Обидхон Мамадалиев шеърлари



Армон

Ёшлигимиз ёдингиздами? 
Анҳор бўйи, кекса мажнунтол.
Ўша пайтда сирларимиз бир, 
Битта одам эдик, эҳтимол.

Бўйларимиз бирга ўсарди, 
Дилларимиз улғаяр бирга.
Юракка ишқ тўлгани сари,
Ҳаётимиз тўларди сирга.

Кўзларингиз сирли коинот, 
Боққан сарим жумбоқлашарди.
Ишқ майидан сипқорган сари, 
Юрагимиз дўмбоқлашарди.

Кўзларимиз тўқнашган пайти,
Уят қоплаб юзларингизни.
Эслайсизми, биринчи марта,
Кашф қилганман кўзларингизни!

Телба эдим сизни кўрмасам, 
Кўрсам жинни бўлиб қолардим.
Сизни деса яшагим келса, 
Сизни деса ўлиб қолардим.

Сиз эдингиз барча шодлигим,
Сиздан бошқа дардим йўқ эди.
Усти бошим чанг эди, аммо,
Юрагимда гардим йўқ эди.

Йиллар ўтди, улғайдик бизлар,
Балоғатдан сиз ҳам ошдингиз.
Мен тобора сизга боғландим.
Сиз тобора гўзаллашдингиз

Ҳа, эсимда, иккимиз ёлғиз...
Юрагимиз севгига банди.
Ўн саккизга кирган кунингиз,
Севгимиз беш ёшга тўлганди.

Денгизга сув тўлгани сари,
Астагина тўлиб, тошаркан.
Одам катта бўлгани сари,
Дардлари ҳам катталашаркан.

Юрагимга аёвсиз ташвиш,
Уйингизга совчилар келди.
Кийик мисол юрган эдингиз,
Пистирмадан овчилар келди.

Юринг, қочиб кетайлик десам,
Юрак ютиб унамадингиз.
Алам қилди унаштиришга,
Лом мим демай унаганингиз.

Тақдир мени тахқирлаб кетди,
Тақдиримга кўндим ўша кун.
Нон синдириб кетишди сизга,
Йигит бўлиб синдим ўша кун.

Юлдуз каби сўнардим, сиз-чи,
Борардингиз ойдек тўлишиб.
Тайин эди сизнинг ёрингиз,
Менинг эса шоир бўлишим.

Шунча йилни ўтказдик, эссиз,
Хато қилдик, энди англадим.
Келинкўйлак танладингиз сиз,
Мен ўзимга ридо танладим.

Уятли иш қилган одамлар,
Уят қилмай юрган маҳалда.
Уятли иш қилган боладай,
Бошим эгик, дилга йўқ далда.

Ўй ҳаёлга бандиман бугун,
Юраккинам армонга банди.
Сизга жон деб уйланардиму, 
Шароитим кўтармаганди.

Ёзганларим шеър эмас асло, 
Юрагимнинг тўлиб кетгани.
Менга алам қилар беш ёшда, 
Севгимизнинг ўлиб кетгани.

*** *** ***
Тун...

Уҳлолмадим соат уч бўлди, 
Асабимга тегар соатлар.
Мен соатлаб сени ўйладим, 
Хаёл суриб чиқдим соатлаб.

Уҳлолмадим соат уч бўлди, 
Сени қўмсаб чиқди қароғим.
Сен туфайли уйқу билан ҳам
Орамиздан гап ўтди чоғи.

Уҳлолмадим соат уч бўлди, 
Шамол билан ўйнар қоғозлар.
Қайлардадир хаёлни бузиб, 
Қичқиришни бошлар хўрозлар.

Гулим, уйғон соат уч бўлди, 
Кел, Оллоҳни оламиз ёдга.
Мен атайин уҳламадим-ку,
Уйғотай деб сени Бомдодга.

Уҳлолмадим соат уч бўлди! 

*** *** ***
Сафардаги дўстларга

Улфатларнинг доим кўнгли чоғ,
Онангизнинг кўнглин чоғ қилинг!
Қанча  турар  битта  қўнғироқ,
Онангизга  қўнғироқ  қилинг!

Ёдимдасиз ҳар бир оним, денг,
Сизни ўйлаб оқар қоним, денг,
Соғиндим-да, онажоним, денг,
Онангизга  қўнғироқ  қилинг!

Ҳеч битмайди дунёнинг ками,
Тенг кўради ажал ҳаммани,
Айтинг, шунча оналар қани?
Онангизга қўнғироқ қилинг!

Ўтқизворманг бошдан офтобни, 
Нима,  сизда  меҳр  ноёбми? 
Сизга  ўзи  қилса  ҳисобми? 
Онангизга қўнғироқ қилинг!

Тўшагига  ботиб  ётгандир,
Балки азоб тотиб ётгандир,
Умид билан кутиб ётгандир,
Онангизга қўнғироқ қилинг!

