Гулҳаё Уралова шеърлари


Севгилим..

Муҳаббатга тўлиқми ёдинг?
Тахайюл бор,бамисли шароб.
Кўксим тўла ишқинг,фарёдинг
Орзулар- ёт,илинжлар хароб.

Қўлларингда турар ўшал жом-
Кўнглим маним,
Қисматим маним.
Айтгил тилак,айтгил қадаҳсўз,
Руҳафзога улансин таним.

Тилагингни тилаб яшадим,
Супурилган дил шолчасида.
Аламимни артиб ташладим,
Тасаллининг рўмолчасига..

Бўм-бўш эдим,
Қуйдинг сен аста,
Меҳроб кўзгусида синашдик.
Харобот-тоабад кўшкимиз,
Кўҳна ишқни симир,оташдек..

Умар Хайём ҳикматларини,
Дилга тугиб,тўларман,балки.
Нигоҳингда аён бу сирни
Қучиб туриб ўларман,балки..

Қара,Ялдо тунига тенгман,
Кўникайин,бўрондайин тўз.
Оҳ,танидим ахир бу...Менман-
Кўзларингдан тўкилган жомсўз..
Севги Лим..                    

*** *** ***    
(Онамга)

Зулматдаман
совқотдим
Фонусингни ёқасан,
Ҳар галгидек устимга 
Ёруғ умид ёпасан, 
Таскин излаб кўзимдан 
Нималарни топасан, 
Ай, руҳимнинг дояси..

Шодликларим узлатда,
Қайғуларим кечаги,
Тушимга кириб чиқар 
Пайғамбарлар эртаги,
Сендан ўзга бир зотга 
Борми менинг керагим? 
Ай, руҳимнинг дояси..

“..мен сени ҳууувв Худонинг 
Йўргагидан топганман,
Йўлларинг гулга тўла“ 
дея мени алқайсан.
Оёғимга сачилган
Тиканларни санаб хўб
Қасдма-қасдга мени ё 
Ўзингними алдайсан?
Ай, руҳимнинг дояси..

Асотирлар бир уюм
Ҳақиқатларни қурган,
Бошингни тик кўтариб 
Бундан юзинг бургансан
Қўрғошин ҳақиқатнинг 
Юзига тупургансан
Ай, руҳимнинг дояси..

Сўнгра тика бошлайсан
Бот ямашга уриниб,
Минг уринма бефойда
Лахта-лахта ҳақиқат
Турибдику беркинмай
Юрагимдан кўриниб
Ай, руҳимнинг дояси..

Замин оқ қоғоз дейсан
Бир зум тинма, ёз дейсан.
Кўксингда қалқиётган
Бир биллур овоз дейсан,
Билмайсанки болангни 
Қийнар сўзнинг уволи
Ай, руҳимнинг дояси..

Кўзларимдан тўкилар
Вақтнинг хўрсиниқлари,
Сажда ўпар пешонанг,
Сен-чун шому хуфтон бир.
Ана кўраяпсанми,
Кафтларингда кўринар,
Сен Тангридан сўраган -- 
Бизнинг муборак тақдир..
Ай, руҳимнинг дояси..

*** *** ***

Безовта тун.Ой доғларин 
Кўз-кўзлаган муниса қиз.
Ўтирибман суронсиз ғалаён ичра
Ёлғиз...

Шабистон дилимнинг бурчакларини
Ёритолмас шохона қандил.
Эпкин ўйнар дарпардаларни
Енгил.

Тобора бағрига босади мени
Юрагимдек кимсасиз хона.
Изтироб қалбимга маъюс шивирлар:
“Ёнсанг-чи,ён-а!”

Ҳар кеч шу манзара такрорланади,
Ҳар тун ўзим билан кечар шундай жанг.
Сочилиб ётибди стол устида-
Бўш қоғозлар,сим-сиёҳ қалбим 
Ва хотиранг...

*** *** ***

Унинг исми-Осмон,
Кўплар наздида.
Қароғин қорайтар ойдан ёруғ тун.
Жисмин безаб турар кибор қиёфа.
Бироқ,
Мағрур нигоҳида кўриниб турар ,
Кўзи саҳросида қақраётган мунг.

