Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Август 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
31 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Уч она ноласи (достон)


(Танлов учун тақдим этилмоқда)
I
Ўн тўрт йилки, бир аёл куну тун қилар сажда,
Бошин қайга урмади фарзанд кўрмоқ ишқида
Эрта- ю кеч безовта, йўқ ороми уйқуда,
Аллохдан ёниб сўрар : “Фарзанд бергин деб менга.”
Тушларида кўради ўйинчоғу –халинчак,
Қўллари  тебратармиш бола ила беланчак.
Ҳаёлларин олади чақалоқнинг овози,
Ўйғонгач дунё тинглар яна аёл дилрозин:
“Бир юпанчим бўлсайди, қолмасди ҳеч армоним,
Болажоним бўларди юрагимга дармоним.
Ўксиниб ох уради: “Кўнглимни оларим йўқ,
Суянчим, меҳрибоним, ортимда қоларим йўқ”
Ноласидан ер титрар, тинглар уни кўкда ой,
Дардларини тинглаб тун, тонгга бўшатади жой.
Ёмғир ҳам бирга йиғлар, кучаяди овози,
Табиат эшитгандай бечоранинг дилрозин.
Оҳир зори кўкка етиб, унга этмиш эҳтиром,
Раҳми келиб Аллохнинг фарзанд этибди инъом.
Чақалоқнинг овози эшитилиб уйидан,
Болажони жой олди юрагининг тўридан.
Қувончининг чеки йўқдир, юрак урар гурсиллаб,
Бу  кунларни кутган эди аҳир аёл неч йиллаб...
Дўмбоқ болажонисин кўкрагига босади,
Нозик ниҳол бўйнига кўзмўнчоқлар осади.
Шукр дея Аллохга , осмонларда юради,
Энди қувонч ёшлари юзларини ювади.
Фарзандим бахтим, дея бошларин силар она,
Алпомишдай бўлгин деб, бешикка белар она...
Афсус бир кун шифокор сўзидан она ҳайрон,
Осмон ерга қулагандай юраги бўлди вайрон.
“Наҳотки шу рост бўлса?”—савол қийнар беомон,
Ёлғиз жигарпораси туғилибди ногирон.
Эрта ю кеч термулар она фарзанд юзига,
“Гуноҳим нима эди?-савол берар ўзига.
Аҳир ёлғиз эгамдан сўраганим шумиди?
Наҳотки бу пешонам шунчалар ҳам шўрмиди?
Тўққиз йил термулади, она ҳеч ерга бормас,
Афсус чекар, дилбанди ҳатто “онажон” демас.
Тўққиз ёшга тўлдику, аммо ҳануз юролмас,
Мултираб турар фақат, овқатин ҳам еёлмас.
Кўчада ёғар ёмғир, уйда она тўкар ёш,
Фарзандига термулиб, юзида сўнар қуёш.
Ёмғирларда алами бор, қани эди тинмаса,
Болажонин усту бошин майли эди намласа.
“Юриб чиқсин кўчага, -оҳ уради оламга ,
Соябони бўлардим шу ёмғирда боламга”
Шаррос қуяди ёмғир, она тўкади кўз ёш,
Дилбандига термулиб, ўзига сўрар бардош.

II
Онажонин бағрида бўй чўзар бир қизалоқ,
Қоматлари гулдайин, мисли лолақизғалдоқ
Чирой очар кун сайин, офтобдан олар жамол,
Сояси остидаги мурғаккина навниҳол.
Онаизор парвона: “Кўз тегмасин гулимга,
Ғурурланиб боқади, ярар у бир кунимга”
Бўйларига термулар, сочларини ўради,
Қизалоғин юзида ўз бахтини кўради.
Қизалоқ ҳам онага меҳр кўзида боқмиш,
“Онажоним, бахтимга омон бўлинг, сиз”дермиш
Бир-бирларисиз улар бир дам туролмас эди
Она билан қизалоқ мисли гуллола эрди.
Елдек ўтибди кунлар, йиллар тортиб қарига,
Она ва қиз бўлишди суянчиқ бир-бирига...
Э воҳ, қизнинг кўзлари  бир куни ёшга  тўлди,
Онажони- меҳрибони бедаво  ҳаста бўлди.
Онаси боқар маюс, қизи унга парвона,
Кун сайин дарди ошиб, қилар уни девона.
Бетоб бўлса ҳам она боласини ўйлайди,
Эркалатиб қизини, эртакларни сўйлайди.
Дарди бедаво экан, оҳ чекар онаизор,
Онаси тўлғонади, қизи топади озор.
Кун санайди бечора, тунлар санаб овора,
Қизалоғин кўз ўнгида сўлимоқда тобора.
Билдирмайин дер дардин, лек оҳ урар санчиқдан,
Умрининг поёнидан юрак чиқади қиндан.
Кўчада ёғар ёмғир, уйда инграйди она,
Болажонин ўз ёнига аста имлайди она.
Ёмғирларда алами бор, кўпроқ қанийди ёғса,
Муштипар бу онанинг қани дардини олса.
Фарёд  чекади она: “Кимларга қолар болам?
Кўзим очиқ кетади, қолмоқда гулу лолам.
Не қилар менсиз болам бу шавқатсиз дунёда?
Аҳир бу олам ичра барча унга бегона.
Онасиз кўнгли ўксик бўларку аҳир болам,
Мемаҳал сўлиб қолар боғдаги  гулу лолам.
Қизалоғимни энди кимлар сочин ўради,
Қизғалдоғимни энди кимлар бахтин кўради?
Онасиз кўнгли ўксик бўларку аҳир болам,
Бемаҳал сўлиб қолар аҳир менинг гуллолам.
Наҳотки қизгинамни тўйларин кўролмасам?
Ёр ёрлар айтган маҳал ёнида туролмасам?
Оппоқ либос кийган чоғ, фотиҳа беролмасам,
Яйраб яшнаб ушал дам давронлар суролмасам?
“Болажоним, не қилай, дунё бевафо экан,
Ғунчагинам йиғлама, дардим бедаво экан.
Омон бўлгин сен фақат, дилинг ғашлаб кетаман,
Беғуборим, йўқ чорам, ёлғиз ташлаб кетаман.
Қучоқлаб дилпорасин она тўкади кўз ёш,
Онанинг ноласидан титрайди кўкда қуёш.
Шаррос қуяди ёмғир, она болага сирдош,
Она ю болаларга табиат тилар бардош.
 
