Гулзода Ўринбоева шеърлари



Денгизман, қирғоғим юракдан нари,
сатҳимда болалар чалажон ҳислар.
Менинг тубим чексиз, чексизлигимда
дилоёқ сузади эркликни истаб.

Денгизман...
негизим борлиққа бориб тақалар,
шивирлашим қўшиқ, жимирлашим рақс.
Отамдан, онамдан ўтган бахт менга
тўлқини тўхтамас денгиз бўп яшаш.

Кўзингда акс этган дардман ё бахтман,
ўзига ичиккан соғинчман- ноёб.
Бир ишқдан мавжланиб оққан Денгизман,
юракдан ташқари қирғоғим дунё.

денгизман...

*** *** ***
(Мен кимгадир берилган,
    Синовмидим Художон?)
       Шаҳло Темировага


Бизлар кимдир учун синовмиз дединг,
Юрган йўлимизни синов қилишди.
Кимдандир, недандир истаймиз таскин
Ва кутиб яшаймиз  ойнинг ўн бешин.

Сўнг бахтга боқамиз, ҳадик аралаш,
Сукунат бошланар, бошланар жимлик.
Негадир, билмадим, нима учундир,
Ҳисларинг кўнглимга бермайди тинчлик.

Мен ортга боқишдан қўрқяпман жуда,
Бугундан ҳайиқиб яшаганим рост.
Сен  ҳам бир дақиқа мен бўлиб айтчи,
Синовлар синовга қандай берар дош?

Гоҳ нафас оламиз ноодатироқ,
Қуёшга терс бериб, ботмаймиз Шарққа.
Ўн беш кун ўтгунча мажбурмиз, дўстим,
Ўз ўтимиз ичра ёниб яшашга.

У ёғи ёруғлик...

*** *** ***
Келдим... 
Дунёни беркитиб этакларимга, 
Йўллармас,  йилларни оралаб келдим. 
Тоғларнинг дардини олдим-у шартта, 
Заминнинг кўксига қоралаб келдим. 

Кўркам адирларни силаб-сийпалаб, 
Ғанимнинг ўқига берганча бардош. 
Бўғзимда турса-да Али қиличи, 
Фақат ишқ деб тирик қолганлигим рост. 

Келдим. . .  Чахт-ла келдим,  аҳддим-ла келдим, 
Йўлимни тўсса ҳам қашқирнинг эли. 
Ёрдаги,  йелдаги ишқсизлар учун
Осмоннинг ҳовирин тушириб келдим. 

Муҳаббат  қўлидан етаклаб келдим...

*** *** ***
"Баҳорсиз кунларга ўт қўйиб юбор"
               Мадина Норчайева


Денгизлар ортига кетдим кўмилиб, 
Сатҳида кул бўлдим,  ивимаган кул. 
Бир ишқ истар эдим ва битта ёниш
Ўтинчим учун. 

Қайиқлар ўтади юрак чайқатиб
Ва осмон гумбурлар, бошланар жала. 
Севмоқлик энг олий қонунларимга 
Қурилган қалъа. 

Нураб бораяпман баҳор йўқ,  ёз йўқ. 
Йилимда мужассам фақат бир фасл. 
Куз. . . 
Юраксиз вужудда гулхан ва олов 
Ёнар муттасил. 

Денгизлар ортига кетдим кўмилиб, 
Сатҳида кул бўлдим,  ивимаган кул. 
Баҳорсиз кунларга ўт қўйиб юбор
Муҳаббат  учун.
  • Яндекс.Метрика