Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Август 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
31 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Ҳаммол


(Танлов учун тақдим этилмоқда)

Муаллиф: Эрнест Хемингуэй (Америка ёзувчиси Нобель мукофоти совриндори)
Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси


Энди ухлаймиз деб турганимизда, дадам мени пастки каравотда ётишимни бехавотирроқ деб ўйлади, чунки мени тонг бўзариши билан деразадан ташқарига қарайман деб ховлиқишим турган гап эди. Бироқ у тепадаги ётоқнинг унга фарқи йўқлигини ҳам илова қилиб қўйди ва бироздан кейин келиб ётишини айтди. Кийимларимни ечиб, уларни тўр беланчак ичига ирғитдим-да, ухлаш либосимни кийиб жойимга чўзилдим. Чироқни ўчирдим, ёруғ тушиб турсин деб атайлаб дераза пардасини кўтариб қўйдим, шунга қарамай атрофни кўриб кетиш учун  ўрнимда ўтиргудек бўлсам, купенинг совуқлиги аъзойи баданимни  қамраб оларди, индамай жойимда тек ётай десам, унда ҳеч вақони кўролмас эдим. Дадам келиб каравотим тагидаги жомадонини тортиб чиқарди, уни очиб кечки кийимларини олди, кейин уларни юқоридаги симтўшагига отди-да, шиша очиб, катта финжонини тўлдириб қуйди.   
– Чироқни ёқиб олаверинг, - дедим мен.
- Йўқ, - деб жавоб берди у. – Менга керакмас. Сен ухлаяпсанми, Жим?
- Ухлашга ҳаракат қиляпман. 
- Яхши тушлар кўр, - деб тилади у ва жомадонини ёпиб, койканинг орқа тарафига қўйиб қўйди. 
- Оёқ кийимингизни ҳам чиқариб қўйдингизми?
-Йўқ,-деди дадам. 

Тўр беланчак ичида дадамнинг оёқ кийимлари турарди, мен уларни оламан деб дик этиб ўрнимдан турдим, бироқ дадам ўзи эпчиллик қилиб туфлиларини топиб олди ва уларни аста йўлак четига олиб чиқиб қўйди. Кейин пардаларни зичлаб ёпди. 
- Жойингизга ётмайсизми, жаноб? – деб сўради дадамдан бир ҳаммол бўсағада туриб. 
- Йўқ, - деб жавоб берди дадам унга. – Ювиниш хонасида эканлигимда китоб ўқимоқчиман. 
- Хоҳишингиз, жаноб, - деб нари кетди бояги ҳаммол. 

Чойшаблар билан бошинггача тортилган қалин кўрпа орасида ётиш бирам мароқли экан, ҳамма ёқни зим-зиё қоронғулик қамраб олган, ташқаридаги ҳаёт ҳам қуюқ зулмат оғушида ором оларди. 
Деразанинг пастида очиқ турган кичкина дарча бор эди, намчил ҳаво ўша дарчадан ичкарига оқиб кирарди. Яшил парда зичлаб ёпилган, поезд гўё маст одамдек чайқалиб борар, бироқ барибир йиқилиб тушмайдигандек собит ва сершитоб кетар, ҳатто ора-орада қулоғингизга унинг бесар ҳуштаги чалиниб қоларди. Мен донг қотиб ухлаб қолибман, уйғонган заҳотим деразадан бошимни чиқардим, биз ниҳоятда имиллаб ҳайҳотдек бир дарё устидан ўтиб борардик. Дарё юзида чироқлар шуъласи ўйноқларди, деразамизнинг шундоқ тагидан дарё кўпригининг темир панжараси тегар-тегмай ўтиб кетаркан, дадам ҳам кайфи тароқ ҳолда  юқоридаги симтўшакка аста чиқа бошлади.  
- Уйғондингми, Жимми?
- Уйғондим. Қаерда кетяпмиз?
- Ҳозир Канадани ўртасида кетяпмиз, - деб жавоб берди дадам. – Аммо тонггача бу ердан чиқиб кетамиз. 
Канадани кўраман деб мен яна  деразадан қарадим, аммо кўзимга кўрингани темирйўл ҳовлиси билан юк ташувчи машиналар бўлди, холос.  
Тўхтаган вақтимизда қўлида машъала тутган иккита эркак поезднинг олдига келди, яхшилаб жойлашиб олишгач, болғалари билан машина ғилдиракларига уриб кўра бошладилар. Мен ғилдираклар ёнига чўкка тушган шу кишилардан бўлак ҳеч нарсани кўра олмадим, рўпарамизда эса ҳамишаги юк машиналари турарди, мен зерикканимдан тағин тўшагим ичига ўралиб олдим.      
- Канаданинг қаерида кетяпмиз? – деб сўрадим яна.
- Уиндсордамиз, - дадам шошилмай жавоб берди. – Хайрли тун, Жим.

