Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Июль 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Ноёб микроб



Ҳамиша қовоғидан қор ёғиб турадиган профессор бир гала ассистенту талабаларини эргаштирганича шитоб билан палатага кириб келди. У шу ердаги кўз касалликлари клиникасининг мудири бўлиб, ниҳоятда қаттиққўл, қўрс, тунд ва совуқ одам бўлгани учун олимдан кўра кўпроқ биринчи жақон уруши пайтидаги генералларга ўхшаб кетарди. Фақат шогирдлари билан ассистентларгина эмас, балки яқин ошна-оғайнилари ҳам ундан ҳайиқиб туришарди, кўз кўзга тушган маҳалда иложи борича тезроқ жуфтакни ростлаб қолиш пайида бўлишарди. Аслида у бир талай ихтиролару илмий асарларнинг муаллифи, қатор-қатор тиббий ва илмий жамиятларга сайланган олим, хуллас, тиббиёт оламида донг таратган зўр мутахассис эди. Шунга кўра, ҳаммалари унинг ҳурматини бажо келтириб юришарди.
Одатда у палатага киргач, беморнинг олдида бир нафас тўхтаб, дарров иккинчисига ўтиб кетар, ассистент врачлар эса, унинг кутилмаганда бир нимани сўраб қолишидан чўчиб, доим типирчилаб туришарди.
— Буниси янгими?
— Ҳа, домла, кеча олиб келишди, — деди шоша-пиша чап томондаги ассистент.
— Касали нима экан?
— Ҳалигача аниқлаёлмадик. Иккала кўзида санчиқ турган, тинимсиз боши оғрийди.
Профессор изтироб ичида тўлғаниб ётган беморнинг қонталаш кўзларига бир зум тикилиб турди-да:
— Анализлар? — деб минғирлаб қўйди.
— Бўлди, домла.
— Пис…
Атрофдагилар камгап профессор текшириб кўриш учун беморнинг кўзидан назла олинглар, демоқчи бўлганини дарҳол пайқашди.
Профессор хонасига кириб кетди. Ассистентлар эрталабки бемор кўриш маросимидан осонгина қутилганлари учун енгил нафас олишди.
Икки ассистент касал кўздан назла олгач, профессорга элтиб беришди. Профессор микроскопга эгилиб, анчагача назлани кузатиб турди. Ниҳоят, бошини кўтарганида лабларида табассум жилва қиларди. Неча йиллардан бери бирга ишлаб, бирор марта ҳам тишининг оқини кўрмаган ассистентлар учун бу кутилмаган янгилик бўлди. Шундан кейин профессор жавонда турган семиз-семиз китоблардан бир дастасини олиб, шоша-пиша ичини титкилай кетди. Ўқтин-ўқтин унинг «худди ўзи», «ўша», «ҳм» деган сўник овози эшитилиб турди.
— Қани, дарров врачларни чақиринг, талабалар ҳам келишсин, — деб буюрди у оёқда қимир этмай турган иккала ассистентга.
Хона ичи бир зумда тўлиб кетди. Ҳамиша тўрсайиб юрадиган профессорни ҳозир таниб бўлмасди. У байрам кунига бир қучоқ совға-салом олган етим боладай ўзида йўқ хурсанд эди. Кап-катта одам ўзига ярашмаган қилиқлар қилар, азбаройи жазаваси тутиб, юраги ҳаприқиб кетганидан микроскоп атрофида чир-чир айланарди.
— Йигитлар, — деди у энтикиб. Ассистент ва талабаларига у ҳамиша шундай деб мурожаат қиларди, — омадни қаранг, омадни… Зўр омад бу! Биз ноёб, ғоятда ноёб микробга дуч келдик. Бу жуда-жуда кам учрайдиган тасодиф. Уни бир кўриш орзусида юрган кўз докторлари озмунчами… Сизлар бахтли экансиз, ҳали студент бўла туриб, шу шарафга муяссар бўлдингиз. Бу микроб бир миллион, ҳатто беш миллион беморнинг ичидан фақат биттасида учраши мумкин…
Профессор терисига сиғмай, ҳадеб қўлларини ишқар, ҳар гапнинг бирида нуқул «ноёб микроб» деб қўярди.
— Мен ўзим бу микробни умримда иккинчи марта кўришим. Илк бор Парижда менгаям профессорим кўрсатган эди. Африкалик бир занжини олиб келишувди… Бу микроб одамга ўтгандан кейин дарҳол қирқ саккиз соат ичида операция қилинмаса, кўз кўр бўлиб қолади. Шунинг учун ҳозироқ чора-тадбир кўриш керак. — У ассистентлардан бирига юзланди. — Хўш, оғриқ қачон бошланибди?
— Кеча эрта билан. Касалхонага кечқурун олиб келинди.
— Шундайми… Дарҳол операцияга киришилмаса, йигирма тўрт соат ичида кўздан ажраб қолиши мумкин. Бу микроб ғоят хатарли… Ёш безларига ўрнашиб олгач, ўз-ўзидан урчийди, кейин миядаги кўриш марказига ўтиб, уни тамоман ишдан чиқаради. Энди навбат билан микроскопга яқин келиб, уни яхшилаб кўриб олинглар…
Ассистентлар билан студентлар бирин-кетин микроскопга яқинлашиб, ноёб микробни обдан томоша қилишди. Профессор эса таниш-билиш ҳамкасбларига телефон қилиб, бу кутилмаган воқеадан барини хабардор қилди.
