Марҳамат Мирзоева шеърлари



Ҳали биз кўрмаган кунлар бор,
Тонглари отмаган тунлар бор.
Шеърлар бор, кўнгилдан чиқмаган,
Кўнгилга сиғмаган шеърлар бор!

Кунлар бор шундайин оҳорли,
Тонглари бокира ифорли,
Ҳар лаҳза, ҳар они баҳорли,
Баҳорга етмаган кимлар бор?!

Азизим, мени тут йиқилмай,
Турибман тўкилиб, тўкилмай.
Ёқамда билдириб билдирмай
Бўғзимдан олгувчи қўллар бор.

Ташлаб кет, чўчисам титрасам,
Азизим,  Ишқ қасам!
Ишқ қасам
У кунлар бағрига етмасам
Дунёга ўт қўяр хунлар бор!

Биламан бу йўлда жабр кўп,
Кўнгилда умид кўп, сабр кўп.
Озор кўп.
Алам кўп.
Ҳажр кўп!
Сўнгида мукофот ажр кўп-
Худога элтгувчи йўллар бор!

*** *** ***
Бир одам бор-ҳалол, меҳнаткаш
"Болам"-деди, елди-югурди.
Бир кун топган тутганин тўплаб
Ҳашаматли қаср уй қурди.
Бир уй эди- пойдевор ишонч,
Вафо билан кўтарганди қад.
Сабрдайин қатъий мустаҳкам,
Меҳр билан кўркам, сарбаланд.
Кўрган бор-ки, ҳасад , ҳавасда
Гўё йўқдек тенги ва кўсти.
Бундай уйни асрамоқ учун
зўр маслаҳат берди бир дўсти.
"-Билсанг агар дўстдан душман кўп,
Уйни асрар қўриқчинг қани?
Остонангда ёвни ҳуркитиб
турадиган ит боқ оғайни."
Шу маслаҳат сабаб бўлди-ю,
Уй қургандан ором йўқолди.
Эшигини ҳавфдан асровчи
Зўр, зотдор ит ахтариб толди.
Жон ваҳима тўртта томонга
Ит қидириб югурди чопди.
Ва ниҳоят уч ой деганда
Ваҳимали зотдор ит топди.
Фахр ила остонасига
итни занжир билан боғлади.
Янги уйда уч ой деганда
Тинч хотиржам, беғам ухлади.
***
Тонгда қий чув, тўси тўпалон
қалтирайди хотин, боласи.
Не бўлганин билмай довдираб,
Қичқиради:
-не гап онаси?
 Аёл қақшаб рўмолин тишлаб,
Аста йиғлаб, силкитади бош.
Тонгда туриб мол соғай десам,
Сигирлар йўқ, оғил, қўра бўш...
***
Наҳот шунча омисан инсон,
Наҳот шунча ғафлатдасан дўст?
Бир боғланган итга ишонсанг 
Билки шунча кулфатдасан дўст.
Остонангни асрамоқ учун,
тилсиз итни етарми кучи?
Ўз уйини асрамоқ асли
итмас , ҳар бир инсоннинг бурчи.
Остонадан бошланар ватан,
Бу ватанни итлар қўримас!
Чегарасин ит қўриганлар,
Шоқол юрти, мардлар юртимас!!!
Бу ватанни асрамоқ учун
Қўрқмас, жасур ўғлонлар керак.
Насли тоза, зотдор ит эмас,
Қалби тоза инсонлар керак!!!

*** *** ***
Бунча оғир келди елкамдаги юк,
Қишлоқи отамнинг ғурури шаъни.
Соғинчимдек суюк, кўнглимдек куюк,
Муштипар онамнинг бағри ватаним.

Бунча олис келди мен танлаган йўл.
Чопсам товонимдан чақар илонлар.
Дунёни кимлардан асрамоқчийдим,
Лек қарши турибди одамсимонлар!

Бунча баланд келди бўйнимдаги дор,
Оооо, яшаб бўлмайди бундай тиғ билан!
Бир ҳовуч жонимдан ўзга нимам бор,
Яшамоқ истайман тоза руҳ билан!

*** *** ***
Соат чиққилайди...
Мудрайди эшик...
Инграр юрагимда қўрқув ҳавотир.
Майлига кечиксанг...
Бир кунга кечик,
Соғинчим улғайиб, бўй чўзаётир...