Эрталаб кўзларимни очиб, ташқарига қараганимда биз худди Мичиганга ўхшаб кетадиган ғаройиб мамлакат оралаб елиб борардик, фақатгина бу ернинг тепаликлари баландроқ, дарахтлари ҳам чир айланиб рақсга тушаётганга ўхшарди.       
Оёғимдаги туфлидан бўлак ҳамма кийимимни эгнимга илдим-да, уларни олиш учун парда тагига қўлимни чўздим. Оёқ кийимларим ярқ-юрқ қилиб турар, уларни ҳавас билан оёғимга иларканман, дераза пардасини яна икки ёнга суриб қўйдим, сўнгра қушдек енгил тортиб, йўлакка чиқдим. Йўлакдаги ҳамма пардалар қарийб тугмаланган ҳолда турарди, шунгами поезддаги жами одам уйқудан бош кўтармагандек бўлиб туюларди. Бироздан кейин ювиниш хонасига тушиб, у ерни  ҳам кўздан кечирдим. Битта ҳабаш ҳаммол чарм ёстиқчали ўриндиқнинг бир четида қотиб ухларди. Кепкаси кўзининг устигача ёпиб тушган, оёқларини курсилардан бирининг устига тарвайлаб ташлаб олганди. Оғзи очилиб қолган, боши бир ёнига осилиб тушган, қўллари эса тиззаси устида бир-бирига қовушганча ҳаркатсиз қотганди.  Мен поезднинг охиригача сандироқлаб бориб келдим, ташқарига қарадим, бироқ қуруқ елвизак аралаш танангга игнадек санчилувчи ҳаво ичкарига бостириб кирди, бунинг устига бу ерда ўтиргани жой ҳам топилмасди. Ювиниш хонасига қайтиб келдим, ҳабаш ҳаммолни уйғотиб юбормаслик учун оёғимнинг учида, нафасимни ичимга ютиб хонага кирдим ва дераза олдига бамайлихотир жойлашиб олдим. Сахарҳез паллада ювиниш хонасидан ғалати, жезникига ўхшаш қўлансароқ ҳид анқиб турарди.  Қорним таталаб кетганди, икки кўзим эса кузакнинг муаззин манзараларидан баҳра олиш ниятида ҳадеб ташқарига бўйлар, кейин яна дунёдан бехабар уйқуни ураётган ҳаммолга қадалар эди. Биз ўтиб бораётган жойлар худди киноларда суратга олинадиган ажиб масканларга ўхшаб кетарди. Тепаликлар устида жуда кўп чирмовуқлар, тиканлар, ёғоч ва ходаларнинг парчалари, кўзни қувонтирадиган фермалар ва яланг йўллар бир-бирига туташиб кетарди. Бу Мичигандан кўра гаштлироқ юрт эди. Бу ерда юриб борганингиз  сари кўрган ажойиботларингизнинг ҳаммаси бир-бирига омухта бўлиб кетганга ўхшарди, Мичиганда эса мутлақо  бошқача, у ерда ҳар бир нарсанинг ўзича, ажралган макони бор эди. Биз кетаётган бу ўлканинг ҳеч қаерида ботқоқликдан асар ҳам топилмас, ҳеч жой куйиб, кулга айланмаганди ҳам.  Кўринишидан гўёки бировга тегишлидек туюлса-да, барибир сўлим, кўзни қувонтирадиган ошён эди, бир қарасангиз, заранг дарахтларининг новдалари нигоҳларингиз қаршисида гир айланиб, гирён бўлаётгандек бўлар, ғаройиб тусли япроқлари солланган зич эманлар ҳам тез-тез бўй кўрсатиб қолар, иттифоқо телба шамол туриб қолса, бу буталардан енгил ҳовур аралаш ғубор кўтарилар, бир пасда барглари қип-қизил рангга кириб қоларди. Қуёнвойлар учун айни боп жой экан ўзиям, деб ўйладим завқ билан, айни дамда кўзларимни диққат билан ташқарига йўналтириб, уларнинг бирон-бир ўйинқароқликларини кўриб қолармиканман деб бутун эътиборимни жамлашга уринардим, аммо-лекин поезд зўр шитоб билан елиб бораркан, нигоҳимга илингани фақатгина қушлар бўларди, осмону фалакда ҳеч нарсадан ғами йўқ, беташвиш қушлар учиб юрарди. Мен дала устида кенг қанот ёйиб, ўлжа дардида учаётган қирғий ва унинг жуфтини ҳам кўрдим. Харилар четида учиб ўйноқлаётган майда қушларга ҳам кўзим тушди, афтидан улар жануб томонга қараб йўл олгандилар. Икки марта бошида тожи бор, патлари кўм-кўк американча қушниям илғадим, бироқ поезд бу каби қанотли дўстларимни яхшилаб эслаб қолишим учун халал берар, сурон ва ваҳима ичида ўз манзили томон елдек учиб борарди. Агар кўзларингизни бирор нарсага қаттиқ тикиб олгудек бўлсангиз, бу ҳовлиқма машина нигоҳингизни сирпанчиқда тургандек сирғантириб юбораверар, охири манзараларни итоатгўйлик билан зумда ўтказиб ташлашга бўйсундирар, бутун сафар чоғида диққатингиз дарҳол олдинга қадалишга тўғри келарди. Узун ястаниб ётган яйлови бор ферма олдидан ўтиб кетаётганимизда, яйловда дон чўқилаб юрган калта думли бир қушга назарим тушди. Поезд ёнларидан пишқирганча ўтиб бораётганида улардан учтаси ҳуркиб, осмонга қараб қанот қоқдилар, тезюрар ҳамроҳимиз ёғочлар атрофидан айланиб ўтаётганида эса уларнинг қолгани бамайлихотир емакларини ейишда давом этдилар. Биз шу ерда жуда кескин бурилиш қилдик, бир пайт олдимизда кетаётган бошқа машиналарнинг ҳам қораси кўзга чалинди, улар тўғри ўз манзили томон ҳаракатланар, жаҳд билан юриб борар ва моторлари ҳам шунча тез айланиб кетарди, ичида дарёси тўлғониб оқаётган водий ёқалаб ўтарканмиз, тезда ён-теварагимга аланг-жаланг қилдим ва ҳабаш ҳаммолнинг уйғонганча мени кузатиб кетаётганлигини пайқадим. 
- Нималарни томоша қиляпсан? – деди у устимдан кулгандек.
- Ҳеч.
- Икки кўзинг оқиб тушай дейди-я. 

