Мажнуна Мирзаева шеърлари



Сизга баҳорларни олиб келувдим, 
Кузлар кўнглинггизга ургандир дея. 
Сирларин айтгайми киприкларинггиз
Қўйсам кўнглинггизни яшилга бўяб?! 

Сизга баҳорларни олиб келувдим
Ўтиб изғиринлар эзган шаҳардан. 
Фақат кулмайсиз-да, койимайсиз-да, 
Куюк ҳиди келар бинафшалардан. 

Сизга баҳорларни олиб келувдим
Бунча хазонларни кўрмасанггиз хуш?! 
Ахр, кундан кунга улканлашмоқда
Кўнглимга ортилган баҳорги юмуш. 

Сизга баҳорларни олиб келдим мен, 
Изн сўрамасдан, узр демасдан. 
Бундан ортиғини кутасиз, аммо, 
Бундан ортиғига қодир эмасман. 

*** *** ***
Умр ўтиб борар имконларимдан, 
Йўқолиб боряпти хотира ранги. 
Самон йўли бўйлаб осмонларингда
Авж олиб боряпти туйғулар жанги. 

Ҳаёт ўйин бўлди, ўйин бўлди ишқ, 
Тақдир кўнглимизни ўйинчоқ қилди. 
Гуллаётган эдим бор бўйим билан
Кузлар сарғайтирди, дунё оқ қилди. 

Ахр, ярашганди бизга муҳаббат, 
Ярашиб кетувдик яшил ҳисларга. 
Бизлар гулламоқчи бўлувдик фақат
Дунё дучор қилиб қўйди кузларга. 

Бугун юлдузларга қоришиб кетдик, 
Бизга гуллаш учун берилмади вақт. 
Кузнинг унут бўлган ёмғирларидай
Унутиб боряпти бизни муҳаббат. 

*** *** ***
Қўшни уйда ўт юракли қайсар бола, 
Ортимдан жим тишларини қайраб қолар. 
Қайнонамга айлансмаган қўшни хола
"Бир ташвишдан қутулдим" деб яйраб қолар. 

Яйранг хола, яйранг чиндан қутулдингиз, 
Бир эмас, минг ташвишингиз олиб кетдим. 
Лек билмайсиз, ўша қайсар ўғлингизнинг
Юрагида қайсар севгим қолиб кетди. 

Ҳа билмайсиз, у билади муҳаббатнинг
Оловлари дунёсини ёқиб борар
Юзингиздан ўтиб сира айтолмаган
Изҳорлари кўзларидан оқиб борар. 

Жоним холам, қарсиллатиб тўйлар қилинг, 
Мен биламан сизга кимлар ёққанини. 
Кўрганларнинг кўзи куйсин, ўзи куйсин
Олиб беринг тилла балдоқ таққанини. 

Биз-ку, ёшлик қилдик хола, ғўрлик қилдик, 
Ўйламадик, ўйин билиб тақдир ишин. 
Бойлар бойга боқишини кейин билдик, 
Билмай севдик, севиб учди кўнгил хуши. 

Энди сиздан бир умрга узурим бор
Бир нурафшон чеҳраларни бердингиз бой. 
Энди тонглар отгунича зор бўлиб зор
Пахса девор орқасида йиғлайди ой. 

Қишлоқда сир сирлигича қолармиди?! 
Энди ойни этак билан ёполмайсиз. 
Эҳ холамаа, тўйимдан хоп суюндингиз
Худо гувоҳ, мендай келин тополмайсиз. 

Дунё кезиб мендай келин тополмайсиз. 

*** *** ***
Тақдир - бармоғингда ялтираган бахт, 
Тақдир - сендан айро тушган йўлларим. 
Сени ҳаётимдан олиб кетган вақт, 
Вақтнинг ёқасида кетган қўлларим. 

...Хиёбонда йиғлаб кетаётган ким, 
Кўзлари кимнидир эслатаётир. 
Орқасидан узоооқ термуламан жим
"Уни ким бунчалар йиғлатаётир?! "

Хазон ўйнаб келар кузнинг шамоли, 
Хазон бўйлаб келар кузнинг шамоли. 
Хиёбонда йиғлаб бораётган қиз
Кимнинг елкасида сенинг уволинг?! 

