. - Саидбек ўғлинг эканини ўғлимга айтгандим, дарров уни ишга олишга рози бўлди. 
-    Фақат сендан илтимос, ўғлинг Саидбекка дўстлигимиз ва менинг илтимосимни айтиб ўтирмасин. Ҳозирги ёшларни биласан-ку суянчиқ бўлай десанг кўкрагингдан итариб мустақил бўлишга интилишади.
-    Хотиржам бўл, дўстим. Бу сирлигича қолади. 
Асрор ака дўстини ярим йўлгача кузатиб қўйди.