Мен лом-мим демадиму, аммо ниҳоят унинг уйғонганидан севиниб кетдим. Ҳаммол оёқларини курсидан олмай, уст-бошини тўғрилаган бўлди, кепкасини бошига қўнқайтириб кийди. 
- Бу ерда қолиб, китоб ўқиётган киши сенинг даданг эмасмиди мабодо?
- Ҳа, дадам эди.
- Аниқ отиб олганга ўхшатдим.
- У ашаддий ичувчилардан-ку, билмайсизми?
- Ҳмм, ашаддий ичувчи. Шунақа дегин, ашад-дий и-чув-чи.

Ҳаммолга қарши ҳеч нима демадим. 
- Даданг билан бир-икки марта улфатчилик қилгандим, - давом этди ҳаммол. – Бутун оқшом булбулигиёдек мен сайраб ўтирганман, даданг бўлса ярим тунгача ўтирсаям, оғзига толқон солгандек гунг бўлиб олганди.            
- Дадам ҳеч қачон юрагини бировга очмайди, - дедим мен.
- Унақаси кетмайди, жаноб. Агар у шу йўсинда кетса, ўзини ўзи адойи тамом қилади. 
  Мен яна миқ этмадим. 
- Қорнинг очдими, ўғил бола?
- Ҳа, - дедим мен жониқиб. – Бўридек очман.   
- Сабр қил, ҳозир поезд охиридаги ошхонага кириб ўтамиз. Қорнимизни тўйдирадиган бирон насибамиз топилиб қолар.

Биз  бир-бирига уланиб кетган иккита вагондан ўтиб, орқамизга қайтдик, йўлаклар бўйи деразалардаги пардаларнинг биронтасиниям очилганини кўрмадик, емакхона орқасига жойлаштирилган столлар атрофидан айланиб, ошхонага кириб бордик. 
- Чақирилмаган меҳмонларингизни қабул қиласизми, қадрдон, - ҳаммол кайфи чоғлик билан бош ошпазга пешвоз юрди. 
- Жорж амакимнинг ўзлари-ку! – Ошпаз ҳам очиқ чеҳра билан ҳаммолни қаршилади. Ошхонада яна тўртта ҳабаш стол атрофида карта сузиб ўтиришарди. 
- Мана шу кичик жентльмен билан менга ҳам атаганингиз борми? 
- Йўқ эди-да, - деди қувлик билан ошпаз. – То мен йўқдан бор қилмагунимча йўқ деб ҳисоблаймиз.
- Унгача ичиб турамизми?
- Мен ичмайман, - деди ошпаз.
- Ўзимизда бор, - Жорж гўё ҳотамтойлик қилгандек ён чўнтагидан бир пинта  шиша чиқарди.  – Мана шу ёш жентльменнинг отаси шарафига кўтарамиз.
- У шарафлашга арзирли киши, - деб хитоб қилди бош ошпаз. Шундай деб, лабларини ялаб қўйди. 
- Кичик жанобимизнинг отаси жаҳон чемпиони.
- Йўғ-ей, нима бўйича?
- Нимадан бўларди, ичишдан-да. 
- Унда анча қудрат соҳиби экан, - деб ҳазиллашди ошпаз, сўнг ҳаммолга юзланиб, сўроқлади:
- Сен ўтган кеча кимлар билан овқатландинг?
- Ўзимизнинг бир гала маллавойлар билан эдим.
- Қурғурлар ҳалиям биргами улар?
- Чикаго билан Детроит орасида ҳам ичакдек бир-бирларидан айрилмадилар. Биз уларга Оқ Эскимослар деб лақаб қўйдик. 
- Боплабсизлар, - деди ошпаз. – Бу дунёда ҳар кимнинг ризқу насибаси бор, хуллас. 

