Қандилат Юсупова шеърлари



Кўпинча йиғлагинг келади:
Дўстларинг соғинган кечада –
Ҳувиллаб ўтирсанг бир ўзинг
Совқотган ўйларинг ичида.
- йиғлагинг келади...

...Бир қадам қўйсангу ... қоқилсанг,
Йиқилсанг... Чидасанг шунга ҳам.
Аммо ҳеч билмайсан бунчалар
Мураккаб яралган-а одам???

Мен-чи ҳув қачонлар отганман –
Шайтоним у дунё қаърига.
Сен ҳам ҳеч ғам ема, иродам,
Бардошим етади барига!

Балки, мен кўнолмам тақдирга,
Жонимни азобга тўшарман.
Адашиб келган бир бахтим ҳам
Гўё мен йўқотган ўхшарман.
Шунда...жон оғритиб...бақириб...
Хумордан чиққунча йиғларман?..

Йўқ!! Фақат йиғлагим келади –
Дўстларим соғинган кечада,
Онам зор ўтирган кўчада –
Олисда тентисам бир ўзим –
Музлаган ўйларим ичида.

Ўшанда йиғлагим келади,
- Бақири-иб йиғлагим келади!..

*** *** ***
Ўлим бу кеч қаршимдан чиқар,
Салом бериб ўтарман унга.
Сониямни санай бошларман,
Нафасимни ютиб ичимга.

Кенг кўчада тораяр кўксим,
Ҳаво етмас,
бўларман мағлуб.
Енгилдим, деб қаттиқ ўксирман,
Озурда бу кўзларим юмиб.

Ўлим қарши чиқмас негадир,
Маҳзун турар кўча бошида.
Ўйлай бошлар, тушар шаштидан,
Осийлардек турсам қошида.

Қўйиб берар тағин измимга,
Соя солмас умримга қайтиб.
Кета бошлар олисга, йўлга,
Кунларимни қайтариб бериб.

Энди Ҳаёт чиқар қаршимдан,
Сониялар этади тортиқ.
Бахтдан ҳушим учар бошимдан,
О, Тириклик!
Сен бунча улуғ!

Кўз ёшларим оқар ичимдан,
Мен қарздорман дўстим – Ўлимдан...

*** *** ***
Ҳаёт калавалар тутар қўлимга,
чигаллашиб борар улар тобора,
учи ва кети йўқ ғамларим улар.
...Ақлим сира етмас калаваларга,
боши ва кетини бирлаштиришга
ақлим ҳечам етмас, довдирар,
Охир озарман шу ноқис ақлимдан.
Савдойидек турарман сўнгра
мурувватсиз ҳаёт рўбарўсида,
овозларим титраб тиланарман зор,
Қанийди, қўлимга бир қуш тутқазса!
Учиб кетар эдим бегумон...
Қанийди қўлимга бир гул тутқазса –
гул бўлиб очилар эдим шодумон!..
Бироқ ҳаёт асло эшитмас нолам,
Бирма-бир калава тизар пойимга,
Учи ҳам, кети ҳам йўқ калавалар.
Ақлимдан озганча ечарман уларни...

*** *** ***
Тутқун

Бир куни ҳаммаси ростга айланар,
Барча пуч бир хаёл деган ўйларим.
Бизнинг кўнгилга ҳам бахтлар бойланар,
Ердан кўтарилар кўкка бўйларим.

Бахт қуши, бахт қуши
Учар ер бағр.
Тутиб олай десам,
- Қўлимда занжир.

Шунчалик ғамларга бағрларим кенг,
Музлаган кўксимни илитмас олов.
Бу ерларни бесўз ташлаб кетсам мен,
Устимдан кулмаса, боқмаса биров.

Дайдиман. Дайдишга
Юрагим ҳозир.
Лек нетайки, ҳатто
- Оёқда занжир.

Мен – кўнглига ўзи тутқун бўлган қул,
Хазонларда сарсон учиб юрган барг.
Мен – боғларда хандон отиб очган гул,
Ногаҳон узилиб, бўлдим жувонмарг.

Энди денгизларга
Айлансам арзир.
Лек нетайки, ҳатто –
ЮРАКда занжир.

Аммо...
Ҳей, денгизлар, мени қучоқланг,
Мангу бағрингизда қолиб кетай мен.
Ахир бу оламда қуллар ҳоли танг,
Фақат бир денгизда ҳамма-ҳамма тенг.

Кетишдан қўрқмайман.
Кетмоғим фарздир.
Бу қул кўнглим озод,
Дунёлар занжир!

*** *** ***
Ёқмайди,
кетаман гавжум шаҳардан,
менга сира ёқмас қўнғироқлари.
Бўшалиб кетади қароғимдаги
йиллаб кишанланган қалб қийноқлари.
Абадий роҳатга ташна дил, бироқ
ҳуркиб қадам ташлар,
ғанимлари куч.
О, мен билолмайман, шикаста руҳ-ла
улардан қандайин олар эдим ўч?!
Аммо яна балқиб чиқар шижоат,
ариқлар пойига чўкканимда тиз.
Балким тушларимга ишонганимда
эҳтимол бўлардим энг омадли қиз.
Кетаман,
бу шаҳар боқмас ортимдан,
Олис-олисларга кетаман мен ҳам!
Мени ҳам кутади узоқ-узоқда
Ғариб ва
меҳрибон бир одам...

*** *** ***
Кеча.
Кимсасиз кўчада юриб кетяпман.
Кетяпман соямнинг устидан босиб,
Ўтган кунлар солар ёдимга фироқ,
Кетяпман хотира дафтарин ёйиб.

Кимсасиз кўчада ёйилар ғурбат,
Юрак оғрийди-ю, юриб кетяпман.
Ҳеч кимса йўқламас, ҳеч ким кўринмас –
Ёлғиз кетаяпман соямни босиб...

Умр ўчиб кетган шафаққа ўхшар,
юрак оғрийверар...
юриб бораман,
Ҳайҳот!
Ҳеч ким йўқдек бутун оламда,
ёхуд ўзим қуруқ соя кўраман.

Қоп-қора кечада топилмас ҳамроз,
Қоп-қора кечада соқов одамлар.
Совуқ шамол эсар,
дийдираб эсар,
жунжикиб кезади сарсон қадамлар.

Билдимки, мен – соя,
руҳсиз бир соя,
ожизлик дардидан топарман озор.
Ёриб чиқсам эди ёруғлик томон!
Тезроқ маҳв бўлсайди бу гунг соязор!

Кимсасиз кўчада юриб кетяпман...
  • Яндекс.Метрика