— Мон шер? (азизим, фр.) Фавқулодда мўъжиза! Демак, кўрмаган экансиз-да?! Жудаям ноёб нарса! Туркияда ҳали бунақаси учрамаган. Жудаям ажойиб иш бўлди-да, мон шер.
«Ана, айтдим-ку сизларга, буям умрида кўрмаган экан», дерди у ҳар гал навбатдаги ҳамкасбига телефон қилиб бўлгач.
Профессор яна бир талай илмий жамиятлару касаба уюшмаларига қўнғироқ қилиб, ҳаммасини бу янгиликдан воқиф этди. Ора-сира шогирдларига ўгитлар бериб ҳам турди.
— Бу микроб бошқа муҳитда яшаёлмайди, дарҳол нобуд бўлади. Бинобарин, у юқумли эмас. Акс ҳолда, дунёни кўр босиб кетарди… Уни эҳтиёт қилинглар, зинҳор нобуд бўлмасин.
Ҳаловатини йўқотган профессор тушликкаям чиқмади, шогирдларига ноёб микроб хусусида турли-туман топшириқлар берди. Икки нафар ассистент камёб микробнинг минг карра катталаштирилган суратини чизадиган, қолганлари эса унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун тегишли шарт-шароит яратадиган бўлди. Профессорнинг ўзи эса яна китобга шўнғиб кетди.
Ўша куни клиникада ҳамма ноёб микроб билан овора бўлди. Ҳатто ҳамширалар, энагаю фаррошлар ҳам бу ишга сафарбар этилди. Касалхона тарихида биринчи марта иш куни ғоят унумли ўтган бўлса, ажаб эмас. Ноёб микробнинг дарагини эшитиб, қўшни клиникалардан ҳам тўдалашиб одамлар кела бошлади. Профессор ташриф буюрганларга унинг таърифини келтириб турди.
Таомилга хилоф равишда шу куни клиникада ярим кечагача роса тер тўкиб ишлашди. Эртасига профессор факультет мажлислар залида бу ҳақда маъруза қилмоқчилигини билдирди, бунга ҳам ҳозирлик кўрилди.
Профессор уйига жуда кеч қайтди. Жаҳон тиббиёти тарихида янги саҳифа очиши лозим бўлган маъруза устида туни билан мижжа қоқмай ишлади. Кўзи илинган чоғларида ҳам мияси нуқул ноёб микроб билан банд бўлди. Тонг ёришиши биланоқ касалхонага югурди. Дарҳол микробни суриштирди. Демак, тирик экан-да! Қойил, сунъий муҳитдаям урчибди!
Профессор ўзини қўйгани жой тополмай қолди, икки гапириб, бир кулди, ҳазил-мутойибаларни қалаштириб ташлади, ҳатто фаррош хотинларгаям тегажоқлик қилиб юборди. Ўша куни маъруза ҳам зўр тантана билан ўтди. Факультет залига йиғилган тумонат одам уни катта қизиқиш билан тинглади.
Ноёб микроб устидаги тажрибалар қизғин давом эттирилди. Профессор чет эллик ҳамкасблари ва устозларига устма-уст телеграммалар йўллаб, уларни бу янгиликдан огоҳ қилди. Клиника чинакам илмий текшириш марказига айланди. Врачлар, ассистент ва студентлар завқ-шавқ билан ишга шўнғиб кетишди.
Дум-думалоқ микроб сунъий шароитда бирдан ипдай чўзилиб, шакли ўзгариб қолганини кўриши биланоқ уч ассистент ҳовлиққанича профессорнинг хонасига бесўроқ кириб келди. Профессор азбаройи жўшиб кетганидан бармоқларини шиқирлатиб, уй ичида йўрғалаб ўйнаётган экан. Воқеани дарҳол хабар қилишди.
— Ҳаммани тўпланглар, — деб буюрди у.
Хона ичи яна лиқ тўлди. Профессор йиғилганларни янгиликдан хабардор қилгач, бу ноёб микроб ҳақида китоб ёзиш нияти борлигини айтди.
— Хўш, беморнинг ўзи қалай? — деб сўраб қолди у даволовчи ассистентдан.
— Оғриқ тўхтади.
— Аниқроқ қилиб гапиринг.
— Иккала кўзи сўқирлашди.
— Ана, айтмадимми, — деди профессор оғзи қулоғига етиб, — агар қирқ саккиз соат ичида зудлик билан чора кўрилмаса, бемор кўздан қолади, оғриқ таққа тўхтайди. Беморнинг кўзларида ўтган куни эрталаб санчиқ бошланган, ҳисобга кўра мана бугун босилиши керак эди. Шундай бўлдими.
— Шундай, — деди унинг гапини маъқуллаб даволовчи ассистент.
— Илмда ҳикмат кўп, йигитлар. Мана, айтганим келди…
Ноёб микроб устидаги кузатувларини давом эттириш мақсадида профессор шогирдларини эргаштириб, енгил қадам ташлаганича тўғри лабораторияга кириб кетди.

Туркчадан Миад Ҳакимов таржимаси