Шундай деб у товага икки дона тухум чақди. – Чўчқа гўшти билан тухум чемпионнинг ўғлига бўла қолсин.
- Кўп раҳмат, - дедим мен ошпаздан миннатдор бўлиб.
- Сенга ҳам шон-шараф хуш ёқади-я?
- Албатта, жаноб.
- Майли, сенинг даданг бир умр енгилмас бўлиб қолсин, - деб тилади ошпаз менга қарата. Сўнгра яна лабларини ялади. – Бу кичик жентльменимиз нимадир ичадиларми?
- Йўқ, қадрдон, - жавоб берди Жорж. – У менинг ҳисобимдан, менинг бугунги улфатчам.           
Ошпаз амаки чўчқа гўшти билан тухумларни иккита ликопчага солди.     – Қани, жентльменлар, яхшилаб жойлашиб олинглар-чи!
Жорж билан мен чоғроқ стол атрофига ўтирдик, ошпаз елиб-югуриб яна иккита финжонда қаҳва олиб келди ва қаршимизга ўтирди. 
- Афтларингдан яна бошқа мулозамат ва такаллуфни истаётганга ўхшайсизлар? 
- Энг яхшиси, - деди кайфи тароқ бўла бошлаган Жорж, - буткул учиб қолмасимиздан поезддаги ошёнларимизга етказиб қўйсанг, шу сўнгги ниятимиз. Хўўш, темирйўл бизнесинг қалай кетяпти?
- Темирйўллар жойида, ўшандай собит турибди, - деди ошпаз. – Уол Стритда аҳвол қанақа?
- Айиқлар яна қутуряпти, - деди Жорж ҳафсаласи пир бўлган кишидек, - Урғочиларига шу кунларда бир қадамам яқинлашиб бўлмай қолди. 
- Полапонларига пул тика қол, - деди ошпаз ҳазил аралаш. – Баҳайбат маҳлуқлар  меҳр-мурувват учун анча катталик қилишади. 

Бу қочирмадан Жорж билан ошпаз маза қилиб кулишди. 
- Тенги йўқ, хўб дилкаш йигитсан-да, - шавқ билан сўзлай бошлади Жорж. – Сени бу ерда кўришнинг ўзи ширин туш.
- Гапни олиб қочасан-а, - деди ошпаз баттар ҳазиллашиб. – Лакаванниус сени чақиряпти.
-  У қизни мен севаман, - деди Жорж.  – Сочини ким ушласа –
- Гапни ҳадеб олиб қочма, - дакки берган бўлди ошпаз. – Бўлмасам, ҳалиги маллавойлар танобингни тортиб қўйишади.
- Бу роҳатнинг ўзи-ку, жанобим, - деди Жорж кулгу аралаш. – Айни роҳатнинг ўзи шу бўлади. 
- Қўйсанг-чи, ол-а!
- Яна бир илтифот кўрсатсангиз, жанобим.

Бош ошпаз одатича, тағин лабларини ялади.  – О, Худойим, бу меҳмонларимнинг ризқини бу ердан тезроқ кўтаргин. 
- Мен нонушта учун бирровга кирганман.
- Ола қол манави тер тўкилмай топилган биродарингни, - деб тегишди ошпаз яна. Жорж ҳалиги шишасини чўнтагига солиб қўйди. 
- Бебаҳо қалбга алвидолар бўлсин, - деб хўшлашди у кейин. 
- Жаҳаннамга даф бўл, - карта ўйнаётган ҳабашлардан бири орага гап суқиб, дағдаға қилган бўлди.
- Омон бўлинг, жентльменлар, - деди Жорж. 
- Хайрли кеч, - деб хайрлашди бош ошпаз. Ташқарига чиқдик. 
Биз ўз бўлмамизга қайтиб келдик, Жорж ҳушёр тортиб, эшик рақамига тикилиб қаради. Эшикда аввал ўн икки рақами бор эди, ҳозир эса беш бўлиб қолибди. Шунда Жорж кичкинагина нарсани пастга бир тортганди, рақамлар ўз-ўзидан ғойиб бўлди. 
- Яхшиси, шу ерда қола қол, сен учун қулайроқ жой шу ер, - деди у. 
Мен ювиниш хонасида ўтириб кута бошладим, Жорж эса йўлаклар бўйлаб нарига кетди. Бироздан сўнг у қайтиб келди. 
- Уларнинг бари ҳозир байрам қилиб ўтирибди, - деди у тушунарсиз қилиб. – Темирйўл бизнеси сенга маъқул келдими, Жимми?
- Исмимни қаердан биласиз сиз?
- Ахир даданг сени шундай деб чақирмайдими, тўғрими?
- Тўғри.
- Жуда соз, - деб қўйди у мамнун бўлиб. 
- Менга росаям ёқди, - дедим мен болаларча орзу-ҳавас билан. – Сизлар доим ошпаз амаки билан шу тарзда гаплашасизларми? 
- Доим ҳам эмас, Жеймс, - деди у. – Қачонки юрагимиз ҳаёт билан қайнаб-тошганида, ўшандагина шундай очилиб ўтирамиз. 
- Ва ичиб, кайф қилиб ўтирганингизда ҳам, - деб илова қилиб қўйдим мен.
- Биргина бу ҳолатда ҳам эмас. Кўнглимиз истаган бошқа нарсалардан ҳам завқланишимиз мумкин. Инчунун, ошпаз амакинг билан мен ҳамроз кишилармиз.
- Ҳамроз нима дегани?
- Ҳамроз - ҳаётга қарашлари бир-бирига ўхшаш одамлар дегани. 

