Янги ижод намуналари
Оммабоп мақолалар
Сўровнома

Esdalik.uz нинг бошқа турдош сайтлардан фарқи нимада?



Барча сўровномаларни кўриш...
Календарь
«    Август 2020    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
31 
Теглар
Ҳамроклик
Ижтимоий тармоқдамиз






Марҳабо Шодмонова шеърлари


Саҳардан шом қадар ишқда тўлғонсам,
Кўнгилга ишониб, ақлимдан тонсам,
Яшиндек чақнасам, оловдек ёнсам,
Ўзимдан ўзгани куйдиролмайман.

*** *** ***
Кўнгилнинг аёвсиз сўроқларидан
Толиққан кунларим ортимда қолар.
Хотирамнинг сарғиш вароқларидан
Ўчиб кетмагандек ҳануз хатолар.

Хатодан юз буриб кета қолмадим,
Қадрим йиғлар ўтмиш харобасида.
Аммо мен юракдан йиғлай олмадим,
Ўлган туйғуларим жанозасида.

Мотам ҳам тутмадим қайғуга ботиб,
Сохта табассум-ла боқдим оламга.
Отмаган тонгимда умид уйғотиб,
Етишдим сочлари оқарган ғамга.

Одамзод азалдан меҳрга тўймас,
Йўқдир ишқдан ўзга кўнгил шеваси.
Дунёдан қўл силтаб кетмоққа қўймас,
Аччиқ хатоларнинг ширин меваси...

*** *** ***
Мени кечир...
Кўп ҳаялладим,
Жуда узоқ қилдим интизор.
“Борса-келмас” йўлни танладим
Ва қисматни билдим гуноҳкор.
Чарчаганман...
Йўлим қолмаган,
Юзим – қора, 
Маънолар – саёз.
Ҳали гуллаб улгуролмаган
Юрагимни қақшатар аёз.
Иккимизни икки ён отиб
Ҳаёт қийнар,
Шуми одиллик?!
Ўз бахтимга ўзим чанг солиб
Бўғаяпман, худди... қотилдек.
Яшамоқдан муддао нима?
Тинчлик бермас хаёл – дардисар.
Эҳ, қалбим-а, увол қалбим-а,
Қилгандик-ку балодан ҳазар!..
Наҳот, барча тоатим – бекор,
Халоскор деб билдим хатарни?
Тағин асрай олмадим бедор,
Тун аро қон қусган саҳарни...

Мени кечир... 

*** *** ***
Ҳар кун бир хатодан ёрилади бош,
Ҳар кун бир хатодан қонайди манглай,
Қадрсиз ҳислардан кўзларингда ёш,
Гулим, атрофингда алафлар талай.

Мағрурсан, керилиб кўкка боқасан,
Тиконларинг тўкар заҳарли зардоб.
Тириксан, томирда қондай оқасан,
Қимтиниб чеҳрангга исинар офтоб.

Қўлларингдан секин сирғалиб тушиб,
Кўзларинг аксида рақс тушар қалам.
Янчади ҳаддингни қадрингга кўшиб,
Алам...

Бу ғариб дунёнинг ҳасади а-а-а-нча,
Муштдек юрагингнинг кенгликларига.
Қанча дард-у ғамлар мум тишлаганча
Сингиб кетаётир жимликларингга

*** *** ***
Ярим тун...
Самога термулиб узоқ,
Тинглайман юлдузлар суҳбатларини.
Кўринмайди ойнинг юзида ҳам доғ,
Ёритар кўнглимнинг зулматларини.
Кўнглим осмони ҳам шундай бепоён,
Чегарасин топмай ўзим ҳам лолман.
Маломатдан энди ранжимас бу жон,
Тонг сари йўл олган ёруғ хаёлман.
Эгик бошим билан эргашдим бесас
Қалбимнинг умидбахш тариқатига.
Ишондим, сўзларнинг жилосигамас,
Ростгўй нигоҳларнинг ҳақиқатига.
Қаерда адашдим?
Қаерда тойдим?
Наҳот, йўлларимга ғов бўлар хато.
Қайтар дунё – дерди энам...
Билмадим,
Қай гуноҳим учун қайтар бу жазо?
Манзилин ахтариб елар орзулар,
Жонимни азоблар алам қузғуни.
Кўнглим осмонини кўтариб турар
Кўкка етиб борган оҳим тутуни…

*** *** ***
Мен – ўзлигин англамаган қалб,
Мен – кимлигин билмаган вужуд.
На қоларман эркимни алдаб,
На кетарман билмай ҳад-ҳудуд.

Шаклпараст дўстлар ёдига
Келтирмасман юрак қайғусин.
Қанча ботмай гуноҳ лойига,
Асл дўстим бурмади юзин...

Бақираман, эшитмас бир жон,
Шивирлайман, титрайди само.
Саждага бош қўйганим ҳамон
Раҳматини ёғдирар Худо.

Ноҳақсан, деб тергар бир хатар,
Тавбам – ёлғиз умид чораси.
Умрим – шомга талпинган саҳар,
Ҳаёт билан ўлим ораси...

*** *** ***
Яшилкўз

Кутасан.
Келмайман.
Келолмайман гоҳ,
Кейин тушларингда сўрайман узр.
Ўртада мунғайиб туради гуноҳ,
Кўнглимни доғлайди шу адашган сир.
Кутасан.
Келаман.
Дийдорлашамиз,
Кўзларингда ёнар ҳайрат ва учқун.
Гуноҳ-у сирларга тўлган ишқимиз
Уч яшар боланинг бахтидек маҳзун.
Куламан.
Куласан.
Қалбим ёришар,
Ҳақдан иккимизга сўрайман инсоф.
Ишқ деб кўзимиздан тўкилган ёшлар
Уч яшар гўдакнинг кулгисидек соф.
Кетаман.
Куясан, сарғаяр очун
Термулар қисматнинг кўзлари маъюс.
Ҳажрингда ҳар лаҳза ўлмаслик учун
Бир бор кўзларингда ўлдим, Яшилкўз.

*** *** ***
Саҳардан шом қадар ишқда тўлғонсам,
Кўнгилга ишониб, ақлимдан тонсам,
Яшиндек чақнасам, оловдек ёнсам,
Ўзимдан ўзгани куйдиролмайман.

Қуёш порлар, қаро кунимга яраб, 
Лек қаҳр кўраман кўзларга қараб.
Муҳаббат улашиб... мурувват сўраб,
Ярим юрагимни тўйдиролмайман.

Нур билан зулматлар талашгай навбат,
Нурмисиз? Зулматми? Борингиз – давлат!
Сизга ёмонлигим бўлмайди, фақат 
Жим туриб кўзимни ўйдиролмайман.

Англадим, кўнгиллар нозикдир қилдан,
Бошимга не келса, топарман тилдан,
Мени бутун дунё суйгани билан,
Ўзимга ўзимни суйдиролмайман...

*** *** ***
1
кўзларингдан қондек томчилаб тушдим
парчаланиб кетдим умидсизликда
териб ололмайсан энди азизим.

2
кўзимда умрини яшаётир вақт
туш ҳам кўрмай қўйдим, худди ўликдай
ахир, тушларимда келар эди бахт.

3
қора юкларингни елкамдан кўтар
қора қисматимга муросам бор, лек
ботқоқдан бир қадар баланд нилуфар.

4
ухласам лабимда илоннинг лаби
уйғонсам ҳаммаси унутдир, балки
тушнинг бехосият таъбири каби

5
кетдинг — умримизга ўқидинг лаънат
кўзларимдан қондек томчилар дуо —
сенсиз ўтаётган ҳар дам ибодат!