Соат чиққилайди...
Эшик жим...
Хомуш.
Соатлар югурик, вақт ўтаётир.
"қадамин боғлаган қандайдир юмуш"
Кўнглимда шу умид туғилаётир.

Соат чиққилайди...
Эшик гуноҳкор...
Қўнғироқ мунғайиб авф сўраётир.
Ҳанузки кўксимда абадий Ишқ бор,
Сабр гуллаётир, Дард гуллаётир.

Соат чиққилайди...
Эшик титрайди,
Ана тутқичлари ғижирлаётир.
Хаёлим алағда..
Илинж ситрайди,
"Негадир кечикди...
Кечикаётир".

Соат чиққилайди...
Эшик жим...
Маҳзун.
Зинада қадамлар эшитилётир.
О-о-о, соғинч...
Йўллларинг бу қадар узун,
Ахир у келётир,  Бахт келаётир...

Соат чиққилайди...
Эшик?
У карахт...
Деворга суяниб , жим йиғлаётир.
Кимнидир қўлидан тутганича бахт,
Олтинчи қаватга кўтарилётир.

Соат чиққилайди...
Эшик ...
Қулф осган,
Тутқичига алам занг ураётир...
Менми?
Дунёимни совуқ қор босган,
Умрим музлаётир, қалб музлаётир...

*** *** ***

Менинг қаҳрамоним, у менинг мардим,
Елкасида тоғлар ўсиб туради.
Ҳатто қўндирмасдан шамолнинг гардин
Ортимдаги ёвдан тўсиб туради.

Унинг даргоҳи кенг, Ҳазрати Хотам
Қадоқ қўлин тутсам бахтни туяман.
Яшаб қучоғида тинчу хотиржам
Сочини оқларга бўяб қўяман.

Юзимга ёпилди не-не эшиклар,
Қўрқмайман!
Юзимда на алам,  ғам бор!
Йўлимга қалбининг эшигин очиб
Мени остонада кутган дадам бор!

Шундай ҳалол инсон!
Шунчалар мўмин,
Кўксимда туғилган ғурурим, шаън У!
Елкасига илса жойнамоз тўнин
Уйғоқ кўзларимда ўсган ватан У!

*** *** ***
Роббим кечирмагай, мени ҳойнаҳой,
Кечирмас ўттизда қилган хатомни.
Қўлимдан келмайди...
Қандай чиқарай
Кўнглимга изнсиз кирган  Одамни?!

Бу қандай синоат?
Бу қандай тилсим?
Дунёнинг бор бахти шу ҳисда жамми?
Бу ишқни билмасин...
Ўзи билмасин-
Кўнглимга изнсиз кирган Одамнинг.

Бу йўлда якун йўқ!
Барча йўл тузоқ,
Барига қўл силтаб кечиб кетсамми?
Ким мени тушунар, ўзимдан кўпроқ
Кўнглимга изнсиз кирган Одамми?

У бир кун кетади...
Кетмоғи тайин,
Тўлдириб бўларми, бир кемтик камни?
Кўникмоқлик оғир, унутмоқ қийин
Кўнгилга изнсиз кирган Одамни.

Ўзимни Ўзига қўйдим топшириб,
Ўзи эшитгувчим, дарду ноламни.
Илоҳииим, кўксимдан олсин суғуриб,
Кўнглимга изнсиз кирган Одамни...

*** *** ***
Йўллар олис,
Йўллар узун
Йўлни йўлга 
Улаб келдим!
Пойингга тиз
Чўкмоқ учун
Ғуруртоғдан  
Қулаб келдим!

Нетай сенга ошиқ эсам,
Ҳам ошиқ, ҳам маъшуқ эсам
Тушларимда ишқ ишқ десам
Висолингни тилаб келдим!

Йўллар олис, йўллар узун
Йўлни йўлга улаб келдим.
Пойингга тиз чўкмоқ учун
Ғуруртоғдан қулаб келдим!

Илкингда жон, сайёдимсан,
Бошимда дор, жаллодим Сан,
Ёдинг айирмиш ёдимдан
Ўзлигимни сўраб келдим!

Ишқ йўлинда сазойиман,
Ҳажринг эрур жазойи ман,
О-о-о, шу йўлда қазойи ман-
Кундангга бош тираб келдим!

Қаландарман, ғам кулоҳим,
Ўн саккиз минг олам оҳим,
Бўйнимдадир бор гуноҳим
Машрабдан бор тилаб келдим!
  • Яндекс.Метрика