Мен саховатли тақдирга тан бергандек жим қолдим, шу пайт чийиллаб қўнғироқ чалинди. Жорж ташқарига чиқиб кетди, қутидаги ихчам бир нарсани тортиб олди, сўнга яна хонага қайтиб кирди. 
- Умрингда ҳеч устара билан кесилган одамни кўрганмисан?
- Йўқ.
- Билиб олишни истайсанми?
- Майли.
Қўнғироқ такроран чийиллади. – Мен яхшиси, бориб бир қараб келай, - Жорж яна чиқиб кетди.

У қайтиб келгач, ёнимга ўтирди. 
- Устаранинг ишлатилиши, - деб гап бошлади у, - биргина сартарошлик ҳунарини эгаллаганлар биладиган санъат эмас. 
Ҳаммол юзимга айёрона назар билан қаради. – Кўзларингни бунақа шокосадек катта очма. Шунчаки маъруза қиляпман.
- Қўрққаним йўқ.
- Ахир сенга шу гапни ўзим айтдим, қўрқма, деб, - деб тинчлантирди Жорж мени. – Бу ерда сен энг қудратли дўстинг билансан.
- Бўлмасам-чи, - дедим мен хиёл енгил тортиб. Жоржнинг буткул учиб қолганига амин бўлдим. 
- Даданг роса ёпишиб олган бало шумиди?
У яна шиша чиқарди. 
- Мен билмайман.
- Сенинг даданг Худо суйган, ҳокисор қалб эгаси. 
У яна ичимликдан қуйди. Мен чурқ этмадим. 
- Устара мавзусига қайтсак, - деб давом этди Жорж. У палтосининг ички киссасига қўл юборди ва устара чиқарди. Чап қўлининг кафти орасига устарани ётқизиб, қўлини маҳкам қисди. 
Кафт ним пушти қон бўлди.
- Устарага разм сол, - деди Жорж. – У на меҳнат қилди, на азоб чекди. 
Жорж ҳалиям устарани кафтида тутиб турарди. Устарасининг қоп-қора сопи ҳам бор эди. Жорж устарани очди ва тиғини тўғрига қаратган ҳолда ўнг қўлида ушлаб турди. 
- Бошингда сочинг борми? – деб қолди у бир пайт.
- Бу нима деганингиз?
- Битта толангни юлиб бер. Меники ўлгудек қаттиқ. 
Мен бир тола сочимни юлдим, Жорж уни қўлимдан юлқиб олди. Сочимни чап қўлида ушлаганча, унга диққат билан саросаф солди, кейин устарада қўққис ҳаракат билан сочни шартта иккига узиб юборди. 
- Учининг ўткирлигини қара, - деди у. Ҳалиям сўл қўлида турган узилган соч толасининг кичкина думига қараб тураркан, ҳаммол қўлидаги устарани яна айлантирди ва бошқа тарафга қараб орқа учи билан енгил зарба берди. Тиғ унинг бош бармоғига илашиб турган сочни ҳам чирт узиб ташлади. – Ҳаракатнинг оддийлигини қара, - деди Жорж шавқ билан. – Ақлни шоширадиган иккита маҳоратга қара сен. 

Шу вақт қўнғироқ чийиллади ва Жорж дарҳол устарани буклаб, уни менга узатди.  
- Устарага ҳазир бўл, - деб тайинлади у ва зумда чиқиб кетди. Мен устарага оғзим очилганча, уни очиб кўриб қайтадан ёпдим. Оддийгина ўзимизнинг устара. Жорж изига қайтди ва биқинимга ёпишиб ўтирди. Томоғи чукиллаб, ичимликдан олди. Шишада ҳеч нима қолмаган эди. Жорж унга ноумид қарай-қарай, чўнтагига қайтариб солди. 
- Устарани бер-чи, - деди у. Унга матоҳини узатдим. Жорж чап қўли кафтига яна устарани қўйди.      
- Миянгга қуйиб олдинг-а, - деди у ўзини катта устозлардек тутиб, - учининг ўткирлиги ва ҳаракатнинг оддийлиги. Бу иккисидан-да буюкроқ сир бор бу ерда. Бу таъсир ўтказиш асрори. 