Кўнглига қўл солар мажнун шамоллар,
У-чи?
Қалбин ўрар оташ шафаққа.
Покиза Ишқ сўрар Парвардигордан,
Хаёл рангларини ўрайди оққа.

Унга ҳавасланиб тикилади тонг,
Сўрар:”Юзларингни чаядими сут?”
Уни эса қийнар тобора қаттиқ,
Онг-у шуурига санчилган сукут.

Тупроқнинг соғинчи яшайди,шаксиз,
Кўнглининг минг битта ҳужайрасида.
Шунданми,кибриё,мағрур нигоҳи,
Мавжланиб туради мунг дарёсида..

Унинг кўнгли –Осмон,
Кўплар наздида...

*** *** ***

Куртак очаяпман,
Ўсаётирман,
Қишнинг ибтидоси фараҳни кийиб.
Бахтларга қўлимни чўзаётирман,
Бори қайғуларнинг ризқини қийиб.

Кўҳна дунё боқар сирли,жилмайиб,
Янги умид оқар томирларимдан.
Ёруғ мисраларим ортар кун сайин,
Бугун миннатдорман,шаън йилларимдан.

Ўтли руҳиятни кийиб жисмимга,
Жилвагар ҳаётга бир кўз-кўзлайман.
Ярашиб кетади ҳаё исмимга,
Энг тоза,фусункор сўздан сўзлайман.

Вужудни ҳис қилмай қўйдим,тўғриси,
Шуурим вазнсиз чучмалликни ер.
Мен доим юкунган самовий илоҳ:
“Сен фақат Юракдан иборатсан”,дер.

Мен фақат Юракдан иборат ундов!

*** *** ***

Қўрқув 
Қўрқув нима?
Юзин кўрганлар борми..
Қалт-қалт титраётган асов тулпорми?
Ёки муштдек қалбни нимта-нимталаб
Исканжага олган даста озорми?

Кузатганмисиз ҳеч қўрққан инсонни,
Бировданмас айнан пок виждонидан.
Ҳақиқат йўлидан кетаётир у
Борар эзгуликнинг ломаконидан.

Қўрқув бу-жасорат,чинакам мардлик,
Қўрқув-ҳаяажоннинг сархил меваси.
У бор,масъуличт дилга ҳамдарддир,
Юракларга дарддош тили,шеваси.

Оғир..бениҳоя,
Жуда ҳам оғир.
Уйғоқ виждон билан яшамоқ оғир.
Олётган нафасим ҳалолмикан деб,
Нафсни таслим этар жафокаш бағир.

Мен эса дунёга келгандан буён,
Дунёни билмаган эрка йўрғаман.
Қалбида кири йўқ,соф одамларнинг 
Кўнгил оғриғидан беҳад қўрқаман..

*** *** ***

Рашод Нури Гунтекиннинг Чолиқуши" романидан таъсирланиб..
Фариданинг Комронга мактуби


Жимман..
Ўлим сукунати чўккан оламда,
Хонамда милтиллар сўник мум шами.
Юзимда,кўзимда,мазлум жоламда
Кўнглим розларининг аламнок таъми..

Муаллифман дилим кундалигига,
Хотираларимни тўкаман бир-бир.
Изтироб чекади- заифам толзор,
Собит ёдномадан япроқлар қалқир..

Бир пайтлар бошимдан ёғиларди бахт,
Армоннинг мен билан бўлмасди иши.
Коинотим эди-мағрур дарахтлар,
Мен эса сайроқи,шўх Чолиқуши..

Ёдимда,болалик,ўсмирлик чоғим,
Иттифоқо сенга қаттиқ боғландим..
Шомнинг кўзларидан ўпдим баногоҳ,
Фалакда ой юзи каби доғландим.

Сармаст эдик,тоъле,борлиқ,ифордан,
Шодаранг боғимиз иқболга соя.
Беҳад мамнун эдик оташ баҳордан,
Поёнин билмаса дердик ниҳоя.