III
Яшар эди бир аёл рўзғорим деб овора,
Шум тақдир битигидан юраги бўлди пора,
Аччиқ қисмат дастидан бўлди бева бечора,
Турмушидан ёдгорлик қолди бир этак бола.
Қийналиб яшаб ўтар,гуноҳ ишга ийманар,
Болаларин бир ўзи боқишга кўп қийналар.
Йиртиғин ямаб ўтар,тузукроқ кийими йўқ,
Уйида нондан бўлак ортиқ егулиги йўқ.
Бириси ейман дейди,бирига керак устбош,
Барига етгазгани она топмайди илож.
Она тинмай эрта кеч кўп югуриб елади,
Кечалари ухламай мардикорлик қилади.
Заҳру завқумлар бўлар бу ҳаётдан тотгани,
Саккиз болага аҳир қандоғ етар топгани?
Дардин айтай деса, йўқ суянчиғ бошида,
Болаларин кўзёши оғу бўлар ошида.
Кичиги “ қанд”деб йиғлар, каттаси дейди “ китоб”,
Ўғлин энди тузатса, қизи бўлади бетоб.
Бева аёл юрагин дард қоплайди бирмунча,
Болаларим есин деб,оч ухлайди кўпинча.
Она юзида ҳечам кўринмас нуру чирой,
Яна кечги овқатга ейишади нону чой.
Овқат қилайин деса қолмабди зарра ёғи,
Шу кетишда бўлайверса, нима бўлар бу ёғи?
Саккиз жигарпораси  ҳар ёнини ўрайди,
Эркаланиб онага, йўқ нарсалар сўрайди.
Аёл фақат Аллохдан мўъжизалар кутади,
Бола кўнглини олиб,дардин ичга ютади.
Ҳовлида йиғлар бола, она кўнгли ғашт бўлар,
Ўғилчасин сўзидан кўзларига ёш тўлар.
Ўртоқлари кўчада кулишибди устидан,
Нима кийсин бечора ночорликнинг дастидан?
Кўчада ёмғир ёғар онани босади ғам,
Аламли кўзёшлардан бешиги бўлади нам.
“Қанийди ёғмай турса!”- кўкка қилар ноласин,
Ёмғирда киймоқ учун кийими йўқ боласин.
Эшикдан чақиришиб ўртоқлари кўринар,
Бола кўзига қараб, она кўнгли  бузилар.
Борай деса мактабга пойафзали йиртиқдир,
Ночорликнинг дастидан юрак бағри кемтикдир.
Ёғаётган ёмғирда бор онанинг алами,
Ёруғ кунда аёлнинг қоронғудир олами,
Чунки бу кун чиқолмай дилбандлари кўчага,
Эртага  кулки бўлар  улар балки нечага.
Шаррос қуяди ёмғир, она тўкади кўзёш,
Онанинг ноласидан қораяр кўкда қуёш.
Кўчада ёғар ёмғир, она ғамига сирдош,
Она-ю болаларга табиат тилар бардош.
Фалак, оналарни сен кўз ёшдан яратдингми?
Ердаги фариштангни ерларга қаратдингми?
Гунохлари не эди, минг жафолар айлайсан,
Бечора оналарни бунчалар ҳам қийнайсан
Дейди Юлдуз:  Аллоҳим, аёл кўзёш тўкмасин,
Фарзандим деб бемаҳал аёл қаддин букмасин,
Болалари бахтига она бевақт ўлмасин,
Бу дунёда бахтсиз она, бахтсиз бола бўлмасин!