Жорж устарани яшин тезлигида ўнг қўлига олди, уни енгил серпади, тиғи нақ оч бўридек тиш қайраб келди ва ҳаммолнинг қора билакларининг четида ёйилган ҳолда ётиб қолди. У менга қўлини кўрсатди; муштлари орасига устаранинг сопи тиқилганди, тиғи билакларининг бўғимлари орасида очиқ ҳолда турар, Жорж уни бош бармоғи билан кўрсаткич бармоғи орасида маҳкам тутиб турарди. Тиғ унинг мушти орасида қаттиқ қисилган, учи ташқаридан кўриниб ётарди.     
- Ўрганиб олдингми? – Жорж менга юзланди. – Эндиги юксак маҳорат уни қандай ишлата олишингда қолди. 
У қаддини ростлади, мушти ҳамон қисилган ҳолатда экан, тиғ эса бўғимлари орасида очилган ҳолда ётаркан, ўнг қўли билан ўзини шапатилаб қўйди. Устара тиғи деразадан мўралай бошлаган офтоб нурида ёрқин ярқираб кетди. Жорж бошини букиб, уч маротаба тиғ билан ҳавога сермади. Орқасига тисарилиб, ҳавода икки марта енгил зарба қилди. Бошини ҳалиям эгиб тураркан, бўйни атрофидан чап қўлини ташлади ва мушти билан тарс-турс қилиб урди, устара тиғи олдинга- орқага, олдинга-орқага қилиб, сермалиб келаверди, ҳабаш дам бошини букар, дам эса ўзини четга отарди. У бир, икки, уч, тўрт, беш, олти марта устарада ниманидир ёхуд кимнидир сўйди. Юзи реза-реза терга ботганди, устарани букаркан, уни яна киссасига қайтариб солди.  
- Бор-йўқ маҳорат уни қандай ишлата билишингда, - деди у хўрсиниб.   – Чап қўлингнинг эса парболишдек майин бўлиши айни муддао. 
У ўтириб, юзини артди.  Бошидан кепкасини ҳам ечди-да, унинг ичидаги чарм жойини эринмай артиб қўйди. Сўнг қўнқайиб муздек сув олди.  
- Устара шунчаки бир хомхаёллик, холос, - бир нафаслик жимликдан сўнг ўйчан қиёфада сўз бошлади ҳаммол.  – У сенга ҳеч қачон қалқон бўла олмайди. Дуч келган киши сенга шу темир парчаси билан азият етказиши мумкин. Сени сўймоқчи бўлганларни кучинг ошиб-тошиб, даф қилган тақдирингдаям, уларнинг-да сени мажақлаб ташлашга етгудек қурблари бўлади. Борди-ю чап қўлингда уни ёстиқдек тасаввур қила билсанг, унда сенинг олдингга тушадигани йўқ. Бироқ устарага муҳтожлигинг бўлган чоғда ёстиқни қай гўрдан топа олардинг? Ётоғида кимни жонидан маҳрум қилмоқчи бўласан, ўйла-чи? 

Бу устара бир гумроҳлик, Жимми. Бу ҳабашларнинг жон қуроли. Қорачалпакларнинг доимий ва ажралмас қуроли бу. Аммо сен ҳозир уни қандай ишлатишларини ўрганиб олдинг. Бир қўлининг четида устарани қайира олиш унча-мунча ҳабашнинг қўлидан келавермайдиган иш. Биргина уддалай олганни ҳам, ўзини шу матоҳ билан ҳимоя қиламан деган Жек Жонсонни ҳам сўрамай-нетмай Ливенуорсга бадарға қилишди. Пешонамиз шу экан, энди менга айт-чи, Жек Жонсондай баҳодирники қутқара олмаган мана шу матоҳ менга қандай каромат кўрсата оларди? Бу парчанинг бир миричалик ҳам қиммати йўқ, Жимми. Бу ҳаётда сенинг бор қадринг, эришажак мартабанг нима билан ўлчанади, биласанми – ҳаёт билан муросаи мадорангда. Мен ва ошпаз амакингга ўхшаш кишилар ана шундай муроса билан яшаб келдик. Ишонсанг, у бирор марта ҳаётга қарши бош кўтаргудек бўлганда ҳам, бу қаттол дунёнинг унга зиғирчалигам шафқат кўрсатганини кўрмадик. Кекса Жек ёхуд Маркус Гарвей каби ҳабашлар шу бемаъни устара туфайли гумроҳлик қилиб қўйишди, уларни дарҳол қозиққа ўтқаздилар ҳам. Қара, менинг бу устара орқасидан етиб келган гумроҳ оламимга сен бир назар сол.     