Она  кетса  қайтариб  бўлмас, 
Минг йил ўтсин бир кунга келмас, 
Бир  боргина  "ўшанга"  эмас, 
Онангизга қўнғироқ қилинг!

Сизга фидо бўлди жон тани,
Фидоликнинг жавоби қани?
Бўлақолинг, босинг тугмани, 
Онангизга қўнғироқ қилинг!

Отангизга қўнғироқ қилинг!!!

*** *** ***
Қизларнинг қарғиши...

Омад мендан юзин 
бурдими, дейман,
Душманимнинг иши 
юрдими, дейман,
Жуда кўп дилларга 
дилозор бўлдим,
Қизларнинг қарғиши 
урдими,  дейман.

Жуда кўп кўнгилга 
кирдим беқасддан, 
Кўнгил гулдек нозик 
экан, билмасдим,
Ишқни ўйин қилдим 
билиб билмасдан, 
Қизларнинг қарғиши 
урдими,  дейман.

"Тўғриси, мен фақат 
севаман сизни,
Дунёга алишмам 
кўзларингизни,"
Алдадим, аврадим 
жуда кўп қизни, 
Қизларнинг қарғиши 
урдими, дейман.

Мени севиб қолса 
инкор қилмадим, 
Умид қилма, дея 
изхор қилмадим, 
Мен хаддан ташқари 
хаддим билмадим, 
Қизларнинг қарғиши 
урдими,  дейман.

Худо ҳаммангизга 
гўзал баҳт берсин, 
Менмас ёнингизда 
шахзода турсин, 
Узоқ ўйлаб кўрдим,
            топдим, 
                жин урсин! 
Қизларнинг қарғиши 
урдими, дейман.

Мени ёдингиздан
ўчиринг, қизлар, 
Ўрнига шеъримни
кўчиринг, қизлар, 
Ҳали ҳам кеч эмас
кечиринг, қизлар, 
Қизларнинг қарғиши
урдими, дейман.

*** *** ***
Майли, соғ бўлинг!

Бир сўзда юракни
доғ қилганлар бор,
Бир кулиб беморни
соғ қилганлар бор,
Хатто чўлларни ҳам
боғ қилганлар бор,
Бу турфа дунёда
кўнгли тоғ бўлинг!
Ҳали кўришамиз, 
майли, соғ бўлинг! 

Дўстлар бор кулфатда
қочмоғи тайин,
Сендан узоқлашар
кун ўтган сайин,
Ўзи пичоқ уриб
дод дейди кейин,
Ҳаёт йўлларида
хушёрроқ бўлинг ! 
Ҳали кўришамиз, 
майли, соғ бўлинг!

Ёлғон давраларни
суймайди жиним, 
Улар бир-бирини 
мақтар бетиним, 
Юр, чекиб келамиз, 
ҳақиқат, иним! 
"Сиз эса бемалол, 
вақти чоғ бўлинг! 
Ҳали кўришамиз, 
майли, соғ бўлинг!"

Сиз казо-казосиз
       мен фақир, 
                   ўлманг...
Мен билан ўтириб 
пушмонга тўлманг, 
Майли, 
         борақолай,
              безовта бўлманг!!! 
Мен кетдим, энди сал
эркинроқ  бўлинг! 
Ҳали кўришамиз, 
майли, соғ бўлинг!

Сиз ялаб олгансиз
илоннинг ёғин,
Ярамга туз сепиб
куласиз тағин,
Қилсирот бир қадам, 
қиёмат яқин.
Унгача майли сиз
баҳтлироқ бўлинг! 
Ҳали кўришамиз, 
майли, соғ бўлинг!

*** *** ***
Эркак дарди...

Дарров доғ тушади
тунда аёлга,
Оқшом қораймасдан
уйга қайтиб бор!
Айтмасанг бораман
минг ҳил ҳаёлга,
Қаёққа борсанг ҳам, 
менга айтиб бор! 

Фақат алдамагин
оғрийди дилим,
Ёлғончи касларни 
суймайди феълим,
Қон босимим билан 
ўйнашма, гулим,
Қаёққа борсанг ҳам, 
менга айтиб бор! 

Мен ҳам келмаганман
ўзга оламдан,
Шунчаки сен учун
ўзга оламман,
Мен ҳам тушунаман, 
мен ҳам одамман,
Қаёққа борсанг ҳам, 
менга айтиб бор! 

Юрак изтиробдан
эзилмасидан, 
Феълим ҳаво каби 
бузилмасидан, 
Асаб толаларим
узилмасидан,
Қаёққа борсанг ҳам, 
менга айтиб бор! 

Гоҳида ишонган
дўстдан куйдим мен,
Ёлғончи дунёдан
чунон тўйдим мен,
Айтмади демагин, 
айтиб қўйдим мен,
Қаёққа борсанг ҳам, 
менга айтиб бор!
  • Яндекс.Метрика