...Симмиллаб юракни эзади ёмғир, 
Ғамгин кунларимни безади ёмғир. 
Билмайман бу йўлнинг сўнгги қайерда
Айтмаслик ҳам оғир, айтиш ҳам оғир. 

Бизга тақдир бўлди "тақдир эмас"лик, 
Асли бир-бировга тақдир эмасдик. 
Ҳануз тунларимда йиғи овози, 
Ҳануз йўлларимнинг ниҳояси берк. 

Фақат, юрагимни босар ваҳима, 
Кўп ўйинчоқ қилдик кўнгил ишини. 
Баъзан кўзларингни эслаб йиғласам
Хиёбонлар йиғлар менга қўшилиб. 

Бунда қайта-қайта келаверар куз, 
Вақтнинг елкасида ўтар йилларим. 
Тақдир - бармоғингда ялтираган бахт, 
Тақдир - сендан айро тушган йўлларим. 

*** *** ***
Толхивичдан тойчоқ миниб
Болалигим кетиб қолди. 
Қошларига ўсма иниб
Синглим бўйга етиб қолди. 

Онам дардин яширади
Сочларининг оқларига. 
Отам мени соғинганда
Овунади боғларига. 

Нега анов шаршаранинг
Нолалари тинмайди ҳеч?
Юр кетайлик бирга десам
Қизғалдоқлар кўнмайди ҳеч. 

Боқсам она, кўзларингда
Гуноҳларим балқиб кетди. 
Турналарга қўл силтовдим
Армонларим анқиб кетди. 

Қорлар тоғди оққа бўяб
Заминнинг тўрт ёғларини. 
Минг йил ёғса кўмолмайди
Юрагимнинг доғларини. 

Эй муҳаббат, айвонингдан
Бошим эгиб кетарман, оҳ! 
Мен исмингни шивирлаб ҳам
Айтолмадим худо гувоҳ. 

Орзу йўли олиб кетди, 
Юлиб кетди қучоғингдан. 
Она қишлоқ, айро ўсдим
Муҳаббатинг, ардоғингдан. 

Кўргин, ҳануз сарсонаман
Берсанг суйиб бергин дунё. 
Мен боргувчи манзилларга
Исм қўйиб бергин дунё. 

Юрагини очсин онам
Оқартирма сочларини. 
Отам кўксин кериб юрсин
Эгиб қўйма бошларини. 

... Мен-ку, мени қўй сўрама
(Кўзёшларим қалқиб кетди). 
Турналарга қўл силтасам
Армонларим анқиб кетди. 

*** *** ***
Ташрифингга тўлади хонам,
Чап кўксимда эрий бошлар муз.
Сен бахт деган соф ҳаво билан
Қучоғимни тўлдирасан, Куз.

Шивирлайсан: бари сеники,
Ёмғирларда ювинган дунё.
Муҳаббатинг билан азизим,
Тўлдиради кўксимни Худо.

Улғаямиз дақиқа сайин,
Сониялар билмайди шафқат.
Нима бўлар эртадан кейин?
Эрталар йўқ, бугун бор фақат.

Чоғланасан кетмоққа кузим,
Тонг шивирлар; бари хом хаёл.
Сени эса кутар мўлтираб
Тунни ёлғиз ўтказган аёл.

*** *** ***
Озгина кечикдим, ярим сония
Шу вақт туғиб берди улкан бир ғамни. 
Шу вақтда сен билмай яратиб кетдинг
Севгинг қудратидан мажруҳ одамни. 

Зерикдинг, кузлардан буткул зерикдинг
Гулларни соғиндинг гулдай ёшингда. 
Пардалар тортилган хонамиз узра
Кимдир йиғлаб чиқди тунлар тушингда. 

"Бас" дединг,  қарсиллаб ёпилди эшик, 
Хазонлар ёпишди оёқларингга. 
- "Яшаб бўларми бу зулматда тирик?! 
- Чидаб бўладими кетмоқларингга?! 

Сенга малол келди шеърларим, малол
Куз келди мени тарк этган ерингдан. 
Наҳотки шунча йил айтмаган бўлсам
Сен менинг кўнгилга ёзган шеъримсан. 

Аммо мен кечикдим, кетиб бўлдинг сен, 
Сершовқин бекатда ёлғиз турибман. 
Мана минг йилдирки сен йўқ боғларда
Шеърларимга мавзу излаб юрибман.
  • Яндекс.Метрика