Бу дунёда ҳеч нарсанинг қадри йўқ, Жимми. Ликёрга ҳам ишонма, худди мени бир соатчалик вақт  мобайнида алдаб турганидек у сенга ҳам бирор кун яхшилик олиб келмайди. Сен билан мен мутлақо бошқа-бошқа тоифага мансуб инсонларимиз ва ҳеч қачон дўст бўла олмаймиз ҳам. 
- Нега энди, ахир дўстмиз-ку.
- Мендек фақирни бу қадар улуғлама, қадрдоним Жимми, - деди у.        – Сен беҳол, бировга зиён-заҳмати тегмайдиган “Йўлбарс Чечаги”нинг шўр қисматини ҳам бир эшит. Башарти у бечора оқ танли бўлганида, аниқ миллионлаб долларлар дарёсида чўмилган бўларди.
- У ким бўлганди ўзи?
- Жангчи эди. Худо урган, шўрпешона битта жангчи. 
- Унга нима қилишган?
- Уни ғалаба қучгани сари бир йўлдан бошқасига, сўнг яна иккинчисига судрайверишиб, охири тамом қилишган. 
- Шармандалик, - дедим мен нафратим қўзиб.
- Жимми, дунёнинг ишларининг муқим бир қонуни бўлмайди. Айтайлик, аёллар сени бад-бадингга уриб кетишган, ёйинки кун келиб сенам уйландинг дейлик, лекин сенинг хотинингнинг сабри-тоқати тошни ёрар даражада метиндек бўлиши керак. Темирйўл ишида тунлари сен уйдан олисда, қорин ғамида юрган бўласан. Сени кўнглингдагидек ҳурлиқо эса у ёқдан-бу ёққа индамай кетаверадиганлар хилидан бўлиши шарт, бахтга қарши бунақасини топишинг ўта амримаҳол, сабаби ҳеч бир нозанин бу каби машаққатга дош беролмайди. Сен уни орзу қиляпсан, ваҳоланки у ҳеч кунингга кўна олмаяпти, оқибат сен уни йўқотасан, сабаби у сенинг дақиқаларингга тоб беролмаяпти, алалхусус, бошингга не ғавғо ортардинг сен – эркак кишининг бутун ҳаёти давомида аёл танасига бўлган жиловлаб бўлмас ташналик уни оёғидан йиқитади, бинобарин, ликёр ичиб, ҳолинг ҳароблиги билан у хорлигингнинг ўртасида қандай тафовут бўлсин?
- Ўзингизни яхши ҳис қилмаяпсизми?
- Йўқ, ҳечам яхши эмасман. Жуда ёмон бўлиб кетяпман. Ёмон бўлмаганимда, шу гапларни алжираб берармидим сенга, тентаквой.
- Дадам ҳам эрталаблари шунақа ўзида эмас бўлиб қолади. 
- Шунақа бўладими?
- Албатта.
- Бу мудҳиш офатдан қандай қутулади кейин?
- Бадантарбия машқларини бажаради. 
- Яхши-ку, унда мен ҳам йигирма тўртта каравотни ташиб келтирай. Балким бу чиркин ўйлардан халос бўларман.

Бу кун ёмғир бошлангандан бери поездда ўтган энг узун кун бўлди. Ёмғир поезд ойналарига шатирлатиб уравериб, уларни парлаган, шу сабабдан ҳам ташқарини тузук кўриб бўлмасди, аслида бутун табиат ана шундай мавҳум, хира ва хорланган каби аксланар эди.  Биз сон-саноқсиз шаҳарчалар ва шаҳарлардан ўтдик, бироқ уларнинг бари ёмғирда яланғоч ва қорайган алфозда кўринар, Албаниядаги Худсон дарёсини кесиб ўтаётганимизда ҳам ёмғир шиддати ҳамон пасаймаган эди. Мен вестибюлда хомуш турарканман, Жорж келиб эшикни очди, шундагина мен ташқарини кафтдек кўра бошладим, аммо истиқболимга фақат кўприкнинг ҳўл бўлган темир панжараси ялт этиб чиқди, холос, ёмғир дарё ўзанини ҳам буриб юборганди, поездимизнинг томидан чак-чак этиб ёмғир томчилай бошлаганди. Шунга қарамай, ҳавода зариф, сархуш ислар кезарди. Бу кузак ёмғири эди, очиқ эшикдан мусаффо ҳаво сирғалиб кирар, худди кўлда сувга бўкиб қолган нам ёғоч билан темир парчасининг иси анқиб келарди. Поездда биздан бўлак бир талай йўловчилар кетар, аммо уларнинг ҳеч бири бу манзараларга қизиқиб қарамас, жиддий ва бепарво алпозда жим кетишарди. Кўҳликкина бир жувон ёнига ўтиришимни истади ва мен жувоннинг ёнига ўтирдим, аммо аёлнинг ёши мен тенги  келадиган ўғли бор экан, алхусус, улар Нью-Йоркдаги мактаблардан биронтасига ишқибоз бўлиб, боласининг таҳсили борасида мени сўроқ-саволга тутиш учун ҳам ёнига ўтқизган экан.  Шу тобда мени ич-ичимдан бир неча соатлик ўтмишга қайтгим, Жорж билан бирга яна емакхонага боргим ва уни ошпаз амаки билан чапаниларча гап сотишини мириқиб-мириқиб эшитгим келарди. Аммо одатий кунларнинг барида Жорж менга гўё нотанишдек муомала қилар, жуда кам гапирар, жуда тавозе ва расмиятчилик билан сўзларди, мен уни кетма-кет тетиклаштирувчи муздек сув ичиб юрганини сезиб қолдим.     

