"Эътиборли" ота-она


(Танлов учун тақдим этилмоқда)

"Эътиборли" ота-она

Эрталабдан Мадинанинг тоби қочиб, оғрий бошлади. Бугун мактабга боролмаслиги аниқ.  Эрта тонгдан  ишга кетган  онасига қўнғироқ қилди, кўтармади.  Отасининг телефони ҳам банд. Кутгани билан улар қайтиб қўнғироқ қилмади.
Нима қилишни билмасдан, йиғлай-йиғлай ухлаб қолди. Кеч тушди. Онаси кириб келди. Кайфияти чоғ, зиёфатдан қайтганга ўхшайди.  Қизига қараб, яхши ўтирибсанми, Мади, деди-ю, хонасига кириб, қайтиб чиқмади. Туннинг бир маҳалида отаси ҳам келди. Ошхонада қаттиқ нонни мураббога ботириб еяётган қизига: қизалоғим, ширинликларни эрталаб ейиш керак, акс ҳолда тишинг оғриб қолади, дея у ҳам хонасига кириб кетди...
     Мадина маъюс ҳолда қозонга боққанича, би-и-ир хўрсиниб қўйди..!

*** *** ***

"Дугоналарим “ойиси иккита” деб устимдан куладими?!"

Ҳаво булут. Ёмғир шаррос қуяр. Наргиза телевизорга тикилганча сериал томоша қилаётиб “шу ҳам ҳаёт бўлди-ю? Наҳотки, аёлга хиёнат юкини кўтариш осон бўлса?” дея паст оҳангда пичирди. Бир хаёлида эса қизлари мактабдан кеч қолаётганидан ҳавотирга тушарди. Вақт алламаҳал бўлди. На эридан дарак бор, на қизларидан. Уни янада ваҳима қуршаб оди. 
Бир маҳал қизлари эшик оралаб кириб келди. Каттаси 5-синф, кичиги биринчига чиққан. Иккисининг ҳам уст-боши жиққа ҳўл. Кўзидан ёш тўхтамас, фақат инграрди. Наргиза қўрқиб кетди. “Нима бўлди жон қизларим” деб бағрига босди. Иккиси ҳам лом-мим демасди. Катта қизи Нигора чиқдаб туролмади, охири портлади:
- У бизни ёмон кўраркан…
- Ким, ким?..
- Ҳа, бизни ярим йўлда ташлаб кетди?
- Қизим, нималар деяпсан? Тушунтириброқ гапир, ким ташлаб кетди?
- Ойижон, бизни дадам ёмон кўраркан.!
- Вой! Дадангиз сизларни жонидан ортиқ яхши кўради-ку қизларим.
- Ҳа, кўрдик жонидан кимни афзал кўришини…
 Онаси гап нимадалигини пайқамас эди. Ўйладики, дадаси қизларни мактабдан олмагани учун хафа бўлаяпти. 
-    Нигора даданг қаёқда? Нега бирга келмадингиз? Ёки бугун сизларни олишни унутибдими?
-    Ойи, дадам бизни мактабдан олиб, бирга уйга қайтаётгандик. Йўлда катта холамни қизлари келаётган экан. Машинада газ тўлдириб қайтиш учун баллонлар бор экан. Ўриндиқ кам бўлгани учун тўхтади-да, бизни тушириб, уларга машинага чиқишини айтди. Шу ёмғирда уйга қандай етиб олишимизни ўйламади ҳам. Соябонимиз бўлса кошкийди. Уларни уйига олиб кетди. Биз эса кўчада қолиб кетавердик...!
Наргиза бироз ўйланди-да, қизларига дадасининг яхши тарафларини гапира кетди. Чунки ундан кўнгллари совимасин деди. “Биласан холангни қизларини дадаси йўқ. Бечораларни кўнгли ўксик. Бир яхшилик қилайин дегандир-да. Aхир қариндошимиз-ку, ҳам дугонанг бўлса. Шунга хафа бўласизларми, юринглар овқат тайёр совиб қолмасин”, деб вазиятдан чиқиб кета қолди.
 …У қизларни юпатиб, ухлатиб бўлди ҳамки, дадасидан садо йўқ. Кута-кута ухлаб қолди ҳам. 
 Эрталабдан Наргизанинг кўнгли яна саросимага чўмди. Барвақт турган Нигора онасига: “Дадамни янги қизлари бор. Энди уйга келмаса керак!” дегани оғриган кўнгилни баттар ғашлади. Нима қиларини билмай қолганди. Опасининг турмуши бузилганига анча бўлган. Шубҳа-гумон юрагининг туб-тубига етгандек бўлди. Жим қараб ўтиролмасди ҳам.
Қизларини тезда кийинтирдию, опасининг уйига шошди. Уйқуга тўймаган қизлари кўзини ишқалаганча онасининг орқасидан югурарди. Йўлма-йўл ҳар хил хаёллар бошида ғужғон…
Дарвозасини тақилата бошлади. Кўп ўтмай, жияни Зилола дарвозани очди. Наргиза жиянининг нима деяётганини пайқамай, ичкарига разм соларди. Уйга киришни ҳам, кирмасликни ҳам билмас, оёқлари ҳеч тортмасди. 
“Ойижон дадам қани, нега чиқмаяпти?” қизлари хархаша қиларди. “Даданг кеча бизга ширинликлар оберди. Уйда тинч ўтиришимизни айтиб, ойим билан машиналарингда кетди ” деб мақтанди Зилола...
Қизларини жиянига топшириб, ота уйига шошди. Укасига бўлган гапларни тушинтириб ўтирмасдан, машинасида бир жойга бориб келиши кераклигини айтди. Тўғри эрининг ишхонасига кириб боришди.  Укаси ҳайрон сўради: “опа, тинчликми? Поччамга бирор гап бўлдими?” индамай, орқамдан юравер дея пичирлади. Эрининг уйга келмаган, навбатчиликда қолганда дам оладиган хонасига борди. Ичкарида эри ва опаси дунёдан бехабар бир-бирига чирмашиб, ухлаб ётарди...
Опасига ташланди. Сочларидан тортиб, урди. Лекин бу нимани ҳам ўзгартирарди? Ўзи жигаридан кўргани шу бўлгандан кейин додини кимга ҳам айтсин?! Эридан ҳам яхши гап эшитмади. Укаси билан бирлашиб, опани машинага тиқди-ю, уйига олиб кетди. Укаси тинмай сўкар, ўзи жигарига шуни раво кўрган опасига айтмаган гапи қолмади... 
Ота-она, опа-сингил, ака-ука йиғилишди. Хиёнаткор опанинг ялинишларига қарамай, уни ҳеч ким кечирмади. Онаизорнинг қон босими ошиб, шифохонага кетди. Номуга чидай олмаган отанинг боши ҳам бўлди. Ака-укалар бир-икки тарсаки туширган бўлди. Уни бир хонага қамаб, Наргизани уйига олиб кетди. 
Оёғида мажол қолмаган, қизлари ҳам қайтиб келган, ва афсуски, улар ҳам ҳамма нарсага ақли етган эди. Содда кўнгли билан катта қизи Нигора савол берарди: Ойи, холам дадамнинг хотини бўлибдими? Энди биз билан яшамайдими? Айтинг уйга қайтсин. Энди мактабдаги дугоналарим “ойиси иккита” деб устимдан куладими?!”
Бу саволлар жавобсиз қолди...
  • Яндекс.Метрика