Бироқ бир кун менинг шодлигим тинди,
Кўлага эргашди қўрқинч соядек.
Кипригимга хазон тўкилди,инди,
Қисматим туғдирди мисли доядек.

Қара,мижжаларим тўлдирди ногоҳ,
Ёлғонларга дўнган синиқ нигоҳинг.
Яхшики вақтида бўлибман огоҳ
Билмайин ўтардим пинҳон гуноҳинг.

Сенинг сариқ гулинг қанчалар ўғри,
Ўғирлади менинг маъсуд дамларим.
Ҳижронимда моъне қолдириб кетдим
Алданган туйғунинг бутун камларин.

Сўнг кетдим..Ишқимнинг қийноғин ютиб,
Пешонам урилди қишлоқ пойига.
Сенсиз,хотирангсиз,нурсиз қутбнинг
Кимса кўрмас,кўз илғамас жойига.

Комрон,бахтлидирсан,менсиз,биламан,
Балки сен ҳам мендек "бахтли" бахтсизсан.
Умидим узолмай қалбим тиламан,
Бир бор йўқламоққа дилсиз,шаҳдсизсан.

Ўйларсан..
У кунлар унутилмас туш,
Гоҳ маъюс,гоҳ қалбни чароғ этади.
Сўйларсан..
"Чолиқуши англаб бўлмас қуш,
Ҳаётим бағридан бевақт кетади".

Қайданам билардинг,вафосизлигинг
Сабабкори бўлган рутубатларим.
Кўзларим тубига чўкиб кетган у
Ўзга,ёт элдаги уқубатларим.

Вужудим ғурбатнинг бўйидан сармаст,
Дарддан тетиклашиб ғайратланаман.
Комрон,билсанг,ёлғиз сендангинамас,
Сен бор ерлардан ҳам нафратланаман.

Дерлар:"Муҳаббатга нафрат-ла ёндош",
Недир тиқилади томоқ,бўғзимга.
Жоҳил юрагимга соғинчинг адош,
Баъзан тушунмайман ўзим ўзимга.

Аслида хоҳлардим,мени деб ёнгин,
Юрагингни қилгин мен учун тортиқ.
Сўнгсиз меҳрим ила дилдан истадим,
Мени севишингни мендан-да ортиқ.

Аммо ..бари хаёл,бари туш,эртак,
Кўзларим очаман,яна Сенсизлик..
Қалбим совқотганди,сенинг ўрнингга,
Мени қучиб олди улкан Ёлғизлик..

Кимман..
Ҳаёт сукунати чўккан оламда,
Хонамда милтиллар сўник мум шами.
Юзимда,кўзимда, мазлум жоламда,
Кўнглим розларининг аламнок таъми..

Балким Сен ҳам мендек хазин аҳдсизсан,
Бир бор йўқламоққа дилсиз,шаҳдсизсан.
Бахтсизсан…

*** *** ***

Кўнглингизни тақиллатаман,
Нурли кавкаб порлаган чоғи.
Мустаҳкамми қалб дарвозангиз?
Чалай десам..йўқ қўнғироғи.

Атрофида куз ҳукмрон,куз,
Сариқ,зангор япроқлар учар.
"Дилафгорим,бу муҳитни буз",
Сўзларингиз кўнглимни қучар.

Кўнглингизни тақиллатаман,
Юзтубан йиқилар мажнунтол.
Бардош отлиғ дўстга муҳтожман,
Юрак зарбим уради ночор..

Ёнгинамдан ўтиб кетётган,
Йўловчи вақт оғир хўрсинар.
Кипригимда ўша оғир тош,
Кипригимга изтироб инар.

Кўнглингизни тақиллатаман..
Хазонбарглар балки дилхатдан
Тўкилади пойларимга жим.
Ва ниҳоят оний қисматдан,
Элчи бўлиб чиқар Аллаким..

Кўнглингизни тақиллатаман,
Кўнглим сим-сим оғриган чоғи.
Мустаҳкамми қалб дарвозангиз,
Чалай десам.. йўқ қўнғироғи...
  • Яндекс.Метрика