Ниҳоят, ёмғир тинди, бироқ тоғлар бошида кўрпадек-кўрпадек булутлар галаси уймалашганча кезарди. Биз дарё бўйлаб кетиб борардик, атроф ғоятда гўзал, бунақа гўзалликни мен ҳатто бир маҳаллар якшанба тушлигини ейиш учун кўл бўйига борганимизда ўзимиз билан олиб борадиган миссис Кенвуднинг китобидаги суратларда ҳам учратмаган эдим. Китоб шапалоқдек келарди, одатда дастурхон тузалган стол устида турар, мен уни кечки таом тайёр бўлишини кутаётган пайтимда варақлаб ўтирардим. Китоб безаклари худди ёмғирдан кейинги яланғоч, маъюс ва толиққан, ичида ўзанидан тошиб санқиган дарёси бор шу мамлакатга ўхшаб кетарди, қиррадор тоғлари бора-бора охири кулранг тошга айланиб қоларди. Аҳён-аҳёнда дарёнинг нариги томонида кетиб бораётган поезд ҳам кўзингизга кўриниб кетарди. Оғочларнинг барглари куз келиши билан сарғая бошларди, баъзан ўша дарахт шохлари орасидан маъсуд оқаётган дарё нигоҳингизни олиб қочарди, дарё китобдаги суратлар каби қадимий ва ҳароб бўлиб кўринмас, аксинча одам зоти яшай оладиган бирдан-бир беҳадик ва серзавқ жойга ўхшаб аксланар, сиз у ерда мароқ билан балиқ тутгингиз, ҳузур билан тушлигингизни еяётиб эса дарё ёқасидан ўтиб бораётган поездни томоша қилиб ўтиргингиз келарди. Аммо буларнинг бари китоб безакларига номуносиб бўлган пучак хаёллар эди, бари қоронғу, етиб бўлмас, ғариб ва бегона орзулар эди. Эҳтимол ичимдаги бу нохушлик, бу озурдалик узоқ ёққан ёмғир ва офтобнинг ҳадеса юз кўрсатавермагани  туфайли кечаётгандир.         

Елвизак шамол дарахт япроқларини учириб ўйнаганида дарахтлар беҳад бахтиёрдек хушҳол солланар, улар орасидан одимлаб бораркансиз, гўё дарахтлар ҳечам ўзгармагандек, фақатгина япроқсиз, шунчаки ёлғиз бўлиб қолганга ўхшаб туришарди. Бироқ ёмғир баргларни ерга тўкиб, уларни ҳўл ва жонсиз қилганида, бағирларини ер билан битта қилганида, дарахтлар ҳам ўзгарар эканлар, қанақадир совуқ ва бегона бўлиб қоларканлар. Худсон қучоғига қайтиб келиш бениҳоя ҳузурбахш эди, бироқ менинг озурда кўнглим, негалигини билмайман, аммо бу орзиққан қалбим яна ва яна ўша қадрли кўл томон тортқилар, юрагим шу қайтиш соғинчи билан ширин энтикиб кетарди. У оний манзаралар бир пайтлар таниш китобимда чизилган лавҳалар бахш этган беназир ҳиссиётларни дилимга солар, улар мен ўша китобга ошён бўлган хонани кўз олдимда гавдалантирар, ақлимдан айирар, гўёким мен ўз уйимдамас, етти ёт нотаниш кимсанинг уйида яшагандек бўлар, тушлик сониялари, ёмғирдан кейинги шалаббо оғочлар ости нуқул кўз олдимда жонланаверарди, куз адоғига етиб, шимолда сокинлик ва оромийлик даври бошлангач, қушлар ҳам аллақачон бу ерларни тарк этган бўлади, ўрмон салтанати ҳам сайр қилиш учун ортиқ ўзига тортмай қўяди, уззукун фақат ёмғир қуяди ва сиз энди ичкарида қолиб,  иссиқ печ ёнида оёғингизни узатиб ўтиришни истаб қоласиз. Кўрган-кечирганларимнинг барини ҳам хаёлимдан ўтказдим деб айтолмайман, негаки ҳеч қачон бу қадар узоқ ва кўп ўй сурмаганман ҳам, бу қадар чексиз сўзларга сиғинмаганман ҳам, валекин ботинимдаги ўша бетакрор кунларим қолдирган туйғуларнинг ҳаммасини Ҳудсон дарёси менга армуғон қилганди. Ёмғир эса ҳамма нарсани одамга бегона қилиб қўяркан, ҳаттоки ўз уйингни ҳам.