Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Июль 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Дилора Холиқова шеърлари



Сиз менга кераксиз…

Қадамингиз етган, етмаган йўллар,
Сиз кетиб, сиз билан кетмаган йўллар,
Қўл тутсангиз титраб, мушт тугилган-у,
Истаб, қўлингизни тутмаган қўллар
титроғи ҳаққи
Сиз менга кераксиз…

Боқиб кўзингизга тўкилмаган кўз,
Сиз деб туғилган-у, айтилмаган сўз,
Хато боғлаб пушмон бўлган тақдирдўз
йўл қўйган хато ҳаққи
Сиз менга кераксиз…

Кафтга тўкилмайин қолган исмлим,
Исми жаҳоний-у, руҳи жисмлим,
Заминни соғинган кўкдай тўзимлим,
Ҳеч қачон юз бермас орзулар ҳаққи
Сиз менга кераксиз…

Исми ҳовучимга тўлмаган дуо,
Исми замин, ер, сув, тириклик, ҳаво,
Исмки,  руҳимга шивирлаб худо
Айтган дилимда бўй етган ҳис  ҳаққи
Сиз менга кераксиз!..

*** *** ***
Санчиқ

Уч кеча-кун йўл излади у,
Аввал руҳим синишин пойлаб.
Алдаб-авраб яқинлашдию,
Юрагимни чангаллади дард.

Қовурғамда "чирт" этди сабр,
Симмиллади хотира юки.
Ўғри тутган очкўз бой каби,
Сиқимлади юракни севги.

Чегаланган сополдек бесас,
Қимирлашга қўрқяпман ҳайҳот.
Оламанми яна бир нафас,
Тугамасми мен учун ҳаёт?

Шу бир лаҳза - доно муаллим,
Шу бир лаҳза - энг олий ҳакам.
Ўлсам, мени излаб борар ким,
Не ўзгарар агар ўлмасам?..

*** *** ***
Умид

Кетаётган турналар каби,
Ботаётган қуёшдек илҳақ.
Орзуларинг ортидан бориб,
Қўл силкимоқ истайсан бефарқ-
Оғирлашиб борар қўлларинг.

Битаётган энг сўнгги нафас,
Ёпгандан сўнг "қарс" этган эшик.
Тепки босгач эшитилган дарз,
Жароҳатдан яралган чандиқ-
Кўпаяди ёзган шеърларинг.

Йўқ, заволинг истамас олам,
Фақат бахтга элтар тор сўқмоқ.
Бахтдек татир ҳар мушкул қадам,
Висол ваъда қилар қуламоқ,
Шеърга айланади сирларинг.

*** *** ***
Сарлавҳа

Шунчаки кўзимга нимадир тушди,
Шунчаки кўнглимни этолмадим тош.
Бу кеч барча юлдуз бир йўла учди,
Бугун юрагимга қўл солди қуёш.

Ёняпман, муз қотган сабрлар сели,
Кўзимдан йўл очди мендан кетгани.
Юлдуздек миллион йил кутгандим сени,
Бағрингда бир лаҳза ёниб ўтгани —

Осмоним!

*** *** ***

Кетадиган йўлим бўлса,
Йўл сўнгида ўлим бўлса,
Юз йилдан сўнг истаб келсанг,
Очиқ кетган қўлим бўлса,
Қўлларимни тутармидинг?..

Соғинмаган куним бўлса,
Кечмишимда қўним бўлса,
Кутганимда келмаганинг,
Унутганим чиним бўлса,
Гуноҳимдан ўтармидинг?..

*** *** ***

(Бинафшага)

Кетманг,
гарчи олис бизнинг қутблар,
Сиз босган изларга етмоғим маҳол.
Тангри дилингизга қадаган уруғ,
Менинг юрагимда топмоқда камол.

Кетманг,
уфқларга термулиб шодман,
Кўнглимга ёғилсин исмингиз нури.
Мен анча бахтлиман, анча озодман,
Умримга сиз кириб келгандан бери!
Кетманг!